Ҳозирги кунда диний экстремизм, ақидапарастлик ва терроризм дунё аҳлининг хавфсизлигига жиддий таҳдид солаётгани кўпчиликка сир эмас. Ўзбекистон Президентининг салкам 20 йил аввал ёзилган «Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари» асарида бу каби иллатларни мамлакатимиз тинчлиги ва суверенитетига тажовуз этувчи таҳдидлар сифатида санаб ўтилган эди.
Бу иллатнинг авж олишида шубҳасиз тақиқланган диний адабиётларнинг яширинча тарқатилиши ҳам омил бўлаётир! Диний адабиётларнинг республикамиз ҳудудига ноқонуний тарзда олиб кирилишининг олдини олиш мақсадида қорақалпоғистонлик божхоначилар томонидан доимий чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган қонунбузарлик ҳолатлари натижасида 631 та ёзма нашрлар, 7 та диск, турли ахборот ташувчи қурилмаларга 331 та видео ва 1 289 та аудио файлларда диний мазмундаги, инсон руҳиятига салбий таъсир этувчи ва бошқа тақиқланган адабиётлар, шунингдек ақидапарастликни тарғиб қилувчи 12 та материалларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.
«Каракалпакия» темир йўл чегара божхона пости божхоначиларининг бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан ҳамкорликда «Саратов-Тошкент» йўловчи поезди орқали кириб келган йўловчи Г.Баҳрамованинг йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган 8 ГБ ҳажмга эга флеш картаси божхона кўригидан ўтказилганда, ундаги 179 дона диний мазмундаги аудио файллар ноқонуний равишда олиб киришга уринилгани аён бўлди.
«Довут-ота» чегара божхона пости ходимларининг ҳамкорликдаги тадбир давомида қўшни давлат фуқароси М.Убайдуллаевнинг қинғир қилмишлари фош этилди. Унга тегишли қўл юклари божхона назоратидан ўтказилганида, юклар орасидаги уяли алоқа воситасининг қўшимча флеш картаси хотирасида турли диний экстремистик ва террорчиликни тарғиб қилувчи маърузалар, сурат ва видеороликлар борлиги аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, қонунбузарга суд томонидан 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ, чет элда нашр этилган диний адабиётларни олиб келиш ва тарқатиш, уларнинг мазмуни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилганидан кейингина амалга оширилади. Бундай адабиётларни олиб келиш, сотиш ва тарқатишга Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг рухсати билан йўл қўйилади.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан ашёвий далил сифатида олинган диний мазмундаги адабиётлар ва дисклар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертиза хулосаларига кўра, суд идоралари қарорига асосан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли комиссия иштирокида йўқ қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати.