«А» юридик шахс «Б» юридик шахсга қарашли бўлган бинони ижарага олиб, бинода ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланмоқчи. Агар ижара шартномасида электр энергияси ва табиий газ харажатларининг «А» юридик шахс, яъни ижарага олувчи ҳисобидан қопланиши назарда тутилса, у мазкур тўловларни коммунал ташкилотлар билан шартнома тузмасдан туриб, тўғридан-тўғри уларнинг ҳисобрақамига ўтказиб бериши мумкинми?
Отабек Сафаров,
«Yasham Erkaplan» МЧЖ ҚК бухгалтери.
– Йўқ, мумкин эмас. Чунки коммунал хизматлар ҳақининг тўланиши билан боғлиқ муносабатлар уларни етказиб берувчилар билан тузилган тегишли шартномага асосланиши лозим.
Энергия таъминоти шартномасига доир махсус нормалар Фуқаролик кодекси (ФК) 29-бобининг 6-параграфи, «Электр энергетикаси тўғрисида»ги Қонун (30.09.2009 йилдаги ЎРҚ-225-сон) ҳамда Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларида (ВМнинг 22.08.2009 йилдаги 245-сон қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – Қоидалар) ўз аксини топган.
ФК фуқаролар ва юридик шахслар учун бундай шартномани тузишнинг турлича тартибини ўрнатади: фуқаролар тармоққа амалда уланаётганда конклюдент хатти-ҳаракатларни1 бажаради, юридик шахслар эса ёзма шартнома тузадилар. Электр энергиясидан турмушда (маиший жабҳада) фойдаланадиган фуқаро билан шартнома тузилганлигини эътироф этиш учун у тармоққа амалда уланганлиги далилининг ўзи етарлидир.
Юридик шахс – абонент билан энергия таъминоти шартномаси оддий ёзма шаклда тузилиши лозимлиги ФКнинг 108-моддаси, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонун (29.08.1998 йилдаги 670-I-сон) 11-моддаси биринчи қисми ҳамда Қоидалар бир қатор бандларининг мазмунидан келиб чиқади. Масалан, Қоидалар 2-бандининг олтинчи хатбошисида келтирилган таърифдан электр таъминоти шартномаси ёзма битим эканлиги англашилади.
Электр энергиясини етказиб бериш, ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва энергия қурилмалари шу ташкилот тармоғига бевосита уланган истеъмолчи ўртасида тузилган электр таъминоти шартномаси асосида амалга оширилади. Унинг намунавий шакли «Ўзбекэнерго» АЖ томонидан ишлаб чиқилади ва белгиланган тартибда «Ўздавэнергоназорат» ДИ томонидан тасдиқланади (Қоидаларнинг 3-банди).
Шартномада, Қоидаларнинг 3-бандида келтирилган шартлар билан бир қаторда, электр энергиясининг тегишли тарифлари бўйича бундай энергия учун истеъмолчилар билан ҳисоб-китоблар (Қоидаларнинг 52-банди) ва ҳ.к. тўғрисидаги шартлар назарда тутилиши керак.
Эътиборингизни Қоидалардаги айрим бошқа нормаларга ҳам қаратамиз:
ҳудудий электр тармоқлари корхонаси турар жой ва нотурар жой фонди биноларининг эгалари ва ижарачилар – юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар билан электр таъминоти шартномаси тузади ва уларга шахсий ҳисобрақамлари очади (93-банднинг биринчи хатбошиси);
ижарачилар (юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар) турар жой ва нотурар жой фонди биносининг эгаси билан шартнома тузилгандан кейин уч кун муддатда ижарага олинган бинода электр энергиясидан фойдаланиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш учун ҳудудий электр тармоқлари корхонасига мурожаат қилиши шарт (100-банднинг биринчи хатбошиси);
электр энергиясини электр таъминоти шартномасисиз истеъмол қилиш ҳолати ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ёки унинг электр таъминоти корхонаси томонидан электр энергиясини истеъмолчига етказиб беришни тўхтатиб қўйиш (узиб қўйиш) учун асос бўлади (129-банд).
Қолаверса, ФК 234-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилганидек, мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ФКда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади. Ижарага олувчи томонидан коммунал хизматлар ҳақининг тўғридан-тўғри уларни етказиб берувчиларга тўлаш мажбурияти эса шартномадан келиб чиқишлиги аниқ.
Шундан хулоса қилса бўладики, агар ижарага олувчининг электр энергияси учун ҳақни тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш мажбурияти ижара шартномасида назарда тутилган бўлса, ижарага олувчи ушбу маблағни етказиб берувчига тегишли шартнома тузмасдан тўғридан-тўғри тўлашга ҳақли эмас.
Газ таъминоти шартномасини тузиш масаласида ҳам худди шундай фикрга асосланиш керак2.
Камол МУЗАФФАРОВ,
«Norma Online»
етакчи эксперти.
1Яъни шахснинг ўзини тутишидан битимни тузиш истаги яққол кўринадиган хулқ-атвори орқали тузилиши мумкин.
2ФК 478-моддасининг иккинчи қисмига биноан агар қонун ҳужжатларида, шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ёки у мажбурият моҳиятидан келиб чиқмаса, туташтирилган тармоқ орқали газ, нефть ва нефть маҳсулотлари, сув ва бошқа товарлар билан таъминлаш муносабатларига нисбатан электр таъминоти қоидалари қўлланади (ФК 29-бобининг 6-параграфи). Қонун ҳужжатларида мазкур масала бўйича бошқача тартиб назарда тутилмаган.