Тантаналарни (менинг ҳолатимда тўйни) ўтказиш учун истеъмол кредитини кимнинг номига расмийлаштириш мумкин? Никоҳланувчилардан бирига кредитни расмийлаштириш шартми? Кредитни оила аъзоларидан бирига расмийлаштириш мумкинми?
Ш.Бўтаева,
менежер.
– Тўй тантанасини ўтказиш учун истеъмол кредитини никоҳланувчи номига ҳам, бошқа оила аъзолари номига ҳам турар жойингиздаги Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларидан бирининг филиалида расмийлаштириш мумкин («Истеъмол кредити тўғрисида»ги Қонун).
Фоиз ставкалари, кредит суммалари, уни бериш муддатлари ва кредит шартномасининг бошқа шартлари ҳақида бевосита банкка мурожаат қилиб батафсил билиб олишингиз мумкин. Бироқ кредитни расмийлаштиришдан аввал турли банклар таклиф этадиган шартларни ўрганиб чиқинг, улар кўпроқ ёки камроқ фойдалилиги билан фарқланиши мумкин.
Истеъмол кредити бериш қоидаларига мувофиқ истеъмолчи истеъмол кредити олиш учун кредит буюртмасини ва ўз даромадлари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бошқа ҳужжатларни истеъмол кредити берувчи ташкилотга тақдим этади.
Кредит буюртмасида қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:
истеъмолчининг фамилияси, исми, отасининг исми, паспорти (ёки паспорт ўрнини босувчи ҳужжати) серияси ва рақами ҳамда яшаш жойи;
истеъмол кредитининг объекти;
истеъмол кредитининг муддати;
истеъмолчининг фаолият тури ва даромадлари;
истеъмолчи томонидан шартнома бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш усули.
Елена ЕРМОХИНА, «Norma Online» эксперти.