Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 28 / Божхона

Ортиқча тўловларни қайтариш

 

Божхона пости билан ҳисоб-китоб қилаётганда биз импорт учун ортиқча тўлаб юбордик. Декларантимиз божхонага мурожаат қилди, бироқ уни қай усулда қайтаришлари ёки қайтармасликлари хусусида аниқ жавоб олмади. Янги Божхона кодексида ортиқча тўланган божхона тўловлари суммалари қайтарилиши қандай тартибга солингани ҳақида тушунтириш берсангиз.

А.Гарипов.

 

– Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ тўланиши лозим бўлган суммадан ошадиган миқдорда тўланган ёки ундирилган пул маблағларининг суммалари ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловлари суммалари ҳисобланади. Уларнинг қайтарилиши Божхона кодексининг 49-бобида белгиланган тартибда амалга оширилади.

БКнинг 353-моддасига мувофиқ, ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммалари шундай тўловлар тўланган ёхуд ундирилган пайтдан эътиборан 3 йил ичида қайтарилиши ёки келгуси божхона тўловлари учун дастлабки пул маблағлари ҳисобига ўтказилиши лозим. Бундан иккита ҳолат мустасно.

Биринчидан, энг кўп қулайлик бериш режими ёки эркин савдо режими қўлланилган (тикланган) тақдирда. Бу ҳолда ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммалари ушбу тўловлар тўланган ёки ундирилган пайтдан эътиборан 1 йил ичида, божхона органига лозим даражада расмийлаштирилган товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатни тақдим этиш шарти билан қайтарилиши ёхуд дастлабки пул маблағлари ҳисобига ўтказилиши керак.

Иккинчидан, қайтарилиши реэкспорт ва реимпорт божхона режимларига мувофиқ амалга оширилиши керак бўлган ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммасини қайтариш БКнинг 35 ва 59-моддаларида белгиланган муддатларда амалга оширилиши лозим. Чунончи, илгари эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилган товар реэкспорт қилинаётганда, товарнинг амалда реэкспорт қилинаётган қисмига нисбатан тўланган божхона божлари ва солиқлар суммаларини қайтариш БКнинг 49-бобида назарда тутилган тартибда, айни бир вақтнинг ўзида қуйидаги талаблар ва шартларга риоя этилган тақдирда амалга оширилади:

товарнинг реэкспорти уни эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштириш маълум қилинган кундан эътиборан 2 йил ичида амалга оширилаётган бўлса;

товар божхона ҳудудида ишлатилмаган ва таъмирланмаган бўлса, бундан товарни қайтаришга сабаб бўлган нуқсонларни ёки бошқа ҳолатларни аниқлаш учун товарни ишлатиш зарур бўлган ҳоллар мустасно.

Маълумот учун! Товарларни божхона тўловлари тўланишини назарда тутувчи божхона режимига жойлаштириш санаси ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловлари суммаларининг тўланиш ёки ундирилиш пайтидир.

 

Қайтариш учун ҳужжат

Божхона тўловларининг суммалари ортиқча тўланганлиги ёки ундирилганлиги далили аниқланганда қайтариш амалга оширилади. Бунинг учун тўловчи уларни қайтариш тўғрисидаги аризани шахсий ғазна ҳисобварағига ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловлари киритилган божхона органига топширади. У билан бирга «ортиқча» суммаларни қайтариш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам тақдим этилади (БКнинг 355-моддаси).

Маълумот учун! Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммаси, агар уни қайтариш тўғрисидаги ариза БКнинг 353-моддаси 2–4-қисмларида белгиланган тегишли муддатлар тугаганидан кейин топширилган бўлса, божхона органлари томонидан қайтарилмайди.

 

Қайтаришнинг шарти бор…

БКнинг 354-моддасига мувофиқ, ортиқча тўланган ёки ундирилган, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ўтказилган божхона тўловларининг суммалари келгуси  божхона тўловларини тўлаш учун қуйидаги ҳолларда дастлабки пул маблағлари ҳисобига ўтказилади ёки божхона органлари томонидан тўловчига қайтариб берилади:

товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритилиши муносабати билан божхона тўловлари суммалари қайта ҳисобланганда;

агар божхона режими шартларида илгари тўланган божхона тўловлари суммаларини қайтариш назарда тутилган бўлса;

агар товарнинг божхона тўловларини тўлаш уларни ҳисоблаб чиқаришнинг белгиланган тартибини бузган ҳолда амалга оширилган бўлса;

божхона тўловларининг ставкалари ўзгарган бўлса;

божхона ҳудудига олиб кирилган товарга нисбатан божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёз тикланган бўлса;

агар божхона тўловлари тўланган товарлар божхона назорати остида йўқ қилиниши лозим бўлса;

эгаси божхона органи бўлган божхона омбори тугатилиши муносабати билан товарлар берилаётганда сақлаш учун тўланган божхона йиғимлари суммаларининг бир қисми қайтарилганда;

божхона тўловларини ҳисоблашда ортиқча тўловга олиб келган техник хатоликлар аниқланганда.

 

Божхонанинг қарори

БКнинг 356-моддасига мувофиқ, божхона органи ариза келиб тушган ва зарур ҳужжатлар тақдим этилган куннинг эртасидан эътиборан 10 иш куни ичида тўловчининг ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммаларини қайтариш тўғрисидаги аризасига кўра қарор қабул қилади. Кўрсатилган маълумотларнинг қўшимча текширувини амалга ошириш зарурати туғилганда, аризани кўриб чиқиш 10 иш кунидан ошмайдиган муддатга узайтирилади.

Қайтариш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда божхона органи аризачини ёзма шаклда хабардор қилади. Шундан кейин улар ўзаро ҳисоб-китобларни таққослаш далолатномасини тузадилар.

Маълумот учун! Божхона органи қайтаришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда ҳам аризачини рад этишнинг асослантирилган сабабларини кўрсатган ҳолда ёзма шаклда хабардор қилади.

 

Қайтариш тартиб-таомили

БКнинг 357-моддасига мувофиқ, «ортиқча» суммаларни қайтариш божхона қийматига ва (ёки) божхона расмийлаштирувида аввал ҳисобланган божхона тўловларига тузатишлар киритиш йўли билан амалга оширилади. Бу қуйидаги тартибда амалга оширилади:

тўловчининг аризада кўрсатилган ҳисобварағига;

БКнинг 357-моддаси 3-қисмида назарда тутилган ҳолларда, божхона органининг шахсий ғазна ҳисобварағига;

тўлов амалга оширилган валютада;

дастлабки пул маблағлари ҳисобига;

божхона органлари олдидаги бошқа мажбурият бўйича божхона тўловлари тўланишини таъминлаш учун.

БКнинг 357-моддаси 3-қисмига мувофиқ, тўловчида божхона тўловларини, шунингдек пеняни ёки фоизларни тўлаш бўйича қарздорлик бўлган тақдирда, божхона органи уни тўловчининг розилиги билан ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловлари суммаси ҳисобидан тўланишини амалга оширади. Бунда у божхона тўловларини, пеняни ёки фоизларни (агар улар бўлса) тўлаш бўйича қарздорлик чегириб ташланган ҳолда қайтарилади.

Ортиқча суммалар қайтарилаётганда улар учун фоизлар тўланмайди ва улар индексацияланмайди.

 

Маълумот учун! Ортиқча суммаларни қайтариш божхона тўловлари тури бўйича божхона органининг шахсий ғазна ҳисобварағидан, товарлари божхона жиҳатидан расмийлаштирилган бошқа тўловчиларнинг маблағларидан ва республика Давлат бюджетига ўтказилиши лозим бўлган маблағлардан амалга оширилади.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради. 

Прочитано: 2081 раз(а)

Комментарии к статье (1)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2017-02-03 18:36:18, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика