Norma.uz

Қулайлик ва хавфсизлик

 

Автомобили соз ҳолатда эканлигига ишонч ҳосил қилиш учун унинг соҳиби уни текширтириб туриши зарур. Зеро техник кўрикдан ўтказиш – нафақат стандартга мувофиқликни баҳолаш, балки ҳаракат хавфсизлиги кафолати саналади. Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг бошлиғи Холмат САЙДАЛИЕВ техник кўрикдан ўтказиш тартиби ҳақида сўзлаб берди. 

 

– Транспорт воситалари қанча вақт оралиғида техник кўрикдан ўтказилиши керак?

– Техник кўрикни ўтказиш жадвали ва уни ўтказиш бўйича комиссиянинг таркиби ҳар йили 15 февралгача Тошкент шаҳар ҳокими, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг тегишли тумани (шаҳари) ҳокимларининг қарори билан тасдиқланади.

Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 31.01.2003 йилдаги 54-сон қарорига илова, бундан кейин – Низом) мувофиқ, у Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (бундан кейин – ДЙҲХХ) органлари томонидан ўтказилади.

Автотранспорт қуйидаги даврийликка мувофиқ техник кўрикдан (бундан кейин – ТК) ўтказилиши керак:

а) тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган енгил автомобиллар, автобуслар, троллейбуслар, трамвайлар ва ўтириладиган жойлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидан ташқари), йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва уларга тиркамалар – бир йилда 2 марта (1 мартдан 30 июнгача ва 1 сентябрдан 31 октябргача);

б) ишлаб чиқарилганлигига 5 йилдан кўп бўлмаган, ишлаб чиқарилган йили ҳам шу жумлага киради, транспорт воситалари (мазкур банднинг «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) – 2 йилда 1 марта;

в) ишлаб чиқарилган йилини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилганлигига 5 йилдан ортиқ бўлган, шунингдек ишлаб чиқарилган вақти аниқланмаган автомобиллар (мазкур банднинг «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) – бир йилда 1 марта;

г) тиркамалар кўрикка транспорт воситаси – шатакчи учун белгиланган муддатларда тақдим этилади.

ТК ташкилотларда, диагностика станцияларида ва техника хизмати кўрсатиш станцияларида иш вақтида, техник назорат постларида иш кунларининг кундузги ва тунги вақтларида ёки ҳафтанинг дам олиш кунларидан бирида ўтказилиши мумкин.

ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб улардан фойдаланишнинг биринчи йили мобайнида транспорт воситалари техник кўрикдан ўтказилмайди. Одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган транспорт бундан мустасно (Низомнинг 5-банди «а» кичик банди).

 

– Техник кўрикдан ўтиш учун қандай ҳужжатларни тақдим этиш керак?

– ТКдан ўтказиш учун транспорт эгаси ёки унинг ваколатли шахси томонидан қуйидаги ҳужжатлар кўрсатилади:

√ паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат (ҳарбий хизматчилар – шахсий гувоҳнома ва турар жойидан маълумотнома);

√ автомобилни бошқариш ҳуқуқига ҳайдовчи гувоҳномаси;

√  транспорт воситасининг рўйхатдан ўтказилгани тўғрисида гувоҳнома (техник паспорт, техник талон);

√ транспорт воситасини бошқаришга яроқлилик тўғрисида белгиланган шаклдаги тиббий маълумотнома;

√  «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекциясининг бунга рухсатномаси мавжуд бўлган ташкилот томонидан ўрнатилган газ баллонлари синовдан ўтказилганлиги тўғрисидаги далолатнома;

√ ўрнатилган газ баллонларининг мувофиқлик сертификати нусхаси;

√ ТКдан ўтиш учун белгиланган йиғим суммаси тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат (тўлов топшириқномаси, квитанция);

√ ТКдан ўтказиш шохобчасининг транспорт воситасининг техник ҳолати тўғрисидаги маълумотномаси – шундай маълумотнома бўлганда.

 

– Техник кўрикдан белгиланган муддатдан олдин ўтиш мумкинми?

– Одатда, юридик шахсларнинг автотранспорти 1 мартдан 30 июнгача ТКдан ўтади. Жисмоний шахсларга тегишли автомобиллар – 1 январдан 31 августгача. Шу билан бирга Низомда (6-банд) ТКга белгиланган муддатлардан олдин тақдим этилиши мумкинлиги назарда тутилган.

Ушбу ҳолда уни ўзгартириш тўғрисидаги қарор автомобиль эгасининг ёзма аризаси асосида ДЙҲХХнинг тегишли ҳудудий бўлинмаси раҳбари томонидан қабул қилинади.

 

– Қандай сабабларга кўра машина техник кўрикдан ўтмаслиги мумкин? Бунда унинг соҳиби жарима тўлашига тўғри келадими?

– Ҳар қайси техник кўрик рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномада (техник паспортда, техник талонда) кўрсатилган маълумотларга транспорт воситаси тури, маркаси, модели, давлат рўйхатидан ўтказиш рақами белгилари, шасси (рама), кузов ва двигателнинг идентификациялаш рақамларининг мувофиқлигини текширишдан бошланади.

Автомобилнинг техник ҳолати ва жиҳозлари техник регламентлар ёки стандартлар талабларига, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари ва нормаларига мувофиқ келиши лозим.

Агар автомобиль газ ёнилғисида ишласа, газ баллонларининг фойдаланиш муддати, ишлаб чиқарилган йили, завод рақами, газ баллонларини синовдан ўтказиш муддатлари, газ баллони анжомларининг белгиланган талабларга мувофиқлиги ҳам текширилади.

Техник ҳолати йўл ҳаракати хавфсизлиги талабларидан ҳатто биттасига жавоб бермайдиган автомобиль носоз ҳисобланади ва ундан фойдаланиш тақиқланади. Бунда жарима чоралари назарда тутилмаган.

Такрорий кўрикдан ўтказиш 20 кундан кечикмай ўтказилади. Бу ҳолда техник ҳолатни текшириш фақат олдинги кўрикдан ўтказишда регламентга мувофиқ бўлмаган кўрсаткичлар бўйичагина ўтказилади.

 

– Корхоналарнинг автотранспорти ҳам ТКдан ўтказилади. Бунинг учун қандай ҳужжатларни тақдим этиш зарур?

– Кўрик  бошланишидан  камида 10 кун олдин юридик шахс ДЙҲХХнинг ҳудудий органига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

√ раҳбар, бош бухгалтер (бош бухгалтер функциясини бажарувчи шахс) томонидан имзоланган, муҳр билан тасдиқланган техник кўрик далолатномасининг бир нусхаси;

√ ТКдан ўтказганлик учун йиғимнинг белгиланган суммаси тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат (тўлов топшириғи, квитанция);

√ мукаммал таъмирлашда, хизмат сафарида бўлган, ижарага берилган ёки сотишга қўйилган транспорт воситалари сонини тасдиқловчи маълумотлар;

√ ўрнатилган газ баллонларининг мувофиқлик сертификати нусхаси;

√  «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекциясининг газ баллонларини синовдан ўтказиш ҳуқуқини берувчи рухсатномаси мавжуд бўлган ташкилот томонидан газ баллонлари синовдан ўтказилганлиги тўғрисидаги далолатнома нусхаси.

 

– Агар машина янги бўлса, уни қачон техник кўрикдан ўтказиш зарур?

– Юқорида қайд этилганидек, янги машина фойдаланишнинг биринчи йили мобайнида ТКдан ўтказилмайди. Бироқ бу йўловчи транспортига тааллуқли эмас.

 

– Хорижий давлатлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг автотранспорти ҳам техник кўрикдан ўтказилади. Улар учун ҳам худди шундай тартиб назарда тутилганми?

– Ҳа, Ўзбекистонда доимий ёки вақтинчалик пропискага эга бўлган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўз транспортларини умумий асосларда ДЙҲХХ органларида доимий ёки вақтинчалик ҳисобга қўядилар. ТКдан ўтказишда автомобиль соҳиблари халқаро ҳайдовчилик гувоҳномаларини тақдим этадилар. Йўл ҳаракати тўғрисидаги 1968 йилги Вена конвенцияси талабларига жавоб берадиган миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида уларнинг белгиланган тартибда тасдиқланган таржимаси мавжуд бўлганда ҳақиқий ҳисобланади (ВМнинг 2.08.2006 йилдаги 156-сон қарорига 1-илованинг 77-моддаси).

Аккредитация қилинган халқаро ва хорижий ташкилотлар ходимлари  аккредитация қилинганлиги тўғрисида белги қўйилган аккредитация карточкалари ва миллий паспортларини тақдим этишлари шарт. Бошқа хорижий фуқаролар – рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида белги қўйилган ўз паспортлари ёки Ўзбекистонда яшаш рухсатномасини, фуқаролиги бўлмаган шахслар - яшаш рухсатномасини тақдим этадилар.

 

Техник кўрикдан ЎТКАЗГАНЛИК УЧУН ЭКИҲнинг 1/10 қисми миқдорида йиғим ундирилади (мототранспорт, тиркамалар ва ярим тиркамалар бундан мустасно).

 

 

Мухбиримиз Алла Ромашко

суҳбатлашди.

Прочитано: 2103 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика