Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 27 / Хўжалик юритиш қоидалари

Суднинг ҳал қилув қароридан ижрогача

 

Компаниямиз жуда йирик суммадаги қарзни ундириш ҳақидаги даъво билан хўжалик судига мурожаат қилмоқчи. Компаниямизга қарзини тўламасликни кўзлаб жавобгар мол-мулки ва пулларидан халос бўлиши мумкин деб гумон қилаяпмиз. Суднинг ҳал қилув қарори тўлиқ ижро этилишини кафолатлаш учун қандай йўл тутиш лозим?

Х.Турсунов.

Ҳаракатсизлик қарши ҳаракатни юзага келтиради

Тадбиркорлар ва фуқаролар кўпинча қарзни ёки бошқа пул суммасини ундириш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорига эга бўла туриб, кўпинча мазкур суд ҳужжати амалда ижро этилишига эриша олмайдилар. Бунинг асосий сабабларидан бири даъвогарнинг қарши тараф қарзини тўламаслик учун муайян ҳаракатларни қилиш мумкинлигига эътибор бермаслигида. Даъвогар ҳамма ишни ўз ҳолига ташлаб қўяди ва қўлида ўз фойдасига чиқарилган суднинг ҳал қилув қарорига эга бўла туриб, ниятига ета олмайди.

Жавобгар қўл қовуштириб ўтирмаслигини ёддан чиқармаслик керак. Инсофсиз, бунинг устига йирик суммадаги пулни тўлаши керак бўлган жавобгар судда иш кўрилаётган босқичдаёқ биргина мақсад – даъвогарга пул тўламасликни кўзлаб ҳисоб-китоб рақамларидаги маблағлардан ҳар қандай йўл билан қутулиш, ўзининг кўчар ва кўчмас мулкини бошқаларга ўтказиш чорасини кўради. У ёллаган малакали юристлар ёки адвокатлар эса ушбу мақсадга эришишнинг энг тўғри ва қонуний усулини кўрсатиб беришади.

 

Даъвогар таъминот беришни сўрайди

Бунга йўл қўймаслик учун даъвони таъминлаш чоралари мавжуд. Улар қуйидагилар бўлиши мумкин: жавобгарга тегишли бўлган мол-мулк ёки пул маблағларини хатлаб қўйиш; жавобгарга муайян ҳаракатларни қилишни тақиқлаш; бошқа шахсларга низо предметига алоқадор бўлган муайян ҳаракатларни қилишни тақиқлаш; даъвогар низолашаётган, ундириш сўзсиз (акцептсиз) тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжати ёки бошқа ҳужжат бўйича ундиришни тўхтатиб туриш; давлат органининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг низолашилаётган ҳужжати ижросини тўхтатиб туриш; мол-мулкни хатлашдан озод қилиш тўғрисида даъво тақдим этилган тақдирда уни реализация қилишни тўхтатиб туриш (Хўжалик процессуал кодексининг 77-моддаси). Зарур ҳолларда даъвони таъминлаш учун бир неча чора қўллашга йўл қўйилади.

Даъвони таъминлашга, агар шундай чораларни кўрмаслик суд ҳужжатининг ижросини қийинлаштириши ёки бажариб бўлмайдиган қилиб қўйиши мумкин бўлса, хўжалик судлов ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида йўл қўйилади (ХПКнинг 76-моддаси). Бироқ бунда шуни ёдда тутиш лозимки, агар суд даъвони таъминлаш чораларини қабул қилмоқчи бўлса, жавобгарнинг илтимосига кўра у даъвогардан ҳам жавобгар кўриши мумкин бўлган зарарларни қоплашни таъминлашни талаб қилишга ҳақли. У муайян пул суммаси, кўчар ёки кўчмас мулк кўринишида берилиши мумкин.

Суд чиқарган ажримда даъвони таъминлаш бўйича аниқ чоралар ва уларни бажариш муддати кўрсатилади. Одатда суд бундай ажримни дарҳол ижро этиш мажбуриятини қўяди.

 

МИСОЛ. Компания жавобгардан катта суммадаги қарзни ундириш ҳақида даъво билан хўжалик судига мурожаат қилди. У билан бирга таъминлаш чораларини қўллаш ҳақида ариза тақдим этди. Суд даъвони кўриб чиқиш учун қабул қилди ҳамда жавобгарга тегишли бўлган бутун мол-мулк ва пул маблағларини хатлаб қўйиш кўринишидаги таъминлаш чораларини қўллаш ҳақида ажрим чиқарди.

 

Ажрим чиқарилди. Эндичи?

Мазкур ажримни ижро этиш учун нима қилиш керак?

Бунда «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонун ҳамда Ижро ишини юритиш ва суд ижрочилари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 29.12.2001 йилда 1091-сон билан рўйхатдан ўтказилган) амал қилиш лозим.

Ушбу ҳужжатларда суднинг гербли муҳри билан тасдиқланган таъминлаш чораларини қўллаш ҳақидаги ажримнинг асл нусхасини жавобгар жойлашган жойдаги суд ижрочилари бўлимига тақдим этиш белгиланган.

Суд ижрочиси уни олган кундан бошлаб 3 кун ичида ижро иши юритишни қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилиши шарт. Биз кўриб чиқаётган ҳолатда ижро 2 йўналишда амалга оширилади:

1) жавобгарнинг мол-мулкини хатлаб қўйиш;

2) жавобгарга тегишли пул маблағларини хатлаб қўйиш.

Пулларни хатлаб қўйиш, жавобгарнинг мол-мулкини хатлашдан фарқли равишда, кўп меҳнат талаб этмайдиган жараён. Уларни хатлаб қўйиш учун суд ижрочиси жавобгарнинг ҳисоб-китоб рақами очилган банкка тегишли талабномани йўллаши кифоя. Бироқ жавобгар ўз ҳисоб-китоб рақамини бўшатишга улгурмаслиги учун буни тезкор равишда ва ўз вақтида қилиш зарур.

Мол-мулкни хатлаб қўйиш қуйидагилардан ташкил топади:

1) мол-мулкни рўйхатга олиш. У қарздор жисмоний шахс ва холислар иштирокида тузилади. Қарздор жисмоний шахс ҳозир бўлмаганда – унинг вояга етган оила аъзоларидан бири, бундай шахслар бўлмаганда – фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари иштирокида. Қарздор юридик шахснинг мол-мулки қарздорнинг вакиллари ва холислар иштирокида рўйхатга олинади;

2) мол-мулкни тасарруф этиши тақиқланишини эълон қилиш. У суд ижрочиси томонидан бевосита қарздорга (жавобгарга) бир вақтнинг ўзида мол-мулкни рўйхатга олган ҳолда ёки тегишли органлар ва хизматларга (кадастр, ЙҲХБ, депозитарий, нотариус ва ҳ.к.) йўлланадиган кўчар, кўчмас мулк, қимматли қоғозлар, устав фондларидаги улушлар ва бошқаларни тасарруф этишни тақиқлаш ҳақидаги алоҳида ёзма талабнома кўринишида эълон қилиниши мумкин;

3) мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқини чеклаш, уни олиб қўйиш ёки сақлашга бериш (зарурат бўлганда). Чунончи, суд ижрочиси жавобгарга тегишли автомобиль, махсус техника, асбоб-ускуналарни улардан келгусида фойдаланишда шикастланишига йўл қўймаслик учун олиб қўйиши ва муҳрлаши мумкин.

Суд ижрочиси вазиятга қараб ушбу чораларнинг барчасини алоҳида ёки биргаликда қўллашга ҳақли.

 

Дарҳол... икки ой давомида

Шуни ёдда тутиш лозимки, суд ҳужжатини мажбурий ижро этишнинг қонунда белгиланган муддати 2 ойни ташкил этади. Бунда таъминлаш чоралари дарҳол қўлланган бўлиши керак. Бинобарин, суд ижрочиси қонун талабларини ўзича талқин қилиши ва таъминлаш чораларини қўллаш ҳақидаги суд ажрими ижросини 2 ойга узайтириши мумкин.

Бундай ҳолларда суд ажрими ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилиши учун даъвогар амалга ошираётган ҳаракатлар муҳим аҳамиятга эга. Зеро унинг ўз ҳолига ташлаб қўйилиши жавобгарга ўз активлари ва бошқа қимматли мол-мулкидан халос бўлиш имкониятини беради. Суд сизнинг даъво талабларингизни қондирганда ундирув қаратиладиган ҳеч нима қолмайди.

Таъминлаш чораларининг самарадорлиги уларнинг тезкор ва кутилмаганда қўлланишида. Ушбу масалада ҳар қандай кечикиш даъвогарнинг муваффақият қозониш имконини камайтиради.

Шу сабабли у таъминлаш чораларининг қўлланиши ҳақидаги суд ажрими қандай ижро этилаётганини мунтазам назорат қилиши, суд ижрочиларидан уларни дарҳол ва тўлиқ қўллашни талаб этиши шарт. Зарурат бўлганда уларга кўмак бериши лозим. Суд ижрочилари ҳаракат қилмаган ҳолда юқори орган ёхуд судга улар устидан шикоят бериши керак.

Ана шундагина келгусида қабул қилинадиган суд ҳужжати ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда ижро этилишини кафолатлаш мумкин.

 

Қоплашга тайёр туринг

Бунда вазият ўзгача тус олиши мумкинлигини ҳам ёддан чиқармаслик лозим. Зеро суд даъвоингизни рад этиш ҳақида ҳал қилув қарорини қабул қилса, жавобгар у қонуний кучга кирганидан сўнг даъвогардан даъвони таъминлаш сабабли ўзига етказилган зарар қопланишини талаб қилишга ҳақли бўлади. Бунинг учун у ўша хўжалик судига даъво тақдим этиши керак бўлади (ХПКнинг 81-моддаси).

Шу сабабли таъминлаш чораларини қўллаш ҳақида судга ариза беришдан олдин даъвоингиз қанчалик асосланганлиги ва судда муваффақият қозониш имкониятингиз қанчалик катталиги ҳақида ўйлаб кўринг.

 

Шоҳрух Нарзиқулов, «Victory Yurconsalt» МЧЖ юрисконсульти.

Прочитано: 2127 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика