Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 27 / Аудитор хабарномаси

Эҳтиёт бўлинг: ФҲШ!

 

ФҲШни қўллашдаги таваккалчиликлар

 

Мария Шарипова, ЎАП эксперти, «Baker Tilly» компаниялар гуруҳининг

таваккалчиликларни таҳлил қилиш ва бизнес-консалтинг йўналиши раҳбари

 

Кўпгина корхоналар ходимлари штатини кенгайтирмай, жисмоний шахслар билан меҳнат шартномалари ўрнига манфаатли муқобил вариант сифатида фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномаларни тузадилар. Бунда корхона фойда кўриши аён: фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома (бундан кейин – ФҲШ) бўйича ишлайдиган ходим олдидаги мажбуриятлар меҳнат шартномаси тузилган ходимникидан анча кам. Бундай шартнома бўйича ишлайдиган ходим «штатдаги» кўплаб ҳуқуқ ва кафолатларга эга бўлмайди: ҳақ тўланадиган таътил олмайди, масалан, иш вақти ҳисоби меҳнат стажига киритилмайди, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлиги учун ҳақ тўланмайди ва ҳ.к.

 

Корхона қўлга киритадиган ушбу нақд афзалликлар иш берувчиларни кенг, бироқ кўп ҳолларда ноҳақ қўллашга ундаши тушунарли (кўпинча шундай қиладилар ҳам). Бу нафақат меҳнат шартномасини атайлаб фуқаролик-ҳуқуқий тусдагисига ўтказувчи ноинсоф иш берувчиларга, балки қонун ҳужжатларининг айрим жиҳатларини тушунмай, ходимларнинг қонуний ҳуқуқларини билмай туриб бузганларга ҳам тааллуқли.

Кўпинча корхоналар раҳбарлари ва кадрлар бўйича ходимлари меҳнат ва фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар ўртасида жиддий фарқ борлигини тушунмай, уларни ҳужжатлар билан расмийлаштиришда катта хатога йўл қўядилар. Бу молиявий зарар келтиради ва корхонанинг амалий обрўсига путур етказади.

ФҲШни доим қўллаб бўлмайди. Юридик ва жисмоний шахс ўртасидаги фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги ва меҳнат муносабатлари айни нимани англатиши, ФҲШни қўллашда қандай чекловлар мавжудлиги ва бундай муносабатларни қандай қилиб тўғри расмийлаштириш кераклигини кўриб чиқамиз.

 

Меҳнат ва фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномаларнинг асосий аломатлари ва фарқлари

 

Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома – ҳуқуқий муносабатлар юзага келиши, ўзгариши ва бекор қилиниши тартибини белгиловчи шахслар ўртасидаги якка тартибдаги келишув. Мазкур соҳадаги мажбуриятлар Фуқаролик кодекси ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Юридик ва жисмоний шахс ўртасидаги ФҲШ предмети қуйидагилар бўйича жисмоний шахснинг мажбуриятлари ҳисобланади:

мол-мулкни мулкий ижарага (ижарага) бериш;

белгиланган муддатда топшириш шарти билан муайян ишни бажариш;

хизматлар кўрсатиш (муайян хатти-ҳаракатлар қилиш ёки мулкий шаклга эга бўлмаган муайян фаолиятни амалга ошириш).

Бажарилаётган иш ҳажми ўлчанадиган ва бажарилган ишларни қабул қилиш далолатномасида акс эттирилиши мумкин бўлган аниқ физик ҳажмлар кўринишида белгиланган бўлиши шарт.

Мажбуриятлар жисмоний шахс томонидан муайян ҳақ эвазига, ўзи таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида бажарилади

Меҳнат шартномаси – тарафларнинг келишуви, шунингдек қонун ҳужжатлари ва меҳнат тўғрисидаги бошқа меъёрий ҳужжатлар билан белгиланган шартларда ички меҳнат тартибига бўйсунган ҳолда ҳақ эвазига муайян ихтисослик, малака, лавозим бўйича ишни бажариш ҳақида ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишув.

Меҳнат кодексига мувофиқ меҳнат шартномасининг муҳим шартларига қуйидагилар киради:

иш жойи (корхона ёки унинг бўлинмаси);

ходимнинг меҳнат вазифаси – у ишлайдиган ихтисослик, малака, лавозим;

ишни бошлаш куни;

меҳнат шартномаси муайян муддатга тузилганда унинг амал қилиш муддати;

иш ҳақи миқдори ва меҳнатнинг бошқа шартлари.

Меҳнат муносабатлари субъекти сифатидаги ходимнинг асосий ҳуқуқлари МКнинг 16-моддасида, иш берувчиники – МКнинг 17-моддасида назарда тутилган

 

Фуқаролик кодексининг 124-моддасига мувофиқ, агар битим бошқа битимни ниқоблаш мақсадида тузилган бўлса (кўзбўямачилик битими), тарафлар ҳақиқатда назарда тутган битимга доир қоидалар қўлланилади. Шу сабабли ФҲШ тузаётганда меҳнат шартномаси аломатлари йўқлигини қатъий назорат қилиш зарур. Акс ҳолда назорат органи юқоридаги аломатларга эга бўлган фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномани меҳнат шартномаси деб тан олиши хатари катта бўлади, бу салбий оқибатларга олиб келади.

Моҳиятан олганда корхона якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида рўйхатдан ўтган жисмоний шахслар билан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномаларни тузгани анча фойдали ва хавфсиздир, чунки бу ҳолатда шартнома бўйича ҳақ тўлашдан ташқари қўшимча ҳеч қандай харажат юзага келмайди. Агар ФҲШ якка тартибдаги тадбиркор бўлмаган жисмоний шахс билан тузилса, бундай шартномани меҳнат шартномаси деб тан олиш хатаридан ташқари иш берувчида шартнома бўйича ҳақ суммасидан солиқларни (ЯСТ, ЖШДС, ПЖ ва ШЖБПҲга бадаллар) тўлаш мажбурияти юзага келади.   

Шунингдек ФҲШ тузаётганда ФКнинг 24-моддасига мувофиқ фуқаро якка тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга ҳақли эканлигини назарда тутиш зарур. Фуқароларнинг юридик шахс ташкил этмасдан амалга ошириладиган тадбиркорлик фаолиятига нисбатан, агар қонун ҳужжатларидан ёки ҳуқуқий муносабат моҳиятидан бошқача тартиб англашилмаса, Фуқаролик кодексининг қоидалари қўлланилади. Юридик шахс ташкил этмасдан якка тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш талабларини бузган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган фуқаро тузган битимлар хусусида ўзининг тадбиркор эмаслигини важ қилиб кўрсатишга ҳақли эмас.

«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, тадбиркорлик фаолияти (тадбиркорлик) тадбиркорлик фаолияти субъектлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган, ўзи таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускорлик фаолиятидир. Якка тартибдаги тадбиркорлик якка тартибдаги тадбиркор томонидан мустақил мулк ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган мол-мулк негизида, шунингдек мол-мулкка эгалик қилиш ва (ёки) ундан фойдаланишга йўл қўядиган ўзга ашёвий ҳуқуқ асосида амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 11.12.2013 йилдаги 20-сон қарорига мувофиқ, шахснинг у ёки бу фаолиятини тадбиркорлик деб топиш учун иккита ҳолат мавжуд бўлиши – даромад топишга қаратилган ҳаракатлар системали равишда содир этилиши ва бундай фаолият асосий, яъни касб фаолияти сифатида амалга оширилиши шарт.

Бундан ташқари, якка тартибдаги тадбиркорлар ёки жисмоний шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари бўйича чекловлар мавжуд. 2011 йил 1 апрелдан уларнинг Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига1 киритилмаган фаолият турларини амалга оширишларига тақиқ жорий этилган.

Шу тариқа, агар иш берувчи меҳнат муносабатларини ниқоблаш мақсадида фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномаларни тузадиган бўлса, назорат органлари амалдаги қонун ҳужжатларига тўла мувофиқ равишда унинг ўзини ва ходимни жавобгарликка тортишлари мумкин.

Шартнома бўйича меҳнат фаолияти аломатлари мавжуд бўлганда юридик шахс ва раҳбарият учун оқибатлар:

фойдаланилмаган таътил, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари бўйича мажбуриятларнинг қўшимча ҳисоблаб ёзилиши (агар қўллаш мумкин бўлса);

корпоратив солиқлар, ЯИТ, ЖШДС, ПЖ ва ШЖБПҲга бадалларнинг қўшимча ҳисоблаб ёзилиши, шунингдек жисмоний шахснинг корхона штатида тикланиши, бу солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимидаги корхоналарга жиддий таъсир ўтказади;

маънавий ва моддий зарарнинг тўланиши. Корхона раҳбарига нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузгани ва ходимлар сонини яширгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49 ва 175-5-моддаларига мувофиқ жазо чоралари қўлланиши мумкин.

Жисмоний шахс учун оқибатлар:

МЖТКнинг 176-моддасига мувофиқ, ноқонуний тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромад миқдорларига қараб – ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, ЭКИҲнинг 5 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган шахс ноқонуний тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромад давлатга ихтиёрий равишда тўланган, шунингдек тадбиркорлик субъектини белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш амалга оширилган тақдирда ҳуқуқбузарлик ашёлари мусодара қилинмаган ҳолда жавобгарликдан озод қилинади.

Агар жуда кўп – ЭКИҲнинг 500 баравари ва ундан ортиқ бўлган миқдорда даромад олинган бўлса, жисмоний шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 188-моддасига мувофиқ жазо чоралари қўлланиши мумкин (3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, ЭКИҲнинг 300 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан).

Бундан ташқари, бундай ходим давлат рўйхатидан ўтмай шуғулланган фаолият тури Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига киритилган бўлса, унинг учун ҳам солиқ оқибатлари юзага келади. Бу ҳолда унга мазкур фаолият тури бўйича қатъий белгиланган солиқнинг йиллик ставкаси суммасида жарима солинади2. Якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган жисмоний шахсга қатъий белгиланган солиқнинг ҳисобланган йиллик суммасини 12 ой давомида ушбу давр учун қатъий белгиланган солиқ бўйича келгуси солиқ мажбуриятлари ҳисобига тўлаш ҳуқуқи берилади.

Агар фуқаро давлат рўйхатидан ўтмасдан Рўйхатга киритилмаган фаолият тури билан шуғулланган бўлса, у ЖКнинг 188 ва 190-моддалари жамлиги бўйича жавобгарликка тортилади.

 

Шу тариқа, жисмоний шахс билан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномани тузиш ҳақида қарор қабул қилаётганда бундай келишувнинг барча эҳтимолий хатарлари ва оқибатларини баҳолаш зарур:

бундай шартномани тузиш иқтисодий жиҳатдан қанчалик мақсадга мувофиқ;

агар назорат органи солиқларни тўлашдан ёки ижтимоий мажбуриятлардан атайин бўйин товланганлигини аниқласа, бундай келишув иштирокчилари унинг оқибатлари қандай бўлишини тушунадиларми;

ушбу вазият корхонанинг амалий обрўсига қандай таъсир кўрсатиши мумкин.  

 

Мавзувий сонни мухбиримиз Юлия Яшина олиб боради.

 


1 ВМнинг 7.01.2011 йилдаги «Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги 6-сон қарорига 1-илова. 
2 МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 31.05.2013 йилда 2463-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига илова.

Прочитано: 2138 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика