Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 27 / Аудитор хабарномаси

Бухгалтер адолатли қийматни мустақил равишда баҳолай оладими?

 

МҲХСни ва унинг оқибати сифатида ХАСни қўллаш фақат бухгалтерлар ва аудиторларнинг профессионал соҳасига тааллуқлидир. Бироқ уларнинг ваколат доирасидан ташқарига бироз чиқиб кетган бир масала мавжуд. Гап МҲХСга ўтаётган компаниялар активлари ва мажбуриятларининг адолатли қийматини аниқлаш ҳамда ушбу мақсадлар учун профессионал баҳолаш ташкилотларини жалб этиш амалиёти тўғрисида боряпти.

Ҳозиргача аудит ва баҳолаш соҳасида туташ масалалар вужудга келмаган. Баҳоловчилар ўз стандартлари бўйича, аудиторлар ўз стандартлари бўйича ишлаганлар. Аудитор баҳолаш натижаларини оларкан, ҳисоб-китоблар тўғри қилинган-қилинмаганлиги уни ҳеч қачон қизиқтирмаган, зеро у баҳоловнинг ишончлилиги учун жавоб бермайди-да. Баҳоловчи эса, ўз навбатида, аудитордан у баҳолаш натижаларидан қандай фойдаланганлигини сўрамаган. Нима учун энди бундай саволлар пайдо бўлди?

Дарҳақиқат, нима учун компаниялар адолатли қийматни баҳолашга баҳолаш ташкилотларини жалб эта бошладилар, ваҳоланки бугунги кунда уни баҳолашга ҳар қандай баҳолаш ташкилоти киришавермайди? Бош бухгалтер бундай баҳолашни мустақил равишда амалга ошира оладими?

 

Ҳа, баҳолай олади!

Искандар Абдураҳмонов, сертификатланган баҳоловчи,

“UHY Tashkent” аудиторлик ташкилоти бош мутахассиси:

- Баҳолаш фаолияти республикада “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги Қонун ва Мол-мулкни баҳолаш миллий стандартларига (МБМС) асосланади. Адолатли қиймат 3-сон ва 4-сон МБМСларда “бозор қийматига синоним деб ҳисобланмайдиган бухгалтерия ҳисоби атамаси” сифатида тилга олинади1.

Баҳоловчилар аввало битим тузиш мақсадлари учун қийматнинг турли хилларини (бозор, тугатиш, инвестициявий, утилизацион қийматлар) белгилашади. Қиймат бошқа турларини аниқлаш учун, агар битим тақозо этилмаса, бошқа қоидалар – “ностандарт қоидалар” ишлатилади.

Мисол учун, тўлиқ тиклаш қийматини ҳисоблаш 1 январь ҳолати бўйича асосий фондларни қайта баҳолашни ўтказиш тартиби тўғрисида низом2 билан тартибга солинган. Божхона қиймати Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб келинадиган товарларнинг божхона қийматини белгилаш бўйича йўриқномага3 мувофиқ аниқланади ва ҳ.к.  Гарчи адолатли қиймат моҳиятига кўра бозор хусусиятига эга бўлса ҳам, уни аниқлаш усуллари МБМСда белгиланган баҳолашнинг стандарт усулларига мувофиқ келмайди.

Халқаро стандартлар уни “кириш нархи” сифатида эмас, балки учинчи шахсга бериш қиймати, актив ёки мажбуриятнинг “чиқиш нархи” сифатида аниқлайди4. Яъни 1 млн сўмга харид қилинган активни ушбу суммага сотиб бўлмаса, унинг “адолатли қиймати” 1 млн сўмга тенг эмас. Шунингдек адолатли қийматни аниқлашда МҲХС “бош (асосий)”, “актив” ёки “энг фойдали” бозорларда содир этиладиган “ихтиёрий” ва “одатдаги операция” шартларига риоя этишни талаб қилади. Бундай бозорларни аниқлаш ва идентификациялаш ҳозирги пайтда мушкул ва серқирра бўлиб, бу нарса номолиявий активларга нисбатан “энг яхши ва энг фойдали фойдаланиш” қоидасини қўллашни мураккаблаштиради.

МҲХСга ўтаётганда активлар ва мажбуриятларни баҳолаш бухгалтерия хизматининг ваколат доирасига кирмайди деб ўйлаш хато. МҲХС баҳолаш фикрига асосланади ва малакали бухгалтер уни мустақил, баҳоловчисиз тақдим эта олади. Тўғри, бу ерда ҳамма нарса унинг профессионализмига боғлиқ, чунки меъёрий-ҳуқуқий база ҳозиргача шунга ўхшаш бирор нарса қилишга имкон бермаган. Бунинг ўрнига баъзида бир маъноли, мақбул ва адекват баҳолаш алгоритмлари қўлланган, шундай бўлса-да, уларни текшириш ва камчиликларни топиш осон.

МҲХСнинг ортиқча “эркинлиги ва мавҳумлиги” – хом хаёл, аслида улар тушунча ва категорияларнинг қатъий тизимидан иборат. Асосий муаммо – кўплаб бухгалтер, аудитор ва баҳоловчиларда уларни қўллаш учун билим ва тажрибанинг йўқлиги. Ўз касбининг талабгир мутахассиси бўлиш учун яқин вақт ичида айни ушбу билимларни ўзлаштиришга тўғри келади.

МҲХС (IFRS)нинг 13-сон “Адолатли қийматни баҳолаш” халқаро стандарти адолатли қийматни баҳолаш учун ягона услубий асосни белгилайди, бироқ бошқа халқаро стандартларни (1, 2, 3, 5, 7, 9 - МҲХС; 1, 2, 11, 12, 16, 38, 17, 18 – БҲМС ва бошқалар) билмасдан туриб, уни тушуниш ва қўллаш қийин бўлади.

Муаммони ҳал этиш йўллари қандай бўлиши мумкин? Аввало аниқ МҲХСларни (бугунги кунда улар қирқта атрофида) қўллаш имконияти ва чекловларни мустаҳкамлаш керак. Бухгалтерлар ва аудиторларнинг профессионал жамоат ташкилотлари аниқ халқаро стандартларга мойилликларини қабул қиладиган ва декларациялайдиган, хўжалик юритувчи субъектлар бухгалтерия хизматларининг муҳим аҳамиятга эга мутахассислари эса ана шу профессионал бирлашмаларнинг аъзоларига айланадиган йўл энг мувофиқроғи бўлиб кўринади. Акциядорлик жамиятлари ва аудиторлик текшируви мажбурий ҳисобланадиган бошқа ташкилотлар учун буни нормага айлантириш мақсадга мувофиқдир. Хўжалик юритувчи субъектнинг халқаро стандартларни қўллаш мажбуриятлари эса аввало унинг ҳисоб сиёсати ва бошқа локал ҳужжатларида акс эттирилиши керак.

Бундай ёндашув МҲХС/БҲМСни қўллаш амалиётини тезкор равишда легаллаштириш ва бухгалтерлар ҳамда аудиторларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг катта тажрибасига эга бўлган профессионал бирлашмалар ёрдамида жойлардаги бухгалтерларни тезкор равишда ўқитиш имконини беради.

Баҳоловчиларга келсак, мол-мулкни баҳолашнинг бир қатор стандартларини, аввало 3-сон МБМС “Бозор қийматидан фарқланувчи баҳолаш базаси” ва 4-сон МБМС “Молиявий ҳисобот ва турдош ҳужжатлар мақсадида баҳолаш”ни қайта кўриб чиқиш лозим. Улар 10 йил аввал ишлаб чиқилган ҳамда ўша даврдаги баҳолаш назарияси ва амалиётининг ҳолати ва уни тушунишни акс эттиради. Ўз стандартларига тузатишлар киритишни5 баҳоловчилар ва уларнинг профессионал бирлашмалари бажаришлари керак. Бироқ, адолатли қиймат фақатгина баҳолашнинг анъанавий объектлари ва қиймат турларига нисбатан аниқланмаслигини ҳисобга олиб, ушбу жараёнга профессионал аудитор-бухгалтерлик ҳамжамиятини жалб этиш мақсадга мувофиқдир.

3-сон ва 4-сон МБМСда бухгалтерия ҳисобида фойдаланиладиган қиймат турларини аниқлаш чоғида, ҳозирда бўлганидек, нафақат норматив ва ҳисоб-китоб баҳоланишини, балки ҳисоб ва молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларида қабул қилинган услубиятлар ва баҳолаш фикрлари қўлланиши керак.

Ниҳоят, қонун йўли билан ёки – янада тезкор тарзда баҳолаш фаолиятини лицензиялаш бўйича ваколатли орган номидан адолатли қийматни аниқлаш учун баҳоловчи жалб этиш мажбурий эмаслигини белгилаш лозим.

Бу хўжалик юритувчи субъектнинг баҳолаш билан боғлиқ ҳар қандай масалаларда баҳоловчиларнинг хизматларига мурожаат қилишдек мутлақ ҳуқуқини истисно этмайди, бироқ унга маълум даражада танлаш эркинлигини беради.

Агар баҳолаш ташкилотлари халқаро стандартлар талабларига мувофиқ барибир қийматни аниқлаш мақсадида жалб этилсалар, бу ҳол улардан МҲХС ва БҲМСни яхши ўзлаштирган баҳоловчилар мавжуд бўлишини талаб этади. Мазкур талабларни баҳолашга доир шартномаларни тузаётганда ҳисобга олиш мақсадга мувофиқдир. Бундан ташқари, баҳоловчиларнинг жамоат бирлашмалари ҳамда ушбу мутахассислар таълим оладиган ва малакасини оширадиган янги шароитларда муаммоларга катта эътибор қаратишлари керак, зеро, БАМУ, ЎБФ, Аудиторлар палатаси ҳам шундай йўл тутмоқда. Буларнинг ҳаммаси, пировардида, касбга ишончнинг ўсишига имкон беради.

 

Йўқ, бу – реал эмас!

Оксана Огневчук, “SGS Tashkent Ltd” компанияси молиявий директори, ЎБФ бошқаруви раиси ўринбосари:

– Ўзбекистонда турли профессионал хизматларни тартибга солишнинг қатъийлаштирилган талабларини бажаришга биргаликдаги ёндашувларни ишлаб чиқиши мумкин бўлган эксперт кенгашлари ниҳоятда кам. Бундай хизматларни етказиб берувчилар тарқоқ, шу боис улар ҳимоясиз. Бу эса обрў-нуфузни ерга уради ва, охир-оқибатда, бозорда хизматлар талабгирлигини пасайтиради ва уларнинг қийматларини қадрсизлантиради. Қийматнинг пастлиги сифатнинг паст бўлишига олиб келади, чунки юқори малакали ходимларни жалб этишнинг имконияти йўқ. Шу тариқа муаммо ечилмай қолаверади...

Баҳолаш фикрлари – МҲХС бўйича ҳисобот тузиш жараёнининг асоси. Агар барча зарур ахборотга эга бўлса, башарти, корхонада бундай ахборотни мунтазам равишда жамлайдиган, умумлаштирадиган ва таҳлил этадиган, барқарор ишлайдиган тузилма мавжуд бўлса, малакали бухгалтер уларни қабул қила олади. Банкларда, масалан, МҲХС бўйича ҳисобот тайёрлаш учун махсус бўлинмалар жавоб беради, улар саъй-ҳаракатларининг салмоқли қисми айни адолатли қийматни баҳолашга йўналтирилган.

Бундан ташқари, агар бухгалтерга зарур маълумотларни тақдим этадиган бирор-бир фаолият тури ёки муайян маҳсулот бўйича фаол бозор бўлмаса, баҳони активлар ҳамда тахминий ҳис-туйғулардан фойдаланишнинг муайян моделлари асосида беришга тўғри келади. Баҳолашнинг бундай усуллари мустақил фанлар сифатида бухгалтерларни тайёрлашнинг академик ва сертификацион дастурларига киритилган деб ўйламайман.

Агар бугун корхоналар бухгалтерия ҳисоби хизматларининг мавжуд тузилмасида бош бухгалтер зиммасига адолатли баҳолашни ҳам юкласак, ушбу баҳолаш ишончли бўлиб чиқиши даргумон.

Кўплаб халқаро аудиторлик компаниялари ушбу фаолиятнинг ўзига хослиги ва унга жалб этилган ходимларда қўшимча билимлар бўлишининг зарурлигини тушуниб, ўз таркибларида баҳолаш бўлинмаларини очмоқдалар.

МБМСга келсак, мен баҳоловчи эмасман, бироқ баҳолашнинг миллий стандартларини ўқиш чоғида улардаги бозор қиймати адолатли қийматга қарши қўйиладигандек таассурот туғилади, шунинг ўзиёқ баҳолаш стандартларимизни МҲХС мақсадлари учун баҳолашда қўлланиладиган стандартлар сифатида яроқсизга айлантиради.


 

Қонун йўли билан ёкиянада тезкор тарзда баҳолаш фаолиятини лицензиялаш бўйича ваколатли орган номидан адолатли қийматни аниқлаш учун баҳоловчи жалб этиш мажбурий эмаслигини белгилаш лозим.

 

Агар бугун корхоналар бухгалтерия ҳисоби хизматларининг мавжуд тузилмасида бош бухгалтер зиммасига адолатли баҳолашни ҳам юкласак, ушбу баҳолаш ишончли бўлиб чиқиши даргумон.

 

13-сон МҲХС баҳолаш усуллари ҳақида:

«Корхона шаклланган ҳолатларда мақбул бўлган ва улар учун адолатли қийматни баҳолаш учун етарли бўлган маълумотлардан фойдалана оладиган баҳолаш усулларидан фойдаланиб, бунда ўринли бўлган кузатиладиган бошланғич маълумотлардан (валюта, дилерлик, воситачилик бозорлари ва “принципалдан принципалгача” бозорларда) энг кўп фойдаланиш ва кузатилмайдиган бошланғич маълумотлардан энг кам фойдаланиши керак».

«Баҳолашнинг энг кўп фойдаланадиган учта усули бўлиб бозор ёндашуви, сарф-харажат ёндашуви ва даромад ёндашуви ҳисобланади. Мазкур ёндашувларнинг асосий жиҳатлари В5–В11-бандларда қисқача баён этилган. Корхона адолатли қийматни баҳолаш учун битта ёки бир нечта мазкур ёндашув билан олиб бориш мумкин бўлган баҳолаш усулидан фойдаланиши керак».

«Бинобарин, кузатилмайдиган бошланғич маълумотлар бозор иштирокчилари актив ёки мажбуриятга нархни белгилаш чоғида фойдаланиши мумкин бўлган эҳтимоллар, шу жумладан хатар хусусидаги эҳтимолларни акс эттириши керак. Хатар тўғрисидаги эҳтимоллар ўз ичига баҳолашнинг муайян усулига хос бўлган, адолатли қийматни баҳолаш учун фойдаланиладиган (нарх белгилаш модели сифатидагига) хатар ва баҳолаш усулининг бошланғич маълумотларига хос бўлган хатарни олади».

 

Мавзувий сонни мухбиримиз Юлия Яшина олиб боради.

 


13-сон МБМС “Бозор қийматидан фарқланувчи баҳолаш базаси” (АВ томонидан 24.07.2006 йилда 1606-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 4, 5-моддаларига; 4-сон МБМС “Молиявий ҳисобот ва турдош ҳужжатлар мақсадида баҳолаш” (АВ томонидан 24.07.2006 йилда 1607-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 4-моддасига қаранг.

2МИСВ, МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 4.12.2002 йилда 1192-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

3АВ томонидан 13.01.1998 йилда 390-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

413-сон МҲХС адолатли қийматни баҳолаш санасида бозор иштирокчилари ўртасидаги одатдаги операция шароитида мажбуриятни узатиш чоғида активни сотиш ёки тўлаш пайтида олинадиган нарх сифатида аниқлайди.

Прочитано: 1698 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика