Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 23 / Божхона

Қонунбузарликлар фош этилди

 

ҚЎЛБОЛА «ҚАРАТАЎ»

 

Айни кунда ҳалол, ишнинг кўзини биладиган тадбиркорларнинг ишлаши учун давлатимиз томонидан катта имкониятлар яратилмоқда. Бироқ улар соясида оммага яхши таниш маҳсулотларни қалбакилаштириб, шу орқали мўмай даромад топишга ҳаракат қиладиганлар ҳам учрайди.

 

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда олиб борган тезкор чора-тадбирларда қўлбола усулда контрафакт алкоголли ичимликлар тайёрланаётган яширин цехларни фош қилишди.

● Нукус шаҳрида сохта тадбиркор Х.Тимуров (барча исм-шарифлар ўзгартирилган) қўлбола тарзда тайёрланган «Қаратаў» номли 60 шиша ароқни 360 000 сўмга сотаётган пайтда қўлга олинди.

● Қўнғирот тумани савдо комплексида ўтказилган тезкор тадбир давомида Г.Жолдасова бир хил сериядаги 10 дона янги акциз маркалари, 10 дона қопқоқ ва шунча миқдордаги қопқоқ устига ёпиштириладиган плёнкаларни сотаётган вақтда тўхтатиб қолинди. Аёлнинг қўл сумкаси кўздан кечирилганида, унда контрафакт усулда ароқ тайёрлашда фойдаланиладиган 65 дона бир хил серияли янги акциз маркалари, 91 дона қопқоқ, 74 дона қопқоққа ёпиштириладиган плёнка ва 6 литр этил спирти борлиги аниқланган.

● Яна бир «тадбиркор» А.Толибаев ва унинг шериклари ҳам қўлбола усулда ишлаб чиқарилган «Қаратаў» маркали 60 шиша қўлбола ароқни 360 000 сўмга сотаётган пайтида тўхтатиб қолинди.

● Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи Ф.Бахитовнинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда божхоначилар бу ердаги яширин цехда иш айни қизиган палланинг устидан чиқишган: хонадон эгаси 2 нафар шериги билан навбатдаги харидор учун қўлбола усулда спиртли ичимликларни тайёрлаш билан банд эди. Бошқалардан фарли ўлароқ, бу «уддабуронлар» арзон нархдаги ароқларнинг ёрлиқларини олиб ташлаб, ўрнига «Қаратаў» ёрлиқларини ёпиштириш орқали қимматроқ пуллашни кўзлашган экан. Яширин цех фаолиятини йўлга қўйган бу шоввозлардан 1 535 дона «Қаратаў» номли ҳар хил этикеткалар, 454 шиша ароқ, 213 та бўш шиша, 401 дона қопқоқ, 211 дона плёнка, яроқлилик муддатини босиш учун кўзланган муҳр, ароқларни қадоқлашда асқотадиган сиёҳ, елим ва бошқа маҳсулотлар ашёвий далил тариқасида олиб қўйилди.

2016 йилнинг ўтган даври мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирларда қиймати салкам 191 млн сўмлик 8,3 минг литрдан ортиқ сифатсиз алкоголь маҳсулотлари ҳуқуқбузарлардан ашёвий далил тариқасида олиб қўйилган.

Юқорида аниқланган ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Қорақалпоғистон Республикаси

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати.

 

 

ТИЛЛА «ТЎҚА»

 

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда тилла ва заргарлик буюмларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилиши ҳолларини фош этишмоқда. Самарқанд халқаро аэропортида «СамарқандВнуково» рейси бўйича парвозга отланган О.Равшановнинг (исм-шарифи ўзгартирилган) қинғир қилмишлари шулардан бири бўлди.

 

Божхона назоратидан ўтиш чоғида унга тегишли багаж ва қўл юклари назорат-рентген аппаратидан ўтказилганда, тасвирларнинг шубҳали тус олиши божхоначиларни юкларни янада зийраклик билан кўздан кечиришга ундади. Натижада юклар орасидаги эркаклар камарларининг тўқа қисми, багаж ва рюкзакларнинг илгичлари ясама тарзда олтиндан қўйилгани ва божхоначиларни чалғитиш мақсадида устидан бўялгани аниқланди. Шунингдек, юклар орасидаги эркаклар занжири ҳам сиртдан кумушга ўхшаса-да, аслида тилладан ишланган экан.

«Омадсиз жентельмен» О.Равшанов йўловчи божхона баённомасида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, яширинча олиб чиқишга уринган тилла буюмларининг умумий оғирлиги салкам 975 граммни ташкил қилди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.

 

Эслатиб ўтамиз! Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 10 октябрдаги «Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини мувофиқлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 1871-сон Фармонига мувофиқ республикамиздан тилла ва заргарлик буюмларини экспорт қилиш фақатгина Вазирлар Маҳкамаси кўрсатмасига асосан Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги томонидан бериладиган лицензия асосида амалга оширилади.

 

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси

Ахборот хизмати.

 

 

ЯШИРИН ЦЕХЛАР ФОШ ЭТИЛДИ

 

Республикамизда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлар орасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш борасида кенг қўламли ишлар олиб борилмоқда. Афсуски соғлом рақобат муҳитига путур етказаётган айрим «тадбиркор»лар ўзларининг ноқонуний фаолияти билан нафақат давлатга иқтисодий зарар етказишмоқда, балки юртдошларимиз саломатлигини жиддий хавф остига ҳам қўйишмоқда.

 

Бухоро вилояти Ғиждувон тумани Қўшкумбак қишлоғида истиқомат қилувчи О.Р.нинг хонадони ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда холислар иштирокида кўздан кечирилганда, бу ерда яширин цех ташкил этилгани фош қилинди. Аниқланишича, хонадон эгаси юқори кучланишдаги электр қувватига яширинча уланган ҳолда қўлбола «мойжувоз»да инсон саломатлиги учун зарарли пахта ёғи тайёрлаб келган.

Тезкор тадбир давомида цехда 327 кг пахта чигити, 681 кг кунжара, 320 литр қўлбола усулда тайёрланган ўсимлик ёғи борлиги аниқланган. Ачинарлиси шундаки, ёғ тайёрлаш учун мўлжалланган 13 дона қоғоз қопларга ортилган 240 кг чигит аслида уруғлик чигитлари бўлиб, уларга заҳарли кимёвий дорилар билан ишлов берилган. Шу сабабли улардан тайёрланган пахта ёғи инсон саломатлиги учун ўта хавфли ҳисобланади.

Ушбу қишлоқда истиқомат қилувчи Ш.Ж.нинг ҳам хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, бу ерда ҳам яширин цех фаолияти йўлга қўйилгани маълум бўлди. Бу ерда мойжувоз, 6 та қопда салкам 120 кг чигит, 3 та қопда 45 кг кунжара борлиги аниқланди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом этмоқда.

2016 йилнинг ўтган даври мобайнида Бухоро вилояти божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 4 та қонунбузарлик ҳолатида салкам 800 литр ёғ, 2,3 тоннадан ортиқ чигит ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Шу ўринда юртдошларимизга ўсимлик ёғини харид қилишда эътиборли бўлиш, хусусан қўлбола тарзда тайёрланган сифатсиз ҳамда истеъмолга яроқсиз маҳсулотлардан фойдаланмаслик, ўзлари ва оила аъзоларининг саломатликларини асрашга хизмат қилишини эслатиб ўтамиз.

 

Бухоро вилояти божхона

бошқармаси Ахборот хизмати.

Прочитано: 1982 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика