Истиқлолнинг илк йиллариданоқ юртимизда эл саломатлигини асраш ва мустаҳкамлашга давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида катта эътибор қаратилмоқда, оналик ва болалик муҳофазаси, аҳолининг тиббий маданияти ҳамда репродуктив саломатлик бўйича билимларини ошириш йўналишида ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирлар келажагимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Фахр билан айтиш жоизки, Юртбошимизнинг бевосита ташаббуслари ҳамда қўллаб-қувватлашлари туфайли мамлакатимиз тиббиёт тизимини ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилди ва бу борадаги ўзгаришлар халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда.
Янги авлод ғамхўрлиги йўлида
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди. Мазкур соҳада амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида умумий ўлим кўрсаткичини ва аҳолининг турли касалликлар билан касалланишини камайтиришга, оналар ва гўдаклар ўлимини қисқартиришга, айрим юқумли касалликларнинг бутунлай қайд этилмаслигига эришилди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, ўсиб келаётган авлод ҳақида ғамхўрлик қилиш, соғлом авлодни тарбиялаш масалалари қонунлар ва қатор давлат дастурлари билан меъёрий мустаҳкамлаб қўйилган. Хусусан, Президентимизнинг 9.02.2016 йилдаги ПҚ-2487-сон Қарори билан «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури тасдиқланди. Дастур 11 та бўлим, 88 та банддан иборат бўлиб, унинг ижросини таъминлашга 7 трлн 483 млрд 300 млн сўм ва 194 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағ сарфланиши режалаштирилди. Бундан кўриниб турибдики, Дастурда белгиланган вазифаларнинг салмоғи ва қамрови кенг. Жорий йилнинг биринчи чораги давомида Давлат дастури ижросини таъминлашга 1 трлн 115,7 млрд сўм ва 32,4 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар йўналтирилди. Дастурда белгилаб берилган устувор вазифалардан бири оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёллар манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлом болани тарбиялашда уларнинг ролини ошириш, кучли, барқарор ва равнақ топаётган давлатнинг негизи сифатида оила институтини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришга қаратилган. Шу боис мазкур йўналишда 4 та қонун лойиҳасини ва 1 та Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.
Ёшлар ва қонунчилик
Маълумки, истиқлолнинг илк давридаёқ республикамизда «Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида»ги Қонун (20.11.1991 йилдаги 429-XII-cон) қабул қилинган эди. Ўтган даврда мазкур Қонун асосида мамлакатимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Давлат дастурига кўра бу соҳадаги ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги янги таҳрирдаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган. Таъкидлаш жоизки, ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ҳам амалий ишлар бошлаб юборилган. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш республикамизда ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишларини тартибга солувчи механизмларни такомиллаштиришни назарда тутади. Лойиҳада ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаб берувчи ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва ташкилий чора-тадбирлар назарда тутилган. Ўз навбатида, лойиҳанинг мақсади ва асосий принциплари мамлакатимиз Конституцияси, бошқа қонун ҳужжатлари ва халқаро ҳужжатларга асосланган бўлади. Хусусан, лойиҳада асосий тушунчалар берилиб, унда «ёшларга оид давлат сиёсати», «ёшлар (ёш фуқаролар)», «ёш оила», «ёш мутахассис» каби тушунчаларнинг мазмуни ёритилган ҳамда ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари, таълим, соғлиқни сақлаш, иш билан таъминлаш соҳасидаги ҳуқуқий кафолатларини белгилаш кўзда тутилмоқда.
Лойиҳада ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда муассасалар билан биргаликда ушбу соҳадаги махсус ваколатли орган ҳам назарда тутилмоқда. Ёшлар нодавлат нотижорат ташкилотларининг мақоми ва улар фаолиятининг давлат кафолатлари белгиланмоқда.
Лойиҳанинг қабул қилиниши ижтимоий ҳимоянинг махсус чораларига муҳтож бўлган ёшлар (ёш оилалар) билан боғлиқ муносабатларни, қўшимча иш ўрни ва ихтисослаштирилган корхоналарни яратиш, ёшларни ўқитиш, қайта ўқитиш ва малакасини оширишнинг махсус дастурини ташкил этиш, шунингдек ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахсларни ишга жойлаштириш учун корхона, ташкилот ва муассасаларда минимал иш ўрни сонини банд қилиб қўйиш йўли билан бу соҳани тартибга солиш имконини беради.
Аёл жавобгарлиги енгиллашади
«Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига уч ёшгача болалари бўлган барча аёлларга (бола парвариши таътилига чиққанидан қатьи назар) нисбатан уларни ахлоқ тузатиш ишлари қўлланилмайдиган шахслар тоифасига киритиш ҳисобига жиноят қонунчилигини янада эркинлаштиришга йўналтирилган ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг қонун лойиҳасини ишлаб чиқишдан мақсад болали аёлларга нисбатан жиноий жавобгарликни янада енгиллаштиришдир.
Овқат мазали, муҳими табиий бўлсин
"Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига таркибида модификациялаштирилган организмлар бор бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини четдан олиб келиш ва истеъмол қилишни чеклашга, шунингдек болалар овқатида генетик модификациялаштирилган организмларни қўллашга тақиқ жорий этишга йўналтирилган қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш жорий йилнинг 3 чорагига мўлжалланган.
Генетик модификацияланган организмнинг (ГМО) ўзи нима? У ген мухандислиги усули билан генотипи сунъий ўзгартирилган организмдир. Бу таърифни ўсимлик, ҳайвон ва микроорганизмларга нисбатан қўллаш мумкин. Қоидага биноан генетик ўзгартириш илмий ва хўжалик мақсадларида қўлланилади. Генетик модификация – табиий ва сунъий мутациялаш жараёнидан аниқ бир мақсадга йўналтирилгани билан фарқ қилади.
Ҳозирги кунда бутун жаҳонда юздан ортиқ генетик модификацияланган ўсимликлар, ўнлаб ҳайвон ва парранда турлари парваришланяпти. Уларнинг ҳаммаси инсон истеъмоли учун мўлжалланган. Дунёда кечаётган глобаллашув жараёнлари ва реал ҳаётдаги ҳолат тақозоси билан бундай маҳсулотларнинг Ўзбекистон ҳудудига ҳам кириб келиши кузатилмоқда. Масалан, Америкада етиштириладиган тарвузни олсак, ранги қип-қизил, пўсти юпқа, лекин уруғи деярли йўқ?!. Помидор, бодринг ва болгар қалампири сингари маҳсулотларда ҳам шундай ўзгаришларни кузатиш мумкин.
Бундай сунъий чатиштириш йўли билан олинган маҳсулотлар инсон организмига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди, хусусан, улар инсонда аллергик таъсирчанликни келтириб чиқариб, иммун тизими фаолиятига зиён етказади, модда алмашинуви бузилишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Интернетдан олинган маълумотларга кўра бу борада олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатганки, трансген маҳсулотларни истеъмолга чиқариш тақиқланган Швецияда аҳолининг фақат 7%и аллергик касалликларга чалинган экан. Бундай маҳсулотлар кўп истеъмол қилинадиган, ҳатто уларнинг мавжудлиги махсус ёрлиқда кўрсатилмайдиган АҚШда эса аллергик касалликлар билан оғриганлар аҳолининг 75%ини ташкил қилади. Маълумотларга кўра 2004 йилдан буён Европанинг бир қатор мамлакатларида 4 ёшгача бўлган болаларнинг таом рационига бундай маҳсулотларни киритиш тақиқланган. Яна бир салбий томони, бундай маҳсулотларни доимий истеъмол қилган инсонда антибиотикларга нисбатан таъсирчанлик йўқолади. Шунингдек бундай маҳсулотлар инсоннинг насл қолдириш қобилиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Юқоридагиларни ҳисобга олиб, аҳолимизнинг саломатлигини муҳофазалаш мақсадида «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонунга таркибида модификациялаштирилган организмлар бор бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини четдан олиб келиш ва истеъмол қилишни чеклашга, шунингдек болалар овқатида генетик модификациялаштирилган организмларни қўллашга тақиқ жорий этишга йўналтирилган қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан маълум ишлар амалга оширилмоқда.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда биринчи навбатда, давлатимиз раҳбарининг 2014 йилда Тошкент шаҳрида ўтказилган «Ўзбекистонда Озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари» мавзусида бўлиб ўтган халқаро конференциядаги маърузасида белгилаб берилган йўналишлар, қолаверса, Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлиги борасидаги, шунингдек, аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш борасидаги стратегик позицияси асос қилиб олинмоқда.
Лойиҳани тайёрлашда ҳозирги замон юридик-техник талаблар ҳисобга олиниб, ҳужжатни ижро механизмларини таъминлашга қаратилган ўнга яқин янги моддалар билан тўлдириш назарда тутилмоқда. Жумладан, озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигига доир давлат сиёсати ҳамда унинг тамойиллари, давлат сиёсатини олиб борувчи ваколатли органлар ҳамда фуқароларнинг мажбуриятларини белгиловчи алоҳида нормалар ишлаб чиқилмоқда.
Амалдаги Қонун матнида фойдаланилган тушунчалар маъноларини очиш мақсадида ҳамда «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги ва «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги қонунларда қўлланилган тушунчалар маъноси билан ўзаро уйғунлаштириш, шу билан бирга халқаро тажриба ва «Алиментариус кодекси» стандартлари тавсиясини инобатга олган ҳолда «озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлиги», «озиқ-овқат маҳсулоти сифати» тушунчаларини кенгроқ талқин этиш, «гигиеник сертификат» тушунчасини «санитар-эпидемиологик хулоса»га алмаштириш назарда тутилган.
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланиши соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Қарори (25.04.2015 йилдаги 102-сон) ижроси асосида «Биологик (органик) маҳсулот» маркировкасини жорий этиш ишларини инобатга олиб, қонун лойиҳасига тегишли нормани киритиш назарда тутилмоқда. Озиқ-овқат бозорининг ички ва ташқи хатарларга нисбатан барқарорлигини ошириш, мазкур соҳадаги халқаро ҳамкорликда самарали иштирок этишга доир амалдаги Қонуннинг ўнга яқин моддалари бугунги кун талаблари асосида такомиллаштирилмоқда.
Шунингдек, қонун лойиҳасида хорижий давлатлардан республика ҳудудига келтирилаётган тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари ва хом ашёларнинг сифати ва инсон саломатлигига бехатарлилигини назорат қилиш республикамиздаги мавжуд меъёрий ҳужжатлар ёки халқаро меъёр талабларига жавоб бериши шартлиги белгиланмоқда.
Мавлудахон ХЎЖАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари.