Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 23 / Хўжалик юритиш қоидалари

Ота бошқарувни ўғлига ишониб топширган бўлса

 

Хусусий корхона директори (ва мулкдори) тўсатдан вафот этди. Унинг ўринбосари (ушбу лавозим штат жадвалида назарда тутилган) яқин қариндоши – ўғли ҳисобланади. Унга хусусий корхона номидан расмий ҳужжатларни имзолаш ваколатини берувчи ишончнома расмийлаштирилган. У хусусий корхонанинг келгуси фаолиятига раҳбарлик қилишга ҳақлими? Шу муносабат билан хусусий корхона уставига ўзгартиришлар киритиш керакми ёки мулкдор вафот этганлиги сабабли ХК мажбурий тугатилиши лозимми?

ХК бухгалтери.

 

Тугатилмайди

– Қонун ҳужжатлари билан юридик шахсни тугатиш асосларига қуйидагилар киритилган:

корхона муассислари (қатнашчилари)нинг қарори (ихтиёрий тугатиш);

хўжалик суди қарори;

оилавий корхонада ягона қатнашчи қолиши1.

Кўриб турганимиздек, хусусий корхона мулкдорининг вафоти мазкур ХКни тугатиш учун асос ҳисобланмайди2.

 

Тўғри расмийлаштирилган ишончнома

«Хусусий корхона тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ, вафот этганлиги оқибатида мулкдорнинг хусусий корхона раҳбари вазифасини бажариши мумкин бўлмай қолган тақдирда хусусий корхонани бошқариш фуқаролик қонун ҳужжатларига ва хусусий корхонанинг уставига мувофиқ амалга оширилади. Шунинг учун биринчи навбатда мазкур таъсис ҳужжатининг қоидаларига эътибор қаратиш тавсия этилади.

Раҳбарнинг хусусий корхона номидан ишончномалар бериш ҳуқуқи ушбу Қонуннинг 14-моддаси билан белгиланган. ХК мулкдори ХК номидан чиқувчи расмий ҳужжатларни директор ўринбосари имзолашига ишончномани расмийлаштиргани боис ушбу мансабдор шахс хусусий корхона фаолиятини вақтинча тезкор бошқариш ҳуқуқига эга бўлади, башарти:

бундай ишончнома жисмоний шахс – ХК мулкдори номидан эмас, хусусий корхона номидан берилган бўлса, сабаби фуқаролик қонун ҳужжатларига кўра ишончноманинг амал қилиши уни берган шахснинг вафот этиши муносабати билан бекор бўлади (Фуқаролик кодексининг 141-моддаси 6-банди). Номидан ишончнома берилган юридик шахсга раҳбарлик қилган шахснинг вафот этиши бундай ишончноманинг амал қилиши бекор бўлиши учун асослар сирасида назарда тутилмаган. Юридик шахс номидан бериладиган ишончнома ФКнинг 138-моддаси талабларига жавоб бериши кераклигига эътиборингизни қаратамиз;

ишончноманинг амал қилиши бекор бўлиши учун бошқа асослар мавжуд бўлмаса. Шу сабабли унинг амал қилиш муддати етарлилигига (ФКнинг 139-моддаси), ишончномани бекор қилиш ёки ундан воз кечиш далили мавжудлигига ва ФКнинг 141-моддаси қоидалари билан назарда тутилган бошқа ҳолатларга эътибор беринг;

хусусий корхона уставида унинг мулкдори вафот этган тақдирда бошқарув вазифалари бошқа шахсга ўтишининг ўзгача тартиби ёки бошқача шартлари назарда тутилмаган бўлса.

 

Нима қилмоқ керак?

Фикримизча, ваколатли директор ўринбосари қуйидаги тезкор бошқарув ҳаракатларини амалга ошириши зарур:

ХК раҳбари (директори) вафот этганлиги муносабати билан у билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқариши (асос – ФҲДЁ органлари томонидан берилган вафот этганлиги тўғрисида гувоҳнома);

вафот этган шахснинг оила аъзолари нафақа тўлашни сўраб ариза билан мурожаат қилган тақдирда энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдорида дафн этиш маросими учун нафақа тўлаш ҳақида буйруқ чиқариши3;

хизмат кўрсатувчи банкда имзолар намуналари қўйилган карточкаларни қайта расмийлаштириши (агар илгари вақтинча биринчи имзо ҳуқуқи директор ўринбосарига расмийлаштирилмаган бўлса). Чунончи, Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисидаги йўриқноманинг (АВ томонидан 27.04.2009 йилда 1948-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 35-бандига мувофиқ, раҳбар шахсга (раҳбарга эмас) вақтинча биринчи имзо ҳуқуқи берилганда, вақтинча ваколат берилган шахснинг имзо намунаси қўйилиб, амал қилиш муддати кўрсатилган қўшимча варақча тақдим қилинади (шарҳланаётган ҳолатда у ишончноманинг амал қилиш муддатидан ошмаслиги керак). Кўрсатилган меъёрга кўра вақтинчалик варақча раҳбар томонидан имзоланади. Шу сабабли банкка мурожаат этганда ишончномадан ташқари раҳбар вафот этганлиги ҳақидаги гувоҳноманинг нотариал тасдиқланган нусхасини илова қилишни тавсия этамиз.

 

Отасининг иши мерос бўлиб қолса

ФКнинг 1113-моддасига мувофиқ, мерос очилган пайтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар мерос таркибига киради. Мерос қолдирувчининг шахси билан чамбарчас боғлиқ бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятлар, шу жумладан юридик шахс ҳисобланган тижорат ташкилотларида иштирок этиш ҳуқуқлари, агар қонун ёки шартномада бошқа ҳол белгиланган бўлмаса, мерос таркибига кирмайди.

Хусусий корхона мулкдори, бошқа тижорат ташкилотлари иштирокчилари (акциядорлари, бошқа ҳиссадорлари ёки пайчилари)дан фарқли равишда, эгалик қилиш ҳуқуқи хусусий корхонага ўтишида мулк ҳуқуқини (танҳо иштирок этиш ҳуқуқини) эмас, мулкий комплекс сифатида корхонани сотиши эътиборга олинса, мулкдорнинг вафотидан сўнг хусусий корхона (мулкий комплекс сифатида) мерос таркибига киритилиши керак4. Шу сабабли раҳбар ўринбосари – вафот этган шахснинг меросхўри вафот этган ХК мулкдори прописка қилинган жойдаги нотариусга мерос очилганлиги ҳақидаги хабар ва уни қабул қилиш ҳақидаги ариза билан мурожаат этиши зарур5. Умумий қоидага кўра, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан 6 ой ўтганидан кейин берилишига қарамай, агар нотариус унга ҳақли бўлган барча шахслар доираси тўғрисида маълумотларга эга бўлса, мазкур муддат анча қисқартирилиши мумкин (ФКнинг 1146-моддаси). Бундай гувоҳномани олгунга қадар меросхўр (директор ўринбосари) нотариусга уни мерос қолган мулк деб ҳисобланувчи хусусий корхонанинг бошқарувчиси этиб тайинлаш ҳақидаги илтимоснома билан мурожаат қилгани мақсадга мувофиқ (ФКнинг 1144-моддаси; «Нотариат тўғрисида»ги Қонуннинг 54-моддаси).

Меросхўрлар меросни қабул қилганларидан сўнг хусусий корхона уставига ўзгартиришлар киритиб, унинг янги мулкдори ҳақидаги қоидаларга тегишли тузатишлар киритиш зарур.

 

Екатерина АДЕЕВА,

«Ancora consulting and legal service» АФ бошқарувчи ҳамкорининг ўринбосари.

 


1Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 3.07.1999 йилдаги 327-сон Қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – 327-сон Низом) 1.3-банди.

2Бироқ вафот этган кишининг меросхўрлари бўлмаса, фикримизча, хусусий корхонани тугатиш таомили 327-сон Низомнинг 5-бўлимидагига ўхшаб рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан бошланиши мумкин.

3Дафн этиш маросими учун нафақа сўраб мурожаат қилиш муддати 6 ойдан ошмаслиги керак. У ойига бир марта - ойнинг иккинчи ярми учун бериладиган иш ҳақи билан бирга тўланади (АВ томонидан 8.05.2002 йилда 1136-сон билан рўйхатдан ўтказилган Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга қаранг).

4ФКнинг 85-моддаси 1-қисми; «Хусусий корхона тўғрисида»ги Қонуннинг 27-моддаси 1-қисми; ОСПнинг «Судлар томонидан мерос ҳуқуқига оид қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисида»ги Қарорининг (20.07.2011 йилдаги 05-сон) 3-банди.

5«Нотариат тўғрисида»ги Қонуннинг 49 ва 50-моддалари. Бунда васиятноманинг мавжуд бўлиши эҳтимоли истисно этилмайди.

 

Прочитано: 2177 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика