Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 23 / Жавоб берамиз

Бозордаги ғавғолар

 

Корхонамиз деҳқон бозори ҳудудида жойлашган савдо комплекслари мулкдори ҳисобланади. 2012 йилдан уларни бозорга ижарага берамиз. Шартнома шартларига кўра бозор электр энергияси, сув таъминоти ҳақини, шунингдек ўз инфратузилмасидан фойдаланганлик учун тўловни тўлаш мажбуриятини зиммасига олган. Ёрдамчи ижарага берувчи бўлган бозор жисмоний шахсларга савдо хоналарини беради ва 50%ни маҳаллий бюджетга тўлайди, 25%ни эса ижара шартномасига кўра фирмамизга тўлайди.

Агар ижара шартномаси шартларига кўра бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун тўловни тўлаш мажбуриятини бозор ўз зиммасига олган бўлса, ким унинг тўловчиси ҳисобланади?

С.Жалилов,

ХИЧСФ директори.

 

– Солиқ кодексининг 384-моддасига мувофиқ, бозорларнинг даромадларига патта тўлови тушумлари ва бошқа тушумлар киради. Солиқ кодексининг 386-моддасида уларнинг бошқа тушумлари жумласига қуйидагилар киритилган:

1) ижара тўловидан олинган даромадлар. У бозор маъмуриятининг тасарруфида бўлган бинолар, иншоотлар ҳамда бошқа мол-мулкдан фойдаланганлик учун юридик ва жисмоний шахслар томонидан тўланади;

2) сотувчиларга ва сотиб олувчиларга хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар;

3) бозор маъмурияти томонидан амалга ошириладиган қишлоқ хўжалиги товарларини тайёрлаш, харид қилиш ва реализация қилишдан олинган даромадлар (деҳқон бозорлари учун). Бунда реализация қилинган товарларнинг харид қиймати билан сотиш қиймати ўртасидаги фарқ даромаддир;

4) қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа тушумлар.

Солиқ кодексининг 387-моддасига мувофиқ, бозор даромадларининг умумий суммасидан давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар чегириб ташлангандан кейин қолган маблағларнинг 50%и бозор жойлашган жойдаги маҳаллий бюджетларга йўналтирилади. Қолган 50%и унинг маъмурияти тасарруфида қолади ва улардан жорий харажатларни қоплаш, реконструкция қилиш, ободонлаштириш, бозор томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг рўйхатини кенгайтириш, сифатини яхшилаш учун фойдаланилади.

Солиқ солишнинг ушбу тартиби устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 51%дан кам бўлмаган юридик шахслар – савдо комплексларига ҳам татбиқ этилади.

Ўзбекистон Республикасида савдо комплекслари фаолиятини ташкил этиш қоидаларига (ВМнинг 28.08.2012 йилдаги 253-сон Қарорига 2-илова) мувофиқ, савдо комплекси деганда чакана савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳасининг турғун объектлари жойлашган ягона ер участкасида қурилган бино ва (ёки) иншоотга ёхуд бинолар ва (ёки) иншоотлар комплексига мулк ҳуқуқи билан ёки бошқа қонуний асосда эгалик қилувчи юридик шахс тушунилади.

Қоидаларда савдо комплексларига нисбатан бир қатор талаблар назарда тутилган. Шунингдек улар билан савдо комплексини бошқариш унинг маъмурияти томонидан амалга оширилиши, унга Қоидаларга ҳамда савдо фаолиятини тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан жавобгарлик юкланиши белгиланган.

Бозорлар, савдо комплекслари ва уларнинг филиалларида бир марталик йиғимлар, ижара тўловлари ҳамда кўрсатилган хизматлар учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини ташкил этиш ва назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг (АВ томонидан 27.01.2011 йилда 2185-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 2-бандига кўра, бошқа даромадлардан ташқари, ижара тўловларидан даромадлар, сотувчилар ва харидорларга хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар бозорлар, савдо комплекслари ва уларнинг филиаллари даромадларининг манбалари ҳисобланади.

Низомнинг 8-бандида қайд этилишича, бозорлар, савдо комплекслари ва уларнинг филиалларининг маъмурияти тасарруфида бўлган бинолар, иншоотлар ҳамда бошқа мол-мулкдан ва уларнинг хизматларидан белгиланган тартибда фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахслар ижара тўловлари ва кўрсатилган хизматлар учун тўловлар тўловчилари ҳисобланади. Бозорлар ва савдо комплексларининг маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатиладиган хизматлар қийматининг минимал миқдорлари (АВ томонидан 14.01.2016 йилда 2751-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан умумий фойдаланиладиган объектларни сақлаш бўйича кўрсатиладиган мажбурий хизматлар (асфальтланган ва брусчатка ётқизилган йўлаклар, тротуарлар, кириш ва чиқиш жойлари, ер ости ва ер усти канализация лотоклари, ички ва ташқи ёритиш тармоқлари ва иншоотлари, ичимлик сувининг санитар-техник бўғинлари, умумий ҳудудни қўриқлаш ва тозалаш, маиший ва мева-сабзавот маҳсулотларининг чиқиндиларини йиғиш ва олиб чиқиш, ташқи муҳандислик-коммуникация иншоотлари) назарда тутилган.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тегишли ҳудуддаги бозорлар ва савдо комплексларининг маъмуриятлари ундирадиган ижара ҳақи миқдорлари ва кўрсатиладиган хизматлар қийматини тасдиқлайдилар. Масалан, Тошкент шаҳар ҳокимининг 16.03.2016 йилдаги 241-сон қарори билан умумий фойдаланиладиган объектларни сақлаш бўйича кўрсатиладиган мажбурий хизматлар учун ундириладиган тўловлар миқдорлари тасдиқланди. Ушбу хизматлар бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудидаги бино ва иншоотлар мулкдорларига кўрсатилади ҳамда улар учун кадастр ҳужжатларида кўрсатилган эгаллаган ер майдонларидан келиб чиқиб ҳақ тўланади.

 

Хулоса:

1. Айни пайтда қонун ҳужжатларида бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун тўлов назарда тутилмаган. Бозор (савдо комплекси) кўрсатадиган хизматлар учун тўловлар мавжуд. Шунингдек Солиқ кодексида устав фондида давлат улуши 51%дан кам бўлган бозорлар ва савдо комплексларига солиқ солишнинг алоҳида тартиби назарда тутилган.

2. Корхонангиз билан ижара шартномасини тузган ва савдо шохобчаларини ёрдамчи ижарага берган бозор «савдо комплекси» тушунчасига мувофиқ келади: бозор чакана савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳасининг турғун объектлари жойлашган бинога ижара ҳуқуқи билан эгалик қилади. Тегишинча, у савдо комплексларига қўйилган талабларни бажариши ва савдо комплексини бошқариши шарт.

Бозор сизнинг комплексингизни ёрдамчи ижарага бериши муносабати билан олинган даромад бозор учун бошқа тушум ҳисобланади (Солиқ кодексининг 386-моддаси), ундан бозор жойлашган жойдаги маҳаллий бюджетларга йўналтириладиган маблағлар суммасини (даромадлар суммасининг 50%ини) ҳисоблаши керак.

3. Агар сизнинг комплекс бозор ҳудудида жойлашган бўлса, корхонангиз унга умумий фойдаланиладиган объектларни сақлаш бўйича кўрсатиладиган мажбурий хизматлар учун тўловни тўлаши керак.

4. Ижара шартномаси билан умумий фойдаланиладиган объектларни сақлаш бўйича кўрсатиладиган мажбурий хизматлар учун тўловни тўлаш мажбуриятини бошқа шахсга бериб бўлмайди, чунки ушбу тўлов қонун ҳужжатлари билан белгиланган, унинг тўловчилари ва олувчилари белгиланган. Бироқ ижара ҳақи суммасини уни амалга оширишга чиқимларни инобатга олиб ҳисоблаб чиқариш мумкин.

Абдураҳмон БАХТИЕВ,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 2144 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика