Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 22 / Хўжалик юритиш қоидалари

Хорижий валютадаги тушумни бўласиз

 

Резидент микрофирма Россия авиакомпанияси билан бортда комплекс овқатланишни таъминлаш шартномасини тузди. Унинг таркибига ўзи тайёрлаган (шу жумладан, иссиқ овқат) ва учинчи шахслардан сотиб олинган маҳсулотлар (шарбатлар, кетчуп, майиз, зайтун меваси, мевалар ва б.) киради. Россия компанияси хизматларга АҚШ долларида ҳақ тўлайди.

Микрофирма ўзи ишлаб чиқарган товарлар (ишлар, хизматлар) экспортидан келиб тушадиган валюта тушумини мажбурий сотишдан озод этилишдан фойдаланишга ҳақлими? Агар ҳақли бўлса, у экспорт шартномаси бўйича олинган бутун тушумга татбиқ этиладими ёки ўзи тайёрлаган маҳсулотлар – иссиқ овқат реализациясидан тушумга тегишли қисмигами?

Ушбу хизмат фаолиятнинг қайси турига киради – умумий овқатланишгами, чакана савдогами ёки озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлашгами?

Б.Жумабоев,

адвокатлик фирмасининг бошқарувчи ҳамкори.

 

– Тегишли солиқ ставкасини қўллаш ва экспорт контракти бўйича тушум мажбурий сотилганда унга имтиёз татбиқ этилиш-этилмаслигини тушуниш учун у фаолиятнинг қайси турига киришини аниқлаб олиш лозим. Бу саволга жавоб бериш анча мушкул, сабаби ишлаб чиқариш технологик жараёни мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги ҳақида ахборот йўқ. Шу боис реал операциялар ва жараёнларда ишлаб чиқариш фаолияти, умумий овқатланиш ёки чакана савдо аломатлари бор-йўқлигини мустақил равишда белгилашингиз керак.

Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларни) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларига (ВМнинг 13.02.2003 йилдаги 75-сон Қарорига 2-илова, бундан кейин – 75-сон Қоидалар) мувофиқ, умумий овқатланиш соҳасидаги хўжалик юритувчи субъект – умумий овқатланиш соҳасида кулинария, шунингдек бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш, сотиш ва истеъмол қилишни ташкил этиш ҳамда хизматлар кўрсатиш бўйича функцияларни бажарувчи юридик шахсдир.

Умумий овқатланиш корхоналари 75-сон Қоидаларда белгиланган талаблар асосида мулкдор томонидан белгиланадиган, нафақат хизматларининг ташкил этилиши, балки солиқ солиниши (масалан, ЯИТ) унга боғлиқ бўлган муайян турга: ресторан, вагон-ресторан, бар, кафе, ёзги кафе, кафетерий, ошхона, чойхона, буфет ва кичик ошхона сингари турларга оид бўлади. Бундан ташқари, савдо, омборхона, ишлаб чиқариш ва маъмурий-маиший биноларга, маҳсулот ишлаб чиқариш анжомлари ва жиҳозларига, технология режимларига, сотиш ва истеъмол қилишни ташкил этишга, кўрсатиладиган хизматларга қўйиладиган талаблар ва мезонлар амалдаги техник регламентлар ёки стандартлар, санитария нормалари, техника хавфсизлиги қоидалари, ёнғиндан сақлаш ва бошқа талабларга мувофиқ белгиланади.

Умумий овқатланиш субъекти, башарти товарларни сақлаш, маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш билан боғлиқ корхонада ишлайдиган ходимлар махсус тайёргарликка эга бўлсалар, умумий овқатланиш хизматлари реализацияси учун белгиланган қоидалар, санитария, ёнғиндан сақлаш нормалари билан танишган бўлсалар ва уларга риоя қилсалар, маҳсулотлар ва товарларни сотишни, истеъмолни ва хизматлар кўрсатишни ташкил этишни ҳам савдо залларида, ҳам улардан ташқарида амалга ошириши мумкин.

Агар корхонангиз барча аломатлари бўйича умумий овқатланиш корхоналарининг муайян турига, таомлар тайёрланадиган ускуналар эса ушбу соҳа учун белгиланган регламентларга мувофиқ келса, экспорт контрактлари бўйича тайёр тушликларни сотиш оборотларини умумий овқатланиш хизматлари реализацияси деб тан олиш эҳтимоли жуда юқори бўлади. Овқатланишнинг ташкил этилиши умумий овқатланиш аломатларидан биридир.

Ишлаб чиқариш корхоналарига киритиш масаласини кўриб чиқаётганда Эркин алмаштириладиган валютага экспорт қилишда имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш мақсадида ўзи ишлаб чиқарган товарларни (ишларни, хизматларни) аниқлаш қоидалари (АВ томонидан 16.02.2011 йилда 2195-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин – 2195-сон Қоидалар) меъёрларини ҳисобга олиш лозим. Унга кўра, ўзи ишлаб чиқарган товар деганда корхонанинг ўзи томонидан ишлаб чиқариш технологик жараёнини ҳисобга олган ҳолда, ўзига тегишли бўлган ёки жалб этилган ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиб ишлаб чиқарилган ёки қайта ишланган маҳсулот (шу жумладан ярим ­тайёр маҳсулот) тушунилади.

Қуйидаги операциялар ишлаб чиқариш технологик жараёнига кирмайди:

● сақлаш ёки транспортда ташиш вақтида товарларнинг сақланишини таъминлаш бўйича;

● товарларни сотиш ва транспортда ташишга тайёрлаш бўйича (товар туркумини майдалаш, товарларни жўнатишни ташкил қилиш, саралаш, қайтадан ўраш, қадоқлаш).

2195-сон Қоидаларга киритилган ўзгартиришларга асосан, шу йилнинг апрель ойидан бошлаб корхона томонидан Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда қўйилган белги товарлар (ишлар, хизматлар) ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот тоифасига мансублиги фактининг тасдиғи бўлиб ҳисобланади.

Чакана савдони ташкил этишга қўйиладиган асосий талаблар Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари (ВМнинг 75-сон Қарорига 1-илова) билан белгиланган. Унга кўра, чакана савдо – савдо соҳасида пировард истеъмолчи учун, тижорат мақсадларида фойдаланиш ҳуқуқисиз аҳолига нақд пулга доналаб ёки унча кўп бўлмаган миқдорда товарлар сотишни назарда тутувчи фаолиятни амалга ошириш. Таърифдан кўриниб турганидек, экспорт контракти бўйича тайёр тушликларни реализация қилиш чакана савдо бўла олмайди.

Шу тариқа, агар корхонангизда тегишли равишда ўралган ва тўплам қилинган, ТИФ ТН коди берилган тайёр маҳсулот (тайёр тушликлар) тайёрловчи технологик линия мавжуд бўлса, реализация ишлаб чиқариш деб тан олиниши мумкин. Агар сиз муайян турдаги умумий овқатланиш корхонаси ҳисоблансангиз ва экспортчининг буюртмасига кўра ўз ошхона анжомларингизда айрим таомларни тайёрлаб, уларни мураккаб технологик жараёнларни қўлламай ўрасангиз, бунда тайёр тушликларни тайёрлаш ва уларни ўраш бўйича технологик линиянгиз бўлмаса, у ҳолда бундай реализация умумий овқатланиш бўйича оборот деб тан олинади.

Экспорт контракти бўйича олинган валюта тушумини мажбурий сотиш ҳақидаги саволга жавоб бериш учун Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотиш тартибига (ВМнинг 29.06.2000 йилдаги 245-сон Қарорига 1-илова) ва 2195-сон Қоидаларга мурожаат қиламиз.

Тартибга кўра, микрофирмалар ўзлари ишлаб чиқарган товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилишдан тушадиган валюта тушуми мажбурий сотишдан озод қилинади. 2195-сон Қоидаларга мувофиқ, ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни аниқлашда товарларни сотиш ва транспортда ташишга тайёрлаш бўйича операциялар (товар туркумини майдалаш, товарларни жўнатишни ташкил қилиш, саралаш, қайтадан ўраш, қадоқлаш) ишлаб чиқариш технологик жараёнига кирмайди.

Шу сабабли, оборотлар ишлаб чиқариш жараёнларига ёки умумий овқатланиш хизматларини кўрсатишга мувофиқ бўлишидан қатъи назар, учинчи шахслардан сотиб олинадиган, тўпламга ўзгартиришсиз қўшиладиган (сиз уларни фақат қадоқлайсиз) маҳсулотлар реализациясидан олинган бутун тушум мажбурий сотилиши керак. Шу боис таваккал қилмаслик учун экспорт контрактида бундай товарлар реализациясини алоҳида сатрда қайд этиш лозим.

Агар учинчи шахслардан сотиб олинадиган маҳсулотлардан тайёр тушликларни тайёрлаш учун хом ашё сифатида фойдаланилса, уларнинг реализациясидан олинган сумма, бу умумий овқатланиш хизматлари реализацияси бўйича оборот ёки ишлаб чиқариш деб тан олинишидан қатъи назар, мажбурий сотилмайди.

 

Гўзал ИСЛОМОВА,

«Norma Online» МЧЖнинг бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш масалалари бўйича бўлим бошлиғи.

Прочитано: 2053 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика