Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 22 / Долзарб мавзу

Компьютерни ёқдим – ишда ҳозир бўлдим

 

ёки масофали меҳнатнинг хусусиятлари ва унга ҳақ тўлаш масалалари

 

Яқинда Тошкентда ўтказилган илмий-амалий конференция (қаралсин: «Меҳнат кодексини янгилаш зарурми?», «Норма маслаҳатчи», 24.05.2016 йилдаги 21-сон) иштирокчилари республиканинг амалдаги қонун ҳужжатларида баъзи меҳнат муносабатлари етарлича тартибга солинмаганлигини муҳокама қилдилар. Хусусан, уларда масофадан туриб ишлаш хусусиятини очиб берадиган, олисда ишлайдиган шахслар билан муносабатларни расмийлаштириш хусусиятларини тартибга соладиган қоидалар мавжуд эмас. Шунга қарамай, қонун билан белгиланган меъёрлар мавжуд бўлмаса-да, масофадан туриб ишлаш қулайликларидан амалиётда фаоллик билан фойдаланилиб турибди. Бинобарин, олисдаги ходимларни ишга қабул қилиш, улар билан шу жумладан иш ҳақи, хизмат сафари тўловлари, компенсациялар бўйича ҳисоб-китобларни ҳужжат билан расмийлаштиришнинг муайян тартиби шаклланган.

 

Масофали меҳнат кўпроқ касаначилик меҳнатини эслатса-да, лекин унинг ўзига хос фарқланиш ва ўзига хосликлари бор. Республикамизда касаначилик меҳнатини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича иш берувчиларга ҳам, ходимларга ҳам бундай меҳнат учун белгиланган имтиёз ва преференциялардан фойдаланиш имкониятини берадиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар пакети қабул қилинган. Бироқ буни масофадан туриб ишлаш тўғрисида айтиб бўлмайди.

Масофадан туриб ишловчи ким? Бу саволга «Norma Ekspert» мутахассислари олисдаги меҳнат муносабатларини расмийлаштириш, иш вақти ҳисобини юритиш, иш ҳақи ва бошқа тўловларни ҳисоблаб ёзиш ҳамда тўлаш тажрибасини ўрганиб ва умумлаштириб, жавоб топишга ҳаракат қилдилар. Экспертлар масофали меҳнатни ташкил этиш норматив-ҳуқуқий тартибга солинмаганлиги сабабли муайян оқибатлар, хусусан солиқ оқибатлари юзага келиши борасида «хатарли» вазиятларни ҳам аниқладилар.

 

Касаначилик ва масофадан туриб ишловчи: ўнта фарқ мавжуд

Миллий қонунчилик уйдаги меҳнат фаолияти – касаначилик меҳнатини етарлича тўлиқ тартибга солади. Ҳукумат касаначиликка бандликни таъминлашнинг самарали дастакларидан бири сифатида катта эътибор беради. Ана шу мақсадда Президентнинг Фармонига1 мувофиқ Касаначилик тўғрисида низом ва Иш берувчининг буюртмаси бўйича касаначи томонидан ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) учун намунавий меҳнат шартномаси2 тасдиқланди. Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари3 қабул қилинди, улар касаначилик меҳнатини тартибга солишнинг меъёрий базасини анча кенгайтирди. Хусусан, Корхоналарнинг буюртмалари бўйича маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш учун касаначиларга асбоб-ускуналар ва анжомлар бериш тартиби тўғрисида низом ҳамда Касаначининг уйида ёки ўзига тегишли бошқа жойларда ишлаб чиқариш топшириғини бажариши билан боғлиқ харажатларини қоплаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди. Бундан ташқари, Ўзбекистон касаначилик меҳнати бўйича халқаро конвенциялар4 меъёрларига риоя қилади.

Масофадан туриб ишловчи ходимларнинг меҳнати қонун ҳужжатларида белгиланмаган бўлиб, уни тартибга солиш бўйича ҳеч қандай махсус меъёрлар мавжуд эмас. Буни масофадан туриб ишлаш шакли нисбатан яқинда пайдо бўлганлиги билан изоҳлаш мумкин. Ҳозирги технологиялар ходим ва иш берувчига масофадан туриб оператив ҳамкорлик қилиш имконини беради. Ходимда офисда доимо бўлишнинг ҳеч қандай зарурати мавжуд эмас, чунки компьютер ва Интернет ёрдамида барча ишни у уйда ёки бошқа жойда туриб бажариши мумкин. Ҳозир кўп дизайнерлар, дастурчилар, баъзан ҳатто юристлар ва бухгалтерлар шундай ишлаяптилар. Иш берувчига бу ҳол фойдали ҳам, чунки офис майдонлари ижарасида тежаш имконини беради. Бунда ходим ва иш берувчи турли шаҳарларда турган, ҳатто ҳеч қачон бир-бирларини учратмаган вазиятлар бўлиши мумкин.

Шундай савол туғилади: балки масофадан туриб ишлаш тўғрисида ҳеч қандай махсус меъёрлар керак эмасдир, зеро касаначилик меҳнати бўйича салмоқли меъёрий база бор? Кўпгина мамлакатларнинг тажрибаси бундай эмаслигини кўрсатади (қуйида айрим мамлакатлар тажрибаси ҳақида қисқа маълумотлар келтирилган).

Бир қатор умумий хусусиятларга қарамай, касаначиликдан фарқ қилиши тақозо этган масофадан туриб ишлашни мустақил тартибга солиш зарурати мавжуд: халқаро меъёрий базалар ва амалиётнинг кўрсатишича, иш билан бандлик ушбу икки шаклининг қуйидаги асосий фарқлари мавжуд:

иш жойи бўйича: касаначи уйда (квартира, уй, унга тегишли бўлган бошқа иморатда) ишлайди; масофадан туриб ишловчи ходим эса ўзининг меҳнат вазифасини унинг учун қулай бўлган ҳар қандай жойда – уй, ижарага олинган офис ва ҳоказо жойларда амалга оширишга ҳақли;

ҳамкорлик усули бўйича: касаначилик меҳнати иш берувчи билан бевосита ҳамкорликни тақозо этади (хом ашё, материаллар билан таъминлашда, тайёр маҳсулотни қабул қилишда); масофадан туриб ишлашда ходим билан иш берувчининг ҳамкорлиги умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқлари, шу жумладан Интернет тармоғи ёрдамида амалга оширилади, тегишинча, меҳнат шартномасини тузишда (ўзгартириш ёки бекор қилишда), ишларнинг натижаларини тақдим этишда ва ҳоказоларда шахсан ҳозир бўлиш талаб этилмайди;

бажариладиган ишнинг хусусияти бўйича: касаначининг иши ишлаб чиқариш тусига эга (халқ ҳунармандчилиги маҳсулоти, товарлар ва ҳоказолар тайёрлаш); масофадан туриб ишловчи ходим эса одатда интеллектуал тусдаги ишни бажаради (дастур тузиш, маслаҳатлар бериш, бухгалтерия, таҳлилий, ахборот хизматлари ва ҳоказо);

меҳнат вазифасини бажариш бўйича: касаначилар ўз оила аъзоларини жалб этган ҳолда иш бажаришлари мумкин, бироқ уларда иш берувчи билан меҳнат муносабатлари вужудга келмайди; масофадан туриб ишловчи эса ишни шахсан бажариши керак;

меҳнат ва дам олиш режими бўйича: касаначида режим меҳнат шартномаси билан белгиланади; масофадан туриб ишловчида ҳам меҳнат шартномаси бўйича, режим мавжуд бўлмаган тақдирда эса ходимнинг ўз хоҳиши бўйича белгиланади.

Шу тариқа, масофадан туриб ишлаш ёки олисдан туриб меҳнат қилишнинг асосий хусусияти уни иш берувчига тегишли бўлган ёки унинг назоратидаги ҳар қандай жойдан ташқарида бажариш, шунингдек ходим ва иш берувчининг барча масалалар бўйича ахборот-телекоммуникация тармоқлари, шу жумладан Интернет тармоғи воситасида ҳамкорлик қилишдир.

Масофадан туриб ишлашни ­меъё­рий тартибга солишнинг мавжуд эмаслиги туфайли баъзи иш берувчилар касаначилар учун қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлардан (ЯИТ бўйича ва бошқалар) фойдаланиш мақсадида масофадан туриб ишловчилар билан касаначилик ишларини бажаришга меҳнат шартномаларини расмийлаштирадилар. Бу нарса жуда хатарли, чунки текширувлар чоғида солиқ органлари имтиёзлардан фойдаланиш тўғри бўлишига алоҳида эътибор берадилар. Мазкур ҳолда ҳам касаначилар учун мўлжалланган имтиёзлардан масофадан туриб ишловчиларга тўловлар бўйича нотўғри қўлланганлигини эътироф этиш эҳтимоли юқори. Бунда масофадан туриб ишлаш бўйича махсус меъёрлар пайдо бўлган тақдирда давлат уни касаначилик меҳнати сифатида рағбатлантириши эҳтимоли юқори.

Масофадан туриб ишлашни ташкил этишда қуйидаги кўплаб бошқа масалалар ҳам тартибга солинмаган:

масофадан туриб ишловчи билан шартнома қандай бўлиши керак – меҳнат шартномаси тусидаги ёки фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги;

олисдан туриб ишловчи ходим билан меҳнат шартномасида қандай шартлар бўлиши зарур;

масофадан туриб ишловчи билан ишлашда ҳужжатлар айланишининг қандай тизими зарур;

масофадан туриб ишлашда иш вақти ва дам олиш ҳисобининг қандай тизими бўлиши керак;

масофадан ишловчи ходимнинг меҳнатига қандай ҳақ тўлаш, меҳнат вазифасини бажариш муносабати билан унинг харажатлари қандай қопланиши керак.

Булар меҳнатни олисдан туриб ташкил этишда иш берувчилар ва ходимлар тўқнашадиган саволларнинг оз қисми холос.

 

 

БОШҚАЛАРНИНГ ТАЖРИБАСИ

Қозоғистон Республикаси Меҳнат кодексининг 138-моддасига кўра масофадан туриб ишлаш иш жараёнида ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда меҳнат жараёнини иш берувчи жойлашган жойдан ташқарида амалга оширишнинг алоҳида шаклидир. Иш учун зарур бўлган коммуникация воситалари (алоқа воситалари) ҳамда уларни ўрнатиш ва уларга хизмат кўрсатиш харажатларини иш берувчи тақдим этади ёки агар ходим ўз маблағ-воситаларидан фойдаланса, компенсациялайди. Бунда компенсациялар миқдори ва уларни тўлаш тартиби (шу жумладан бошқа харажатларни қоплаш ҳам) ходим билан келишиб белгиланади. Ходимлар учун иш вақтининг қатъий белгиланган ҳисоби ўрнатилади, улар устидан назорат эса меҳнат шартномасида белгиланади.

 

Масофадан туриб ишловчи қанча соат ишлайди

Масофадан туриб ишловчи ходимнинг иш вақти ҳисоби анча ўзига хос тарздадир. Бир томондан, иш берувчи ҳар бир ходимнинг ҳақиқатда ишлаган иш вақтини, шу жумладан иш вақтидан ташқари ишлаган вақтини ўз вақтида аниқ ҳисобга олиб бориши шартлигини белгилайдиган меъёр амал қилади (МКнинг 125-моддаси ­2-қисми). Бошқа томондан эса, олисдаги иш унга ходимнинг меҳнат вазифасини бажаришини ташкил этиш имконини бермайди (айрим иш турлари бундан мустасно). Тегишинча, иш берувчи ишланган вақтни тўлақонли ҳисобга ололмайди. Фақат бажарилган иш натижалари олисдаги меҳнатнинг ўлчови ҳисобланади.

Шу сабабли меъёрий ҳужжатлар меҳнат ва дам олиш режимини мустақил ташкил этиш ва белгилаш имкониятига йўл қўйиб, мазкур шартни меҳнат шартномасида мустаҳкамлайди. Масалан, касаначилар учун бу Касаначилик тўғрисида низомда (ВМнинг 11.01.2006 йилдаги 4-сон Қарорига 1-илова) назарда тутилган. Унга кўра касаначи ишлаб чиқариш топшириғи ҳажмидан ҳамда меҳнат шартномасида белгиланган бошқа шартлардан келиб чиққан ҳолда ўзи учун иш вақти муддатини, иш жадвали ва тартибини мустақил равишда белгилайди. Бундай имкониятни қайд этадиган бошқа ҳужжат Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомдир (АВ томонидан 8.05.2002 йилда 1136-сон билан рўйхатдан ўтказилган). Унда, хусусан, иш соатларини ҳисоблаб чиқиш имкони бўлмаган ходимлар: уйда ишловчилар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, иккиламчи ва бошқа хил ашёларнинг штатли тайёрловчилари, озиқ-овқат чиқиндиларини йиғувчилар, тарқатиш ва ташиш савдоси сотувчилари, суратга олиш корхоналари агентлари ва бошқа шундай тоифадаги ходимлар белгилаб қўйилган.

Масофадан туриб ишлашда иш вақтининг ҳисобини қандай юритиш керак? Бу меъёрий жиҳатдан тартибга солинмаганлиги боис масофадан туриб ишловчининг ишланган иш вақтини ҳисобга олиш ёки олмаслик масаласининг ечими меҳнат шартномасида унинг қандай меҳнат вазифалари қайд этилганлигига боғлиқ бўлади. Агар у Интернет бўйича қўнғироқларга жавоб берса, он-лайн режимида муайян вақтда маслаҳатлар берса, иш вақти ҳисобини юритиш мумкинлиги тушунарли. Бошқа ҳолларда ҳисобни қандай юритиш тушунарсиз. Меҳнат шартномасига масофадан туриб ишловчи ходимнинг ўз иш ва дам олиш вақтини мустақил тарзда ташкил этишни қайд этиш (касаначи сингари) ва, тегишинча, иш вақти ҳисобини юритмаслик мумкин эмас.

Гап шундаки, масофадан туриб ишловчи ходимнинг иш вақти ҳисоби, бошқа ҳамма нарсадан ташқари, энг кам базани ҳисобга олган ҳолда ягона ижтимоий тўлов ҳисоб-китоби учун ҳам зарур. Белгиланишича, корхоналар (бундан чакана савдо, умумий овқатланиш ва қурилиш корхоналари мустасно) ягона ижтимоий тўловни қуйидагидан кам бўлмаган миқдорларда ҳисоблайдилар:

фермер хўжаликлари учун – ҳар бир ходим ҳисобига энг кам ойлик иш ҳақининг 50%и миқдорида (29.12.2008 йилдаги ПҚ-1024-сон Қарори 7-банди);

микрофирмалар ва кичик корхоналар учун – ҳар бир ходимга ЭКИҲнинг 65%идан кам бўлмаган миқдорда (ВМнинг 13.02.2015 йилдаги 26-сон Қарори 2-банди);

ЯИТнинг 25%лик ставкасини қўллайдиган бошқа хўжалик юритувчи субъектлар учун – ҳар бир ходим ҳисобига ЭКИҲнинг 1 баравари миқдорида.

Ушбу ҳолларда ЯИТ ҳисоб-китоби Ягона ижтимоий тўловнинг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 13.04.2010 йилда 2095-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан тартибга солинади. ЯИТнинг энг кам миқдори умуман корхона бўйича ҳисобот ойида меҳнат шартномаларига ёки предмети ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатиш бўлган фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномаларга мувофиқ ишлаётган барча ходимлар – жисмоний шахслар ҳақиқатда ишлаган кунлардан келиб чиқиб аниқланади. Бир ойда ҳақиқатда ишлаган кунлар жумласига қуйидагиларнинг ишлаган кунлари киритилмайди: пасайтирилган ставкалар бўйича ЯИТ ҳисоблаб чиқариладиган ихтисослаштирилган цехлар, участкалар ва корхоналарда ишловчи ногиронларнинг иш кунлари; касаначиларнинг иш кунлари (ЯИТ бўйича имтиёз муддати тугагунга қадар); фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномаларга мувофиқ ишлар бажараётган (хизматлар кўрсатаётган) якка тартибдаги тадбиркорларнинг иш кунлари.

Энг кам ЯИТ ҳисоб-китобида ҳисобга олинмайдиган жисмоний шахслар доираси ёпиқ рўйхат билан ифодаланганлигини кўрамиз. Ишни иш берувчидан олис масофада туриб бажарувчи ходимлар бу рўйхатга киритилмаган. Тегишинча, ишлари олисдаги тусда бўлган ходимларга ЯИТ бўйича имтиёзларни қўллаб бўлмайди, уларнинг иш вақтини эса энг кам ЯИТ ҳисоб-китобига киритиш керак. Шунинг учун, бизнингча, ҳатто агар олисдан туриб ишловчининг ҳақиқатдаги иш вақти ҳисобга олинмаса ҳам, ЯИТни ҳисоблаб чиқариш мақсадида иш вақтини ҳисобга олиш табелида уни 40 соатлик ёки иш вақтининг бошқа белгиланган муддатидан келиб чиқиб акс эттириш керак.

 

Иш ҳақи шартномага асосан

Масофадан туриб ишловчи ходимнинг меҳнати меҳнат шартномаси билан белгиланган тартиб ва шартларда тўланиши керак. Бунда унга тўланадиган ҳақ, башарти масофадан туриб ишловчи меҳнат меъёрлари ва меҳнат мажбуриятларини бажарган тақдирда, қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам миқдордан кам бўлиши мумкин эмас. 2012 йилнинг 1 январидан бошлаб меҳнат ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг Ягона тариф сеткаси бўйича биринчи разряддан кам бўлмаслиги керак (Президентнинг 30.12.2011 йилдаги ПҚ-1675-сон Қарори 4-банди; ВМнинг 21.07.2009 йилдаги 206-сон Қарорига 1-илова). 2,476 тариф коэффициентида (ЯТС бўйича 1-разряд) ва 2015 йилнинг 1 сентябридан бошлаб энг кам иш ҳақи – ойига 130 240 сўмлигида (Президентнинг 26.08.2015 йилдаги ПҚ-4751-сон Қарори 2-банди) меҳнатга тўланадиган ҳақнинг энг кам миқдори 322 474,24 сўмни (130 240 х 2,476) ташкил этади.

Меҳнатга ҳақни қатъий белгиланган суммада (лавозим маоши, тариф ставкаси) ҳамда меҳнат натижалари ва ишбай нархлардан келиб чиққан ҳолда белгилаш мумкин. Унумдорлик нормалари ва ишбай нархлар тарафларнинг келишуви бўйича, тегишли ишларни бажариш учун белгиланган нормал иш вақти ҳисобидан келиб чиқиб белгиланади.

Масофадан туриб ишловчи ходимга ҳақ миқдори бевосита иш жойида, иш берувчининг ҳузурида банд бўлган ходимлар меҳнатига тўланадиган ҳақнинг миқдорлари билан таққосланган ҳолда белгиланиши керак. Масалан, мухбир – масофадан туриб ишловчига ҳақ, бошқа мухбирларга бўлганидек, айтайлик, топширилган ва чоп этишга қабул қилинган мингта белги учун нархлардан келиб чиқиб тўланади. Тўловнинг даврийлиги МКнинг 161-моддасини ҳисобга олган ҳолда, ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас.

Агар масофадан туриб ишловчи ходим ишлаётган жойда иш ҳақига туман коэффициенти белгиланган бўлса, меҳнат ҳақи уни ҳисобга олган ҳолда тўланиши керак. Тегишинча, агар иш коэффициент белгиланмаган жойда амалга оширилса, унга доир тўловлар ҳам амалга оширилмайди.

 

БОШҚАЛАРНИНГ ТАЖРИБАСИ

РФнинг Меҳнат кодекси масофадан туриб ишлашни меҳнат шартномаси билан белгиланган меҳнат вазифаларини иш берувчи, унинг филиали, ваколатхонаси, бошқа алоҳида таркибий бўлинма (шу жумладан бошқа жойда жойлашган)дан ташқарида, тўғридан-тўғри ёки билвосита иш берувчи назоратида бўлган турғун иш жойи, ҳудуд ёки объектдан ташқарида, мазкур меҳнат вазифасини бажариш учун ва уни бажариш билан боғлиқ масалалар бўйича иш берувчи билан ходим ўртасидаги ҳамкорликни амалга ошириш учун умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқлари, шу жумладан Интернет тармоғидан фойдаланилган ҳолда бажарилиши деб тавсифлайди (РФ МКнинг 312.1-моддаси 1-қисми). Тегишинча, масофадан туриб ишловчи ходимлар деб масофадан туриб ишлаш тўғрисида меҳнат шартномаси тузган шахслар ҳисобланади.

Уларга меҳнат қонунчилигининг ва меҳнат ҳуқуқи меъёрларини ўз ичига олган бошқа ҳужжатларнинг амал қилиши татбиқ этилади. РФ МКда масофадан туриб ишловчи ходим билан меҳнат шартномаси тузиш, унга ўзгартиришлар киритиш тартиби белгиланган, бундай ходимлар меҳнатини ташкил этиш ва муҳофаза қилиш, иш вақти ва дам олиш вақти режими, шунингдек меҳнат шартномасини бекор қилиш хусусиятлари тавсифланган.

 

Иш вақтидан ташқари ишга ҳақ тўлашга келсак, дам олиш ва байрам кунларида ҳамда тунги вақтда ишлаганлик учун иш вақтини ҳисобга олишдагидек ёндашувлардан келиб чиқиш керак. Агар иш берувчи бундай ҳисобни юритиши мумкин бўлса (масалан, кун-тун фаолият юритувчи алоқа маркази ходими ҳисоби), иш вақтидан ташқари ишлаган соатлар ишланганда ҳақ икки баравардан кам бўлмаган миқдорда тўланади. Дам олиш ва байрам кунларидаги ишга ҳам икки баравардан кам бўлмаган миқдорда, тунги вақтда ишлаш учун бир ярим баравардан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланади. Ҳақнинг аниқ миқдорлари жамоа шартномасида белгиланади, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланади ҳамда меҳнат шартномасида акс эттирилади.

Масофадан туриб ишловчи ходимга иш вақти ҳисобга олинмайдиган бўлса, бизнингча, иш вақтидан ташқари вақтдаги меҳнат, дам олиш ва байрам кунлари ҳамда тунги вақтда ишлаганлик учун ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилмайди. Яъни унинг меҳнатига бир баравар миқдорда ҳақ тўланади, чунки ўзининг иш вақти ва дам олиш вақтини унинг ўзи белгилайди.

Масофадан туриб ишловчи ходим жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва фуқароларнинг Пенсия жамғармасига мажбурий суғурта бадалларини тўловчи ҳисобланади. Унинг жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этиши ҳам мажбурий. Олисда туриб ишлаш даври меҳнат стажига киради ва ижтимоий суғурта бўйича пенсия ҳамда нафақалар тайинлаш учун ҳисобга олинади.

 

Масофадан туриб ишловчи ходим билан меҳнат муносабатларини расмийлаштириш, уни ишга қабул қилиш, ҳужжатлар алмашинувини ташкил этиш, унинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва харажатларни, бошқа тўловлар ва компенсациялар, нафақалар тўлаш тартиби тўғрисида батафсил тушунтиришлар «Ходимлар билан ҳисоб-китоблар» ЭМТда кўриб чиқинг.

Уни харид қилиш масалалари бўйича қуйидагиларга мурожаат қилинг:
Тошкент ш., Миробод тумани, Таллимаржон кўчаси, 1/1-уй. Тел
.: (998 71) 200-00-90.
E-mail:office@norma.uz, web: norma.uz

 

 


1«Йирик саноат корхоналари билан касаначиликни ривожлантириш асосидаги ишлаб чиқариш ва хизматлар ўртасида кооперацияни кенгайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» (5.01.2006 йилдаги ПФ-3706-сон).

2Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Йирик саноат корхоналари билан касаначиликни ривожлантириш асосидаги ишлаб чиқариш ва хизматлар ўртасида кооперацияни кенгайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2006 йил 5 январдаги ПФ-3706-сон Фармонини амалга ошириш ҳақида» Қарори (11.01.2006 йилдаги 4-сон).

3«Касаначиликни ташкил этишни такомиллаштириш ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг уни ривожлантириш параметрлари бажарилиши юзасидан жавобгарлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» (1.07.2008 йилдаги 146-сон);

«Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Йирик саноат корхоналари билан касаначиликни ривожлантириш асосидаги ишлаб чиқариш ва хизматлар ўртасида кооперацияни кенгайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2006 йил 5 январдаги ПФ-3706-сон Фармонини амалга ошириш ҳақида» 2006 йил 11 январдаги ­4-сон Қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» (11.08.2008 йилдаги 181-сон).

4Касаначилик тўғрисидаги 177-Конвенция (Женева, 20.06.1996 йил).

 

Прочитано: 2412 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика