Norma.uz

Муваффақиятли ХУМШ учун синов

 

4 йил аввал ким тайинлагани номаълум бўлган ХУМШ раиси бизнинг 3 та уй номига 65 млн сўм кредит олиб, қочиб кетди. Кредитнинг бир қисми энг арзон материаллар билан томни қисман таъмирлашга сарфланган. Қолган пул қаёққа йўқолгани номаълум. Уй аҳли шу кунгача кредит тўламоқда. Ертўлани, бошқа коммуникацияларни таъмирлашга эса пул йўқ, умуман олганда, ХУМШ картотекада қайд этилиб турибди. Айни пайтда уйимизни ширкатдан чиқармоқчимиз. Бироқ ҳозирги раис бу ҳолда кредитни 3 та уйга бўлишларини, қарзнинг қолдиғини тўлашимиз кераклигини айтди. Шу тўғрими, биз қандай йўл тутайлик? Биз аянчли ҳолатга келиб қолган ертўла, электр шчитни тиклашимиз керак. Ширкатдагилар пул йиғиб таъмирлашни ўзимизга юклашяпти. Шундоқ ҳам кўп ҳолларда ертўладаги иситиш қувурларини қисман ўзимиз яматар эдик. Ушбу вазиятдан чиқиш йўлини кўрсатсангиз.

Е.Гордина.

 

– Шундай жиҳатлар мавжудки, уларга синчиклаб қарамасдан ҳам уйдаги ҳолат, ХУМШдаги вазият хусусида тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Улар муваффақиятли ёки муваффақиятсиз ширкат синовдан қандай ўтишини кўрсатади, унинг аъзолари қанчалик билимли ва фаоллигини, ўз ишларидан хабардорлигини, умумий мулкни тутиб туришга бадаллар тўлашдек асосий мажбуриятларини бажаришларини намоён этади. Бусиз муваффақият қозонишга умид қилиб бўлмайди. Агар уй аҳли ўз мурожаатида «раисимизни ишдан бўшатинг», «уни ким тайинлаган ўзи», «пулларимиз қаёққа кетаяпти» сингари сўзларни ёзса, бундай ХУМШдан ҳеч қанақа яхши натижа кутиб бўлмайди.

ХУМШ аъзолари «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ, ХУМШ бошқаруви раиси тайинланмаслиги, балки ширкат аъзолари томонидан умумий йиғилишда сайланишини билишлари шарт. Ижрочи директорликка номзод ХУМШ бошқаруви томонидан танлаб олинади, шунингдек умумий йиғилиш қарори билан тасдиқланади (Қонуннинг 19, 25-моддалари). Агар бундай қилинмаса, демак, уй аҳли умумий йиғилишларда қатнашмайди, ўз ХУМШда нималар бўлаётганини, бадаллар нималарга сарфланаётганини, кредитлар қай мақсадга олинаётганини, қарз маблағлари қандай ўзлаштирилаётганини билмайдилар. Ширкат ­аъзоларининг бир четда туриши ХУМШда юзага келаётган барча ҳуқуқбузарликлар ва зиддиятлар сабабчисидир.

ХУМШ фаолияти, шу жумладан умумий мулкни капитал таъмирлашга кредит олиш хусусидаги барча муҳим қарорлар умумий йиғилишда тасдиқланиши керак. Зеро унинг учун уй аҳли ўз бадаллари билан ҳақ тўлайди. Пул ҳавога совурилмаслиги учун улар кредит қайси ишларни бажаришга олинганлигини билишлари, бошқарув, уй қўмиталари раислари, тафтиш комиссияси орқали унинг ўзлаштирилишини назорат қилишлари шарт. Акс ҳолда иш ҳам бажарилмайди, пул ҳам бўлмайди.

Тўғри, уй аҳлининг умумий йиғилишда қатнашишига эришиш мушкул. Бироқ бунинг учун Қонунда ХУМШ ­аъзолари вакилларини сайлаш имкони берилган (Қонуннинг 21-моддаси), улар умумий йиғилишларда бир ёки бир нечта мулкдорнинг манфаатларини ҳимоя қилади. Умумий йиғилиш ўтказиш ўрнига квартира соҳибларининг ширкат фаолиятига оид асосий масалалар бўйича фикрини ёзма варақалар ёрдамида аниқлаш мумкин.

Кредит қай мақсадга сарфланганини аниқлаш учун ХУМШ бошқаруви ёки раҳбарига мурожаат қилиш зарур. Агар ширкат шу пайтгача қарзни узаётган бўлса, кредит доирасида ишларни бажаришга қанча маблағ кетганини текшириш осон. Буни тафтиш комиссиясига топшириш ҳам мумкин.

Ширкат картотекада қайд этилган бўлиб, устувор ишларни бажаришга маблағи бўлмаса, демак, ХУМШ аъзоларининг кўпчилиги умумий мулкни сақлашга мажбурий бадалларни тўламайди. Бундай аҳволда ширкат уй хўжалигини қайси маблағга тиклай олади? Шуни ёдда тутиш лозимки, ХУМШ аъзолари ҳуқуққа эга бўлишдан ташқари мажбуриятга ҳам эгадирлар. Хусусан, Қонуннинг 30-моддасида белгиланганидек, жой мулкдорлари умумий мол-мулкни сақлаш бўйича умумий харажатларни биргаликда зиммаларига олишлари шарт. Бунинг учун улар умумий харажатларни қоплаш учун ҳар ойда, қоида тариқасида, пул шаклида мажбурий бадаллар тўлайдилар. Мулкдорлар бадаллар тўлаш бўйича ўзларининг асосий мажбуриятларини бажармасалар, ширкатда ҳақиқатан ҳам муайян ишларни бажаришга маблағ бўлмайди.

Агар уй аҳли ХУМШдан чиқиш ва мустақил ширкат ташкил этиш ниятида бўлса, тўланмаган кредитни қоплаш масаласи юзага келиши муқаррар. Бу янги ХУМШни рўйхатдан ўтказиш пайтида тўсиқ бўлиши мумкин.

Агар банк кредитини олиш тўғрисидаги қарор ХУМШ ­аъзоларининг умумий йиғилишида қабул қилинмаган бўлса, демак, Қонуннинг 19-моддаси талаблари бузилибди. Уй аҳлининг қарз олиш тўғрисидаги қарорини тасдиқловчи умумий йиғилиш баённомаси тузилганлигини, уни ким имзолаганлигини, қанча суммадаги қайси ишлар, шу жумладан уйингиз учун бажарилганлигини аниқлаш зарур. Агар бунда жиддий ҳуқуқбузарликлар, ўғирликлар аниқланса, прокуратура, судга мурожаат қилинг. Кишилар ширкатнинг жорий фаолиятига раҳбарлик қилишни ва унинг молиявий-хўжалик фаолиятини назорат қилишни ишониб топширган, бироқ бу ишончни оқламаган ХУМШ бошқаруви, тафтиш комиссиясини жавобгарликка чорланг.

Бошқа йўли – ХУМШ ва банк ўртасида юзага келган муаммони тинч йўл билан ҳал қилиш. Қандай бўлмасин, кредит доирасида муайян ишлар бажарилган. Ширкат аъзолари ўз вақтида ушбу жараёнга аралашмай ва уларнинг сифатини назорат қилмай, нотўғри иш қилганлар. Бетарафликлари оқибати шунга олиб келган. ХУМШдан чиқиш учун уй фаоллари ва ширкат раҳбарияти кредит бўйича ажратувчи баланс тузиб, уни 3 та уй аҳли ўртасида бўлишлари ва унинг қолдиғини сўндириш мажбуриятини зиммаларига олишлари зарур. Бунинг учун банк ва туман ҳокимлигига кафолат хатлари ёзиб, банк билан қарзни сўндириш шартномасини тузиш лозим.

Уйнинг ХУМШдан чиқиши ва унинг негизида мустақил ширкат ташкил этилишига келсак, ушбу жараённи қадамма-қадам тартибга солувчи Қонунни ўрганиш керак. Қисқача баён этадиган бўлсак, ташаббускор гуруҳ уй аҳлининг умумий йиғилишини ташкил этади, унда ХУМШдан чиқиш ва мустақил ширкат ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Йиғилиш баённомаси собиқ ХУМШга берилади. Янги ширкат рўйхатдан ўтказилади, бошқарув, унинг раиси, тафтиш комиссияси сайланади. Мулкдорлар умумий йиғилишда уй учун нималар қилиш зарурлигини ҳал қиладилар. Бошқарув ишлар режаси, даромадлар ва харажатлар сметаси лойиҳасини ишлаб чиқади. Унинг асосида умумий мулкни сақлашга мажбурий бадалнинг тахминий миқдори ҳисоблаб чиқарилади. ХУМШ аъзолари ҳаммасини йиғилишда тасдиқлайдилар. Агар уй аҳли бадал жуда катта деб ҳисобласа, баъзи ишларни режадан чиқариши, истиқболга қолдириши мумкин. Бунда қанча пул йиғилса – шунча иш бажарилишини унутмаслик лозим. Бадаллар миқдори уларнинг бажарилишига сарфланадиган харажатларни қоплаши керак.

Уй ХУМШдан чиқаётганда одатда квартира соҳибларининг мажбурий бадаллар юзасидан қарзи муаммоси юзага келади. У Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларини давлат рўйхатига олиш тартиби ва ҳисобга қўйиш тўғрисидаги низом (Президентнинг 10.02.2005 йилдаги ПҚ-3-сон Қарорига 3-илова) билан тартибга солинади. Унинг 6-бандига мувофиқ, таркибидан чиқишда ХУМШнинг ва унинг собиқ аъзолари (квартиралар соҳиблари)нинг бажарилмаган ўзаро мажбуриятлари тарафларнинг келишувига асосан ёки суд тартибида ҳал этилади. Янги ташкил этилаётган ширкат ўз ­аъзоларининг илгари улар аъзо бўлган ХУМШ олдидаги мажбуриятлари юзасидан ҳуқуқий ворис ҳисобланмайди. Бошқача айтганда, илгариги ширкат уй аҳлидан кимдир ўз вақтида бадал тўламагани учун тўсқинлик яратмаслиги лозим, бу ҳол уни рўйхатдан ўтказишни рад этишга асос бўла олмайди.

 

Мавзувий сонни Ирина Гребенюк олиб боради.

 

Прочитано: 1851 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика