Шиша, пластмасса, металл, дори-дармон, озиқ-овқат маҳсулотлари, ёқилғи, газлама, кийим-кечак... шу ва бошқа кўплаб буюмлар ҳамда материаллар, шундай материаллардан тайёрланган маҳсулотлар кўпинча жиноятга «гувоҳ», криминалистика нуқтаи назаридан муҳим ахборот манбаи бўлиб қолади. Уларни тўғри ва вақтида пухта текшириш содир бўлган воқеа ҳолатларини аниқлаш, кишининг айбини исботлаш ёки уни оқлаш имконини беради.
Жиноятчи деганлари ҳамиша жиноят теграсидаги нарса ва шарт-шароитга беихтиёр ёки қасддан таъсир этар экан, ашё ва нарсаларнинг шакли, ташқи кўриниши ва таркибини ўзгартириш орқали албатта қилмиши «излари»ни қолдиради. Ҳар хил жиноят ишлари бўйича уларни текшириш билан материаллар, ашёлар ва буюмларнинг криминалистика экспертизаси шуғулланади. Бу экспертлик фаолиятининг хийла кенг тармоғи бўлиб, турли-туман объектларни таҳлил этишнинг замонавий кимёвий, физик, биологик усуллари ёрдамида ўрганади.
Ҳиди ва ранги бензинга ўхшаса-да
Нефть маҳсулотлари ва ёқилғи-мойлаш материалларини эксперт текширувига нефтни қайта ишлаш асосида олинган ҳар хил маҳсулотлари, хусусан, бензин, керосин, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, эритувчи моддалар соф ҳолда ёки бирор нарсалар билан аралашган тарзда тақдим этилади. Ана шу моддаларнинг изи-асорати бўлган нарсалар (куйган кийим-кечак, мебель, автотранспорт деталлари ва шу сингарилар) ашёвий далил вазифасини ўтайди. Нефть маҳсулотларининг таркиби мураккаб ва тез ўзгарувчан, ўзи эса учувчан эканлиги экспертизани қийинлаштиради, экспертдан юқори малака ва тажриба талаб қилади.
Турфа хил жиноятларни тергов қилишда ана шу суд-кимё экспертизаси муҳим роль ўйнайди. Бундай экспертиза кўпинча ёнғин чиққанлиги, ўт қўйилганлиги, мурдалар ва тирик одамлар ёқиб юборилганлиги, пиёдалар уриб (босиб) кетилганлиги ҳақидаги ҳамда нефть маҳсулотлари ва ёқилғи-мойлаш материаллари иштироки бўлган бошқа ҳодисалар тўғрисидаги ишлар юзасидан тайинланади. Экспертлик амалиётида фирибгарлик, ноқонуний савдо-сотиқ мақсадида автомобиль ёқилғисини қалбакилаштириш ҳоллари ҳам бот-бот учрайди. Ҳозирги таҳлил этиш приборлари ва услубиятини қўллаш бензин қалбакилаштирилганлигини аниқлаб, таркибида сифатини пасайтирувчи, ёқилғининг яроқлилигига таъсир этувчи аралашмалар борлигини рўй-рост кўрсатиб беради.
Экспертизага ҳиди ва ранги бензинни эслатувчи суюқлик солинган идиш олиб келишди. Бу идиш ўғирлик қилишда, сифатсиз ёқилғини қонунга хилоф тарзда сотганликда гумон қилинаётган шахслардан прокуратура ходимлари олиб қўйишган экан. Ҳуқуқ-тартибот ходимларининг шубҳаларини тасдиқлаш учун тажрибали экспертлар жалб этилди. Текшириш натижалари терговчиларнинг қимматбаҳо ёқилғини мунтазам равишда ўғирлаб, унга арзонбаҳо ёқилғи материаллари қўшилганлиги хусусидаги гумонларини тасдиқлаб берди. Экспертлик хулосаси автомобиль эгаларини сифатсиз бензиндан асраш, фирибгарларнинг ғайриқонуний савдо фаолиятига чек қўйиш имконини берди.
Таъми ғалати чипслар
Ҳозирги кунда бозорларимиз турфа хил ўсимлик мойлари билан тўла – пахта ёғи, кунгабоқар ёғи, кунжут ёғи, зайтун ёғи, эҳ-хе, ёғ-мой тармоғининг бу ерда қанақа маҳсулотлари йўқ дейсиз. Бундай маҳсулотларга талаб-эҳтиёж борлиги эса, бу бозорга ғирром, ноинсоф ишлаб чиқарувчилар оралашига олиб келди. Нафс измида, фойда олишни кўзлаб улар қалбаки ўсимлик мойи сотиш пайига тушиб қолишди.
Фирибгарлар ўсимлик мойини қалбаки йўсинда тайёрлашнинг турли усулларидан фойдаланмоқдалар. Энг кенг тарқалган ва жўн усул навини алмаштириш, бинобарин қимматбаҳо маҳсулотни бирмунча арзони билан алмаштириб қўйишдир. Кўпинча чакана савдога кунгабоқар, зайтун, кунжут ёғи кўринишида пахта, рапс, соя ёғини тиқиштирадилар. Ёки харидор қимматбаҳо маҳсулот нархида қимматбаҳо ва арзон ёғ аралашмасини олган бўлиб чиқади. Бунақа қалбаки маҳсулотни, шунчаки, кўз билан кўриб аниқлаб бўлмайди, негаки тозаланган (рафинация қилинган) мойларнинг ҳар хил тури ташқи кўринишидан деярли фарқ қилмайди.
Хуллас, қалбакилик аралашган маҳсулотлар борасида ҳамиша истеъмолчи жабр кўради. Унча қиммат бўлмаган маҳсулотни баланд нархда сотиб олиш билан моддий жиҳатдан жабр топишини баҳарнав деяверинг. Тайёрловчи рецептурани, ишлаб чиқариш ва тозалаш технологиясини қўпол тарзда бузган ҳолда тайёрлаган қалбаки маҳсулотлар хавфлироқдир. Зотан, бунда таъмидан бошқа бузилиш ҳоллари ҳам бўлган ўсимлик мойи ошхонага келиб қолади. Бундай маҳсулотда одам учун зарарли моддалар ва заҳарли аралашмалар бўлиши мумкин. Экспертлик амалиётида кўп бора учраган мисоллар айни шундан далолат беради.
Мамлакатимиз пойтахтидаги савдо нуқталаридан бирида прокуратура ходимлари ўсимлик мойининг бир туркумини савдодан олиб қўйдилар. Бу мойлар озиқ-овқат тариқасида ишлатиладиган тозаланган (рафинация қилинган) пахта мойи сифатида сотилмоқда эди. Маҳсулотнинг сифатини ва норматив талабларга мувофиқлигини текшириш учун суд-кимё экспертизаси тайинланди.
Текширишлар шуни кўрсатдики, чиндан ҳам бу бошқа турдаги ўсимлик мойлари оз-оздан аралаштирилган пахта мойи экан. Бироқ унинг таркибида талайгина зарарли ва заҳарли моддалар, шу жумладан оғир металлар ва пестицидлар аниқланди. Кейинчалик маълум бўлишича, бу маҳсулотни бир гуруҳ шахслар сифати паст хом ашёдан хонаки усулда, гигиена, ишлаб чиқариш ва тозалаш технологияси қоидаларига риоя этмаган ҳолда тайёрлаган экан. Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш органлари томонидан вақтида кўрилган чоралар истеъмолчиларни соғлиқ учун хатарли қалбаки маҳсулотлардан асраб қолди.
Шишаси кўримли бўлса бас
Кўплаб қалбакилаштириладиган маҳсулотлар сирасига алкоголь ичимликлар ҳам киради. Спирти бўлган ичимликларга талаб даражаси пасаймаётганлиги шубҳасиздир. Зотан, биронта ҳам зиёфат, тантана спиртли ичимликсиз ўтмайди. Таассуфки, истеъмолчиларни энг аввало, уларнинг сифати эмас, нархи қизиқтиради. Қонунбузарлар ана шундан фойдаланиб, сифатсиз ва ҳатто ҳаёт учун хавфли «спиртли» товарни ўтказишга уринадилар.
Этил спирти ва алкоголь маҳсулотни ғайриқонуний ишлаб чиқариш ёки улар билан шу таҳлит муомала қилишга доир жиноят ишлари бўйича таркибида спирти бўлган ичимликлар экспертизаси ўтказилади. Кўп ҳолларда спиртли ичимлик ичиш билан боғлиқ ҳолда содир этилган қотиллик, номусга тегиш, тан жароҳати етказиш сингари оғир жиноятларни тергов қилишда ҳам экспертлар ёрдами талаб этилади.
Текшириш асносида, аксарият ҳолларда алкоголь маҳсулот турини (ароқ, коньяк, вино, виски ва шу сингарилар), уларни тайёрлаш усулини, яъни заводда тайёрланганми ёки қалбаки усулда тайёрланганми – аниқлаб беришга тўғри келади. Олинган натижалар ичкилик қисман ёки тўлиқ алмаштирилганлиги (нави ўзгартирилганлиги), нималар қўшилганлиги ва аралаштирилганлиги масаласида, қалбакилаштириш усуллари тўғрисида бир тўхтамга келишга ёрдам беради.
«Қўпол» қалбакилаштириш деб аталувчи усул билан тайёрланган алкоголь одамнинг соғлиғи ва ҳаётига тузатиб бўлмас даражада зарар етказиши мумкин. Бундай ҳолларда фирибгарлар этил спиртини озиқ-овқат мақсадида истеъмол қилиш тақиқланган техник ёки синтетик спирт билан алмаштирган бўладилар. Экспертлик амалиёти шундан далолат берадики, хуфиёна муомалотда кўпинча яхши тозаланмаган, инсон учун зарарли аралашмалари бўлган спиртдан тайёрланган «бўтқа» ичкиликни сотадилар. Экспертиза уларнинг одамлар ҳаёти ва соғлиғи учун хатарли эканлигини кўрсатувчи рад этиб бўлмайдиган далилларни олиш имконини беради. Савдо аҳли жуда қадрланадиган ва эъзозли деб қараладиган, юқори баҳода ўтказишга ҳаракат қиладиган вино, коньяк, виски ва бошқа алкоголь ичимликлар бевосита қалбакилик ўзанидаги маҳсулот бўлиб қолиши мумкин. Айрим ҳолларда фириб домидаги одамлар қалбаки маҳсулотларни саноат маҳсулотидан, хонаки шароитда идишларга қуйиб ва безаб тайёрлайдилар. Бунда истеъмолчи арзон маҳсулотни қимматбаҳо маҳсулот нархида сотиб олиш билан ҳам моддий, ҳам маънавий зарар кўради.
Прокуратура ходимлари ўта аъло, шоҳона тоифали спиртли ичимлик тариқасида сотилаётган маҳсулот намуналарини экспертизага тақдим этдилар. Устидаги этикеткаларига виски, ароқ, вино деб кўрсатилган шишаларнинг ичидаги ичимлик хавфсиз маҳсулот эмасмикин деган шубҳа бор эди.
Терговчиларнинг гумони бежиз эмас экан. Экспертлар шишаларда чиндан ҳам спиртли ичимлик борлигини аниқладилар. Лекин бу ичимлик таркиби ва бошқа қатор кўрсаткичлари бўйича этикеткада кўрсатилган маълумотлардан, қолаверса қонунда белгилаб қўйилган норматив талаблардан сезиларли даражада фарқ қилар эди. Экспертларнинг хулосаси фирибгарларни фош қилиш, аҳолини сифатсиз спиртли маҳсулотдан халос этиш имконини берди.
Эллеонора ПАК,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Республика суд экспертизаси
марказининг давлат суд эксперти.