Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 13 / Тадқиқот

Хитой иқтисодиётининг ривожланишида меҳнат ресурсларининг стратегик роли

 

Бугунги кунда ҳар қандай иқтисодиётнинг ривожланишини меҳнат ресурсларисиз тасаввур қилиб бўлмайди, қолаверса, амалга ошириладиган туб ислоҳотлар, ўзгаришлар ва улар натижасида эришиладиган ютуқларнинг барчаси инсон фаолияти, меҳнат қобилияти, идрок-заковатига бевосита боғлиқ.

 

Шу муносабат билан бугунги кунда жадал суръатда ривожланиб бораётган ва иқтисодий ютуқлари билан жаҳон иқтисодиётида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлган Хитой «иқтисодий мўъжизаси»ни ўрганиш, таҳлил қилиш мақсадга мувофиқдир.

Иқтисодий адабиётларда меҳнат ресурслари учта йирик ёш гуруҳларига – меҳнатга лаёқатли кишилар, меҳнатга лаёқатли кишилардан ёшроқ ва улардан каттароқ ёшдаги кишиларга ажратилади.

Меҳнат ресурслари мамлакат аҳолисининг ўз руҳий-физиологик ва ақлий сифатлари билан моддий неъматлар ишлаб чиқаришга (хизматлар кўрсатишга) қодир бўлган меҳнатга лаёқатли қисми ҳисобланади. Улар таркибига фақат иқтисодий фаол аҳолигина эмас, шу билан бирга ҳозирги пайтда ишламаётган ва иш қидирмаётган меҳнатга қобилиятли шахслар, шу жумладан ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олаётганлар ҳам киритилади1. Яъни меҳнат ресурслари иқтисодиётда меҳнат билан банд бўлган, банд бўлмаса ҳам меҳнат қилишлари мумкин бўлган кишиларни қамраб олади.

Маълумки, Хитой бугунги кунда аҳолисининг сони бўйича дунёда биринчи ўринда туради ва албатта ушбу кўрсаткич мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти, ривожланиш жараёнларига бевосита таъсир қилувчи асосий омиллардан ҳисобланади (1-расм).

 

1-расм. Хитой аҳолисининг кўрсаткичлари (млн киши)2

 

 

Аҳоли сонининг кўплиги мамлакат иқтисодий тараққиётини белгиловчи омил бўлиш билан бирга, агар ундан тўғри фойдаланилмаса, яъни аҳоли иш билан таъминланмаса, ишсизлик кўрсаткичлари пасайтирилмаса, иқтисодиёт ортга қараб кетади. Шу мақсадда Хитойда қишлоқ ҳудудларида жамоа шаклидаги оила бизнесини юритиш, қўл меҳнатини ривожлантириш, кўп миллионли ишчи кучини давлат секторидан хусусий секторга ўтказиш каби ислоҳотлар амалга оширилди. Ҳозирги кунда ишчи кучининг кўпчилиги хизматлар соҳасида меҳнат билан банд.

Хитойда иқтисодий ривожланишни режалаштиришда ва уни амалга оширишда ишсизлик кўрсаткичини камайтириш, иқтисодий фаол аҳолини муносиб иш ўринлари билан таъминлаш, шу билан бирга иқтисодий фаол аҳолининг асосий негизини ташкил этувчи ёшларни иш билан таъминлаш биринчи даражадаги ва мунтазам назорат қилиб бориладиган масалалардан ҳисобланади ­(1-жадвал).

1-жадвал

2010–2014 йиллардаги Хитойнинг иқтисодий фаол аҳолиси тўғрисидаги кўрсаткичлар
(млн киши ҳисобида)3

 

2010

 

2011

 

2012

 

2013

 

2014

 

Иқтисодий фаол аҳоли (жами аҳолига нисбатан %)

 

56,8

 

56,7

 

56,6

 

56,6

 

56,5

 

Банд бўлган аҳолининг кўрсаткичлари (млн киши)

 

761,1

 

764,2

 

767,0

 

769,8

 

772,5

 

Уларнинг ёш кўрсаткичлари (%)

 

 

 

 

 

 

16-24 ёш

 

14,3

 

13,4

 

12,0

 

11,4

 

10,4

 

25-59 ёш

 

78,2

 

78,7

 

79,1

 

79,3

 

79,7

 

60 ёш ва ундан юқори

 

7,5

 

7,9

 

8,9

 

9,3

 

9,9

 

Иқтисодиётнинг тармоқлари бўйича (млн киши)

 

 

 

 

 

 

Қишлоқ хўжалиги, ўрмон хўжалиги ва балиқчилик

 

279,3

 

265,9

 

257,7

 

241,7

 

227,9

 

Саноат (шу жумладан, ёқилғи-энергетик комплекс ва қурилиш соҳаси)

 

218,4

 

225,4

 

232,4

 

231,7

 

231,0

 

Хизмат кўрсатиш

 

263,3

 

272,8

 

276,9

 

296,4

 

313,6

 

Ишсизлар сони – шаҳар аҳолиси (млн киши)

 

9,1

 

9,2

 

9,2

 

9,3

 

9,5

 

Ишсизлик даражаси – шаҳар аҳолиси (%)

 

4,1

 

4,1

 

4,1

 

4,1

 

4,1

 

 

1-жадвал маълумотларининг эътиборли жиҳати шундаки, иқтисодий фаол аҳолининг иқтисодиёт тармоқлари бўйича тақсимотини кўрадиган бўлсак, унда қишлоқ хўжалигида банд бўлган аҳолининг сони йилдан-йилга пасайиш, саноат ва хизмат кўрсатиш тармоқларида эса ўсиб бориш тенденцияси кузатилмоқда. Ушбу кўрсаткич Хитой иқтисодиётининг саноатлашувидан ва хизмат турлари кўпайиб, натижада инновацион иқтисодиёт жадал шаклланаётганлигидан далолат беради.

Иқтисодий жиҳатдан фаол бўлмаган аҳоли тоифасига кундузги ўқув юртларида ўқийдиган ўқувчилар, талабалар, курсантлар; пенсия олувчи шахслар; уй хўжалиги билан шуғулланувчи шахслар; иш қидирмай қўйган шахслар; ишлашга зарурияти бўлмаган шахслар киритилади.

Демак, «меҳнат ресурслари» ва «иқтисодий жиҳатдан фаол аҳоли» атамалари бир-биридан фарқ қилади. «Иқтисодий жиҳатдан фаол аҳоли» тушунчаси «меҳнат ресурслари» тушунчасидан ўз мазмуни бўйича торроқдир. Меҳнат ресурслари тоифасига ишсизлардан ташқари, қандайдир сабабларга кўра мамлакат хўжалигида иш билан банд бўлмаган мамлакатнинг муайян ёшдаги барча бошқа фуқаролари киритилади. Биз «меҳнат ресурслари» тушунчаси ҳозирги вақтда фақат тарихий маънога эга бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги фикрга қўшиламиз, чунки ишлатиб бўлмайдиган нарсани ресурс деб бўлмайди. Халқаро интеграция жараёнларини ва мамлакатлараро таққослашларни амалга ошириш учун турли тушунчаларни бирхиллаштириш зарурлигини ҳисобга олиб, «иқтисодий жиҳатдан фаол аҳоли» тушунчасини қўллашга ўтиш тўғрироқ бўлади, дунёдаги кўпчилик мамлакатларнинг статистиклари айнан шуни қабул қилганлар1.

Хулоса қилиш мумкинки, бугунги кунда Хитой истиқболдаги иқтисодий ривожланишни биринчи ўринда иқтисодий фаол аҳолисини муносиб иш билан таъминлаш ва бунинг натижасида ишсизлик кўрсаткичларини мунтазам пасайтириб бориш ва энг асосийси, етишиб келаётган ёш авлодни муносиб иш ўринлари билан таъминлашни ўзининг стратегик вазифаси деб ҳисоблайди.

 

Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда амалга оширилаётган туб иқтисодий ислоҳотлар ҳам, аввало, ишсизлик кўрсаткичларини пасайтириш, ёшларни иш ўринлари билан мунтазам таъминлашга қаратилган. Зеро, Президентимиз И.А.Каримов таъкидлаганларидек, «Аҳоли бандлигини таъминлаш аввало, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича зарур шарт-шароитлар яратиш ижтимоий сиёсатимизнинг энг муҳим устувор йўналиши бўлиб қолади»4.

 

Камолахон МЎМИНОВА,

Тошкент Давлат шарқшунослик

институтининг 2-босқич магистратура талабаси.

 


1Абдураҳмонов Қ.Х. Меҳнат иқтисодиёти (назария ва амалиёт). Олий ўқув юртлари учун дарслик. – Т.: «Меҳнат». 2004. 203-214-бетлар.

2http://www.ereport.ru/stat.php?razdel=country&count=china.

3БРИКС. Совместная статистическая публикация. 2015; Бразилия, Россия, Индия, Китай, ЮАР/Росстат. – М.: ИИЦ.2015. 32-36-бетлар.

4Каримов И.А. 2015 йилда иқтисодиётимизда туб таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, модернизация ва диверсификация жараёнларини изчил давом эттириш ҳисобидан хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очиб бериш – устувор вазифамиздир. // «Халқ сўзи» газетаси, 2015 йил 17 январь, 11(6194)-сон.

 


Прочитано: 3307 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика