Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 13 / Тақдимот

Ахборот: қулай, жозибадор ва тезкор

 

Бош прокуратура ўз расмий сайтининг янги версиясини ишлаб чиқди

 

Бугунги кунда республикамиздаги деярли барча давлат идоралари ўз веб-сайтларига эгалар. Бу аҳолининг ахборотни тезкор ва энг муҳими – «биринчи қўл»дан олиш имконини бермоқда. Ўзбекистон Бош прокуратурасининг ҳам расмий веб-сайти 2008 йилда ишлаб чиқилган бўлиб, ўтган йиллар мобайнида у фойдаланувчилар учун тобора қулай шаклларда такомиллаштириб борилди. Куни кеча Бош прокуратурада оммавий ахборот воситалари учун уюштирилган матбуот анжуманида эса веб-сайтнинг янада янгиланган версиясининг тақдимоти бўлиб ўтди.

 

Тақдимотда республика Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Ш.Матиев мамлакатимизда фуқароларнинг ахборот олиш, мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқлари бир қатор қонун ҳужжатларида, хусусан, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги, «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги қонунларда мустаҳкамлаб қўйилганини таъкидлади. Ушбу қонунлар ижросини таъминлаш мақсадида Бош прокуратура томонидан ишга туширилган расмий сайт жисмоний ва юридик шахслар орасида анча оммалашди, буни сўнгги уч ой давомида сайтга 17 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушганлиги далили ҳам тасдиқлайди.

Бош прокуратура Матбуот хизмати раҳбари Г.Раҳимова веб-сайтнинг янги версиясида акс этган янгиликлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. Таъкидланганидек, у давлат органларининг расмий веб-сайтига қўйиладиган асосий талабларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Сайт ахборот узатишнинг мантиқий тузилишига, жозибали графика ва рангли дизайнга эга, шунингдек, прокуратура органлари фаолияти ҳақидаги зарур материаллар билан тўлдирилган.

Жорий этиш учун мажбурий бўлган асосий функциялар расмий веб-сайтда мавжуд бўлиб, улар зарур маълумотларни тезкорлик билан топишга ёрдам беради ҳамда барча функцияларидан фойдаланиш имконини беради. Сайтда имкониятлари чекланган шахслар учун қўшимча қулайликлар тақдим этувчи ва бошқа функциялар ҳам ўрин эгаллаган. Қўшимча ўзгартиришлар билан умумий навигация, асосий меню ҳам қамраб олинган. Сайт устида ишлаш давомида янги модуллар ишлаб чиқилган, мавжудлари яхлит ҳолга келтирилган.

Ахборот ресурсида ҳудудий прокуратуралар ва уларга тенглаштирилган прокуратуралар, Бош прокуратура ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК департаментининг саҳифалари ҳам тақдим қилинган бўлиб, уларнинг битта блокка бирлаштирилиши сайт фойдаланувчиларига қулайлик яратади.

«Интерактив хизматлар» блокида нафақат Бош прокуратурада, балки вилоят прокуратуралари ва уларга тенглаштирилган прокуратураларда фуқароларни қабул қилиш жадваллари, шунингдек, қабулни ташкиллаштиришга масъул бўлган ходимлар билан боғланишга оид маълумотлар жойлаштирилган. Бундан ташқари, «Мурожаат юбориш» интернет-қабулхонаси орқали ҳар қандай фуқаро ёки юридик шахс қонун бузилишлари ҳақида ариза, шикоят, мурожаат юбориши мумкин. Сайт орқали бепул ҳуқуқий маслаҳат олиш имконияти ҳам йўлга қўйилган.

Бош прокуратура томонидан ишлаб чиқилган қонунлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари «Ҳужжатлар» бўлимида, қонунчиликдаги ўзгартиришлар ҳақидаги маълумотлар ҳамда ижтимоий муносабатларнинг турли соҳаларига оид амалдаги қонунчиликка тушунтиришлар «Янги қонунлар» бўлимида жойлаштирилган. Сайтга кирувчилар қонун лойиҳалари бўйича ўзларининг фикрлари ва таклифларини билдиришлари мумкин.

«Матбуот маркази» блокида марказий ўринни прокуратура органларининг фуқаролар, тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликка, коррупцияга қарши кураш борасидаги фаолияти хусусидаги янгиликлар эгаллаган. Бош прокуратура томонидан тайёрланган ахборот теледастурлари, роликлар ҳамда фотогалереядан иборат «Медиатека» алоҳида блоки яратилди.

Веб-сайтнинг янгиланган версияси «UZINFOCOM» маркази томонидан ишлаб чиқилган. Мазкур Марказнинг ҳукумат порталини ахборот билан таъминлаш ва ривожлантириш гуруҳи раҳбари М.Султонов ресурснинг турли ўлчамдаги мониторларда бир хил кўриш имконияти, ранг ва шрифтлар жозибадор тарзда ишлаб чиқилгани, унинг хавфсизлик тизимлари мустаҳкам йўлга қўйилганлигини алоҳида таъкидлади.

Тақдимот маросимида иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси И.Абдуллаев, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг директори Ғ.Абдукаримов, жамоат ташкилоти вакили С.Хўжаева ва бошқалар сайт фойдаланиш учун ҳар томонлама қулай тарзда такомиллаштирилганлигини эътироф этишди.

 

Нодир АЛИМОВ,

«СБХ» мухбири.

Прочитано: 2060 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика