ёки молиявий ҳисобот борасидаги бўлажак ўзгаришлар бухгалтерлар жамоаси олдидаги қанақа профессионал муаммоларни очиб бермоқда
Ҳозир гап МҲХСга биз ўтмоқчи бўлаётган шакл борасидаги муаммолар ҳақида эмас. Бу муаммоларни ҳам четлаб ўтиб бўлмайди, албатта. Анча-мунча билим ёки мўмайгина пул талаб қиладиган ҳисоботларни халқаро стандартлар бўйича ўзгартириш талаби, минтақада CAP/CIPA бўйича сертификатлаштириш ишлари боши берк кўчага кириб қолганлиги, мажбурий аудитдан ўтиши керак бўлган компаниялар бухгалтерия ҳисоби хизматларининг раҳбарлари малакасига қўйилаётган талаблар1... Шу сингари муаммолар айни пайтда оз эмас. Оқибат натижада бир пайтлар қўлга киритган ютуқлари билан қаддини ғоз тутиб юрган бухгалтерга, ёмон жиҳатини олганда тузукроқ тажрибаси йўқ, бухгалтерия ҳисоби борасида тетапоя қилаётган бухгалтерга рўпара бўлиш мумкин. Бу ёғи нима бўларкан?
Оксана ОГНЕВЧУК,
CIPA, DipIFR,
«SGS Tashkent Ltd» компанияси молиявий директори,
Ўзбекистон бухгалтерлар федерацияси бошқаруви раисининг ўринбосари:
– Аудитор ҳамда бухгалтернинг профессионал билимдонлиги даражасидаги узилиш ҳам муаммомикин ўзи?
– Муаммо шундаки, бухгалтерлар кўпинча аудиторлик текширувини интизорлик билан кутадилар. Давлат даражасида сертификатланган, бинобарин ақллироқ ва билимдонроқ аудитор келади-ю, ҳамма-ҳаммасини жой-жойига қўйишда жонимизга оро киради деб ўйлайдилар улар.
Кўпгина бухгалтерларга шуниси маъқул шекилли. Бу орада биз ишончсизроқ бўлса ҳам нималардир қиламиз, маошимизни эмин-эркин олаверамиз, малакани ошириш хусусида бош ҳам қотирмаймиз, негаки, зўр мутахассис келиб, ҳаммаси рисоладагидек бўлишига кўмаклашишидан умидвормиз.
Аслида молиявий ҳисобот учун жавобгарлик уни тузган киши зиммасида. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, аудит танлама хусусиятга эга: шу аснода нимадир танлов доирасига тушиб қолиши, нимадир четроқда қолиб кетиши мумкин. Аудитор унга кўрсатилганларнигина назардан ўтказади. Сифатли ҳисоб маълумоту ахборотларини, кимгадир фойдали бўлиши эҳтимол тутилган маълумотларни тайёрлаш, пировард натижада сифатли қарор қабул қилинишига замин тайёрлаш унинг вазифаси эмас.
Кўпчиликнинг орасида аудитор – бухгалтернинг акасидир деган ҳазил гаплар юради. Аудиторларни мажбурий сертификатлаштириш ва малакасини узлуксиз ошириш тизими мавжуд бўлиб, бу тизим Молия вазирлиги томонидан қўллаб-қувватлаб келинади. Аммо бухгалтерларни мажбурий сертификатлаштириш деган нарса йўқ.
Бухгалтерларни профессионаллик ўзанида сертификатлаштириш йўлидаги уринишлар ҳамиша давлат таълим муассасаси томонидан қаршиликка учраб келади. Зотан, олий ўқув юртида бир одам 4–5 йил ўқиб, фундаментал билим олгач, шунинг ўзи унга ишлаш ҳуқуқини беради – шундай экан, касбига андармон бўлган пайтдан эътиборан малакасини узлуксиз ошириш талаби билан уни сертификатлаштириш нима учун зарур бўлиб қолди?
Қизиғи шундаки, қанчалик ўхшаш қирралари бўлмасин, аудиторлар борасида ҳеч ким бундай саволларни бермайди. Ахир бухгалтерлар каби бунда ҳам аудит кафедраси, мутахассислиги бор, олий ўқув юртлари таълим беради шу йўналишда. Лекин аудиторларни сертификатлаштиришга ҳеч ким қаршилик билдирмайди. Аслида бу тўғри иш. Чунки амалиётда бухгалтерларнинг, иқтисодиётчиларнинг, молиячиларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлиги олий маълумот тўғрисидаги дипломи бор-йўқлигига унча боғлиқ эмас. Корхоналарнинг ҳисоб-молия ходимлари тузилмасида катта амалий иш тажрибасига эга бўлган мутахассислар салмоқли улушни эгаллайди. Уларнинг тизимли назарий тайёргарликдан ўтиб, дипломли бўлган пайтидан бери 10–15 йил ўтган бўлади, замонавий билимлар эса муттасил равишда қайта кўриб чиқилиб, такомиллаштириб борилаётган, принцип жиҳатдан бутунлай бошқа назарий ва эмпирик базага таянади. Сертификатлаштириш зарурлиги тўғрисидаги саволга энг кенг тарқалган жавобда моҳият эътибори билан ягона ихтисос вакилларига касб нуқтаи назаридан муайян қарама-қаршилик мужассам бўлиб, мутахассисларга, уларнинг тайёргарлиги даражасига ёндашув ҳам ҳар хилдир.
– Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги янги таҳрирдаги қонуннинг лойиҳа вариантида йирик компаниялардаги бухгалтерия ҳисоби хизмати раҳбарлари малакасини мажбурий тартибда ошириш талаби мужассам топган эди – лойиҳа парламент фракцияларида муҳокама этилаётганда, бундай тузатиш билан биз бизнес аҳлини пул харжлашга мажбур этамиз-ку, деган луқмалар ҳам бўлди...
– Бизнес иши ўз бухгалтери учун пул харжлаб чиқимдор бўлса, нима қилибди?! Бу ахир рисоладагидек иш-ку!
Курраи заминимизда унинг эътироф этилган сертификатлаштириш дастурлари аллақачонлардан бери мавжуд бўлиб, улар иш берувчи корпорациялар билан ўзаро яқин ҳамкорлик қилиб келадилар. Айни шу корпорациялар бухгалтерия ҳисоби хизматидаги ўз ходимлари юқори малакали бўлишидан манфаатдордир. Айни шулар бу борада малака узлуксиз равишда оширилиши юзасидан асосий харажатларни зиммага оладилар.
Нима сабабдан йирик ишлаб чиқариш корхоналари, хизмат кўрсатиш соҳаси ва савдо корхоналари бутун бошли ўқув бўлинмалари, комбинатлари таъминотини ўз гарданларига олмоқда. Бундай бўлинма ва комбинатларда ишлаб чиқаришдаги ишчилар, муҳандислар, технологлар, бошқа мутахассислар тайёрланади ва малакасини оширади. Бундай мақсад йўлида сарф-харажат қилиш мақсадга мувофиқ эканлиги ҳеч кимда шубҳа уйғотмайди. Шундай экан, нима сабабдан тайёргарлик ва малака ошириш фақат бухгалтернинг ўз иши, ташвиши бўлиб қолиши керак? Наҳотки, молия хизмати фаолияти бошқа бўлинмалар иш натижаларидан аҳамиятсизроқ деб ўйлайдиганлар бор?
Эндиликда инвестициялар ҳақида кўп гапирилмоқда. Ҳолбуки ходимлар учун тикилган инвестициялар, корхона фаолияти самарадорлиги бир неча карра ошишини таъмин этиши кундек равшан-ку! Борди-ю, одамларни ўйлаб, бугун инвестиция киритмасак, эрта-индин йирик компаниялар учун бухгалтерларни четдан олиб келишга тўғри келади.
Сертификатлаштириш тизими бўлиши ва ишлаши лозим. Айрим ҳолларда, масалан, умумманфаатидаги корхоналарнинг бухгалтерия ҳисоби хизматлари учун шундай тизим мажбурийлик хусусиятига эга бўлмоғи лозим. Акс ҳолда жамият ресурсларининг нест-нобуд бўлиши хавфи ҳаддан ташқари катта. Қолганларнинг барчаси малакалари умум эътирофига сазовор бўлиши ва шахсий рақобатлашув қобилиятлари ошиши учун бу тизимда ихтиёрийлик асосида қатнашишлари мумкин.
Сертификатлаштириш тизимига жалб этилган тузилмалар ўртасида муқаррар равишда жонли рақобатлашув бўлмоғи керак. Давлат даражасида маъқулланган дастурлар, шу жумладан малака ошириш дастурлари ва лицензияси бу тизим билан қўшилиб сифатли мужассамлашиб кетиш имконини берадиган етарли миқдорда ўқув марказлари бўлиши керак. Ва албатта, мустақил имтиҳон олиш тузилмаси бўлсин.
– Бунда сиз нимани назарда тутаяпсиз?
– Профессионал ташкилотлар ўртасида аъзолар учун кураш олиб боришда, бошқарувчи орган билан келишилган дастурлар асосида ўқитиш учун лицензия олган ўқув марказлари ўртасида рақобатлашув бўлмоғи керак. Сертификатлаштиришга «йўлдош» хизматларни кўрсатишдан баҳрамандликни ҳар қандай йўсинда чеклаш, уни муқаррар равишда таназзул томон тортиб кетади. Монополияга қарши кураш тўғрисида қонун ҳужжатлари талаблари бузилиши ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади.
Маърифий унсурни, шу жумладан малака ошириш ишини профессионал ташкилотлар томонидан очилган ўқув марказларининг ўзигагина ташлаб қўйиш туб асоси билан нотўғри бўлур эди. Моҳиятан, ҳар қандай таълим нодавлат нотижорат ташкилоти ҳузурида ташкил топган муассасанинг оддий ва одатий тижорат фаолиятидир. Сифатли асосдаги сертификатлаштиришга идора этувчи, таълим берувчи ва имтиҳон қилувчилар алоҳида-алоҳида, мустақил иш олиб боргандагина эришиш мумкин бўлади.
Бир томони профессионал ташкилотлар тижорат фаолиятини амалга ошириши шарт бўлмаганлиги сабабли ҳам, юқорида айтилганидек иш тутиш нотўғри бўлур эди. Бундай иш ташкилотни тузишдан кўзланган мақсадга ва унинг уставида белгиланган вазифаларига тўғри келмаслиги ҳам мумкин. Ўқув марказлари бўлиши шарт қабилидаги талаб профессионал ташкилот фаолиятига тўғридан-тўғри бостириб киришдир.
Бундан ташқари, ҳар қандай тижорат фаолияти ҳамиша таҳдид-таваккалчиликлар билан боғлиқ бўлади. Шундай таҳдид-таваккалчиликлар юз бергудай бўлса, бухгалтерлар жамоаси ўзининг ижтимоий майдончасидан маҳрум бўлади.
– Бухгалтерлар ва аудиторларнинг профессионал билимдонлигига муносабатдаги оғишларнинг бозор учун, бошқарувчи учун, қолаверса, мутахассисларнинг ўзлари учун нима ёмонлиги бор?
– Биласизми, аудиторларнинг юқори профессионал малакада бўлиши, мунтазам равишда ўқиб бориши зарурлигига шу кунга қадар ҳеч ким шубҳа қилмаган. Бухгалтерларга келганда, негадир институтда олган билимларининг ўзи кифоя деб ҳисоблайдилар. Бу нуқтаи назарга яқин-яқинларгача рахна тушмайдигандек эди. Эндиликда олдимизда молиявий ҳисобот борасида халқаро стандартларга ўтиш зарурати кўндаланг бўлиб турибди. Хўш, бу стандартларни ким жорий этади?
Негадир яна буни аудиторлар қилиши керак деган фикрга боришди: «Сиз, бухгалтерлар, ҳақини тўлайсиз, аудиторлар эса ҳисоботни халқаро стандартлар бўйича ўзгартириб беришади-қўйишади». Корпорациялар учун ҳисоб хизмати ходимларини ўқитишга пул сарфлаш, уларнинг малакасини оширишга чиқим қилиш пулни беҳуда совуришдек туюлиб, бундай қилмаслик керак деб ўйлайдилар. Молиявий ҳисоботни халқаро стандартлар бўйича тайёрлаш учун бир дунё пул тўлаш эса гўё рисоладагидек иш эмиш, бунга сармоя сарфлаш тўғри бўлармиш!
Ҳисоботларимиз миллий стандартлар қоидалари бўйича шакллантирилмоқда, кейин эса муайян ўтказмалар ёрдамида ҳисобот МҲХС бўйича қолипга солинмоқда. Бунда ўзгартирувчи ўтказмалардан қанчаси керак бўлиши ҳисобот миллий стандартлар бўйича қай йўсинда тайёрланганлигига ва халқаро стандартларга мувофиқлаштирилиши учун нималар керак бўлишига боғлиқ...
10–15 ўтказма билан иш битмаслиги аниқ. Шу билан билан иш битса кошки эди.
Ташқи аудитор сизларга келиб, ички хўжалик жараёнларингизни 5 ёки 10 кунда ўрганиб чиқса, эҳтимол. Лекин у сизлар билан ойлаб, йиллаб ёнма-ён ўтирмаслиги турган гап. Қисқа муддат ичида ҳамма нарсани инобатга олиш имконсизлиги турган гап. Натижа сифатли, боз устига МҲХС талабларига мувофиқ бўлиши учун анча-мунча ўтказмалар керак эканлиги ҳам сир эмас.
Умуман олганда, ҳисоботни халқаро стандартлар бўйича ўзгартириш уни бир концептуал базадан иккинчисига ўтказиш вариантларидан бири, холос. Бу вариант «бюджетона» бўлгани билан сифат бобида мақтагулик эмас. Яна, айтайлик, мувозий ҳисоб ҳам бор. Уни кўпроқ ишончли деб ҳисоблайдилар.
Молиявий ҳисоботларга киритилган рақамларни янгича ўзанга айлантириш мумкин, аммо тавсифу-таърифлар нима бўлади? МҲХС бўйича ҳисоботнинг каттагина улушини ташкил этувчи ана шу таърифу-тавсифлар ҳисобот тузувчи хўжалик тизими «қозони»да йил бўйи «қайнаган» бўлсагина сифатли чиқиши мумкин.
Аудитор – бухгалтернинг акасидир деган нуқтаи назар, жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланаётир: аудиторларнинг мажбурий сертификатланиши ва малакасини узлуксиз равишда ошириши талаби ҳеч кимда таажжуб ва савол уйғотмайди, бухгалтерларга келганда эса, ундай эмас...
– Бу вариант қимматроқми?
– Мураккаброқ, қимматроқ ва сифатлироқдир.
Ниҳоят, батамом МҲХСга ўтиш мумкин. Кимга керак бўлса, шундай қилади ҳам. Мулкдорга 2 та шаклдаги ҳисобот нима учун керак? Штатда 2 та бухгалтер бўлишида маъни борми ўзи? Мулкдорга қанча фойда олиши мумкинлигини билиш муҳимроқдир. Бугунги кунда, йўқ, дивидендлар миллий стандартлар бўйича акс эттирилмоғи керак, дейишади. Ҳамонки, бу ҳисобот муайян қарорга келиш учун чама-мўлжал қилишга ярамас экан, МҲХС бўйича шунча гап-сўзларга ҳожат борми? Ҳозирги кунда мен ҳисоботни ё миллий стандарт бўйича олиб боришим, аудиторлик компаниясини жалб этиб, катта пул эвазига ҳисоботни қайта шакллантиришим, ёхуд бири миллий стандарт бўйича, бошқаси МҲХС бўйича ҳисобот юритувчи иккита бухгалтерия жамоасига эга бўлишим керак. Бу жамоалар иккала ҳисоботни ўзаро аҳиллик билан келишиб олиб, нима учун ва айни нималарда тафовут келиб чиққанини раҳбариятга тушунтириб бериши керак. Чалакам-чаттилик билан иш битмайди. Мабодо, МҲХС керак деб айтишдими, бас, корхонанинг ўзига ҳисоботининг фойдаланувчиси ким бўлишига қараб, стандартларни танлаб олиш имкониятини бериш зарур.
Компания ташқи бозорда нуфузини баланд тутишни ёки ташқи молиялаштиришдан баҳраманд бўлишни хоҳлаётган экан, ҳамма-ҳаммасини МҲХС бўйича қилсин, аудиторлар эса, бу ерга келиб уни халқаро аудиторлар стандарти бўйича текшираверишсин.
– Профессионал ўқув ва билимдонлик масаласига қайтсак... Моҳиятан олганда, бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги янги таҳрирдаги қонунда, афтидан, гап тадбиркорлик субъектларининг каттагина қисмига дахл этмайдиган мажбурий малака ошириш тизими ҳақида бормоқда. Бугунги кунда нари борса 2 йилча олдин, ўз тавсифномасини CAP/CIPA сертификатлари билан мустаҳкамлаши мумкин бўлган бухгалтерга мос келадиган қандай вариантларни айта оласиз?
– Ҳа, илгари минглаб кишилар шу тизим қамровида эди. Ўз уқув ва билимдонликларини шу зайил тасдиқлаш имконияти ҳам бор эди уларда. Евросиё сертификатланган бухгалтерлар ва аудиторлар кенгаши сафида 180 га яқин ҳақиқий ва қўшиб олинган аъзолари ҳамда уч миллиондан ортиқ, жаҳоннинг турли жойларида ишлаб турган амалиётчи бухгалтерларни бирлаштирган Халқаро бухгалтерлар федерацияси (IFAC) томонидан эътироф этилди. Бу жуда юқори мақом. IFAC жаҳондаги йирик профессионал ташкилотлардан бири бўлиб, аудит, бухгалтерия таълими, касб одоби, давлат ва жамоат секторларидаги халқаро бухгалтерия ҳисоби стандартлари ва шу сингари муҳим халқаро стандартларни яратмоқда. Бу ташкилот биздаги 3 та профессионал ташкилот – Уюшма, Федерация ва Палата аъзо бўлган ЕССБА билан мулоқот олиб бормоқда. ЕССБА IFACнинг қўшиб олинган аъзоси мақомидан маҳрум этилиб, русийзабон ягона халқаро сертификатлаштириш «ўсаллик» ҳолатига тушиб қолди.
Сертификатнинг қандайдир қадри бўлса, одамлар ўз малакалари унга мувофиқ тасдиқланишини хоҳлайдилар. Минглаб мутахассислар CAP/CIPA олиш тадоригига тушишганди – бу сертификатлаштириш ихтиёрийлик асосида эди ўшанда. Давлат томонидан эътироф этилган бу салмоқдор халқаро сертификат айни бир вақтда оммавийлик хусусиятини ҳам касб этганди.
Вакилларимиз миллий сертификатлаштиришни каттароқ кўламда юқорироқ даражаларга олиб чиқа оладилар деб умид қилиш мумкинми, билмадим. .. Бу борада ҳозирча аниқ фикр айта олмайман. Сертификатлаштиришга ихтиёрийлик асосида ким ҳам борарди. Қолаверса, шу мақсадда қаерга бориш мумкинлиги ҳам аниқ эмас.
Даража бобида озми-кўпми кўнгли тўқ мутахассисларда соф миллий, ички ихтиёрий сертификатлаштиришга – халқаро бухгалтерлар гуруҳларига боғланмаган ҳолдаги сертификатлаштиришга алоҳида қизиқиш – ўрни-тагида йўқ нарса. Бу соҳада молиявий оқимлар оқиб келади деб ўйлаш ақли ноқисликдир. Ишлар шу йўсинда қаергача бораркин?
Ҳозир бухгалтерлар анжуманларида бу масалага нисбатан муносабат жуда қизиқ. Кўпинча: «Бизга бунинг нимаси керак?..Фейсбукни яхшилаб титкиласак, ҳаммасини билиб, тушуниб оламиз, у ёғини эса қойил қилиб ташлаймиз...Сертификатлаштиришни, курсларда ўқишни тиқиштириб нима қиласизлар? Мана мен шундай курсларга қатнадим, лекин фойдасини кўрмадим...» қабилидаги гап-сўзлардан нари ўтишмайди.
Таассуфки, бунақа кайфият билан кичик бизнесдагиларни юқори малакали бухгалтерларга қизиқтириб бўлмайди. Уларда аудит йўқ, моҳиятан олганда, аудитнинг кераги ҳам йўқ уларга. Бизнес эгаси шу жараённинг ичида, бошқарув ҳисоби деб юритиладиган ҳисобни ўзи олиб боради, пул оқимини ўзи кузатади, шу аснода қандайдир фойдага эришса, унинг учун олам гулистон.
Иши озми-кўпми рисоладагидек бораётган мутахассисларда халқаро бухгалтерия гуруҳларига боғланиши бўлмагач, сертификатлаштиришга қизиқиш ҳам бўлмайди.
– Демак, бу борада вариантлар йўқ экан-да?
– ДипИФРни хоҳлаган одам ҳар йили молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари бўйича синов топшириши мумкин. Сиз учун долзарб бўлса, албатта. Инглиз тилини биладиган ёшлар ҳозирги пайтда АССА бўйича сертификатлаштиришга берилиб кетишган. Тўғри, бу иш анча қимматга тушади... Бир эмас, 15 та имтиҳон топшириш керак – буни 5 йил ичида уддаламоқ зарур. Имтиҳонларнинг ҳаммаси ҳам бу ерда ўтказилавермайди. Баъзи имтиҳонларни топшириш учун Олмаотага, Москвага бориш керак. Умумий ҳисобда 7 минг долларга тушади бу иш. Шу зайил орттирилган билиминг қаерда асқотади – ҳозирча бу ҳам номаълум. Мамлакатимиздан ташқарида бўлиши мумкин. Маҳаллий бозорда эса фақат арзонроқ сертификатлаштириш ўзини оқлайди.
Махсус мухбиримиз
Юлия ЯШИНА суҳбатлашди.
1Учинчи ўқишда қабул қилинган янги таҳрирдаги «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги қонун лойиҳасида мажбурий аудит текширувидан ўтказилиши лозим бўлган компаниялардаги (АЖ, банклар, суғурта ташкилотлари ва ҳ.к.) бош бухгалтерларнинг ҳар йили малака ошириши назарда тутилган.