Минтақа мева-сабзавотчилик тармоғининг экспорт салоҳиятига бағишланган Фарғона форуми йирик хорижий савдо тармоқлари ҳамда харид этувчи компанияларни жалб этиш учун яхши намойиш ва бизнес майдончаси бўлиб қолди. Чет элликлар ихтисослаштирилган кўргазмада товарни бор «бўй-басти» билан кўришга муваффақ бўлдилар. Янги мева ва сабзавотлар, қуруқ мевалар, дуккакли маҳсулотларни «Qubbo Meva-Sabzavot», «Roshidon Agro», «Mастона Осиё Ҳамкор», «Zafar Eldor Kelajagi», «Quvasoy Suxofrukt» агрофирмалари, «Мастона» АЖ ва бошқа аграр соҳа намояндалари ўзларининг намойиш стендлари ва столларига жойлаштирдилар.
Шу ернинг ўзида В2В йўсинида бўлиб ўтган учрашувларда улар музокаралар юритиб, келгусида чин харидор бўлиш ниятидагилар билан шартномалар имзоладилар, кейинги битимлар шартларини муҳокама этдилар.
Дарвоқе, чиройли қилиб тўғраб қуритилган ҳамда чоғроқ, ярқироқ пакетчаларга қадоқланган сабзи, лавлаги, пиёз, бутун (янчилмаган) қалампир менга жуда маъқул бўлди. Ошкўклар ҳам, кокилдай қилиб тўғралган бақлажон ва булғор қалампири ҳам эътиборингни тортади. «Margilon Agro» МЧЖ директори Муҳаммадали Сотволдиевнинг айтишича, шаҳар кишилари сабзавотларни бозорлардан эмас, гипермаркет ва супермаркетлардан олишга одатланиб қолмоқдалар. Улар ярим тайёр маҳсулотларни жўяли порцияларда қадоқланган ҳолда олиб ишлатишга кўникиб ҳам улгурдилар. Шу сабабли, қуритилган сабзавот ва мевалар ишлаб чиқаришга ихтисослашиб бораётган агрофирмаси катта шаҳарлар аҳолисига хуш келадиган турда маҳсулот ишлаб чиқара бошлади.
Кўргазмада замонавий қадоқлов намуналари намойиш этилган бўлса-да, бугунги кунда кўпгина фермерлар зўр-зўр маҳсулотларини киши эътиборини тортадиган товар кўринишида тақдим эта олмасалар кераг-ов, деган хаёлга бордим. Тегишли «либос», «уст-бош»га эга бўлган тақдирдагина уларнинг товарлари аъло кўринишдаги турфа хил товарлар баҳсида рақобатлаша олган бўлур эди.
Ўзаро манфаатли ҳамкорлик асослари
Форумда ана шу «либос», «уст-бош» ҳақида, булар харидорларни жалб этиш хусусиятига эга эканлиги хусусида, шунингдек импорт қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талаблар тўғрисида, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларимиз билан ҳамкорликнинг айрим муаммолари хусусида савдо-харид компанияларининг вакиллари алоҳида тўхталиб ўтдилар.
«Тандер» АЖнинг («Магнит» чакана савдо тармоғи, Россия Федерацияси) импорт харидлари бўйича хизмат менежери Виталий Чуприна ўтган йили кутилмаганда чиқиб қолган бир қанча вазиятлар ҳақида гапириб берди. Айтишича, янги узилган мева ва сабзавотлар чегара бўйидаги божхонада турган пайтда, давлат комиссияси янги баённома қабул қилганлиги, бу баённомада юклаб жўнатишга тайёр қилиб қўйилган маҳсулот олиб чиқиб кетишга рухсат этилган маҳсулотлар сирасига кирмаслиги ҳақида хабар келиб қолган пайтлар ҳам бўлибди. Табиийки, юкли машинани ўтказишмабди. Экспорт фаолиятини амалга оширувчи компаниялар рўйхатида вақти-вақти билан ўзгаришлар бўлиб турганлиги сабабли ҳам мураккабликлар келиб чиқмоқда. Чупринанинг қайд этиб ўтишича, «Битта компания билан иш бошлаймиз, лекин келаси ойда ... компания баённомага киритилмай қолганлиги боис, юк ортишни тўхтатишимизга тўғри келади. Чунончи, «Bibirajab» МЧЖдан олхўри ва ўрик харид қилгандик: маҳсулотни жўнатишга бир кун қолганида янги баённома чиқса бўладими – унда бу компания йўқ экан. Юк ортишни бекор қилишга тўғри келди». Менежер ўзбекистонлик автотранспорт компаниялари томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг қиймати кўпинча чет элликларникидан қимматроқ бўлишига ҳам эътиборни тортди. Табиийки, бунда фрахтнинг ҳам қиймати ошиб кетади. Арзонроққа тушадиган транспортни ёллаш ҳисобига бу қийматни пасайтириш йўлидаги уринишлар маҳсулот ташишнинг ҳарорат режими бузилиши натижасида кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши мумкин.
«Рестрейд» МЧЖнинг қуруқ мевалар, баққоллик маҳсулотлари ва консервалар харид этиш бўйича мутахассиси Дмитрий Алишнинг (Беларусь) айтишича, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилувчи уларнинг йирик компанияси бозорда фаолият олиб бораётганига 20 йилдан ошибди, 15 та фирма дўкони, Полоцкда йирик логистика маркази бор, мамлакатнинг бир қанча савдо тармоқларига маҳсулот етказиб беради, жаҳондаги 200 компания билан иш олиб боради. Беларусда маҳсулотларни импорт қилишга доир ҳужжатлар рўйхати қисқагина: контракт, CMR (халқаро товар-транспорт юкхати), инвойс, фитосертификат, СТ-1 бўлса кифоя. Ўзбекистондаги товар ишлаб чиқарувчилар билан иккинчи йилдирки, ҳамкорлик қилмоқда экан. Ўтган йили серқуёш заминимизда етиштирилган «торпедо» қовуни ва узум жуда харидоргир бўлибди. Маҳсулот етказиб берувчиларнинг раъйига юриб, ўз қоидаларига хилоф тарзда бўлса ҳам компания 100 фоизлик тўловни олдиндан тўлабди. Дастлабки туркумда келган узумларнинг сифати яхши бўлса ҳам, кейин майда, нави бундайроқ, бузула бошлаган маҳсулотлар ҳам келиб тушибди. Молиявий зарардан ташқари, компаниянинг обрўсига ҳам путур етибди, чунки савдо тармоқларининг маҳсулотлар мунтазам равишда, керакли ҳажмда етказиб берилишига доир шартлари жуда қаттиқ, неустойка учун ҳазилакам фоиз олмайдилар.
«Uzbekistan Trading House» SIA бошқаруви аъзоси Андрей Колупаев (Латвия) уларнинг савдо уйи мевачилик ва сабзавотчилик маҳсулотларини саралаш ва қайта ишлаш бўйича технологик автоматлаштирилган линиялари ҳамда маҳсулот сифатини текшириш тизимлари бўлган ишлаб чиқарувчилар билан иш олиб боришга йўналтирилганлигига эътиборни қаратди. У, шунингдек «ўйин қоидалари» барқарор бўлиши ҳақида истак билдирди. Ўтган йили кузда чиққан, халқаро кўламда юк ташишда иштирок этишга рухсат берилган автоташувчилар сонини чеклаш ҳақидаги ҳужжат вазиятга мослашишга вақт ҳам қолдирмаганлигини айтди.
«Қозоғистон савдо корхоналари уюшмаси» вице-президенти, Қозоғистон Республикасининг «Отамакон» миллий тадбиркорлар палатасининг савдо қўмитаси котибияти бошлиғи Жибек Ажибаева барча импорт қилувчилар сингари харид этилаётган маҳсулот учун олдиндан ҳақи 100 фоиз тўланишига доир талаблар сабабли келиб чиқаётган мураккабликларга эътиборни қаратди. Унинг маълум қилишича, бугунги кунда қозоқ диёрида 700 га яқин бозор бор. Яқин давр ичида уларни қайта шакллантириб, 400 та замонавий бозор мажмуаларига айлантириш мўлжалланмоқда. Серқуёш Ўзбекистон неъматлари қўшни республикада ҳамиша қадрланиб келган, уларнинг импорти кўлами йил сайин ортиб бормоқда. Қозоғистонликлар бозорлардаги пештахталардан бундай маҳсулотлар узилмаслигини исташади. Айни шунинг учун ҳам, анжуманга «Bio Terra» савдо-сотиқ жамияти, «Alatau Fruits Engineering» компаниялари гуруҳи, «Magnum Cash&Carry» савдо жамияти сингари йирик импорт қилувчи компаниялар раҳбарлари ташриф буюришди.
Ўзбекистон ажойиб мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш билан бирга бундай маҳсулотлар экспортини муттасил кўпайтириб бормоқда, деди «Uzlita» халқаро бизнес уюшмаси президенти Дариус Сермукснис (Литва). Иқлим шароити, қадоқ қўлли меҳнаткаш кишилар саъй-ҳаракати билан такрорланмас таъмли мевалар етиштирилади бу ерда. Форумга мамлакатингиз қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва ривожлантириш, улар билан ўзаро манфаатли шартномалар тузиш мақсадида талайгина литвалик тадбиркорлар келишган. Харид этувчи компанияларнинг вакиллари маҳсулот етказиб беришнинг келишиб олинган муддатларига риоя этиш зарурлигига, маҳсулотларнинг мавсумийлик хусусиятига эга эканлигини назардан қочирмасликка, товарларнинг сифати ва ўрови (идиши) устидан мунтазам назорат олиб бориш жоизлигига, маҳсулотни юклаб жўнатаётганда ҳужжатларни тўлдиришда эътиборсизлик қилмаслик сингари жиҳатларга эътиборни тортдилар. Алоқа иккиёқлама, пухта бўлиши керак, баъзан маҳсулотнинг тури, ҳажми ва баҳоси борасидаги сўровларга тинмай эслатиб турилган тақдирда ҳам: бир ҳафта ўтиб жавоб берадилар.
Салоҳиятни ўргана бориб
Импорт қилувчилар бир неча агрофирманинг интенсив боғларини бориб кўришди. Масалан, «Минг дона обод» агрофирмасида 2009 йили 500 гектар майдонга узумнинг винобоп навлари экилган экан. Агроном Элёр Акбаров бундай узумни етиштиришнинг, унга ишлов беришнинг, ҳосилни йиғиб олишнинг ўзига хос хусусиятлари, Россия Федерациясига экспорт қилинаётган винобоп маҳсулотлар ҳақида гапириб берди.
Меҳмонлар сабзавот сақланадиган омборларнинг технологик жиҳозланишига ҳам қизиқиб қолишди. Улар «Фарғонагўштсутсавдо» акциядорлик жамиятининг ҳудудий улгуржи базасида бўлишди. Мавсумга қараб, картошка, пиёз, сабзи, лавлаги, турп, полиз маҳсулотлари ва бошқа маҳсулотларни ғамлаш ва сақлаш мазкур акциядорлик жамиятининг асосий фаолияти саналади. База ҳудуди 5 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган бўлиб, совуткич камералар ва омборларга 7 000 тонна маҳсулот сиғади. 2012 йили бу ерда мева ва сабзавот сақлаш учун 1 200 тонна маҳсулот сиғадиган совуткич барпо этилди, «Asia Fruit Mega» МЧЖ Швейцария-Ўзбекистон қўшма корхонаси ташкил топди. Бу МЧЖ «Фарғонагўштсутсавдо» акциядорлик жамияти ҳудудий улгуржи базасининг муассисидир.
Тажрибани ўртоқлашиб
Форум доирасида муайян мавзуларга бағишланган семинар бўлиб ўтди. Хусусан, GlobalGap стандарти бўйича сертификатлаштириш, маҳсулотни органик ўғит асосида етиштириш ва шундай маҳсулотни экспорт қилишни ташкил этиш мавзусида семинарлар бўлди. Россия ва МДҲ мамлакатларида савдо-сотиқни ривожлантириш бўйича эксперт Дмитрий Кузнецов мева-сабзавот маҳсулотларини Россия Федерациясига экспорт қилишни ташкил этишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида гапириб берди. Унинг сўзларига қараганда, маҳсулотни тақдим этишнинг шакли бағоят муҳимдир. У, шунингдек Фарғона водийсида етиштирилаётган гулкарамни жаҳонда шу турдаги энг ширин маҳсулот деб айтди – Ўзбекистоннинг сарғиш лимонларига ҳам гап йўқ экан. Ана шу неъматлар муносиб ўров топилса, жаҳоннинг энг олди маҳсулотлари қаторидан ўрин олиши мумкин.
Маҳсулотларни Ўзбекистондан чет элларга ташиш ва логистика масалаларига доир семинар ҳам жуда жонли ўтди. Унинг иштирокчилари юкларни олиб ўтишнинг баъзи муаммоларини, хусусан, божхона расмиятчиликларини тилга олдилар. Чунончи, БЮДга тузатиш киритаётганда, ҳужжатнинг асл нусхаси зарур. Бунақа тузатишлар бот-бот бўлиб туради, қийматни белгилашда ўнли касрда вергулдан кейинги 2 белгига қадар тўғри йириклаштириб кўрсатиш талаб этилади. Бундан ташқари, божхона органлари илова ҳужжатларини, айтайлик, шартномалар ва қўшимча битимларни ҳам асл нусхада кўрсатилишини талаб этадилар, дубликатларини эътиборга олмайдилар.
Латвия стивидор компаниялар уюшмаси бошлиғи Улдис Папанс ва Росток порти вакили Иева Нагел витаминли товарларни ташиш учун Болтиқбўйи ва Германия портларида яратиб қўйилган имкониятлар ҳақида гапириб бердилар.
Форум янги узилган мева ва сабзавотларни қайта ишлаш ва сақлаш усулларини ривожлантириш, келгусида ишлаб чиқариш ва экспорт кўламини кенгайтиришда фойдаланиладиган маҳсулотлар брендини шакллантириш ва идиш-ўровини яхшилаш борасида янги билимлар олиш, фикр-мулоҳаза ва тажриба алмашиш учун яхши майдон бўлиб қолди. Энг муҳими, Фарғона форуми хорижий харидорлар эътиборини тортди, уларга ҳосил йиғим-терими мавсумидан анча олдин маҳсулотларни ўз кўзлари билан кўриш, дилидагиларни айтиш имконини берди. Иштирокчилар қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштирувчилардан ташқари, давлат тузилмалари ва ҳокимият вакиллари, транспортчилар билан ҳам учрашиб маҳсулотларни муваффақиятли тарзда етказиб бериш учун бир туркум масалаларини муҳокама этишга муваффақ бўлдилар.
Бу эса, учрашувнинг барча иштирокчилари учун ҳам қулай, ҳам фойдали бўлди.
Форум ишида махсус мухбиримиз
Гулнора АБДУНАЗАРОВА иштирок этди.
*Охири. Боши газетамизнинг 22.03.2016 йилдаги 12 (1128)-сонида.