ЯСТ тўловчиси бўлган ташкилот тиббий стоматология хизматларини кўрсатади (ХХТУТ бўйича коди – 91514). Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ЯСТни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 3-бандида айтилишича, ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоблаб чиқаришда Солиқ кодекси 282-моддасининг 2-қисмига мувофиқ солиқ солинмайдиган ер участкалари ҳисобга олинмайди. Солиқ кодекси 282-моддаси 2-қисмининг 9-бандига кўра булар маданият, таълим ва соғлиқни сақлаш объектлари банд этган ер участкаларидир. Бу ЯСТ энг кам миқдори маълумотнома-ҳисоб-китобида 5, 8 ва 11-устунлар нолга тенглигини ва, тегишинча, энг кам ЯСТ нолга тенглигини англатадими?
Тиббий хизматлар кўрсатадиган ташкилот учун ЯСТнинг энг кам миқдорини қандай қилиб тўғри ҳисоблаш лозим?
С.Самеева,
МЧЖ бош бухгалтери.
– Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 3-бандига кўра ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоблаб чиқаришда юридик шахслар томонидан мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ҳуқуқи, фойдаланиш ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида фойдаланиладиган ер участкалари ҳисобга олинади, бундан қуйидагилар мустасно:
Солиқ кодекси 280-моддасининг 2-қисмига мувофиқ солиқ солиш объекти сифатида қаралмайдиган ер участкалари;
Солиқ кодекси 282-моддасининг 2-қисмига мувофиқ солиқ солинмайдиган ер участкалари;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига асосан тенглик асосида дипломатик ваколатхоналарни жойлаштириш учун берилган ер участкалари.
Солиқ кодексининг 282-моддаси 2-қисми 9-бандига кўра соғлиқни сақлаш объектлари эгаллаган ерларга солиқ солинмайди. Бироқ тиббиёт ташкилоти, фақат унда ер участкасига мулк ҳуқуқи бор бўлгандагина, клиника биноси эгаллаган ер майдони солиқ солинадиган базадан чиқариш тарзидаги имтиёздан фойдаланишга ҳақлидир. Низомнинг 3-бандига кўра юридик шахс ижарага олинган жойлар учун Солиқ кодексининг 282-моддасида белгиланган имтиёзларни қўллай олмайди.
Шу сабабли сиз, агар клиника биноси (соғлиқни сақлаш объекти) ташкилотингиз мулкида бўлса, имтиёздан фойдаланишга ҳақлисиз. Ушбу ҳолда ЯСТнинг энг кам миқдори сиз учун нолга тенг бўлади. Агар сиз жойни ижарага олсангиз, мазкур имтиёзни сизга қўллаб бўлмайди.
Надежда ГУШЧИНА,
«Norma Online» эксперти.