Ўзбекистонда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспортдаги ўрни ва аҳамияти
Бугунги жаҳон иқтисодиётининг глобаллашуви жараёнида ҳар бир мамлакат ташқи иқтисодий сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири бу – мамлакатнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш ҳамда унинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини таъминлашдан иборатдир. Чунки экспорт салоҳиятини юксалтириш нафақат муайян бир мамлакатнинг, балки ҳар бир ташқи иқтисодий фаолият субъектининг ҳам туб манфаатларини кўзда тутади.
Маълумки, юртимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг туб замирида мамлакат ободлиги, халқимиз турмуш шароитининг янада яхшиланиши ва инсон манфаатлари мужассамдир. Республикамиз иқтисодиётида эса қишлоқ хўжалиги соҳаси муҳим ўрин тутади.
Экспертларнинг фикрича, Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавотлар таркиби табиий шакар, органик кислоталар, саломатлик учун энг муҳим бўлган микроэлементлар ва озиқ-овқат рационида ўрнини алмаштириб бўлмайдиган турли биологик моддаларга бойлиги билан бошқа минтақаларда етиштирилган ана шундай маҳсулотлардан сезиларли равишда юқори туради1.
Шу ўринда 2015 йилнинг 10 июнь куни Римда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотига (ФАО) аъзо давлатларни очарчиликка барҳам бериш бўйича саъй-ҳаракатлари учун мукофотлаш маросими бўлиб ўтди. Ушбу маросимда Ўзбекистон озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришганлиги учун мукофотланган 14 мамлакатдан бири бўлди2.
2015 йил мобайнида Ўзбекистонда 7 млн 500 минг тоннадан зиёд ғалла, 3 млн 350 минг тоннадан ортиқ пахта хом ашёси етиштирилди. Бундан ташқари, етиштирилган мева-сабзавотлар 18,7 млн тоннадан ортиқни ташкил қилиб, шундан 12 млн 592 минг тоннаси сабзавот ва картошка, 1 млн 850 минг тоннаси полиз маҳсулотлари, 1 млн 556 минг тоннаси узум ҳамда 2 млн 731 минг тоннаси мевалар ҳиссасига тўғри келади3.
Шу ўринда, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра ривожланаётган мамлакатларда бир киши учун кундалик 400 грамм яъни йилига ўртача 145 кг мева ва сабзавот маҳсулотларини истеъмол қилиш меъёри сифатида белгиланган. Мамлакатимизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари аҳоли жон бошига қарийб 300 кг сабзавот, 75 кг картошка ва 44 кг узумни ташкил этади. Бу кўрсаткич оптимал, яъни мақбул деб ҳисобланадиган истеъмол меъёридан уч баробар кўпдир. Ўз-ўзидан маълум бўладики, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш салоҳияти юқори ўринлардан бирини эгаллайди.
Бугунги кунда жаҳон бозорида савдо ўрни учун қаттиқ рақобат кураши олиб борилмоқда. Бунда маҳсулотнинг нархи ва сифати, шунингдек, кўрсатиладиган хизматлар даражаси ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Дунё бозоридаги кескин рақобатга қарамай, Ўзбекистон дунёнинг 80 та давлатига 180 турдан ортиқ сархил мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотларни экспорт қилмоқда. Хусусан, 2015 йил мобайнида 590 минг тоннага яқин мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ўз имкониятларини жаҳонга намойиш қилиш мақсадида бир қатор нуфузли халқаро тадбирларда, семинарларда иштирок этиб келмоқда. Жумладан, Ўзбекистон вакиллари 2015 йилнинг май ва октябрь ойлари ўртасида Италиянинг Милан шаҳрида «EXPO Milano 2015» халқаро кўргазмасида иштирок этишди. Унда Ўзбекистонга аталган 500 м2 ҳудуддаги павильонда мамлакат тараққиёти тарихидан, унинг салоҳияти ҳамда мамлакат иқтисодий ҳаётидан ҳикоя қилувчи экспонат жойлаштирилди. Миллий услубда тайёрланган стендлар кўргазма меҳмонларининг диққатини тортди. Ўзбекистон павильонига 700 минг меҳмон ташриф буюрди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳамда Жанубий Корея Республикалари ўртасида 2015 йилнинг 13 ноябрь куни пойтахтимиздаги «City Palace» меҳмонхонасида «Қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти лойиҳалари бўйича ҳамкорлик режаси» мавзусида халқаро семинар бўлиб ўтди.
Шу билан биргаликда, жорий йилнинг 15–24 январь кунлари Берлинда дунёдаги энг йирик «Яшил ҳафта-2016» қишлоқ хўжалиги ярмаркаси ҳамда жаҳон давлатлари қишлоқ хўжалиги вазирларининг саммити бўлиб ўтди. Бу йили кўргазма ишида 68 давлатдан, шу жумладан Ўзбекистондан, 1 730 компания ва фермер хўжаликлари иштирок этди. Кўргазма натижаларига кўра, Европа давлатларига 91,2 млн доллардан кўпроқ қийматдаги мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича шартнома ва келишувлар имзоланди.
Сўнгги йилларда жаҳон бозорида пахта толасининг нархи ҳамда унга бўлган талабнинг кескин пасайиб кетиши натижасида Ўзбекистонда пахта экиш майдонлари йилдан-йилга қисқартирилмоқда. Бу ўринда 2020 йилга қадар пахта хом ашёсини етиштириш ҳамда уни давлат томонидан харид қилиш ҳажмини 3 млн 350 минг тоннадан 3 млн тоннагача босқичма-босқич қисқартириб, 2020 йилда бошоқли дон етиштириш ҳажмини 16,4 фоизга (8,5 млн тонна), картошка етиштиришни 35 фоизга, сабзавотни 30 фоизга, мева ва узумни 21,5 фоизга, гўшт етиштиришни 26,2 фоизга, сутни 47,3 фоизга, тухумни 74,5 фоизга кўпайтириш, балиқ етиштиришни 2,5 мартага ошириш кўзда тутилмоқда3.
Юқоридаги имкониятлардан янада самаралироқ фойдаланиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларимизнинг рақобатбардошлилигини ошириш мақсадида қуйидаги йўналишлардаги ишларни янада кучайтириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади:
● мевачилик, узумчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари мутахассисларининг билими, савияси ва малакасини ошириш;
● жаҳон андозаларига мос келувчи замонавий технологияларга асосланган янги қайта ишлаш корхоналарини ишга тушириш, мавжудларини техник янгилаш ва модернизациялаш;
● қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш соҳасини ривожлантиришга инвестициялар жалб қилишни рағбатлантириш;
● ҳўл мева-сабзавот ва тайёр маҳсулот экспорт қиладиган хўжалик субъектларининг ишида юзага келадиган ташкилий муаммоларни бартараф этиш ҳамда имтиёзлар тизимини ишлаб чиқиш;
● мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва бир вақтнинг ўзида қайта ишлаш билан шуғулланувчи ишлаб чиқариш мажмуалари, холдинглар ва илмий-ишлаб чиқариш бирлашмалари фаолиятини кенгайтириш;
● ички ва ташқи бозорларни ўрганувчи маркетинг хизматларини ривожлантириш;
● мева-сабзавотларни сақлашга ихтисослашган совутиш камералари ва махсус омборхоналар тармоғини ҳамда сиғимини кенгайтириш.
Диёр КАРИМОВ, и.ф.н.,
Санжар АРАББАЕВ, тадқиқотчи.
1Президент Ислом Каримовнинг «Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари» мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқи. // Халқ сўзи, 2014 йил 7 июнь.
2https://kun.uz/index.php/uz/content/view/year/2015/month/06/day/11/alias/ozbekistonga-fao-tomonidan-ocharchilikka-barham-berish-boyicha-say-harakatlari/page/2728.
3Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузаси.