Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 07 / Долзарб мавзу

АЖни ўзгартириш шунчаки ҳарфларни алмаштириш эмас

 

Президентнинг «Акциядорлик жамиятларига хорижий инвесторларни жалб қилиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорининг (21.12.2015 йилдаги ПҚ-2454-сон, бундан кейин – 2454-сон Қарор) 2-бандида белгиланганидек, устав капиталида хорижий инвесторларнинг улуши 15%дан кам бўлган акциядорлик жамиятлари, 2016 йилнинг 1 июлигача унинг камида 15%гача кўпайтирилишини таъминлаши лозим, ушбу шартни бажармаган АЖлар эса акциядорлик жамиятлари реестридан чиқарилади ва бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларга ўзгартирилади.

ПҚ-2454-сон Қарорнинг 1-банди билан Вазирлар Маҳкамасига 2016 йил 1 апрелгача «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга (26.04.1996 йилдаги 223-I-сон, 6.05.2014 йилдаги ЎРҚ-370-сон Қонун таҳририда, бундан кейин – АЖ тўғрисидаги Қонун) ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифларни тайёрлаш топширилди.

Таҳририят билан кўп йиллардан бери ҳамкорлик қилиб келаётган юрист, акциядорлик жамиятлари фаолиятини тартибга соладиган хўжалик ҳуқуқи соҳасига ихтисослашган Александр ЦОЙ ПҚ-2454-сон Қарор талабларини, шу жумладан акциядорлик жамиятларини бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларга ўзгартириш тўғрисидаги талабни бажариш учун қонун ҳужжатларига қандай ўзгартишлар киритиш лозимлиги хусусида ўз фикри билан ўртоқлашди.

 

 

Акциядорлик жамиятларини бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларга ўзгартириш мавзусига кўп маротаба мурожаат қилганман. Ўз нуқтаи назаримни изҳор этиш заруратини, хусусан, Президентнинг «Ўзбекистон иқтисодиётида хусусий секторнинг улуши ва аҳамиятини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» (24.01.2003 йилдаги ПФ-3202-сон), «Иқтисодиёт реал сектори корхоналарининг молиявий барқарорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги (18.11.2008 йилдаги ПФ-4053-сон) фармонлари талаблари тақозо этган. Биринчидан, сўнгги мақола чоп этилганидан кейин қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартишлар ва, иккинчидан, мавжуд акциядорлик жамиятлари акциядорларининг миқдор таркиби ушбу мавзуга қайтишга сабаб бўлди.

 

Аввало акциядорлик жамиятларини бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларга ўзгартиришнинг эҳтимолий вариантларини эслатиб ўтамиз.

АЖ тўғрисидаги Қонуннинг ­97-моддаси, фақат хўжалик жамияти ёки ширкатга ўзгартиришни белгилайдиган эски таҳрирдан фарқ қилиб, АЖ юридик шахснинг бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларига ўзгартирилишини чекламайди. Фуқаролик кодексининг 4-боби 2-параграфига кўра, қуйидагилар муассиси бирдан ортиқ шахс бўлиши мумкин бўлган тижорат ташкилотлари ҳисобланадилар:

тўлиқ ширкат;

коммандит ширкат;

масъулияти чекланган жамият;

қўшимча масъулиятли жамият;

акциядорлик жамияти;

ишлаб чиқариш кооперативи.

Хўжалик жамияти, ширкат ва ишлаб чиқариш кооперативининг хусусиятларини кўриб чиқамиз. Акциядорлик жамиятларини ушбу ташкилий-ҳуқуқий шаклларга ўзгартириш мумкинлиги ва мақсадга мувофиқлиги нуқтаи назаридан олганда субъект таркиби ва уларни бошқариш тартибининг хусусиятлари жуда муҳимдир.

 

Тўлиқ ва коммандит ширкат

Фуқаролик кодекси ва «Хўжалик ширкатлари тўғрисида»ги Қонунда (6.12.2001 йилдаги 308-II-сон) 2 шакл назарда тутилади – тўлиқ ширкат ва коммандит ширкат. Тўлиқ ширкатларнинг иштирокчилари ва коммандит ширкатлардаги тўлиқ шериклар фақат якка тартибдаги тадбиркорлар ва (ёки) юридик шахслар бўлиши мумкин.

Коммандит ширкатда тадбиркорлик фаолиятини унинг номидан тўлиқ шериклар амалга оширадилар. Коммандитчилар унда иштирок этишмайди. Шахс фақат битта коммандит ширкатда тўлиқ шерик бўлиши мумкин. Тўлиқ ширкат иштирокчиси коммандит ширкатда тўлиқ шерик бўла олмайди.

Хулоса. Акциядор жисмоний шахсларнинг борлигини ҳисобга олиб, акциядорлик жамиятини коммандит жамиятга ўзгартириш мумкин, бироқ уни тўлиқ ширкатга ўзгартириб бўлмайди.

Коммандит ширкатга ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилиб, акциядорлар бошқарув органини шакллантиришлари ва унга манфаатларни изҳор этиш ва ширкатни бошқариш ваколатларини беришлари керак. Ширкат ишларини юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор бошқариши мумкин. Ҳиссадорлар (коммандитчилар, кечаги акциядорлар) коммандит ширкат ишларини бошқариш ва юритишда иштирок эта олмайдилар, унинг номидан ишончномасиз чиқа олмайдилар. Улар ширкат ишларини бошқариш ва юритиш бўйича тўлиқ шерикларнинг ҳаракатлари юзасидан низолаша олмайдилар.

Ана шу чекловларнинг ҳаммаси, фаолият амалиётининг йўқлиги ва бухгалтерия ҳисобини юритиш қийинлиги АЖни коммандит ширкатга ўзгартиришни мақсадга номувофиқ қилади.

 

Ишлаб чиқариш кооперативи

Ишлаб чиқариш кооперативининг муассислари (аъзолари) бўлиб жисмоний шахслар ҳисобланадилар, улар бундай кооперативда ўзларининг шахсан иштирок этишларига асосланган ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланишлари керак. Улар кооператив мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгар бўладилар. Корхоналар ва ташкилотлар, шунингдек бошқа кооперативлар ва ширкатлар унинг жамоавий аъзолари бўла оладилар. Бироқ кооперативнинг ўз жамоавий аъзолари билан ўзаро муносабатлари механизми белгилаб қўйилмаган шартномавий асосларга қурилган.

Ўйлашимизча, ушбу хусусиятларни ҳисобга олганда, акциядор жисмоний шахслар АЖни кооперативга ўзгартиришга рози бўлмасалар керак.

 

Қўшимча масъулиятли жамият

Акциядорлик жамиятини ҚМЖга ўзгартириш, фикримизча, аввало тадбиркор учун мақбул бўлмайди. Зеро унинг иштирокчилари жамиятнинг қарзлари бўйича тўлиқ солидар жавобгар бўладилар. Бироқ уларнинг ўзлари ҳам, ҚМЖнинг ўзи ҳам бошқа шахслар билан ҳуқуқий муносабатларда ҳеч қандай афзалликларга эга эмаслар. Яъни талаб бору, бироқ рағбат йўқ.

 

Масъулияти чекланган жамият

Амалий нуқтаи назардан олганда ўзгартириш учун масъулияти чекланган жамият шакли анча афзал. Бироқ унинг ҳам номатлуб томони бор. «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонун (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон) билан бундай номатлуб жиҳат, яъни чеклов белгиланган – МЧЖ иштирокчиларининг сони 50 кишидан ошмаслиги керак.

Ушбу муаммо Президентнинг юқорида тилга олинган ПФ-3202 ва ­ПФ-4053-сон фармонларини амалга ошириш чоғида кўзга ташланган эди. Ўшанда уларнинг амал қилиш доирасига, одатда, тегишли устав фондига эга бўлган кичик акциядорлик жамиятлари кирган. Уларнинг сонини акцияларни бошқа эгалар ва жамиятнинг ўзи сотиб олиши, акцияларни консолидациялаш йўли билан, шунингдек хорижга чиқиб кетган АЖ аъзолари ҳисобига акциядорларнинг зарур миқдорига «келтириш» мумкин бўлган эди.

Ҳозир масала мураккаброқ. ­ПҚ-2454-сон Қарорнинг ўзгартириш тўғрисидаги талабига кўп миқдорда акциядорлари бўлган йирик жамиятлар тўғри келиб қолишлари мумкин. Уларнинг акциялар пакетлари қиймати бозор баҳоси бўйича сотиб олишга тақдим этилган тақдирда, АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 41-моддасига кўра, АЖ уларни сотиб олиш учун ажратиши мумкин бўлган суммадан ошиб кетиши мумкин. Акцияларни консолидациялаш имконияти эса Қонуннинг янги таҳририга кўра 5 000 сўм миқдорида чекланган.

Кўрамизки, амалдаги қонун ҳужжатлари акциядорлик жамиятини бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклга ўзгартириш учун бирор-бир имконият тақдим этмайди.

 

Агар АЖ учун МЧЖ тўғри келмаса

Шундай бўлса-да, МЧЖ АЖни ўзгартириш учун бирдан-бир мақбул шакл бўла олади. Унинг мақбуллигини қайд этиш учун қонун ҳужжатларига бундай ўзгартиришни амалга ошириш имконини берадиган ўзгартишларни киритиш мақсадга мувофиқдир. Улар қуйидагилар бўлиши мумкин:

● акциялар номинал қийматининг энг юқори миқдори – 5 000 сўмни бекор қилиш (АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 23-моддаси);

● акцияларни консолидациялаш тартибини уларни битта янгисига консолидациялаш учун етарлича акцияларга эга бўлмаган акциядорлардан сотиб олиш шартларини белгилаган ҳолда аниқлаштириш (АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 39-моддаси);

● акцияларни бозор баҳосида сотиб олиш талабини бекор қилиб (АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 40-моддаси), улар «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддасида белгилангани каби ҳақиқий қиймати бўйича сотиб олинади деб белгилаш;

● АЖ акцияларни сотиб олишга йўналтирадиган жамият соф активлари қийматининг 10%идан кўп бўлмаган маблағларнинг энг кўп суммасини бекор қилиш (АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 41-моддаси).

Қонун ҳужжатларига бундай ўзгартиришлар киритилганда биринчи босқичда акцияларни конвертациялаш коэффициентини белгилаган ҳолда уларни консолидациялаш тўғрисида қарор қабул қилиш етарли бўлади. Бу ҳол реестрда кўпи билан 50 нафар акциядорни қолдириш имкониятини беради. Бу иккинчи босқичда АЖни масъулияти чекланган жамиятга ўзгартириш имконини беради. Акциядорлар сонини 50 гача етказиб ва ундан камга тушириб, МЧЖга ўзгартиришни илгари чоп этилган мақолаларда келтирилган тавсияларни ҳисобга олган ҳолда амалга ошириш таклиф этилади.

 

Кичик акциядор хусусида сўз юритсак

Ушбу чизмани амалга ошириш чоғида яна бир оғриқли, етарлича тартибга солинмаган масала кўзга ташланади – АЖ аъзоси бўлиб қолиш ва, унинг оқибатида, МЧЖ иштирокчисига айланиш мақсадида битта ва ундан кўп янги акцияларга конвертациялаш учун қимматли қоғозлар етмайдиган акциядорларнинг ҳуқуқлари бузилмаяптими?

Ушбу масала бошқа мамлакатларда қандай ҳал қилинаётганлигини эслатиб ўтаман.

Германияда жамият янги қимматли қоғозларга алмаштириш учун сони етарли бўлмаган акцияларни ўз кучини йўқотган деб эълон қилиши мумкин. Буюк Британияда, агар бунда касрли (майдаланган) акциялар ҳосил бўлмаса, консолидациялаш имкони бор. Японияда консолидациялаш чоғида ҳосил бўлган касрли акциялар бекор қилиниши керак. АҚШда бундай акцияларнинг эгалари 1 та консолидацияланган акциянинг қийматига тенг бўлган пулли компенсация оладилар. Қирғизистонда АЖ акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига кўра муомаладаги акциялар сонини уларни сотиб олиш ёки консолидациялаш йўли билан камайтиришга ҳақлидир.

Ўзбекистоннинг амалдаги қонун ҳужжатларида акцияларни консолидациялаш масаласида чекловлар мавжуд эмас (уларнинг энг кўп номинал қийматидан ташқари). АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 39-моддаси билан белгиланган ушбу ҳуқуқ акциядорлар умумий йиғилиши томонидан консолидациялаш тўғрисида қарор қабул қилиш йўли билан амалга оширилади.

АЖ аъзолари манфаатларининг ҳисобга олиниши ва ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши уларнинг ҳаммаси муқаррар тарзда тенг ҳуқуқлар билан таъминланиши шартлигини билдирмайди – улар акциядорга тегишли бўлган акциялар сонига боғлиқ ҳолда қонун ҳужжатлари билан табақалаштирилади. Шуни ҳисобга олиш лозимки, жаҳон миқёсидаги ҳамда амалдаги миллий ҳуқуқий тартиб акциядорларнинг барча гуруҳлари тенг ҳимоя қилинишини мустаҳкамлаган ҳолда, айни вақтда баъзиларнинг манфаатларини бошқаларнинг фойдасига чеклашга йўл қўйиб, уни мутаносиб пулли компенсация билан тўлдиради. Хусусан, жамиятнинг акциядор ҳуқуқлари жамоа манфаати фойдасига чекланишини компенсациялаш мажбурияти АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 40–41-моддаларида белгиланган ҳолларда юзага келади. Ушбу моддаларда акцияда мужассамланган акциядорнинг мулкий ҳуқуқлари ва тегишли мулкий манфаат пул эквивалентида баҳоланади, шу тарзда мутаносиб компенсациялаш қоидаси таъминланади. Таклиф этилаётган акцияларни ҳақиқий қиймати бўйича сотиб олиш, фикримизча, бугунги кунда амал қилаётган бозор баҳосида сотиб олишга қараганда, адолатлироқ мутаносиб компенсация ҳисобланади.

 

Қайта ташкил этилмайди

Бир қатор акциядорлик жамиятлари учун ПҚ-2454-сон Қарор талабларини амалга ошириш шунчаки қийинчилик туғдириб қолмайди, улар ушбу талабларни бажара олмайдилар. Ташкилий-ҳуқуқий шакли ўзгарганлиги оқибатида устав фаолиятини амалга ошира олмайдиган АЖлар улар сирасига киради. Булар – акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилиши кўрсатилган банклар, биржалар, инвестиция фондлари, шунингдек Президент қарорларига биноан тузилган акциядорлик жамиятлари.

Фикримизча, уларни стратегик хом ашёни ишлаб чиқариш ва бирламчи қайта ишлаш соҳасида фаолиятни амалга ошираётган акциядорлик жамиятлари ҳамда ижтимоий аҳамиятга молик бўлган товарлар ва хизматларни етказиб берувчилар рўйхатига киритиш лозим. Акс ҳолда «Биржа ва биржа фаолияти тўғрисида», «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида», «Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида»ги қонунларга ўзгартишлар киритиш лозим.

Устав фондидаги давлат улуши миқдори Президент ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган акциядорлик жамиятлари учун ҳам қайта ташкил этиш муаммо туғдиради. Агар бошқа акциядорлар ўз акцияларини хорижий инвесторга сотишга рози бўлсалар, уларнинг муаммоси ҳал бўлади. Бироқ эркин сотиш учун акциялар йўқ бўлганда ва акциядорлар ўзларининг қимматли қоғозларини чет эллик инвесторга сотишни рад этганларида қийинчилик юзага келади. Ушбу ҳолда бунинг учун акцияларни қўшимча чиқариш лозим. Бироқ бундай эмиссия давлат улушининг камайишига олиб келади. Буни эса илгари қабул қилинган қарорларга ўзгартишлар киритмасдан ёки вазиятдан чиқиш учун ҳуқуқий асосни барпо этадиган бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилмасдан амалга ошириб бўлмайди.

Александр ЦОЙ,

«Aleksta Yure» АФ адвокати.

Прочитано: 2359 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика