Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 07 / МҲХСга ўтамиз

Стандартга мувофиқ эмас. Нима бўлади?

 

Ўзбекистонда бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш ва ҳисобот тузиш билан боғлиқ муносабатлар «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонун (30.08.1996 йилдаги 279-I-сон, бундан кейин – 279-I-сон Қонун) ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

 

Маълумотлари асосида молиявий ҳисобот тузиладиган бухгалтерия ҳисобини юритиш қоидалари Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқиладиган ва тасдиқланадиган бухгалтерия ҳисоби стандартлари билан белгиланади1. Улар томонидан белгиланган тартибни бузганлик учун мансабдор шахсларнинг маъмурий жавобгарлиги назарда тутилган (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-1-моддаси; Солиқ кодексининг 116-моддаси).

Бироқ бугунги кунда республика бухгалтерия ҳисоби катта ўзгаришлар – уни ривожлантиришнинг янги босқичи поғонасида турибди. Президентнинг «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида (24.04.2015 йилдаги ­ПФ-4720-сон) акциядорлик жамиятларининг халқаро стандартларга мувофиқ тузиладиган йиллик молиявий ҳисоботларни чоп этишга ўтишлари назарда тутилган2. Бу – жаҳон амалиётига ўтишнинг биринчи босқичи холос. Бироқ ҳозирнинг ўзидаёқ МҲХСни бузганлик учун жавобгарлик масаласи долзарбдир. Ушбу ҳолат қонун ҳужжатларида назарда тутилганми? Ёки молиявий ҳисоботларни тузиш чоғида халқаро стандартлар талабларининг бузилиши жазоланмайдими?

 

Хатолар кечириладиган давр

Қонун ҳужжатлари нормаларининг таҳлили МҲХС қоидаларининг бузилиши бугунги кунда МЖТКнинг 175-1-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик таркибини ҳосил этмайди деб хулоса чиқариш имконини беради. Зеро жаҳонда амал қилаётган МҲХС ҳозирча Ўзбекистонда қабул қилинмаган. Шу боис ҳам улар бўйича тузилган ҳисобот муайян вақт давомида миллий стандартлар бўйича ҳисобот билан «бирга яшайди». Бунинг устига, солиқ ва мажбурий тўловларнинг барча ҳисоб-китоблари миллий ҳисобот асосида амалга оширилади. Дивидендларни акциядорларга тақсимлаш тўғрисидаги қарор ҳам унга асосланади. Молиявий ҳисоботнинг миллий тизимини қўллайдиган бир қатор мамлакатларнинг тажрибаси хорижий капитал (инвестициялар) иштирокидаги корхоналар фойдасини тақсимлаш чоғида МҲХС бўйича молиявий ҳисобот кўрсаткичларидан фойдаланишга йўл қўяди. Бунга мисоллар Ўзбекистонда ҳам бор.

Кўрамизки, регулятор АЖ оғриқсиз ва янада самарали тарзда МҲХСга ўтишига имкон берадиган осойишта ва мослашувчан «адаптация даври»ни оқилона равишда таъминламоқда. Бундан ташқари, у вақтинча дастлабки хатоларга расмий аҳамият бермасдан, уларни нейтраллаштириш имкониятини бермоқда. АЖ, ­аудиторлик ташкилотлари ва назорат қилувчи органлар мутахассисларининг етарлича миқдорини ўз вақтида ўқитиш ва тайёрлаш имконияти ҳам бундай ёндашувнинг катта афзаллигидир.

 

Самарадорлик билан мос келмайдиган таваккалчилик

Бироқ АЖ раҳбарлари, молиявий директорлари ва бош бухгалтерлари МҲХС талабларига риоя этилмаган тақдирда бирор-бир оқибатлар ва хатарлар йўқлиги тўғрисида хулоса чиқаришга шошилмасликлари керак.

2015 йил августда Давлат улуши бўлган акциядорлик жамиятлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари тўғрисида низом (ВМнинг 28.07.2015 йилдаги ­207-сон Қарори, бундан кейин – 207-сон Низом) тасдиқланган эди. Унга кўра, 2016 йил 1 январдан бошлаб устав капиталида давлат улуши бўлган АЖлар (банклар ва суғурта ташкилотларидан ташқари) ҳар йили жамият фаолияти самарадорлигини баҳолашлари шарт, унинг асосида унинг топ-менежменти самарадорлигига баҳо берилади. Низом давлат улушига эга бўлмаган хўжалик юритувчи субъектлар учун ҳам, агар унинг бошқарув органи улар фаолиятининг самарадорлигини баҳолашга қарор қилса, қўлланиши мумкин. Бунда самарадорликнинг бир қатор муҳим кўрсаткичлари ҳисоб-китоби халқаро стандартлар бўйича молиявий ҳисоботнинг фоизлар, солиқлар ва амортизация чегирилишига қадар фойда (EBITDA), харажат ва даромадлар нисбати (CIR), жалб этилган капиталнинг рентабеллиги (ROCE) сингари маълумотлари ва бошқа маълумотлар3 базасида амалга оширилади (207-сон Низомга 2а ва 3а-иловалар). Компания самарадорлигининг ҳисоблаб чиқарилган кўрсаткичи кейинчалик жамият бизнес-режасида назарда тутилган прогноз кўрсаткичлар билан солишлаштирилади ва уларни «бажариш фоизи» аниқланади.

Самарадорликнинг барча кўрсаткичлари бўйича ўртача ҳисобланган қиймат базасида АЖни бошқарувчи ваколатли орган қуйидагиларни аниқлайди:

1) жамият ижро этувчи органи фаолиятининг самарадорлигини. Чунончи, 207-сон Низомнинг 27-бандига кўра, ушбу ўртача ҳисобланган қийматга боғлиқ ҳолда ижро этувчи органнинг фаолияти қониқарсиз, паст даражада, етарли даражада эмас, ўртача даражада, етарли даражада ёки юқори даражада деб топилиши мумкин. Ижро этувчи органнинг самарадорлиги кетма-кет 2 чорак мобайнида қониқарсиз ёки паст даражада бўлса, бу ҳол ижро этувчи орган раҳбари билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ташаббуси билан чиқишга олиб келади;

2) ижро этувчи орган раҳбари ва аъзоларини мукофотлаш миқдорини, у бизнес-режада назарда тутилган ижро этувчи органни моддий рағбатлантириш пули миқдорини ўтган давр учун самарадорлик кўрсаткичларининг бутун мезонлари бўйича ўртача ҳисобланган қийматга кўпайтириш йўли билан аниқланади ­(207-сон Низомнинг 24-банди)3.

МҲХС талабларининг бузилиши жамият (мезонлар жами бўйича) ва унинг ижро этувчи органи фаолияти самарадорлигининг кўрсаткичларини бузиб кўрсатиш сабабчиси бўлиши мумкин. Бундай бузиб кўрсатишга йўл қўймаслик учун жамият ва унинг топ-менежменти фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш аудиторлик ташкилотлари томонидан мажбурий йиллик махсус (алоҳида) текширувга тортилиши белгиланган. Унинг якунлари бўйича илгари ҳисобланган қийматлар аниқлаштирилиши мумкин. Агар улар ёмонлашса ва ортиқча тўланган рағбатлантириш суммаларини ушлаб қолиш зарурати вужудга келса, салбий фарққа жамият ижро этувчи органи раҳбарлари ва аъзоларига ҳисобот йили учун йил якунлари бўйича ҳақ тўлаш чоғида тузатиш киритилади ёхуд уларнинг иш ҳақидан чегирилади ёки бошқа усул билан қопланади. Шу тариқа, ижро этувчи орган аъзоларига тўланадиган ҳақ миқдорини кўпайтириш учун асос бўлган жамият фаолияти самарадорлиги кўрсаткичларини асоссиз равишда оширишга олиб келган МҲХС талабларига риоя этмаслик учун улар ҳеч бўлмаганда моддий жавобгар бўладилар.

Агар ваколатли давлат органлари томонидан текширув чоғида молиявий ҳисобот билан бундай «эркинликлар» қасддан (моддий наф олиш, меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асосларни яшириш мақсадида) қилинганлиги аниқланса, жамиятнинг айбдор мансабдор шахслари мансаб сохтакорлиги учун жавобгарликка тортилишлари мумкин (Жиноят кодексининг 209-моддаси). Йирик миқдорда зарар етказилганлиги ёки давлат ва жамият манфаатларига етказилган зарар жиддий бўлганда – шунингдек мансаб ваколатлари суиистеъмол қилганда ҳам жавобгарлик белгиланади (ЖКнинг 205-моддаси).

Қисқа хулоса: МҲХС талабларини менсимаслик устав капиталида давлат улуши бўлган АЖ топ-менежменти учун, шунингдек давлат улушига эга бўлмаган тадбиркорлик субъектлари топ-менежменти учун компания фаолияти самарадорлиги кўрсаткичларини ошириш ёки камайтиришга ва, бунинг оқибатида:

ижро этувчи органлар аъзоларини моддий жавобгарликка тортишга (зарарни қоплашга);

улар билан меҳнат шартномаларини муддатидан аввал бекор қилишга;

режадан ташқари текширувлар ўтказишга;

айбдор мансабдор шахсларни жиноий жавобгарликка тортишга олиб келиши мумкин.

 

Бинобарин, МҲХС бўйича молиявий ҳисобот тайёрлаш АЖ раҳбарлари, молиявий директорлари ва бош бухгалтерлари учун жуда муҳим ва принципиал аҳамиятга эгадир.

 

МҲХСга ўтиш остонасида

207-сон Низом нафақат АЖ, балки устав капиталида давлат улуши бўлган МЧЖ/ҚМЖ ва давлат корхоналари учун ҳам мажбурийдир (207-сон Низомнинг 1-банди). Субъектлар фаолияти самарадорлигининг кўрсаткичлари халқаро стандартлар бўйича тузилган молиявий ҳисобот маълумотлари базасида ҳам белгиланиши боис, бу ҳолат ушбу хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳаммаси (нафақат АЖлар) молиявий ҳисоботни МҲХСга мувофиқ шакллантиришлари кераклигини билдирадими ёки улар бўйича алоҳида қарор қабул қилинадими? Ҳаётнинг ўзи кўрсатади.

Бироқ ҳар қандай ҳолда ҳам шуниси равшанки, улар халқаро стандартларга ўтишга собитқадамлик билан тайёрланишлари керак. Бунинг учун эса бухгалтерия ҳисоби миллий стандартлари бўйича ишончли молиявий ҳисобот тайёрлаш ва аудиторлик фаолияти миллий стандартлари (АФМС) бўйича сифатли аудит ўтказишлари муҳимдир. Акс ҳолда миллий ҳисобот МҲХС бўйича ҳисоботга трансформация қилинганда барча жиддий хатолар халқаро ҳисоботга ўтади.

АЖ раҳбарларига ўз бош бухгалтерлари ва молиявий мутахассисларини МҲХС бўйича ишлашга ўқитишга жиддий ёндашиш тавсия қилинади, зеро халқаро стандартларни жорий этиш ва қўллаш айниқса дастлабки босқичда жуда мураккаб ва сермеҳнат жараёндир. Уларни тажриба ўрганиш учун амалиётчи мутахассислар ҳузурига юбориш, халқаро аудиторлик компаниялари билан ҳамкорлик қиладиган тренинг марказларида ўқитиш мақсадга мувофиқ бўлади. Улар МҲХСни корхоналарда жорий этиш ва халқаро стандартлар бўйича аудит ўтказиш тажрибасига эгалар, зеро фақат назарий билимларнинг бўлиши амалиётда сифатли ҳисобот тайёрланишини таъминламайди.

Одатда МҲХСни биринчи бор қўллаш чоғида айниқса кўп саволлар, вазиятлар ва муаммолар вужудга келади. 1-сон МҲХС (IAS) «Молиявий ҳисоботни тақдим этиш»га кўра, ҳисоботларнинг тўлиқ комплектига қуйидагилар киради:

даврнинг тугаши санасида молиявий аҳвол тўғрисидаги ҳисобот. У миллий стандартлар бўйича тузилган 1-сон шакл – «Бухгалтерия баланси»нинг (АВ томонидан 24.01.2003 йилда 1209-сон билан рўйхатдан ўтказилган молия вазирининг буйруғига 1-илова, бундан кейин – 1209-сон Буйруқ) муайян аналоги ҳисобланади;

давр учун фойда, зарарлар ва жами молиявий натижанинг бошқа таркибий қисмлари тўғрисида ҳисобот. Унда тақдим этиладиган ахборот кўп жиҳатдан 2-сон шакл – «Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот»да (1209-сон Буйруққа ­2-илова) шакллантириладиган ахборот билан алоқадордир;

давр учун хусусий капиталдаги ўзгартишлар тўғрисида ҳисобот. Унга миллий ҳисоботдаги 5-сон шакл – «Ўз сармояси тўғрисида ҳисобот» (1209-сон Буйруққа 5-илова) ўхшайди;

давр учун пул оқимлари тўғрисида ҳисобот. У касса усули бўйича тузиладиган ва миллий ҳисоботнинг 4-сон шакли – «Пул оқимлари тўғрисида ҳисобот»га (1209-сон Буйруққа 4-илова) мувофиқ келадиган ягона ҳисоботдир.

Ҳисоботларнинг тўлиқ комплектига ҳисоб сиёсати асосий қоидаларнинг қисқача шарҳи ҳамда батафсил очиб берилиши мажбурий бўлган ва МҲХС тартибга соладиган тушунтириш ахборотидан иборат бўлган изоҳлар ҳам киришига алоҳида ­эътибор бериш лозим. Амалиётда у жуда кўп саволларни туғдиради ҳамда мураккаб ва сермеҳнат жараён ҳисобланади. Очиб бериш (изоҳлар, ҳисоб-китоблар, тушунтиришлар) мазмунида ва уларнинг ҳажмларида принципиал фарқлар мавжудлигини тушуниш муҳимдир. Ҳозирги вақтда молиявий ҳисобот шакллари ва тушунтириш хатида (очиб беришда) ахборот нисбати тахминан 85/15 ни ташкил этади, яъни ахборотнинг қарийб 85%и молиявий ҳисобот шаклларида берилган. МҲХСни қўллаш чоғида эса ушбу нисбат 40/60 ни ташкил этади. Шу боис очиб бериш жуда муҳим аҳамият касб этади, чунки уларда бутун ахборотнинг қарийб 60%и баён этилади.

1-МҲХС (IFRS) «Молиявий ҳисобот халқаро стандартларини дастлабки қўллаш»га мувофиқ, МҲХСга ўтишни ҳисоблашнинг аниқ санаси бўлиб ҳисобот санасидан 2 йил аввалги сана ҳисобланиши далили жиддий эътиборни талаб қилади. Яъни дастлабки молиявий ҳисобот, ҳеч бўлмаганда, молиявий ҳолат тўғрисида 3 ҳисобот, фойдалар, зарарлар ва жами молиявий натижанинг бошқа таркибий қисмлари; пул оқимлари; ўз капиталидаги ўзгартишлар тўғрисида 2 тадан ҳисобот ва тегишли изоҳлар, шу жумладан барча тақдим этилган ҳисоботлар учун қиёсий ахборотни ўз ичига олиши керак. Шу сабабли агар АЖ биринчи бор МҲХСни қўлласа, унда 2013, 2014 ва 2015 йиллар учун МҲХС бўйича ҳисоботга миллий ҳисоботни трансформациялаш зарурати вужудга келади.

 

Ҳисоб сиёсатини қайта кўриб чиқинг. Фақат унигина эмас

МҲХСни жорий этиш чоғида ҳал этиш керак бўлган бошқа концептуал масалалар ва вазиятлар ҳам мавжуд. Улар жумласига қуйидагилар киради:

ҳисоб сиёсатини МҲХСга мувофиқ шакллантириш. У биринчи ҳисоботда тақдим этилган барча даврларда ҳам, кейинги даврларда ҳам қўлланади. АЖ мустақил равишда ёки малакали аудиторлик ташкилотини жалб этган ҳолда МҲХСга мувофиқ келадиган, ҳисобот санасида амал қиладиган ҳисоб сиёсатини шакллантириши ва тасдиқлаши керак. Ҳисоботни баҳолаш ва унинг объектларини акс эттиришнинг мувофиқ келмайдиган усулларини танлаш компанияга жуда қимматга тушиши мумкин, чунки МҲХС ҳисоб сиёсатига ўзгартишлар киритишга жуда кам ҳолларда йўл қўйилади. Шуни билиш лозимки, бундай номувофиқликларни аниқлаган ва ҳисоб сиёсатини алмаштириш тўғрисида қарор қабул қилган АЖ ҳисобот кўрсаткичларининг ретороспектив қайта ҳисобланишини амалга оширишига тўғри келади.

МҲХС бўйича ҳисоб сиёсати мақоми ва уни тасдиқлаш таомилини аниқлаш алоҳида масалалар ҳисобланади, чунки стандартларнинг ўзи ҳозирча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар деб эътироф этилган эмас. 1-сон БҲМС «Ҳисоб сиёсати ва молиявий ҳисобот» (АВ томонидан 14.08.1998 йилда 474-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан ўхшаш тарзда уни ишлаб чиқиш ва буйруқ (фармойиш) билан тасдиқлашни ижро органи раҳбарининг ваколат доирасига киритиш таклиф қилинади. Кейинроқ ҳисоб сиёсатини тасдиқлаш ёки кузатув кенгаши билан келишган ҳолда унга асосли тузатишлар киритиш имкониятини кўриб чиқиш мумкин. Зеро бундай ўзгаришлар акциядорларнинг, шу жумладан давлатнинг манфаатларига бевосита таъсир кўрсатиши мумкин. Ана шу ва бошқа масалалар «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги, «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларга, бухгалтерия ҳисоби миллий стандартларига ўзгартишлар киритиш, тегишли тушунтиришлар чиқариш мақсадга мувофиқлигини кўрсатади;

МҲХС бўйича активлар ва мажбуриятлар моддалари таърифи. Ҳисоб сиёсати қабул қилинганидан кейин АЖ миллий ҳисоботда акс этган ва амалда мавжуд бўлган активлар ва мажбуриятларнинг мазмуни ҳамда таркибини синчиклаб таҳлил қилиши лозим. Бу ҳолни, ҳатто агар активлар ва мажбуриятлар миллий стандартлар бўйича ҳисобда акс эттирилмаса ҳам, улар МҲХС бўйича ҳисобда зарур бўлиши мумкинлиги тақозо этган ва аксинча;

МҲХС бўйича активлар ва мажбуриятларни баҳолаш. Активлар ва мажбуриятларни баҳолаш МҲХС бўйича дастлабки ҳисоботни тузиш чоғида анча мураккаб ва сермеҳнат таомил ҳисобланади. Баҳолашда БҲМС ва МҲХС ўртасида бир қатор фарқлар мавжуд. Улар харажатларни капиталлаштиришнинг турли шартлари; активларнинг баланс баҳосини шакллантирадиган бўлғуси пул оқимларини баҳолаш усулларини қўллаш; бошқа омиллар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Натижада ҳисоб объектларининг баланс қийматини шакллантиришга ёндашувларнинг фарқи уларни қўллашда амалий қийинчиликларга олиб келиши мумкин. Бунинг устига қўллаш масалалари ва адолатли қийматни аниқлаш муаммолари кейинги йилларда МҲХСда кўп сонли ўзгартишларни вужудга келтирди;

капитал ва резервлар миқдорига тузатишлар киритиш. Барча босқичлар амалга оширилганидан ва тўғри трансформация ўтказилганидан кейин миллий ҳисобот бўйича соф активлар миқдори МҲХСга мувофиқ шакллантирилган капиталлар ва резервлар миқдоридан фарқланиши мумкин. 1-МҲХС (IFRS)га кўра, ушбу фарқни тақсимланмаган фойда таркибида акс эттириш лозим;

профессионал фикрдан фойдаланиш. Чунончи, молиявий ҳисобот элементини эътироф этиш ва баҳолаш имконини берадиган императив нормалар ўрнига МҲХС баҳоланиши бухгалтернинг профессионал фикрини шакллантиришга олиб келиши керак бўлган ҳолатлар доирасини таклиф қилади. Таҳдид ва таваккалчиликларнинг бундай алоҳида соҳаси акциядорлик жамиятлари олдига экспертлар ва (ёки) тегишли тажриба ва амалиётга эга бўлган малакали аудиторлик ташкилотларини жалб этиш заруратини қўяди.

Маълум маънода улар «ихтилофга бой» масалалар, яъни улар тизимда жиддий хатоларга йўл қўймаслик мақсадида тизимлар ўртасидаги қарама-қаршиликларни ҳал этиш учун профессионализм, билим ва амалий тажрибани тақдим этади. Бунинг устига, МҲХС бўйича молиявий ҳисобот кўрсаткичлари, шу жумладан молиявий натижалар (фойда ёки зарар миқдори) миллий стандартлар бўйича молиявий ҳисобот маълумотларидан, фойда кўрсаткичининг зараргача тубдан ўзгаришигача ёки аксинча, анча жиддий фарқ қилиши мумкин. Шу муносабат билан бундай концептуал масалалар ва фарқларнинг ҳисобот кўрсаткичларига эҳтимолий таъсири хусусиятини аввалдан ва профессионал даражада баҳолаш ҳамда уларни кейинроқ акциядорларнинг умумий йиғилишида кўрилиши (тасдиқланиши) мақсадга мувофиқдир. Шу тариқа, топ-менежмент активлар, мажбуриятлар, хусусий капитал ва молиявий натижалар кўрсаткичларидаги фарқларни батафсил тушунтиришга ­тайёр бўлиши керак.

МҲХС бўйича молиявий ҳисоботнинг кузатув кенгашлари ва (ёки) акциядорларнинг умумий йиғилишлари томонидан кўриб чиқилиши ва тасдиқланиши зарурлиги ҳам ўтиш масалаларидан биридир. Эҳтимол, кейинроқ АЖ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ҳам тегишли ўзгартишлар киритиш талаб қилинади.

Шу сабабли молиявий ҳисоботни тайёрлашнинг «тўғри тури» учун ҳисоботни «қарийб МҲХС бўйича», «МҲХС каби», «МҲХС шакли бўйича», яъни исталган соф «шаклий» тайёрлашни истисно этиш жуда муҳимдир. Бунинг устига, у фойдаланувчилар томонидан эътироф этилмаслигидан ташқари, унинг оқибатлари ҳам – обрў-эътибор жиҳатдан ҳам, молиявий жиҳатдан ҳам – АЖ учун жуда жиддий бўлиши мумкин.

Шу боис ҳам, агар бундай трансформацияни компания ходимлари амалга оширсалар, дастлаб уларнинг МҲХС ва БҲМС бўйича билимларини текшириш керак, албатта. Агар ташқи аудиторлар жалб этилса, МҲХСни жорий этиш ва халқаро стандартлар бўйича аудит ўтказиш амалий тажрибасига эга бўлган юқори профессионал ташкилот билан шартнома тузиш мақсадга мувофиқдир. Фақат хизматларнинг паст қийматини кўзлаш АЖ ва унинг раҳбарларида катта муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Мазкур вазиятда аудиторлик ташкилотининг профессионализми ва амалий тажрибаси тўғри танлов учун асос бўлиши керак.

 

Ўзгартишларни кузатиб боринг

МҲХС – етарлича ўзгарувчан тизим. У бир қатор мамлакатлардаги миллий ҳисоб стандартларига қараганда тезроқ ўзгариб боради. Шу боис раҳбарлар, молиявий директорлар ва бош бухгалтерларнинг бундай ўзгартишларни ўз вақтида мониторингдан ўтказишлари ва МҲХС бўйича ҳисоб сиёсатига тузатишлар киритишни таъминлашлари, ҳатто уларга бўлғуси ўзгартишларнинг таъсирини олдиндан баҳолаб, ҳатто баъзи бизнес-жараёнларни ўзгартиришлари жуда муҳимдир.

Масалан, Молиявий ҳисоб халқаро стандартлари қўмитаси янги 15-МҲХС (IFRS) «Харидорлар билан шартномалар бўйича тушум» стандартини чоп этди. У 2017 йилдан кейин бошланадиган даврларга нисбатан кучга кириб, илгари қабул қилинган 11-МҲХС (IAS) «Қурилиш шартномалари», 18-МҲХС (IAS) «Тушум», 13-КРМФО (IFRS) «Мижозларнинг хайрихоҳлиги дастурлари», 15-КРМФО (IFRIC) «Кўчмас мулк объектлари қурилишига битимлар», 18-КРМФО (IFRIC) «Мижозлардан активларни топшириш» ва 31-ПКР (SIC) «Тушум – реклама хизматларини ўз ичига оладиган бартер операциялари» сингари ҳужжатлар ўрнини эгаллайди. Биз компаниялар фаолиятининг энг муҳим кўрсаткичлардан бири – тушумни белгилаш тартибидаги бўлғуси ўзгартишлар қанчалик салмоқли эканлигини яққол кўрсатиш учун стандартлардаги ўзгартишларнинг батафсил рўйхатини атайин келтирдик.

Шу тариқа, бўлғуси ўзгартишларнинг истиқболли мониторинги, уларнинг молиявий ҳисобот кўрсаткичларига таъсирини баҳолаш ва тўғри қўллаш АЖ молиявий директорлари ва бош бухгалтерлари учун жуда муҳим. Малакали аудиторлик ташкилотлари кўрсатадиган, МҲХС бўйича ўзгаришларни мониторинг ва жорий этишнинг профессионал маслаҳат бериш кўмаги зарурлиги табиий ҳолдир.

Бир қатор мамлакатларда МҲХСни жорий этиш тажрибаси намойиш этганидек, вақт ўтиши билан тизимларда «уйғунлаштириш ва қарама-қаршиликларни юмшатиш» мақсадида бухгалтерия ҳисоби, солиқ солиш бўйича амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга, фуқаролик қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритишнинг мақсадга мувофиқлиги кўринади. Бинобарин, корхоналарда МҲХСни жорий этиш ва қўллашнинг доимий мониторинги ҳамда миллий қонун ҳужжатларига зарур ўзгартишлар киритиш зарурати вужудга келади. Молиявий директорлар ва бош бухгалтерлар қонун ҳужжатларидаги ўзгартишларнинг МҲХС бўйича молиявий ҳисобот кўрсаткичларига таъсири тўғрисида профессионал фикрни олдиндан баҳолаши ва шакллантириши керак бўлади.

Бунинг устига, МҲХСни жорий этиш ва қўллаш пировард бенефициарлар (реал мулкдорлар)ни, аффилланган (боғланган) компаниялар билан операцияларни очиб бериш, фаолиятнинг шаффофлиги ва самарадорлигини ошириш бўйича қатъий талаблар туфайли корпоратив бошқаришни такомиллаштиришни тақозо этади. Буларнинг ҳаммаси ташкилий таркиб ва бизнес жараёнларини ўзгартириши мумкин. Шуъба ёки қарам корхоналарга эга бўлган акциядорлик компаниялари олдида ­10-МҲХС (IFRS) «Консолидацияланган молиявий ҳисобот» талабларига мувофиқ мажбурий консолидацияланган молиявий ҳисобот тайёрлашдек мураккаб жараён турибди.

 

Олег ДАМИНОВ,

бошқарувчи ҳамкор,

Екатерина АДЕЕВА,

«Baker Tilly Uzbekistan» компаниялар гуруҳи юридик амалиётининг раҳбар ўринбосари.

 

 


1Банкларнинг бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини тартибга солишни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки амалга оширади.

2МҲХС бўйича молиявий ҳисобот бухгалтерия ҳисоби миллий стандартлари бўйича ҳисобот билан бир вақтда, унинг ўрнини босмаган ҳолда тузилади.

3Самарадорлик кўрсаткичлари лозим даражада бўлганда ижро этувчи орган аъзоларини мукофотлаш миқдори бизнес-режада назарда тутилган мукофотлаш миқдорига нисбатан икки баробар оширилиши мумкин (батафсилроқ 207-сон Низомнинг 25-бандига қаранг).

Прочитано: 3492 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика