Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 07 / Божхона

Божхона кодекси-2016. Янгиланишлар кўлами қандай?

 

20 январда Президент «Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги ЎРҚ-400-сон Қонунни имзолади. Апрель ойида божхона қоидалари ва меъёрларининг ушбу ҳуқуқий мажмуи кучга киради. Янги Божхона кодексини қўллаш хусусиятлари қандай? У 1997 йилги БКдан нимаси билан фарқ қилади? Махсус мухбиримизнинг ана шу ва бошқа саволларига Давлат божхона қўмитасининг ҳуқуқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Маргарита МИРАЗИМОВА жавоб беради.

 

– Маргарита Михайловна, ТИФ иштирокчилари янги БК кучга киргандан кейин уларни нималар кутаётганлиги билан қизиқмоқдалар. Кодекс нималардан таркиб топган?

– Аввало шуни таъкидлаш муҳимки, янги Божхона кодекси халқаро стандартларга мувофиқлаштирилган. Шу жумладан Киото конвенцияси, Тарифлар ва савдо бўйича бош битим (15.04.1994 йил) қоидалари, ЖСТ доирасида қабул қилинган бошқа битимларга мосдир.

Кодекснинг тўғридан-тўғри амал қилиш қоидаси бўйича қурилганлиги яна бир муҳим жиҳатдир. Таққослаш учун: янги БК 12 бўлим, 59 боб ва 412 моддадан иборат. Ҳозирда амал қилаётган Кодексда 11 бўлим, 19 боб ва 198 модда бор.

Божхона кодекси янада батафсил тус олди. Масалан, товарларни қувур транспорти ва электр узатиш линиялари орқали олиб ўтиш ва уларнинг божхона экспертизасига 1997 йилги Кодексда биттадан модда бағишланган. Янгисида уларни 25-«Қувур транспорти ва электр узатиш линиялари орқали божхона чегарасидан олиб ўтиладиган товарлар» ва 30-«Божхона экспертизаси» боблари тартибга солади. 25-бобда алоҳида тартибдаги товарларни олиб ўтиш хусусиятлари назарда тутилган. Буни, бир тарафдан, энергетик ва ёқилғи ресурсларини ташишнинг, шунингдек уларни олиб ўтиш устидан божхона назоратининг умумий тартибга тўғри келмайдиган, индивидуал ўзига хослиги тақозо этган. Бошқа тарафдан, бу ҳол божхона таомилларини ҳозир амал қилаётган тартиб билан қиёслаганда соддалаштириш ва енгиллаштириш билан боғлиқ.

30-боб эса божхона экспертизаси ва божхона назорати мақсадида тадқиқотлар ўтказишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди. Эски таҳрирдаги БК, моҳиятига кўра, божхона ишининг ушбу муҳим институтини тартибга солмас эди. БКнинг янги таҳрири экспертиза зарур бўладиган ҳоллар, уни тайинлаш тартиби, экспертнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, унга қўйиладиган талабларни белгилайди. Декларантнинг ташаббусига кўра экспертиза тайинланиши мумкин бўлган норма киритилган. Унинг мақсадлари, объектлари, ўтказиш асослари ва муддатлари, шунингдек экспертизани тайинлаш ва ўтказиш чоғида ваколатли шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари батафсил баён этилган. Бобга божхона экспертизасини ўтказиш ва намуналарни танлаб олиш тўғрисидаги амалдаги қонуности ҳужжатларининг тузатиш киритилган қоидалари тўлалигича кирган.

Пухта ёндашилганига яна бир мисол – товарларни халқаро почта жўнатмаларида олиб ўтишнинг тартибга солинганлиги. 1997 йилги Кодексда унга ҳатто модда эмас, балки унинг бир қисми бағишланган эди. Янги БКда ушбу масалани 24-«Халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида юбориладиган товарлар» боби (165–169-моддалар) тартибга солади. Унга алоҳида таомилларни тартибга соладиган меъёрий ҳужжатларнинг бир қатор тўлдирилган ва қайта ишланган қоидалари кирган. Қонуности ҳужжатлари сонининг камайганлиги ва Кодекснинг тўғридан-тўғри амал қилиши яққол кўринади.

Унинг батафсиллиги амалиётида юзага келадиган низоли ҳолларни ҳал этиш имконини беради ва божхона таомиллари ТИФ иштирокчиларига малол келмаслиги учун ҳуқуқий омиллар яратади. БКнинг янги таҳрири турли вазиятларда фойдаланиш учун муайян регламентловчи қоидаларни тақдим этиб, янада аниқ ҳуқуқий асос яратади.

Божхона кодекси қоидаларининг бир қисми Ҳукумат, ДБҚнинг баъзи бир қонуности ҳужжатларига ҳавола қилади. Бироқ у Кодексни ривожлантириш учун нималар чиқарилиши мумкинлиги ва у қандай доираларда юз бериши кераклигини мутлақо аниқ ва қатъий қилиб белгилайди. Яъни мен ушбу Қонуннинг ва ҳозир биз иш олиб бораётган қонуности меъёрий базанинг аниқ-равшан эканлигига эътиборни қаратмоқчиман.

Яна бир жиҳат – божхона таомилларининг шаффофлиги ва соддалаштирилганлиги. Божхона кодексини ишлаб чиқаётганда биз қуйидаги қоидага амал қилдик: ТИФ иштирокчиси нималарга ҳуқуқи борлигини ва божхона органи ундан нималарни талаб қилишга ҳақли эмаслигини аниқ билиши керак. Ўз навбатида божхона органи ходими ҳам ўзининг ТИФ иштирокчиси билан муносабатларидаги ваколатлари доирасини билиши керак бўлади. Божхона таомилларини соддалаштириш – ишлаб чиқувчилар эълон қилган ушбу бош шиор Божхона кодекси нормаларида мужассамланди. Бу товар оборотини жадаллаштиришга кўмак беради. Мисол учун, 272-моддада БЮД тақдим этилгунга қадар ёки божхона расмийлаштируви бўйича операциялар якунлангунигача товарларни чиқариш шартлари қайд этилади. Хусусан, буни товарларни идентификациялаш имконини берадиган маълумотларни ўз ичига олган товарга илова қилинувчи ҳужжатлар; товарлар чиқарилган кундан бошлаб 15 календарь кундан кечиктирмай БЮД тақдим этиш ёки божхона расмийлаштирувини якунлаш тўғрисида ёзма мажбурият тақдим этилганида; Кодекснинг 47-бобига мувофиқ божхона тўловлари тўланиши таъминланганда амалга ошириш мумкин бўлади.

 

– Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ишини енгиллаштирадиган қандай янгиликларни қайд этган бўлардингиз?

– Янги Кодекс маъмуриятчиликдан (1997 йилги Кодекс тақозо этган божхона соҳасида ишлаш усулининг асосий туридан) ташқи савдо фаолияти иштирокчиларининг манфаатларини кўпроқ ҳисобга олиш, божхонада тартибга солишни либераллаштириш томонига йўналтирилди. Чунончи, божхона органларининг мансабдор шахслари томонидан қарор қабул қилиш муддатлари анча қисқартирилди. Рухсат бериш таомилларидан ўтиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни бериш тартиби белгиланди.

Шубҳасиз, божхона расмийлаштируви учун тақдим этиладиган ҳужжатлар сонининг қисқариши ҳам ТИФ иштирокчиларининг фаолиятини енгиллаштиради. Мисол учун, товарларни реэкспорт ва реимпорт режимида жойлаштиришга рухсат берадиган ҳужжатлар сони қисқартирилди. Бу ҳолда ариза беришнинг ўзи кифоя. Божхона тўловлари тўлаш муддатини кечиктириш ёки уларни бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш чоғида ҳужжатларнинг сони ҳам энг кам даражага келтирилди. 330-моддага кўра уларни олиш учун тўловчи божхона органига божхона тўловларини тўлаш бўйича ёзма мажбуриятни ўз ичига олган ариза ва улар тўланиши таъминланганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат тақдим этади.

Ҳар қандай манфаатдор шахсга товарлар олиб кирилгунга қадар божхона органларига уларни ТИФ ТН бўйича классификациялаш хусусида олдиндан қарор олиш учун мурожаат қилиш имконини берадиган механизм батафсил тартибга солинган. Бу ҳол товарни декларациялаш ва расмийлаштириш чоғида божхона таомилларини анча енгиллаштиради (52-боб).

2016 йилги Кодексда товарлар ва транспорт воситалари божхона ҳудудига келтирилгунга қадар улар ҳақида дастлабки ахборот тақдим этишнинг янги механизми назарда тутилган (262-модда). Ташувчи ёки бошқа манфаатдор шахс уни божхона органига олдиндан тақдим этишга ҳақли, бу эса чегарада божхона расмиятчиликларини жадаллаштириш имконини беради.

 

– 2016 йил намунасидаги Божхона кодексида яна қандай янгиликлар бор?

– Янги БКнинг 2 бўлимига кирган, нормалари амалдаги божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида қайд этилмаган барча боблар шубҳасиз янгилик бўлди. Булар «Божхона ишида валюта назорати ва ташқи савдо операцияларининг мониторинги» деб номланган V бўлим ва «Божхона статистикаси. Божхона ишида ахборот-коммуникация технологиялари. Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш» деб номланган IX бўлимлардир. Ва, албатта, 29-«Хавфни бошқариш тизими» боби янгиликдир.

Шуни айтиш лозимки, бунгача божхона хизматида ушбу йўналишлар бўйича ишлашига асос бўлган умумий ҳуқуқий қоидаларгина мавжуд эди. Энди эса янгиликлар божхона ишининг янги концепциясини ўз ичига олган. Улар мамлакатимиздаги жўшқин иқтисодий ислоҳотлар ва халқаро божхона амалиётининг янги тамойиллари натижасида пайдо бўлган.

Чунончи, янги БК замонавий технологияларни кенг қўллашга йўналтирилган. Унинг 54-боби божхона ишидаги ахборот-коммуникация технологиялари, уларни татбиқ этиш, ишлатиш ва ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган. Божхона расмийлаштируви учун ахборот электрон ҳужжатлар шаклида тақдим этилиши мумкинлиги назарда тутилган. Бугунги кунда амалиётда кенг фойдаланилаётган электрон декларациялаш ва электрон рақамли имзо улар божхона назоратини анча соддалаштиргани ва жадаллаштирганини кўрсатмоқда. Ташқи савдо фаолияти иштирокчилари ва декларантлар, бошқа давлатлар божхона хизматлари билан ахборот алмашиш яхшиланяпти. Ушбу дастакларнинг қўлланиши аниқ тартибга солинган ва БК нормалари билан мустаҳкамланган. Божхона назорати ва бизнес билан ҳамкорликни амалга оширишнинг асосий стратегияси бўлган хавфни бошқариш тизимининг қўлланиши ҳам шундай тартибга солинган. Ушбу мослашувчан дастак нафақат ҳуқуқбузарликлар хавфини аниқлашга, балки божхона фаолияти устуворликларини аниқлашга ҳам йўналтирилган. Барча ҳуқуқбузарликлардан барқарор тусга эга бўлган, давлат манфаатларига жиддий тарзда дахлдор бўлган ҳуқуқбузарликлар танлаб олинади. Бу эса барча товарлар ва субъектларни ялпи назорат қилиш ўрнига таҳлил ва хатарларни бошқариш асосида танлаб назорат этиш имконини беради.

Шуни таъкидлаш лозимки, Кодексга «бир дарчадан» қоидаси бўйича божхона таомилларини амалга оширишнинг янги механизми киритилган. Божхона расмийлаштируви учун ҳужжатларни у орқали тақдим этиш бюрократик тўсиқларни бартараф этиш имконини беради, шунингдек ТИФ иштирокчиларининг харажатлари ва вақтини тежайди. Божхона иши соҳасида рухсат берувчи ҳужжатни олиш учун ваколатли давлат органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар сонини имкони борича камайтириш ушбу қоиданинг муҳим таркибий қисмидир. Уни амалга ошириш учун божхона органлари билан самарали идоралараро ҳамкорлик ўрнатилиши лозим.

Шубҳасиз, 56-«Интеллектуал мулк объектларига доир ҳуқуқлар ҳимояси» боби сингари янгиликни таъкидлаб ўтиш зарур. Унда интеллектуал мулк объектларига доир мутлақ ҳуқуқлар эгасини ҳимоя қилишнинг бутунлай янги тартиби келтирилган: товар белгиларига, хизмат кўрсатиш белгиларига, товар келиб чиққан жой номидан фойдаланишга муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар. Божхона чегараси орқали, унинг фикрича, контрафакт товарлар олиб ўтилганда ёки божхона назорати остида бўлган товарлар билан бошқа ҳаракатларни содир этишда унинг ҳуқуқлари бузилиши мумкин деб ҳисоблашга етарли асослари бўлган ҳуқуқ эгаси божхона органларига бундай товарлар чиқарилишини тўхтатиб қўйиш учун чоралар қабул қилиниши тўғрисида ариза беришга ҳақлидир. Махсус қўриқлаш чоралари қўлланадиган интеллектуал мулк объектларининг Интеллектуал мулк объектлари божхона реестрига киритилиши назарда тутилган.

Агар божхона расмийлаштируви ва назорати чоғида божхона органи ҳуқуқ эгаси контрафакт товарлар сифатида кўрсатган товарларни аниқласа, ҳуқуқ эгасига ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятини бериш учун уларни чиқариш тўхтатиб қўйилади.

Божхона иши соҳасида ахборот ва маслаҳатлар бериш тартибини белгилайдиган ­55-бобга ҳам эътибор бериш жоиз. Хусусан, унда назарда тутилишича, божхона органлари уларнинг Интернетдаги расмий веб-сайтларида жойлаштирилган божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари хусусидаги ахборотдан тўсиқсиз фойдаланишларини таъминлайдилар.

 

– Божхона назорати – божхона органларининг хўжалик юритувчи субъектлар билан муносабатларнинг мураккаб ва энг муҳим дастакларидан бири. Божхона маъмуриятчилиги ғояси янги БКда қандай акс эттирилган?

– Албатта, божхона назоратини соддалаштириш ва деталлаштириш орқали. Соддалаштириш тўғрисида юқорида сўз юритдик. Иккинчи жиҳатга келсак, янги БК ҳажмининг ошишини аввало божхона органларининг хўжалик юритувчи субъектлар билан ҳуқуқий муносабатлари нормаларининг янада батафсил ва тушунарли таърифланиши тақозо этган. Божхона назоратининг 5 та янги шакли жорий этилган. Булар – ахборот олиш, божхона кўздан кечируви, товарларнинг тамғаланишини текшириш, божхона кузатуви, товарлар чиқариб юборилгандан кейинги божхона назорати.

Янги Кодексда жами назорат қилишнинг 12 шакли келтирилган (БКнинг эски таҳририда улар 7 та эди). Уларни танлаш чоғида хавфни бошқариш тизимидан фойдаланиш таклиф қилинади, тизим барқарор тусга эга бўлган ва божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш билан боғлиқ бўлган, тез-тез такрорланадиган божхона қонунчилиги бузилишини олдини олишга асосланади. Хавфни таҳлил қилиш усуллари текшириладиган товарлар, транспорт воситалари, ҳужжатлар ва шахсларни, шунингдек унинг даражасини аниқлаш учун қўлланади.

Божхона маъмуриятчилиги нуқтаи назаридан олганда янги Кодексда 16 божхона режими назарда тутилганини, эскисида улар 15 та бўлганини қайд этиб ўтмоқчиман («Вақтинча олиб кириш (олиб чиқиш)» божхона режими 2 мустақил режимга ажратилган: «Вақтинча олиб кириш» ва «Вақтинча олиб чиқиш»). Улар ҳозирги ташқи иқтисодий фаолиятнинг хилма-хиллигини акс эттиради, уни самарали ривожлантириш учун божхона режимларини ҳам қўшганда мавжуд воситаларнинг ҳаммасидан фойдаланиш лозим. II бўлимнинг 4-бобида божхона режимларига тааллуқли бўлган умумий қоидалар белгиланган, кейинги 16 боб алоҳида режимга бағишланган, чунки уларнинг ҳар бири ўзининг ички тузилишига, унга хос бўлган аломатлар, талаблар ва чеклашларга эга. Божхона режими ёрдамида товарларнинг фойдаланиш мақсадлари ва олиб ўтиш мақсадларига боғлиқ ҳолда уларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш тартиби; уларнинг ЎзР божхона ҳудудида (ёки ундан ташқарида) бўлиш шартлари; божхона режимини эълон этувчи ваколатли шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари; айрим ҳолларда товарлар мақомига ёки уларни олиб ўтадиган шахсга қўйиладиган қўшимча талаблар белгиланади. Бўлимни якунлайдиган 21-боб товарни божхона режимлари остига жойлаштириш чоғида рухсат бериш таомилларининг барча жиҳатларини ёритади.

Бунда БКдаги мазкур рўйхатни тугал деб ҳисоблаб бўлмайди. Бу ҳам мантиқан тўғри, чунки Божхона кодекси – узоқ вақт амал қиладиган қонун. Янги реалликлар кейинчалик бошқа режимларни тақозо этиши эҳтимоли катта. Қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши ҳам истисно эмас, шу муносабат билан уларнинг номлари ўзгартирилиши ва қоидаларнинг амал қилиши кенгайтирилиши мумкин. Чунончи, янги БКда «бож олинмайдиган савдо дўкони» тушунчаси «божсиз савдо»га алмаштирилган.

 

– Божхона кодексига «Бож тарифи тўғрисида»ги Қонун қоидаларининг киритилиши унинг таркиби жиддий ўзгаришига сабаб бўлганлиги тўғрими?

– Шугина эмас. Бунга бир неча сабаб таъсир кўрсатган. Ҳақиқатан ҳам, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг асосий нормаларини Божхона кодексида жамлашнинг мақсадга мувофиқлигидан келиб чиқиб, сиз айтган Қонуннинг талаблари янги БКда ўз аксини топди. Унинг VIII бўлимида божхона тўловлари билан боғлиқ масалалар тартибга солинган. Божхона фаолияти амалиётининг кўрсатишича, айни шу ерда товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтишнинг энг оғриқли масалалари жамланади. Янги Божхона кодексида божхона тўловларини тўлаш бўйича мажбуриятларнинг юзага келиши ва тугатилиши паллалари аниқ белгиланган, товарнинг божхона қийматини аниқлаш ва эълон қилиш масалалари тартибга солинган (44-боб).

45 ва 46-боблар божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш тартибини ўз ичига олган. Уларда божхона тўловларини тўловчилар белгиланган, уларни тўлаш муддатлари, тартиби ва шакллари ўрнатилган. Уларни дастлабки тўловлар воситасида амалга ошириш имкониятлари жиддий тарзда кенгайтирилган. Божхона тўловларини тўлаш муддатини кечиктириш ва бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш учун асослар аниқлаштирилган.

Божхона кодексида ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларини қайтариш таомиллари ва тартиби батафсил қайд этилган ­(49-боб). Тўлашни таъминлашга алоҳида эътибор берилган, унинг шартлари ва миқдорлари белгиланган (47-боб). Таъминлаш турлари рўйхати «божхона тўловларини тўлаш бўйича мажбуриятни суғурталаш» ва «кафиллик» билан кенгайтирилган.

Янги Божхона кодексида божхона тўловлари тўланишини таъминлашнинг 5 тури таклиф этилади (эски таҳрирдаги БКда – 3 тури мавжуд). ТИФ иштирокчиси ўз хоҳишига қараб улардан исталганини танлаши мумкин.

Товарлар келиб чиққан мамлакатни (50-боб) ва ТИФ ТНни аниқлаш (51-боб) масалаларига махсус боблар бағишланган.

БК тузилишини ўзгартиришни, хусусан, қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиришлар ҳам тақозо этган. Чунончи, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга божхона соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга тааллуқли моддалар киритилган. Унда божхона соҳасидаги қоидабузарликлар учун маъмурий жавобгарлик масалалари тартибга солинган, вазиятлар бўйича иш юритиш ва улар бўйича ишларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги қоидалар тартибга солинган. Шу сабабли 1997 йилги Божхона кодексида мавжуд бўлган ушбу нормалар янги БКга кирмади.

Божхона кодекси қоидаларининг бундай кенг шарҳи учун сизга миннатдорчилик билдираман.

 

P.S.

Биргина суҳбатда янги Божхона кодексини жорий этишнинг барча жиҳатларини ёритиб бўлмайди, албатта. Биз Маргарита Миразимова ва ДБҚ бошқармаларининг бошқа вакиллари билан ушбу суҳбатни давом эттиришга умид қиламиз. Бунинг устига, уларга бериладиган саволлар оз эмас. Газетхонларимиздан Божхона кодекси ва у билан боғлик меъёрий ҳужжатларнинг ишлаб чиқувчилари эътиборини қандай мавзуларга қаратиш лозимлиги хусусидаги таклифларни кутамиз.

 

Гулнора АБДУНАЗАРОВА,

махсус мухбиримиз.

Прочитано: 4888 раз(а)

Комментарии к статье (1)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2016-12-24 14:28:42, Гость_Б.Ш.Бегматов:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика