Вазирлар Маҳкамасининг 24.12.2015 йилдаги 370-сон Қарори билан янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидалари* тасдиқланди. Унга 15 та қўшимчалар киритилди, айрим атама ва тушунчалар таърифи аниқлаштирилди. Қуйида ана шу янгиликларнинг баъзиларини келтирамиз.
ЙҲҚга «автопоезд» атамаси киритилди, унинг маъноси ёритиб берилди. Унга тортувчи автомобиль ва ярим тиркама ёки автомобиль прицеп(лар)ининг қўшилган таркиби кириши белгиланди.
«Мотоцикл» тушунчаси кенгайтирилди. Ҳозирги кунда «мотоцикл» атамаси билан айтилмайдиган, аммо айнан шу туркумга мансуб бўлган 2, 3 ва 4 ғилдиракли механик воситалар, яъни замонавий скутерлар, квадроцикллар ва электроскутерлар кўпайди. Ўз-ўзидан равшанки, йўл ҳаракатининг иштирокчиси бўлар экан, ЙҲҚ улар томонидан ҳам бузилиши ҳолатлари учраб туради. Эндиликда двигатель иш ҳажми 50 см3 дан юқори, тезлиги 50 км/соатдан ортиқ бўлган скутер, электроскутер ва квадроцикл сингари транспорт воситалари мотоцикл сифатида рўйхатга олинади ва уларга давлат рақам белгилари берилади. Бундай турдаги транспорт воситасини бошқарадиган ҳайдовчилар «А» тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлишлари шарт.
ЙҲҚда «йўл марзаси» тушунчаси ўзининг тўлиқ ифодасини топди. Унга кўра «йўл марзаси» ҳаракатланиш бўлаги билан бир сатҳда жойлашган бўлиб, ундан 1.1 чизиғи билан ажратилган ёки бошқа қоплама ётқизилган, Қоидалар талабларига мувофиқ транспорт ҳаракати, тўхташи, тўхтаб туриши учун мўлжалланган йўл элементи деб белгилаб қўйилди.
«Болалар гуруҳини ташкилий ташиш» атамасининг киритилиши ҳам янгиликлардан бўлди. Унга кўра 8 ва ундан ортиқ болаларни автобусда ташиш (йўналишли транспорт воситалари бундан мустасно) болаларни ташкилий ташиш эканлиги белгилаб берилди.
Кейинги йилларда ДЙҲХХ йўл-патруль хизмати фаолиятида йўл ҳаракати доирасидаги ҳуқуқбузарликларни автоматик тарзда аниқлаш амалиёти кенг қўлланилмоқда. Шу сабабли «фото ва видео қайд этиш» ибораси ЙҲҚда ўз аксини топиб, маъмурий ҳужжатларда ҳам қайд этилмоқда.
Бундан ташқари ҳайдовчиларни огоҳлантириш учун «Фото ва видео қайд этиш» ахборот-кўрсатгич белгиси ҳам жорий этилди. Бу киритилган янгиликнинг долзарблиги Тошкент шаҳрида йўл ҳаракати хавфсизлигини компьютерлаштирилган бошқарув тизими ишга тушганлиги билан чамбарчас боғлиқ.
Янгиликлар ҳайдовчиларни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Эндиликда ҳайдовчи ҳаракатни бошлашдан олдин йўловчиларни ҳаракат вақтида тана қисмларини (қўлдан ташқари) автомобиль салонидан ташқарига чиқариш мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантириши шарт. Бундан ташқари ҳайдовчи йўловчиларга хавфсизлик камарини тақиб олиш кераклигини эслатиши зарур.
Хавфсизликни таъминлаш мақсадида янги Қоидаларда сутканинг қоронғи вақтларида ҳайдовчиларга нур қайтаргичли махсус жилетни кийиб олиш мажбурияти юклатилди. Эндиликда ҳар бир транспорт воситасида тиббиёт қутичаси, ўт ўчиргич, мажбурий тўхтаганни билдирувчи белги билан биргаликда нур қайтаргичли махсус жилет ҳам бўлиши шарт.
ЙҲҚда пиёдаларга йўлда юрганда, пиёдалар учун ажратилган жойлардан ўтаётганда хаёлни чалғитувчи нарсалардан, жумладан телефон, планшетлардан фойдаланиш, видео кўриш, газета, журнал ва китоб ўқиш ман этилди.
Турар жой даҳаларида транспорт ҳаракатини тартибга солиб, кўп қаватли уйлар орасида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун бундай жойларда юқори тезликни соатига 30 км оширмаслик белгилаб қўйилди. Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликларига ДЙҲХХ билан келишган ҳолда, агар йўлнинг ҳолати тезликни ошириш имкониятини берса, айрим жойларда ёки айрим йўл бўлакларида, айрим транспорт воситаларига белгиланган тезликни ошириш учун рухсат бериш ваколати берилди. Бироқ бу участкаларда тегишли йўл белгилари ўрнатилган бўлиши керак.
Қоидаларда транспорт воситалари куннинг ёруғ вақтида ҳам яқинни ёритувчи чироқларни ёқиб юриши шарт бўлган ҳоллар аниқлаштирилди. Хусусан, ташкилий равишда одам олиб кетаётган, йўловчиларни ташиётган автобуслар, микроавтобуслар, шунингдек, мотоцикл ва мопедлар хавфсизликни таъминлаш чораларини кучайтириш учун, куннинг ёруғ пайтида ҳаракатланаётганда ҳам яқинни ёритувчи чироқларини ёқиб юриши шарт.
Бундан ташқари янги Қоидалар «А» тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга ўқиётганларнинг ёши ўқишни битириш вақтида 16 ёш, «В» ва «С» тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга ўқиётганларнинг ёши ўқишни битириш вақтида 18 ёш, «Д» ва трамвай, троллейбусни бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга ўқиётганларнинг ёши ўқишни битириш вақтида 21 ёш бўлиши кераклигини белгилади.
Материал Ўзбекистон Миллий матбуот марказининг пресс-релизи асосида тайёрланди. (www.presscenter.uz).
*Янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидаларининг тўлиқ матни билан norma.uz сайтида ва «Norma» АҚТда танишиш мумкин.