Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 05 / Ҳуқуқий саводхонлик

Мол-мулкка бўлган ҳуқуқлар нотариус орқали қўлга киритилади

 

Касбий фаолиятим давомида мулкнинг қайси турлари нотариал тасдиқланиши лозим деган савол билан менга кўп мурожаат қилишади.

 

Ушбу саволга жавоб беришдан олдин мулк қандай бўлишини тушуниб олишимиз керак. Фуқаролик кодексининг (ФК) 83-моддасига мувофиқ мулк кўчар мулкка ва кўчмас мулкка бўлинади. Кўчмас мулк жумласига ер участкалари, ер ости бойликлари, бинолар, иншоотлар, кўп йиллик дов-дарахтлар ва ер билан узвий боғланган бошқа мол-мулк, яъни белгиланган мақсадига номутаносиб зарар етказмаган ҳолда жойини ўзгартириш мумкин бўлмайдиган объектлар киради.

Кўчмас мулк жумласига кирмайдиган мол-мулк кўчар мулк ҳисобланади.

Қонун ҳужжатларида белгиланишича, кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар, бу ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши давлат рўйхатидан ўтказилиши керак (ФКнинг 84-моддаси 1-қисми). Кўчар мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш талаб этилмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Таъкидлаш жоизки, мол-мулкнинг ўзи эмас, балки унга доир битимлар нотариал тасдиқланиши лозим. Демак, ФКнинг 110-моддаси 2-қисмига мувофиқ қуйидаги ҳолларда битимларни нотариал тасдиқлаш шарт:

1) қонунда кўрсатилган ҳолларда;

2) тарафлардан бирининг талаби бўйича.

Битимлар бир тарафлама, икки тарафлама ёки кўп тарафлама бўлиши мумкин. Битим тузиш учун қонун ҳужжатларига ёки тарафларнинг келишувига мувофиқ бир тарафнинг хоҳиши зарур ва етарли бўлса, бундай битим бир тарафлама битим ҳисобланади. Икки тарафлама битим ёки кўп тарафлама битим тарафларнинг хоҳиш билдириши орқали шартнома кўринишида тузилади (ФКнинг 102-моддаси).

Фуқаролик ва Уй-жой кодекслари, шунингдек бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда қуйидаги шартномаларни нотариал тасдиқлаш шартлиги белгиланган:

  • ипотека тўғрисидаги шартнома, шунингдек нотариал тасдиқланиши керак бўлган шартномага мувофиқ олинадиган мажбуриятларни таъминлаш юзасидан кўчар мол-мулкни ёки мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни гаровга қўйиш тўғрисидаги шартнома (ФКнинг 271-моддаси 3-қисми; «Гаров тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддаси 2-қисми; «Ипотека тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддаси 1-қисми);
  • қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларининг олди-сотди шартномаси, Ҳукумат томонидан белгиланган ҳоллар бундан мустасно (ФКнинг 386-моддаси 4-қисми);
  • уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини сотиш шартномаси (ФКнинг 488-моддаси ­2-қисми; УКнинг 14-моддаси 2-қисми);
  • корхонани сотиш шартномаси (ваколатли давлат органининг қарорига биноан танлов (тендер) асосида тузиладиган корхонани сотиш шартномаси) (ФКнинг 490-моддаси 1-қисми);
  • айирбошлаш шартномаси. Унга нисбатан тегишинча олди-сотди тўғрисидаги қоидалар қўлланади. Башарти, қонун ҳужжатларида муайян мулк олди-сотдиси шартномаси нотариал тасдиқланиши тўғрисидаги талаб белгиланган бўлса, у ҳолда бундай мулкка доир алмаштириш шартномаси ҳам нотариал тасдиқланиши лозим (ФКнинг 497-моддаси 2-қисми);
  • қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган кўчмас мулкни ва автомототранспорт воситаларини ҳадя қилиш шартномаси (ФКнинг 504-моддаси 5, 6-қисмлари; УКнинг 14-моддаси 6-қисми);
  • рента шартномаси, шунингдек кўчмас мол-мулкни рента тўлаш шарти билан бошқа шахсга беришни назарда тутадиган шартнома (ФКнинг 513-моддаси);
  • умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (уйнинг бир қисми), квартирани бошқа шахсга бериш шартномаси (ФКнинг 531-моддаси 3-қисми; УКнинг 14-моддаси 4-қисми);
  • қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларини ижарага бериш шартномаси (ФКнинг 565-моддаси 2-қисми);
  • фуқаролар ўртасида тузилган бино ёки иншоотни ёхуд унинг бир қисмини ижарага бериш шартномаси (ФКнинг 574-моддаси 3-қисми);
  • корхонани ижарага бериш шартномаси (ФКнинг 580-моддаси 1-қисми);
  • фуқаролар ўртасида тузилган уй-жойни ижарага бериш шартномаси (ФКнинг 603-моддаси 2-қисми; УКнинг 86-моддаси 3-қисми);
  • фуқароларнинг васиятномалари (ФКнинг ­1124-моддаси 2-қисми).

Битимлар назарда тутилаётган шартноманинг бир тарафи талабига кўра ёки томонлар тасдиқлаган муайян бир ҳужжатда ушбу шарт белгиланган бўлса (масалан, МЧЖ уставида жамият устав фондидаги улушнинг олди-сотди ёки бошқага ўтказиш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши кераклиги тўғрисида шарт мавжуд бўлганда), нотариал тасдиқланиши керак.

 

Азиза ШОНАЗАРОВА,

Тошкент шаҳар Миробод туманидаги
9-сон давлат нотариал идораси нотариуси.

Прочитано: 2478 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика