Квартирамга газ ҳисоблагич ўрнатилган. У давлат қиёслашидан ўтмаган. Газ таъминоти ташкилоти уни ўтказиш зарурлиги тўғрисида ҳеч қандай билдирувнома юбормаган. Шундай бўлса-да, менга газ истеъмоли учун меъёрлар бўйича ҳисобламалар ёза бошлашди. Квартирага бир ўзим прописка қилинганим ва газ учун тўлов ўртача – оз сумма бўлгани боис уни тўлаяпман. Бироқ энди ўйлаб қолдим, эҳтимол, ҳисобга олиш асбобини қиёслашдан ўтказишим ва унинг кўрсаткичлари бўйича тўлашим керакдир?
Ушбу таомилдан қандай ўтилади: режали текширув сифатидами ёки у янги ҳисоблагични ўрнатиш ҳисобланадими? Мени янги ҳисоблагич сотиб олишга мажбур қилмайдиларми? Эшитишимча, ҳозир газ истеъмолини ҳисобга олишнинг жуда қиммат турадиган электрон асбоблари ўрнатилмоқда экан.
О.Горбунова.
– Республикада эски газ ҳисоблагичларни Газ истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимига (ГИНҲАТ) мувофиқ келадиган замонавий электрон ҳисоблагичларга алмаштириш лойиҳаси амалга оширила бошлади. Яқин 2 йил ичида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида бир миллион атрофида электрон газ ҳисоблагичларни ўрнатиш мўлжалланяпти. Ҳозирча янгилик пойтахтнинг Миробод туманида синовдан ўтяпти.
Ҳисоблагични қиёслашга келсак, у янги ҳисоблаш асбобини ўрнатиш деб ҳисобланиши мумкин эмас. Қонун ҳужжатларида газ истеъмолини ҳисобга олиш асбобини навбатдаги қиёслашни 4 йилда бир марта ўтказиш зарурлиги белгиланган. Бироқ пойтахтда эски ҳисоблагичларни янгиларига алмаштириш лойиҳаси амалга оширилиши муносабати билан сиз туман газ таъминоти ташкилотига эски ҳисоблаш асбобини қиёслашдан ўтказиш масаласини аниқлаш учун мурожаат қилишингиз керак.
Махсус мухбиримиз
Ирина Гребенюк.