Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 05 / Бу ҳақда ёзган эдик

Яшаш учун қулай шароит яратиш йўлида

 

Уй-жой-коммунал хўжалиги (УКХ) муаммолари ҳал этилиши учун истеъмолчилар ва коммуналчилар ўзаро эҳтиромли, янада масъулиятли бўлишлари, қонунни ҳурмат қилишлари керак бўлади. Уйлар иссиқ, ёруғ, шинам бўлиши, шикоят қилиш ўрнига фуқаролар фақат коммуналчиларга ғамхўрлик ва эътибор учун раҳмат айтишлари – муддаомиз. Эҳтимол, УКХ соҳасида бундай эзгу хаёллар амалга оширилиши ғоятда мураккаб бўлса керак. Бироқ кўп жиҳатдан унинг муваффақиятлари, демак, бизнинг уй-жой-коммунал жиҳатдан фаровонлигимиз нафақат тармоқ ходимларига, балки ўзимизга ҳам боғлиқдир. Келинг, ҳаммамиз биргаликда ҳаракат қилайлик...

2015 йилда УКХ соҳасида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш иши давом эттирилди. Ўтган йил Аҳолига коммунал хизматларни кўрсатиш қоидалари (ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон Қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – 194-сон Қарор) – иссиқ ва совуқ сув таъминоти ташкилотлари, қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиб кетиш корхоналари ишининг самарадорлигини оширишга, уларни молиявий соғломлаштириш, хизматлар сифатини оширишга йўналтирилган жуда муҳим, орзиқиб кутилган ҳужжатни қўллаш учун ўзига хос синов майдонига айланди. Қоидаларда УКХдаги ўзгарган шароитларни ҳисобга олган ҳолда ушбу соҳаларда ҳуқуқий муносабатлар барча субъектларининг ҳаракат дастури белгиланган. Шикоятларнинг камайганлиги ҳам шундан далолат беради.

Ўтган йил охирига келиб сув таъминоти ва канализация ташкилотларини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини амалга ошириш чора-тадбирларини белгилаган дастурий ҳужжат – Вазирлар Маҳкамасининг 30.10.2015 йилдаги 306-сон Қарори қабул қилинди. Маиший истеъмолчиларнинг электр энергиясини ҳисобга олиш приборларини қиёслашдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 1.12.2015 йилда 2736-сон билан рўйхатдан ўтказилган) электр энергияси истеъмолчиларига электр ҳисоблагичларни қиёслаш механизмини батафсил очиб берди. Махсус Низомга (АВ томонидан 24.11.2015 йилда 2733-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ телекоммуникация операторлари (провайдерлари)нинг ХУМШ билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби белгиланди.

УКХга оид таҳририятга қилинган мурожаатларнинг ярмидан кўпи газ таъминоти билан боғлиқ. Монополияга қарши қўмитанинг маълумотларига кўра, улар ушбу идорага шикоятлар орасида ҳам барқарор тамойил касб этган. Бу ҳол соҳа ҳуқуқий жиҳатдан етарлича тартибга солинмаганлигини кўрсатади. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида маиший мақсад газдан фойдаланиш қоидалари (АВ томонидан 14.10.1997 йилда 370-сон билан рўйхатдан ўтказилган) қарийб 20 йил аввал қабул қилинган. Ўшандан бери тармоқда жуда катта ўзгаришлар юз берди, у ўзига хос соҳа саналади. Вақт истеъмолчилар ва етказиб берувчиларнинг муносабатларида янги йўналишлар ва механизмларни ишлаб чиқишни, улар томонидан қонун ҳужжатлари бузилиши ва турли суиистеъмолликлар содир этилганлиги учун жавобгарликни кучайтиришни талаб қилади.

Йил мобайнида биз УКХдаги барча муаммолар тўғрисида истеъмолчилар – коммуналчилар билан ўзаро муносабатларнинг энг заиф ва ҳимоя қилинмаган бўғини ҳуқуқларининг устуворлиги нуқтаи назаридан туриб ёздик. Кўп масалаларни газета Монополияга қарши қўмитанинг қўллаб-қувватлаши билан кўтариб чиқди. Биз коммунал хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича биргаликдаги акцияларда иштирок этдик. Ўтган йилдаги мурожаатларни умумлаштириб, УКХдаги муҳим муаммоларни кўриб чиқамиз, уларни ҳал этиш йўллари тўғрисида ўйлаб кўрамиз.

 

 

Ҳисоблагичларни қиёслаш

 

Муаммо:

Ўтган йили ҳисоблагичлар ўз вақтида қиёсланмаганлиги cабабли етказиб берувчилар тўловларни асоссиз ҳисоблаганликлари хусусидаги истеъмолчиларнинг шикоятлари сони қисқарди. Фуқароларнинг хабардорлик даражаси янада ошди, улар қиёслашлар ўртасидаги оралиқнинг тугашини кузатишяпти. Бироқ асосийси – газ, совуқ ва иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларини қиёслаш механизми ишлай бошлади. Худди шундай регламент электр ҳисоблагичлар учун ўрнатилган. Ҳужжатларда етказиб берувчиларнинг қиёслашлар ўртасидаги оралиқ тугашидан 30 кун аввал истеъмолчиларни қиёслаш зарурлиги тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиш мажбурияти назарда тутилади. Бироқ улар қонунчиликни бузган ҳолда буни ҳар доим ҳам қилавермайдилар.

Ҳисоблагичларни қиёслаш таомили истеъмолчилар, айниқса кекса кишилар учун ноқулай, мураккаб, малол келадиган таомил бўлиб қоляпти. Уни ўтказиш учун етказиб берувчига ҳисобга олиш асбобини жойидан олиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиш, сўнгра унинг вакилини кутиш, кейин эса у жойидан олган ҳисоблагични метрология хизматига олиб бориш, кейин уни у ердан олиш ва ўрнатиш тўғрисида ариза билан етказиб берувчига яна келиш лозим. Амалиётда ушбу жараён кўпинча чўзилиб кетади.

 

Таклиф этилади:

1. Қиёслаш таомилини бирхиллаштириш учун уни «бир дарчадан» ўтказиш механизмини ўрнатиш керак. Бунинг учун барча коммунал хизматлар етказиб берувчиларининг ҳисобга олиш асбобларини қиёслаш бўйича хизматлар кўрсатувчи ягона марказини ташкил этиш лозим, марказ муайян сумма эвазига барча белгиланган таомилларни амалга оширишни ўз зиммасига олган бўлар эди. Истеъмолчида танлов бўлиши керак: ё у қиёслашни юқорида баён этилган чизма бўйича ўтказади ёки уни сансалорлик, ташвишдан озод қиладиган ягона марказга мурожаат қилади.

2. Кўчма қурилмалар ёрдамида жойнинг ўзида ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказишни муаммони ҳал этишнинг стратегик йўналиши деб белгилаш. Сув ўлчагичларни қиёслашда бундай имконият тақдим этиляпти.

 

 

Маълумотларни базага киритмаслик

 

Муаммо:

Ўтган йили оила таркиби, турар жой майдони ва бошқалардаги ўзгаришлар тўғрисида ахборот электрон базада йўқлиги сабабли коммунал хизматларга асоссиз ҳисобланмалар юзасидан истеъмолчиларнинг шикоятлари етакчи ўринларни ишғол қилди. Ҳатто истеъмолчилар ушбу маълумотларни тақдим этганларида ҳам улар кўпинча базага киритилмас эди, уларни киритишни «унутиб» қўйишарди.

Қиёслаш муаммосининг янги қирраси яққол кўзга ташланди. Бу – етказиб берувчига қиёслаш ўтказилганлиги тўғрисидаги сертификат нусхаси тақдим этилмаганлиги туфайли қилинган ноқонуний ҳисобланмалардир. Бундай ҳуқуқбузарликлар миқдори бўйича газ таъминоти ташкилотлари етакчилик қилади. Улар абонентларга бир неча йил учун улкан қарзларни фаол тарзда қайд этиб, уларнинг қандай вужудга келганлиги тўғрисида уларни хабардор қилмаганлар. Етказиб берувчилар сертификатларнинг нусхаларини жуда кеч талаб қилганлар. Қонун ҳужжатлари билан белгиланган қиёслаш механизми сертификат нусхасини етказиб берувчига тақдим этиш зарурлигини назарда тутмайди, у эса истеъмолчини бундан хабардор қилмайди. Бунинг устига, сертификат тақдим этиш чоғида сохта қарз бекор қилинмаган. Кўпинча иш шундай даражага борганки, қўлида сертификат бўлган истеъмолчилар ҳисоблагичнинг қиёслашдан ўтказилганлигини исботлашга мажбур бўлганлар!

 

Таклиф этилади:

1. Газ ва бошқа энергия манбаларини ҳисобга олиш асбобларини қиёслашдан ўтказиш тартибига истеъмолчини етказиб берувчига сертификат нусхасини тақдим этиш зарурлиги тўғрисида мажбурий хабардор қилиш бандини киритиш. Ҳисобга олиш асбоби жойидан олинаётганда етказиб берувчи бу ҳақда абонентни ёзма равишда хабардор қилиши керак. У қиёслашдан кейин ҳисоблагични ўрнатиш ва улаш чоғида сертификатнинг мавжудлигини текшириши ва у ҳақдаги маълумотларни базага киритиши янада мақсадга мувофиқдир.

2. «Ўзстандарт» агентлигида аккредитация қилинган, қиёслашни ўтказадиган лабораториялар сертификатнинг асл нусхасини истеъмолчига беришлари, унинг кўчирма нусхасини эса электрон шаклда етказиб берувчига жўнатишлари мумкин. Ушбу тартибни «Ўзстандарт» билан у аккредитациялаган лабораториялар ўртасидаги лицензия битимида назарда тутиш мумкин.

3. Қиёслашни ўтказиш учун «бир дарчадан» механизмини ишга туширишда сертификат нусхасини етказиб берувчига истеъмолчининг иштирокисиз топшириш.

 

 

Бир неча йил учун қарзнинг ҳисоблаб ёзилиши

 

Муаммо:

Кўпинча етказиб берувчилар истеъмолчиларга бир неча йил учун қарзни ҳисоблаб ёзиб, уларни қарзлари борлиги тўғрисида ўз вақтида хабардор қилмайганлар. Абонентлар коммунал хизматларнинг жорий истеъмоли учун ҳақ тўлаганлар, айни вақтда уларда бир вақтлар пайдо бўлган қарз пеня ва тарифларнинг ўсиши ҳисобига кўпаяверган.

Уй-жой кодексининг 134-моддасида белгиланишича, коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар ҳар ойда ўтган ойдан кейинги ойнинг 10 кунидан кечиктирмай тўланиши керак. Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларида эса тўлов амалга оширилмаган тақдирда етказиб берувчи абонентни тўловни амалга ошириш зарурлиги тўғрисида белгиланган муддатда хабардор қилиши кераклиги назарда тутилган.

 

Таклиф этилади:

1. Абонент жорий даврда (календарь йил) тўланган суммалардан ортиқча қарзи борлиги тўғрисида ўз вақтида хабардор қилинмаганда у қарзни тўлашдан озод қилинишини белгилаш.

2. Етказиб берувчилар талаб изҳор этилганидан аввалги кўпи билан 3 йил учун қарзни тўлаш талабини изҳор этиш ҳуқуқига эгалигини белгилаш. Бу судларни ортиқча юкдан озод қилиш, етказиб берувчининг қарздорга нисбатан даъво билан судларга ўз вақтида мурожаат этишини рағбатлантириш имконини беради.

 

 

Ер участкаси

 

Муаммо:

Қонун ҳужжатларидаги номувофиқликлар ХУМШ фаолияти ва хусусий мулк ҳуқуқини муҳофаза қилишда жиддий муаммоларни юзага келтиради. Уй-жой кодекси (126, 132-моддалари) ва «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонун (бундан кейин – ХУМШ тўғрисидаги Қонун) кўп квартирали уйлар жой мулкдорлари зиммасига уйга туташ ер участкасини сақлаш мажбуриятини юклайди.

Ер кодексининг 10-моддасида «ер участкаси» тушунчаси ер фондининг қайд этилган чегарага, майдонга, жойлашиш манзилига, ҳуқуқий режимга эга бўлган қисми сифатида белгиланган. Ер кодексининг 63-моддасида уйлар атрофидаги ер участкалари тўғрисида сўз юритилади.

Турар жойларни ва уй атрофидаги ерларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларида (ВМнинг 28.06.1994 йилдаги 325-сон Қарорига 3-илова, бундан кейин – 325-сон Қоидалар) кўп квартирали уйлар мулкдорларининг уй атрофидаги ҳудудни сақлаш мажбурияти қайд этилиб, у «мазкур уйга туташиб кетган умумий фойдаланишдаги ерлар» сифатида белгиланган. Турлича атамалар – «туташган» ва «уй атрофидаги» ерни сақлаш бўйича ХУМШ мажбуриятларини эркин талқин этишга олиб келади.

Қонун ости ҳужжати – 325-сон Қоидалардаги қоида Ер кодексида мавжуд бўлмаган «уй атрофидаги ҳудуд» тушунчасини киритади, бу эса «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 24-моддаси талабларини бузади. Шунингдек хусусий мулк ҳуқуқи бузилади, чунки уй-жой мулкдори зиммасига қонунда назарда тутилмаган қўшимча мажбурият – умумий фойдаланишдаги ерни сақлаш юкланади. Бундан ташқари, мулкий аҳволидан қатъи назар фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги қоидаси бузилади, чунки якка тартибдаги уй-жойларнинг мулкдорлари умумий фойдаланишдаги ерни сақлашга мажбур эмаслар.

Амалда бу ХУМШга нисбатан ноқонуний талабларни қўйишга ва ҳокимликларга қарашли бўлган умумий фойдаланишдаги ерлар ҳолати учун уларга жарима солишга олиб келади.

 

Таклиф этилади:

Қонун ҳужжатларидаги атамалар ва тушунчаларни бирхиллаштириш. Ерни сақлаш Ер кодекси тартибга соладиган ердан фойдаланишга кириши сабабли ер участкаларини тутиб туришга тааллуқли бўлган қонун ости ҳужжатларининг барча талабларини унинг нормаларига мувофиқлаштириш лозим.

 

 

Иссиқлик таъминотининг муқобил манбалари

 

Муаммо:

Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидалари (194-сон Қарорга 1-илова) қабул қилиниши билан истеъмолчилар иссиқлик таъминоти муқобил манбалардан фойдаланиш имкониятига бўлган умидни йўқотдилар. Ушбу ҳужжат монополиячи манфаатларидан келиб чиқиб масалани қатъий тарзда ҳал қилди: кўп квартирали уйларда иситиш асбобларини уй ичидаги тизимдан узиш-ўзгартириш тақиқланади. Илгари ушбу масаланинг аниқ ечими йўқ эди. «Тошиссиққуввати» ИЧБ УК қуйидаги позицияни эгаллаган эди: бизда иссиқлик таъминотининг марказлаштирилган тизими мавжуд, уни бузиш ва унга аралашиш тақиқланган. Бошқа тузилмалар ҳам масалага анча эҳтиёткорлик билан ёндашиб, аниқ жавоб бермасдилар.

Монополияга қарши қўмитанинг баҳолашича, иссиқлик таъминотининг муқобил манбаларидан фойдаланишни тақиқлаш истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини бузади. Уйдаги иссиқлик таъминоти сифатига таъсир кўрсатувчи, уй ичидаги тизимларга рухсат берилмаган аралашувни истисно этиб, у бошқа кўплаб ғоятда долзарб муаммоларни ечимсиз қолдиради. Масалан, иссиқлик энергияси иссиқлик трассаси охирида жойлашган уйларга бориш йўлида йўқолади. Етказиб берувчи фуқароларни тўлақонли иситиш билан таъминлай олмайди. Уларга сифатсиз хизмат қилинади, бироқ муқобил манбани танлаш ҳуқуқига эга эмаслар. Ахир «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддасида товар (иш, хизмат)ни эркин танлаш ва унинг тегишли даражада сифатли бўлиши ҳуқуқи тўғрисида сўзланадику.

 

Таклиф этилади:

Қонун ҳужжатларига қуйидагиларни назарда тутадиган нормаларни киритиш:

1) умумий уй тизими ишида салбий акс этмайдиган иситиш тизимини қайта қуриш квартира ичидаги иситиш тизимини демонтаж қилиш ҳисобланмайди;

2) уй ичидаги тармоқлар ишини бузмаслик имконини берадиган тадбирларни бажариш шарти билан истеъмолчилар марказий иситиш тизимидан узилишлари мумкин.

 

 

Ноқонуний қайта режалаштириш

 

Муаммо:

Кўп квартирали турар жойларда хоналарни ноқонуний қайта режалаштириш жиддий муаммо бўлиб қоляпти. «Кўп квартирали уйларда биноларнинг мустаҳкамлигини таъминлайдиган жойларни реконструкция қилиш, қайта режалаштириш ва қайта жиҳозлашни амалга ошириш тартиби тўғрисида низом» деб номланган 1.04.05-06 ШНҚ (Давархитектқурилишқўм томонидан 23.03.2006 йилда 20-сон билан тасдиқланган) бўлишига қарамай, жуда кўпчилик ҳолларда қайта режалаштириш рухсат берувчи ҳужжатларсиз, бинобарин, қонун ҳужжатларининг талабларини бузган ҳолда ўтказиляпти. Ҳужжат амалда фуқароларнинг ўзбошимча қурилишлари учун жавобгар бўлишлари бобида ишламайди. Ўзбошимчалик билан қайта қуришга йўл қўйган шахсларнинг жойни аввалги ҳолатига келтиришга мажбур этилганлиги ҳоллар амалда мавжуд эмас.

Уй-жой мулкдорларига энг яқини ширкатлардир. Шу сабабли ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 19-моддаси ХУМШ аъзоларининг умумий йиғилишига кўп квартирали уйларда жойларни реконструкция қилиш, қайта режалаштириш ва қайта жиҳозлашни келишиб олиш тартибини белгилаш ҳуқуқини берган. Бироқ ушбу тартибнинг ўзи қандай, у қандай ишлаши керак, бунда ширкатга қандай ҳуқуқлар берилади, у ўзбошимча реконструкцияни назорат қилувчи органлар билан қандай ҳамкорлик қилиши керак? Буларнинг ҳаммасини четда қолдириб, бундай муҳим масалани декларация билан чеклаб қўйган.

 

Таклиф этилади:

1. Тошкент ХУМШ уюшмаси ва «Ўзкоммунхизмат» агентлиги кўп квартирали уйларда жойларни реконструкция қилиш, қайта режалаштириш ва қайта жиҳозлаш масалаларини квартира эгалари ва ХУМШ билан келишиб олиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсинлар.

2. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноят кодексига, бошқа мамлакатларда қабул қилинганидек, жойларни ўзбошимчалик билан реконструкция қилиш, қайта жиҳозлаш ва қайта режалаштириш учун санкцияларни назарда тутадиган норма киритиш. Ҳозирча бизда ушбу ҳаракатлар МЖТКнинг 159-моддасида белгиланган меъёрларнинг амал қилиш доирасига тушади, унда турар жойларни сақлаш ва улардан фойдаланиш, умум фойдаланадиган жойларни санитария ҳолатида сақлаш қоидаларини бузиш, уй-жой фондидан техник фойдаланиш қоидалари ва нормаларини бузиш учун жавобгарлик назарда тутилган.

3. Назорат қилувчи органлар томонидан ноқонуний реконструкция қилиш, қайта режалаштириш ва қайта жиҳозлаш ҳолларини аниқлаш учун турар жойларнинг мунтазам мониторингини ўтказиб туриш.

 

 

Яшовчиларни ҳисобга олиш

 

Муаммо:

Прописка қилинган ва ҳақиқатда яшовчи фуқаролар миқдорини аниқлаш билан боғлиқ муаммо амалий ечимни тақозо этади. Кўпинча квартирада 1 киши рўйхатдан ўтказилган бўлади, бироқ унда қонунга зид равишда шартнома тузмасдан кўп миқдорда ижарачилар яшайди. Қўшнилар улар билан кимлар қўшнилигини билишмайди. Ижарачилар 325-сон Қоидаларга риоя этмайдилар. Ҳисоблагич бўлмаса, хизматларга амалда яшаган шахслар сонидан келиб чиқиб ҳақ тўланиши керак. Агар фуқаролар пропискасиз яшашса, тармоққа жуда катта талафот етказувчи коммунал маҳсулотларнинг ҳисобга олинмаган истеъмоли юзага келади. Шу сабабли қонун ҳужжатлари уй-жой эгалари зиммасига ҳисоблагичлар бўлмаган тақдирда етказиб берувчиларни яшовчилар (шу жумладан вақтинча яшовчилар) сонининг кўпайганлиги ёки камайганлиги тўғрисида ёзма хабардор қилиш мажбуриятини юклаган. Масалан, мулкдор бу ҳақда иссиқлик таъминоти ташкилотини юз берган ўзгаришлар кунидан бошлаб 5 иш кунидан кечикмай хабардор қилиши шарт. Бунда етказиб берувчининг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг вакиллари ва хонанинг мулкдори ўртасида 3 томонлама далолатнома тузилади (Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидаларининг 110-банди). Бироқ ушбу норма ишламаяпти.

Яшовчиларнинг асоссиз қўшиб ёзилиши бошқа жиддий муаммодир. Масалан, 2 киши прописка қилинган ва яшайди, уларга эса коммунал хизматлар учун беш кишига тўлов ҳисоблаб ёзилади. Ўтган йили ушбу маълумотлар турар жой ва нотурар жойлар мониторингини ўтказиш чоғида аниқлаштирилди. Хусусан, ноқонуний равишда ижарага бериладиган турар жойлар ҳам аниқланди.

Буларнинг ҳаммаси, албатта, яхши. Бироқ масаланинг ишкал томони ҳам чиқиб қолди. Чунончи, агар мониторинг ўтказувчи бригада квартира эгаси уйда бўлмаган вақтда келса, маълумотлар кўпинча... ишончли ахборотга эга бўлмаган қўшнилар орасида сўров ўтказиш асосида шакллантирилди. Натижада истеъмолчига улар айтганларини рад этишга, жуда кўп миқдорда маълумотлар тўплашга тўғри келди.

 

Таклиф этилади:

1. Ҳисобга олинмаган коммунал маҳсулотлар истеъмоли масаласи ҳисоблагичлар ўрнатиш йўли билан ҳал этилади. Етказиб берувчилар истеъмолчиларни ҳисобга олиш асбоблари билан жиҳозлаш ишини жадаллаштиришлари лозим.

2. Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларига (шартномаларига) тўловларни қўшимча ҳисоблаб ёзиш чоғида яшовчилар, прописка қилинган ва ундан чиқарилган, ҳисобга қўйилганлар ва бошқалар сонини аниқлаштириш етказиб берувчиларнинг мажбурияти эканлиги ҳақида банд киритиш. Улар буни туман ИИБ, маҳалла қўмиталари, ер ресурслари ва давлат кадастри бўйича бўлимлар билан ҳамкорликда ушбу тузилмалар электрон базаларининг маълумотлари асосида амалга оширишлари мумкин.

3. Мониторинг ўтказиш, уйма-уй юриш, истеъмолчиларни инвентарлаш тартибини прописка қилинган ва амалда яшовчи фуқаролар сонида тафовутлар аниқланганда комиссия аъзолари ва квартира эгаси имзолайдиган далолатнома тузиш кераклиги хусусида банд билан тўлдириш лозим. Бундай қилинмаса, суиистеъмолликлар ва асоссиз қўшиб ёзишлар учун замин юзага келади.

 

 

Коммунал маҳсулот етказиб беришдан узиб қўйиш

 

Муаммо:

Абонентлар бир қисмининг қарздорлиги туфайли етказиб берувчилар бутун уй аҳлини коммунал маҳсулотлардан ноқонуний равишда узиб қўярдилар. Асосан буни иссиқлик таъминоти корхоналари қиларди. Қонун ҳужжатларига кўра қарзни якка тартибда ундириш керак. Бироқ бу абонентлар билан уззуккун ишлашни талаб қилади. Бутун уйни узиб қўйиб, етказиб берувчилар энг кам қаршилик кўрсатилиши йўлидан бориб, бу билан белгиланган тартиб ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини бузадилар.

 

Таклиф этилади:

МЖТКга истеъмолчини коммунал маҳсулотлар берилишидан ноқонуний узиб қўйганлик учун етказиб берувчининг жавобгарлигини белгилайдиган нормани киритиш.

 

 

Ҳуқуқий саводсизлик

 

Муаммо:

Кўп квартирали уйлар фондини бошқариш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг аксари ХУМШ аъзолари, ширкатлар ва БК раҳбарларининг тармоққа оид қонун ҳужжатларини билмаслиги билан боғлиқ. Улар ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини, ХУМШ фаолияти асосларини билмайдилар. ХУМШ уюшмаларига аъзо бўлишдан бош тортиб, яшовчилар уларнинг ролини, шу жумладан уюшмалар маблағ йўқлиги боис шуғуллана олмайдиган ҳуқуқий саводхонлик соҳасидаги ролини баҳолай олмайдилар.

 

Таклиф этилади:

1. Уй-жой кодекси ва ХУМШ тўғрисидаги Қонунга мувофиқ давлат ширкатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга ёрдам беради. Уларнинг самарали фаолияти тўғридан-тўғри аъзолар ва раҳбарларнинг ҳуқуқий хабардорлигига боғлиқлиги боис, доимо умумий ҳуқуқий таълим олиб борилиши лозим, унинг молиявий қўллаб-қувватланишини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари таъминлашлари керак.

2. БК ҳам, уларнинг буюртмачиси – ХУМШ каби, ширкат аъзоларининг ҳуқуқий хабардор бўлишларидан манфаатдордир. Шу сабабли хизматлар рўйхатига ХУМШ уюшмалари, «Ўзкоммунхизмат» агентлиги ходимларини жалб этиб, яшовчилар учун семинарлар ўтказишни киритишлари мумкин.

 

 

Тармоқ учун кадрлар

 

Муаммо:

Уй-жой соҳасида бугунги кунда УКХдан узоқ бўлган кўп кишилар ишлайди. Агар ХУМШ профессионал бошқарувчи компания хизматларини буюртириши ёки штатда билимдон ижрочи директорга эга бўлиши мумкин бўлса, БКни УКХ мутахассиси бошқариши керак. Акс ҳолда компаниялар уй-жой фондини бошқаришни яхшилаш бўйича ўз вазифаларини бажармайдилар. БК хизматларининг етарлича талабгир эмаслиги бунинг оқибатидир.

 

Таклиф этилади:

Профессионал бошқарувчи компанияларнинг фаолияти лицензияланадиган бўлиши керак. Раҳбар УКХ мутахассиси маълумоти ва иш тажрибасига эга бўлиши шарт. Вақти-вақти билан БК раҳбарларининг аттестациясини ўтказиш лозим.

 

 

ХУМШни йириклаштириш

 

Муаммо:

Ўтган йили ширкатларни йириклаштириш тамойили кўзга ташланди. Натижада «натурал хўжаликларга», умумий мол-мулкка ХУМШ ходимларининг кучи билан хизмат кўрсатишга қайтилди. Бу умумий мол-мулкнинг ҳолатига, ўз кучи билан бажариладиган ишларнинг сифатига таъсир кўрсатмоқда. Бирдан ортиқ уйга хизмат кўрсатувчи ширкатларда бир уйда яшовчиларнинг бадаллари бошқа уйларга қайта тақсимланиши туфайли норозилик, зиддиятлар юзага келяпти.

 

Таклиф этилади:

Бирдан ортиқ уйлардаги уй-жой мулкдорларини бирлаштирувчи ХУМШлар зиммасига ҳар бир уй бўйича бадалларни алоҳида-алоҳида ҳисобга олиш мажбуриятини юклаш. Бу ХУМШ тўғрисидаги Қонунда назарда тутилган, бироқ у ишламаяпти. ХУМШ тўғрисидаги Қонунга бундай ХУМШларда ширкатнинг ҳисоб-китоб счёти доирасида ҳар бир уй учун илова ҳисобварақлар очишни белгилайдиган нормани киритиш.

 

УКХ муаммоларини махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк таҳлил қилди.

 

Прочитано: 2513 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика