Маҳаллийлаштирилаётган маҳсулот ишлаб чиқариш учун харид қилинган хом ашё таннархига ҚҚС ва божхона божлари суммалари киритиладими? ЯСТ бўйича имтиёздан фойдаланиш бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттирилади?
Н.Шевченко,
МЧЖ бухгалтери.
– Товар-моддий захиралар (ТМЗ) ташкилотнинг бухгалтерия балансига таннархи бўйича киритилади, у харид қиймати (етказиб берувчига тўланадиган суммалар) ва уларни харид қилиш билан боғлиқ бўлган барча харажатларни ўз ичига олади. Уларга бошқалар қаторида божхона божлари ва йиғимлари, шунингдек уларни харид қилиш билан боғлиқ бўлган солиқ ва йиғимлар суммалари (агар улар қопланмаса) киритилади (4-сон БҲМС «Товар-моддий захиралар»нинг 13-банди, АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган). Сиз ЯСТ тўловчиси ҳисобланиб, қўшилган қиймат солиғини тўламаслигингиз боис, ҚҚС ва божхона божлари суммаси (агар улар тўланса) харид қилинган хом ашё таннархига киритилади.
Агар маҳаллийлаштириладиган маҳсулотни ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнида корхона республикада ишлаб чиқарилмайдиган компонентлардан фойдаланса, у мазкур компонентларни олиб кириш чоғида божхона тўловларини тўлашдан озод қилинган (бундан божхона расмийлаштируви учун йиғимлар мустасно). Маҳаллийлаштириш дастури бўйича ишлаб чиқарилган маҳсулот қисмида корхона ЯСТ тўлашдан озод қилинади.
Бухгалтерия ҳисобида имтиёзларни акс эттириш тартиби солиқ ва божхона имтиёзларининг уларни тартибга солувчи меъёрий ҳужжат (Президентнинг Қарори) билан белгиланган йўналишига (мақсадли ёки мақсадсиз) боғлиқдир. Юридик шахсларга солиқлар, божхона ва мажбурий тўловларни бюджетга тўлаш бўйича берилган имтиёзларни расмийлаштириш ва бухгалтерлик ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисида низом (АВ томонидан 2.04.2005 йилда 1463-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланишича:
● мақсадли имтиёзлар солиқ ва божхона тўловларининг бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақларида ҳисоблаб ёзилади, бироқ тўланмайди, балки берилган солиқ ва божхона имтиёзлари турлари бўйича 8840-«Мақсадли фойдаланадиган солиқ имтиёзлари» ҳисобварағига киритилади. Кўрсатилган ҳисобварақдан ҳисобдан чиқариш маблағлардан қонун ҳужжатлари билан белгиланган мақсадларда фойдаланилганда амалга оширилади. Агар маблағлардан янги ишлаб чиқаришларни барпо этиш, ишлаб турганларини кенгайтириш, реконструкция қилиш, модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, хом ашё ва материалларни харид қилишда фойдаланилса, ҳисобдан чиқариш қуйидаги проводка билан акс эттирилади:
8840-«Мақсадли фойдаланадиган солиқ имтиёзлари» ҳисобварағи дебети;
8530-«Текинга олинган мулк» ҳисобварағи кредити, бунда «Солиқ ва божхона имтиёзлари» ҳисобварағи ажратилади.
Агар бўшаган маблағлар Маҳаллийлаштириш дастурини амалга оширишга жалб этилган корхоналарнинг муҳандис-техник ходимларини рағбатлантиришга йўналтирилса, маблағларни ҳисобдан чиқариш бўйича бундай операция қуйидаги проводка билан акс эттирилади:
8840-«Мақсадли фойдаланадиган солиқ имтиёзлари» ҳисобварағи дебети
6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходим билан ҳисоблашишлар» ҳисобварағи кредити;
● солиқ ва божхона имтиёзлари берилганда бўшайдиган маблағлар суммалари, агар улардан мақсадли фойдаланиш назарда тутилмаган бўлса, баланс ҳисобварақларида акс эттирилмайди (ҳисоблаб ёзилмайди). Бироқ лозим даражада ҳисоб юритилишини таъминлаш мақсадида, улар ҳар бир солиқ тури ва божхона тўловлари бўйича 013-«Вақтинчалик солиқ ва божхона имтиёзлари» балансдан ташқари ҳисобварағи дебети бўйича акс эттирилади. Имтиёзлардан фойдаланиш даври тугаганидан сўнг балансдан ташқари ҳисобварақда жамғарилган суммалар ушбу ҳисобварақ кредитига ҳисобдан чиқарилади.
Сизнинг корхонангизга берилган имтиёзлар мақсадли тусга эгалигини аниқлашда сизга «Имтиёзлар тақдим этилади, ўзгартирилади ва акс эттирилади» материали («СБХ»нинг 20.10.2015 йилдаги 42-сони) ёрдам беради.
Ирина АХМЕТОВА, «Norma Online» эксперти.