30 январь – ўтган йилда асосий бўлмаган иш жойидан даромад олган жисмоний шахслар тўғрисида маълумотнома топширишнинг охирги куни. Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ маълумотларни солиқ агентлари – Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган юридик шахслар, фаолиятни Ўзбекистонда доимий муассаса орқали амалга оширадиган норезидентлар ва хорижий юридик шахсларнинг ваколатхоналари тақдим этишлари керак.
Асосий бўлмаган иш жойидан даромад оладиган жисмоний шахсларга қуйидагилар киради:
● асосий ишдан бўш вақтда асосий ишидан ташқари, меҳнат шартномаси шартларида ҳақ тўланадиган бошқа ишни бажарадиган ўриндошлар;
● фуқаролик ҳуқуқий тусдаги шартнома – Фуқаролик кодекси томонидан тартибга солинадиган битим бўйича иш бажарадиган шахслар;
● солиқ агентидан даромад олган бошқа жисмоний шахслар. Уларга, хусусан, юридик шахс томонидан ташкил этилган совринли акцияда ютуқ олган шахслар киради.
Маълумотнома шакли МВ ва ДСҚнинг қарори (АВ томонидан 28.01.2015 йилда 2439-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан тасдиқланган. Унда асосий бўлмаган иш жойидан даромад олган жисмоний шахслар (Ўзбекистон резидентлари ва норезидентлари бўйича алоҳида-алоҳида), даромадлар миқдорлари ва улардан ушланган солиқ суммалари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.
2015 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги даромадлар бўйича маълумотнома тақдим этилмайди:
● дивидендлар ва фоизлар тарзидаги;
● қонун ҳужжатларига мувофиқ энг кам ставкада солиқ солинадиган (ижарадан олинган даромадлар, текинга олинган акциялар, улушлар (пайлар), кўчмас мулкни реализация қилишдан даромадлар ва бошқалар);
● олувчининг аризасига кўра энг юқори ставкада ЖШДС солинадиган даромадлар.
Солиқ агентлари жисмоний шахснинг талабига кўра унга даромадларининг суммалари ва турлари ҳамда улардан ушлаб қолинган ЖШДС тўғрисида маълумотнома беришлари шарт. У аввало йил мобайнида ишдан бўшатилган ходимларга, шунингдек асосий бўлмаган иш жойидан даромад оладиган жисмоний шахсларга зарур. Ишдан бўшатилган ходимлар мазкур маълумотномани янги иш жойидаги бухгалтерияга, асосий бўлмаган иш жойидан даромад олган жисмоний шахслар эса ДСИга жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация билан бирга тақдим этадилар.
Шунингдек 2015 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари солиқ ҳисоботини фақат Интернет тармоғи орқали электрон шаклда тақдим этишлари керак. Қолган солиқ тўловчилар, шу жумладан нотижорат ташкилотлари учун солиқ ҳисоботини тақдим этиш усулини танлаш ҳуқуқи сақланган – улар шахсан ДСИга келишлари, почта орқали ёки электрон шаклда тақдим этишлари мумкин.
Лилия ХИСМАТОВА,
«Norma Online» эксперти.