Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 03 / Юридик маслаҳатлар

Деразадан ёруғлик тушмай қўйди

 

Навоий шаҳрида 5 қаватли турар жой ёнида 3 қаватли савдо-маиший объект қуришга расман рухсат берилган. Фикримизча, уни лойиҳалаштираётганда 2.07.01-03 ШНҚ «Шаҳарсозлик. Шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари ҳудудларини ривожлантириш ва қуришни режалаштириш»нинг 21 ва 26-бандлари нормаларига риоя этилмаган. Мазкур ҳужжатда 5 қаватли уйларнинг узун томонлари ўртасида камида 25–30 метрлик оралиқ масофага риоя этиш ва асосий яшаш хоналарига бегона назар тушмаслигини таъминлаш талаби баён этилган. Лойиҳага кўра балконларимиз ва қурилаётган бино ўртасидаги ажратилган қизил чизиққача масофа 14 метрни ва бино деворига қадар 19 метрни ташкил этади. Бунинг устига, қурилиш ишлари лойиҳани бузган ҳолда юритиляпти. Амалда бино майдони бизнинг уйимиз томонига қизил чизиққача узайтирилган ва ундан ташқарида бетон девор кўтарилган. Вилоят архитектура бошқармасига қилган қайта-қайта мурожаатларимизга аниқ тушунтириш ололмадик.

Амалдаги қурилиш нормаларига риоя этиш талабларимиз қанчалик тўғри эканлигини билмоқчимиз. Биз мазкур вазиятда ўз ҳуқуқларимизни қандай ҳимоя қила оламиз?

А.Қўзиев.

 

 

– Янги шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларини лойиҳалаштириш ҳамда мавжудларини реконструкция қилиш норма ва қоидалари 2.07.01-03 ШНҚ «Шаҳарсозлик. Шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари ҳудудларини ривожлантириш ва қуришни режалаштириш»да (Давархитектқурилишқўм томонидан 23.12.2009 йилда 128-сон билан тасдиқланган) белгиланган.

ШНҚнинг 21.1-бандига кўра турар жой бинолари, турар жой ва жамоат бинолари, шунингдек ишлаб чиқариш бинолари орасидаги масофаларни инсоляция* ва ёритилганлик, асосий турар жой хоналари ва квартираларга қарашли ҳовличаларнинг бегона кўздан узоқлиги ҳисоб-китоблари асосида, шунингдек ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқ қабул қилиш керак.

Кўп квартирали турар жой биноларининг узун томонлари ўртасидаги масофани (хоналарга бегоналарнинг кўзи тушмаслиги талабидан келиб чиқиб) қуйидагича белгилаш керак:

баландлиги 2–3 қават бўлган тураржой бинолари учун – камида 15 м;

4–5 қаватли бинолар учун – камида 25–30 м;

яшаш хоналари деразалари билан биргаликда ушбу биноларнинг узун томонлари ва қисқа ён томонлари ўртасида – камида 10 м.

9 ва ундан кўп қаватли бинолар учун узун томонлар ўртасидаги масофалар камида 40–45 метрни, яшаш хоналари деразалари билан бирга ушбу биноларнинг қисқа ён томонлари ўртасида эса камида 20–25 метрни ташкил этиши керак.

ШНҚда шуниси ҳам қайд этилганки, реконструкцияда ва бошқа мураккаб шаҳарсозлик шароитларида инсоляция, ёритилганлик нормалари ва ёнғинга қарши талабларга риоя этилганда, шунингдек турар жойларнинг (хона ва ошхоналар) деразасига назар ташлашга йўл қўймаслик таъминланганда кўрсатилган масофалар қисқартирилиши мумкин.

Ҳолбуки ШНҚга изоҳнинг 26-бандига кўра турар жой ва жамоат биноларини жойлаштирганда турар жой хоналари инсоляциясининг узлуксиз давомийлиги 22 мартдан 22 сентябргача бўлган даврда кунига камида 2,5 соатни, болалар муассасаларининг ухлаш, ўйин ва машғулотлар учун хоналарида 3 соатни ташкил этиши керак.

Хизмат кўрсатиш муассасалари ва корхоналари бинолари ва ер участкалари чегараларидан кўчаларнинг қизил чизиқлари ҳамда эшик ва деразалари бўлган бошқа биноларга бўлган масофалар ҳисоб-китоби ШНҚ 96-бандининг 19-жадвалига мувофиқ белгиланади.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, турар жой, жамоат бинолари ва саноат корхоналарининг ёрдамчи бинолари ўртасида ёнғинга қарши масофаларга риоя этилиши керак, улар ШНҚга 1-иловага кўра белгиланади.

Янги савдо-маиший мажмуанинг қурилиши шаҳарсозлик норма ва қоидаларига мувофиқ амалга оширилиши керак. Унинг жойлаштирилиши қўшни уйда яшовчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузмаслиги керак. Номувофиқликлар аниқланганда сиз Навоий шаҳар ҳокимлигига ёзма ариза билан мурожаат қилиб, унда ҳуқуқбузарликлар далилларини баён этишга ҳақлисиз. Шаҳарсозлик кодексининг (ШК) 20-моддасига кўра вилоят ҳокимлиги ўз ҳудудида шаҳарсозлик фаолиятини, башарти бу фаолият ШК ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига мос келмаса, чеклаш, тўхтатиб қўйиш ёки тақиқлашга ваколатлидир. Бунда тадбиркорлик субъектининг фаолиятини чеклаш, тўхтатиб қўйиш ва тақиқлаш суд тартибида амалга оширилади.

Шунингдек сиз вилоят архитектура ва қурилиш бошқармасига мурожаат қилишингиз мумкин, у махсус ваколатли орган ҳисобланади ва шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назорат қилади (ШКнинг 22-моддаси). Унга берилган ваколатлар доирасида бошқарма тадбиркорлик субъектига бажариш мажбурий бўлган кўрсатмалар бериши мумкин. Тадбиркорлик субъекти учун шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш мансабдор шахсларга ЭКИҲнинг 3 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солиш тарзидаги маъмурий жавобгарликка олиб келади (МЖТКнинг 99-моддаси).

 

*Инсоляция (лотинча – in solo – қуёшга қўяман) – бинолар, иншоотлар ва улар ички хоналарининг қуёш нури билан ёритилганлик даражаси.

 

Жавобни «Norma Online» эксперти Сабоҳат Султонова тайёрлади.

Прочитано: 2668 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика