Биз хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатимиз (ХУМШ) (ХХТУТ бўйича код – 90190). Фаолиятимизни амалга ошириш учун бизга хона керак, ВМнинг 1.03.2002 йилдаги 74-сон Қарорига кўра, уни бизга давлат органлари беришлари керак. Бироқ шаҳар ҳокимлигининг Бинолардан фойдаланиш департаменти биздан хонани ижарага олиш шартномасини тузишни талаб қиляпти.
Давлат ҳокимияти органлари бизга нотурар жой беришлари шартми? Унинг ижараси ноль ставкасидаги шартнома билан расмийлаштирилиши керакми?
Ф.Ҳасанова,
маҳалла ҳузуридаги жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг
ҳуқуқларини ҳимоя қилиш комиссияси раиси,
ХУМШ бошқаруви аъзоси.
– «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг (12.04.2006 йилдаги ЎРҚ-32-сон) 7-моддасига кўра, давлат ширкатларнинг ва ширкат аъзоларининг ҳуқуқлари таъминланиши ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди, ширкатларнинг ривожланиши ва мустаҳкамланишига кўмаклашади.
ВМнинг «Уй-жой мулкдорлари ширкатларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори (1.03.2002 йилдаги 74-сон) 2-банди билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига, хусусан, ширкатларни уларнинг ишлаб чиқариш фаолияти учун турар жойга мўлжалланмаган бинолар билан таъминлаш топширилди.
Шу билан бирга, Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати намунавий уставининг (ВМнинг 30.06.2006 йилдаги 100-сон Қарорига 1-илова) 7.2-бандида жой мулкдорларининг умумий мол-мулки, ер участкаси ва ширкат мол-мулкини бошқариш билан боғлиқ харажатлари рўйхати белгиланган. Улар жумласига ширкат бошқаруви хонасини ижарага олиш шартномалари бўйича харажатлар ҳам киради. Бундан маҳаллий ҳокимият органлари ширкатларнинг фаолияти учун уларни нотурар жой билан таъминлашлари шартлиги, бироқ бу бепул асосда бўлиши шарт эмаслиги хусусида хулоса чиқариш мумкин.
2015 йилда Тошкентда давлат кўчмас мулкидан уй-жой-коммунал хўжалигида (ХУМШ объектлари) фойдаланганлик учун ижара тўловининг ставкаси 1 кв.метр учун 6 900 сўмни1 ташкил этган, 2016 йилда у 1 кв.метр учун 7 800 сўм2 миқдорида белгиланди.
Жавобни «Norma Online» эксперти Сабоҳат Султонова тайёрлади.
1Тошкент шаҳар ҳокимининг 31.12.2014 йилдаги 1079-сон қарори.
2Тошкент шаҳар ҳокимининг 4.01.2016 йилдаги 1-сон қарори.