Norma.uz

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси тўғрисида ахборот

 

15 январда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  2015 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди. 

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов маъруза қилди.

 

2015 йил якунлари бўйича мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 8 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қарийб 7 фоиз, қурилиш-монтаж ишлари ҳажми салкам 18 фоизга ошди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди. Ташқи савдо айланмасида ижобий сальдо таъминланди. Инфляция даражаси прогноз кўрсаткичларидан ошмади.

Хусусий мулкдорлар ва тадбиркорларнинг кафолатларини кучайтириш ва уларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатадиган Ягона марказлар орқали ташкил этиш ва амалга оширишни соддалаштириш ва енгиллаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг туркуми қабул қилинди. Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида кичик бизнеснинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 56,7 фоизга етди ёки 2000 йил билан таққослаганда 1,8 баравар ўсди.

Таркибий ўзгартиришлар, тармоқларни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш бўйича чора-тадбирлар ва инвестиция лойиҳаларининг фаол амалга оширилиши, шунингдек, замонавий инфратузилманинг шакллантирилиши 15,8 миллиард АҚШ доллари миқдорида ёки 2014 йилдагига қараганда 9,5 фоиз кўп инвестициялар ўзлаштирилишини таъминлади. Бунда барча инвестицияларнинг 3,3 миллиард доллардан зиёди ёки 21 фоиздан ортиғини хорижий инвестициялар ташкил этди, уларнинг 73 фоизи тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларидир. Юқори технологияли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган тармоқлар жадал ривожланишга эга бўлди. 158 та йирик ишлаб чиқариш объекти фойдаланишга топширилди.

Хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасининг жадал ривожланиши таъминланди. Пуллик хизматлар ҳажми 10,8 фоизга, чакана товар айланмаси 15 фоиздан зиёдга ўсди. Ялпи ички маҳсулотда хизматлар соҳаси улуши 2010 йилдаги 49 фоиз ўрнига 54,5 фоизга етди.

Банк тизимининг умумий капитали 2014 йилга нисбатан 23,3 фоизга кўпайди ва 7,8 триллион сўмга етди.

Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсия ва стипендиялар миқдори 21,9 фоизга, аҳоли жон бошига жами реал даромадлар эса 9,6 фоизга ошди. Тадбиркорлик фаолиятидан даромадлар улуши 2010 йилдаги 47,1 фоизга қараганда 52 фоизга ошди. 980 мингтадан ортиқ иш ўринлари ташкил этилди, улардан 60 фоиздан зиёди қишлоқ жойлардадир, касб-ҳунар коллежларининг 480 мингдан ортиқ битирувчилари ишга жойлаштирилди.

Мамлакатимиз Президенти ўз маърузасида мавжуд ҳал этилмаган муаммоларни батафсил ва ҳар томонлама таҳлил қилишга алоҳида эътиборни қаратди ҳамда ислоҳотларни давом эттириш, таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш ва иқтисодиётни диверсификациялашнинг дастурий вазифаларига, шунингдек, унинг 2016 йилда энг муҳим устувор йўналишларига батафсил тўхталиб ўтди.

Иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини тубдан ошириш, экспорт қилувчи корхоналарни қўллаб-қувватлашни кучайтириш, кичик бизнес субъектлари ва фермер хўжаликларининг экспортдаги иштирокини ҳар томонлама рағбатлантириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Иқтисодиёт тармоқларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ҳамда «Электрон ҳукумат» тизимини яратишни тубдан тезлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар комплекси белгиланди.

Мажлисда Бош вазир ўринбосарлари, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ҳамда вилоятлар ҳокимларининг ҳисоботлари эшитилди. Муҳокама қилиш якунлари бўйича 2016 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари амалга оширилишини таъминлашга доир амалий чора-тадбирлар белгиланган республика Ҳукумати қарори қабул қилинди.

 

ЎзА материали асосида.

Прочитано: 2124 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика