Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 48 / Электрон тижорат

Виртуал савдо: нима мумкину нима тақиқланган?

 

Озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек алкоголли ва тамаки маҳсулотларини сотиш учун интернет-дўкон очмоқчимиз.

Интернет-дўкон алкоголли ва тамаки маҳсулотларини омбордан бутун Тошкент бўйича мижозларнинг уйига куну тун етказиб бериш билан шуғулланиши мумкинми?

Тамаки ва алкоголли маҳсулотлар интернет-дўкон орқали реализация қилинганда қандай солиқлар тўланади?

Агар фирма Наманган вилоятида рўйхатдан ўтказилган, товарлар эса Тошкентда реализация қилинадиган бўлса, Тошкентда қандай солиқлар тўланади?

Т.Сулаймонов,

фрилансер.

 

СПИРТЛИ ИЧИМЛИКНИ УЙГА ЕТКАЗАЙЛИКМИ?

Ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда ва ушбу тизимлар воситасида тузилган шартномага асосан амалга ошириладиган товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотиш бўйича тадбиркорлик фаолияти электрон тижоратдир («Электрон тижорат тўғрисида»ги Қонуннинг1 3-моддаси). Унинг 10-моддасида белгиланишича, юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор электрон тижоратда товарларни (ишларни, хизматларни) сотувчидир. Электрон тижоратда иштирок этиш, агар қонунда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, унинг иштирокчиларига нисбатан ахборот тизимларидан фойдаланмасдан амалга оширилаётган тадбиркорлик фаолияти учун назарда тутилмаган қўшимча талаблар ёки чекловлар белгиланишига асос бўла олмайди.

Алкоголли ва тамаки маҳсулотларининг чакана савдоси мазкур товарларнинг ўзига хослиги туфайли бир қатор хусусиятларга эга ва қуйидаги махсус меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади:

● «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Қонун (5.10.2011 йилдаги ЎРҚ-302-сон);

● Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш қоидалари (Президентнинг 16.03.2007 йилдаги ­ПҚ-605-сон Қарорига 2-илова);

● Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисида низом (Президентнинг ПҚ-605-сон Қарорига 1-илова);

● Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларининг (ВМнинг 13.02.2003 йилдаги 75-сон Қарорига 1-илова) V бўлими.

Ушбу ҳужжатларнинг ҳаммасида чакана савдо билан шуғулланадиган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан ягона талаблар белгиланган ва уни турғун савдо шохобчалари орқали амалга ошириш тартиби ўрнатилган. Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 26.11.2002 йилдаги 407-сон Қарори билан тасдиқланган) 1-банди билан белгиланишича, мазкур тартиб электрон тижорат соҳасидаги муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Электрон савдо воситасида алкоголли ва тамаки маҳсулотлари реализациясини тартибга соладиган махсус меъёрий ҳужжат ҳозирча мавжуд эмаслиги боис, шунингдек интернет-дўкон (Интернет тармоғи воситасида товарлар билан савдо қилувчи сайт)нинг моҳиятидан келиб чиқиб, турғун савдо шохобчасининг бўлиши тўғрисидаги талабни унга нисбатан қўллаб бўлмайди деб хулоса чиқариш мумкин.

Алкоголли маҳсулот билан чакана савдони амалга ошириш учун мажбурий талаб бўлиб уни амалга ошириш ҳуқуқига рухсат гувоҳномасининг борлиги ҳисобланади. Уни вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳузуридаги махсус комиссиялар беради. Ҳужжатларни қабул қилиш, улар бўйича хулосалар ва қарорлар лойиҳаларини тайёрлашни туман (шаҳар) ҳокимликларининг комиссиялари амалга оширади.

Шунингдек белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган, алкоголли маҳсулотлар чакана савдоси учун махсус фойдаланиладиган, ҳимояланган фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналари ва тўловларни банк пластик карточкалардан қабул қилиш бўйича тўлов терминаллари мажбурий тарзда бўлиши керак. Бу ҳол шу билан боғлиқки, айрим акцизланадиган товарларни реализация қилишдан тушумнинг келиб тушиши ва сарфланиши ҳисоби Айрим турдаги акцизли товарларни ишлаб чиқариш ва сотишнинг ҳисоби тизими тўғрисидаги вақтинчалик низом2 билан белгиланган тартибда амалга оширилади. Унга мувофиқ банклар алкоголли ва тамаки маҳсулотлари сотадиган юридик шахсларнинг аризаси асосида кўрсатилган товарларнинг ҳар бир тури бўйича талаб қилиб олингунгача махсус иккиламчи депозит ҳисобрақамларини очадилар. Ушбу ҳисобрақамларга инкассация қилинган ҳамда банк пластик карталари воситасида терминаллар орқали келиб тушган тушумлар қайд этилади.

Ҳозирда қонун ижодкорлари Ўзбекистон Республикасида электрон савдо қоидалари лойиҳасини кўриб чиқмоқдалар. Ушбу ҳужжат қоидаларидан бирида реализация қилинишига алоҳида рухсат берувчи ҳужжатларни олиш лозим бўлган товарлар билан электрон чакана савдони ташкил этиш тақиқланган. Алкоголли маҳсулот эса айни шундай товардир.

Алкоголли маҳсулотлар чакана савдосини тартибга солиш хусусиятларини ҳисобга олиб, унинг интернет-дўкон орқали сотилиши қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ эмас деб хулоса чиқариш мумкин.

Тамаки маҳсулотларини реализация қилиш махсус рухсатнома олишни талаб қилмайди. Шу сабабли хулоса қилиш мумкинки, улар интернет-дўкон орқали, уларни харидорга у танлаган дўконнинг ишлаш вақти ва иш режимига мувофиқ, етказиб бериш шарти билан бироқ қонун ҳужжатлари билан белгиланган талабларга риоя этган ҳолда чакана сотилиши мумкин. Чунончи, тамаки маҳсулотини 20 ёшга тўлмаган шахсларга; акциз маркаларисиз; доналаб, ўровсиз реализация қилиш тақиқланади.

 

ИНТЕРНЕТ-ДЎКОН БАМИСОЛИ СУПЕРМАРКЕТ

Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатининг (ВМнинг 7.01.2011 йилдаги 6-сон Қарорига 1-илова) ­1-бандига мувофиқ, хусусий тадбиркорларнинг алкоголли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини чакана сотиш билан шуғулланишлари тақиқланади. Шу сабабли дўконингиз фақат юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтказилиши керак.

Ходимларининг сонидан қатъи назар савдо корхоналари ягона солиқ тўловини тўловчилардир (Солиқ кодексининг 350-моддаси). У ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда ёки қатъий белгиланган солиқ суммаси тарзида (якка тартибдаги тадбиркорлар сотиши мумкин бўлган товарларни реализация қилувчи чакана савдо корхоналари томонидан) ёхуд ер солиғининг 3 баравари тарзида (қолган савдо корхоналари томонидан) тўланади.

Агар ҳисобот чораги якунлари бўйича тамаки маҳсулотлари реализациясидан тушум реализациянинг умумий ҳажмида устун турса, Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга3 мувофиқ ЯСТ ер солиғининг 3 баравари суммасини ҳисобга олган ҳолда тўланади.

Агар бошқа товарлар реализацияси устун турса, ЯСТнинг энг кам миқдори сифатида Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан чакана савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга4 мувофиқ чакана савдо билан шуғулланадиган якка тартибдаги тадбиркорлар тўлайдиган қатъий белгиланган солиқни қабул қилиш керак.

Савдо корхонангиз ЯСТни ўзи солиқ ҳисобига олинган жой бўйича, яъни Наманган вилоятида тўлаши керак. Ҳисобга қўйилиш жойи бўйича эмас, балки солиқ солиш объекти жойлашган жой бўйича солиқларни тўлаш мажбурияти фақат ер солиғи, мол-мулк солиғи ёки сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўловчилари учун юзага келади.

Ирина АХМЕТОВА,

«Norma Profi» эксперти.

 


129.04.2004 йилдаги 613-II-сон, 22.05.2015 йилдаги ЎРҚ-385-сон Қонун таҳририда.

2ИВ, МВ, ДСҚ ва МБ бошқарувининг АВ томонидан 26.07.2004 йилда 1390-сон

билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

3МВ, ИВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

4МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 4.04.2013 йилда 2449-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

Прочитано: 3196 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика