Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 3 / Нуқтаи назар

Иқтисодий атамалар ва тилимиз бойлиги

Газетамизнинг 8.12.2014 йилдаги 49 (1061)-сонида чоп этилган «Ҳисобварақ», «Ҳисоб рақам», «Счёт» – қай бири тўғри? Ёки иқтисодий атамалар орасида адашиб қолмаслик масалалари» номли мақоласига Тошкент молия институтининг бир гуруҳ профессор ва ўқитувчилари томонидан фикр-мулоҳазалар билдирилган материалларни олдик. Қизиғи шундаки, улардаги нуқтаи назарлар ҳам бир-биридан бирмунча фарқланади. Бугун ана шу мулоҳазаларни эътиборингизга ҳавола этган ҳолда мунозараларимиз давом этишини эслатиб ўтамиз.

 

«Муҳаррир минбари» рукни остида иқтисодчи Ф.Қурбонбоевнинг «Ҳисобварақ», «Ҳисоб рақам», Счет»– қай бири тўғри?» номли мақоласи («СБХ», 2014 йил 8 декабрдаги 49 (1061)-сон) иқтисодиётимизда кўп учрайдиган мавзуга бағишланган бўлиб, унда «Ҳисобварақ», «Ҳисоб рақам», Счёт» атамалари ҳар жойда ҳар хил қўлланилаётганлигига эътибор қаратилган.

 

Дарҳақиқат, рус тилидаги «счет» сўзи ўзбек тилида турлича талқин қилинган. Афсуски, рус тилидаги айрим иборалар ўзбек тилига ноаниқ таржима қилиниши ҳоллари ҳам кўп учрайди.

Муаллиф фақат «счет» сўзининг таржимаси устида тўхталиб ўтган. Иқтисодиётимизда калька (сўзма-сўз) таржима қилиниб қўлланилаётган сўз ва сўз бирикмалари кўп. Масалан, «Ўзбекистон Республикаси молиявий қонунлари» (№14 2000 йил, бош редактори Леткеман Н.Э.) номли китобда муаллифнинг исми-шарифи кўрсатилмасдан 21-НСБУ «План счетов бухгалтерского учета финансово-хозяйственной деятельности хозяйствующих субъектов и инструкция по его применению»нинг фақат «План счетов» қисми таржима қилинган (йўриқнома қисми қолиб кетган). Бу таржимани ўқиб ҳайратдан беихтиёр ёқангни ушлаб қоласан киши. Чунончи, 2950 «Тара под товаром и порожняя» сўз бирикмаси «Товар ости идишлар ва бўш идишлар» деб таржима қилинган. Аслида «Товар билан банд ва бўш идишлар» дейилиши керак эди.

8720-«Накопленная прибыль» сўз бирикмаси «Йиғилиб қолган даромад» деб таржима қилинган. Аслида «Жамғарилган фойда» дейилиши керак. Таржимада бундай ғализлик, ноаниқлик ва хатоликлар оз эмас.

Муаллиф «счет» сўзини «ҳисобварақ» деб номлашга шунчалик берилиб кетганки, ҳатто 5110 «Расчетный счет» сўз бирикмасини «ҳисобварақ» деб номлаган (40-бет).

«Счет» сўзини ҳисобварақ деб қўллаш олдинги асрнинг 90-йилларидан бошланиб, 1998 йилдан қабул қилина бошланган БҲМСларда кенг қўллана бошлади.

Биз юқорида айтиб ўтган китобда ҳам «счёт» сўзи ўрнига «ҳисобварақ» сўзи қўлланилган. Лекин «ҳисобварақ» сўзи муаллифга ноқулай, чалкаш туюлган бўлса керакки, кўп жойларда ҳисобварақнинг ўрнига «счёт» термини ҳам қўлланилган. Масалан, 6010 «Счета к поставщикам и подрядчикам» жумласи «Товар етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счетлар» деб таржима қилинган (41-бет).

Бундай чалкашликлар бошқа адабиётларда ҳам учрайди. Таржима қилиш қоидаларидан бири шундаки, русчадан ўзбекчага таржима қилинган жумлани яна қайтариб русчага таржима қилиб кўриш лозим, бу таржима тўғри ёки нотўғри қилинганлигини аниқлашга кўмаклашади. Масалан, русчадаги «счет» сўзи «ҳисобварақ» деб таржима қилинган. Бу сўзни русчага таржима қилсак, «учетный лист» бўлади. «Учетный лист» тушунчасининг маъноси (русчада) «счет» сўзи маъносига тўғри келмайди. Шу нуқтаи назардан «счет» сўзини «ҳисобварақ» деб таржима қилиш ҳам нотўғри бўлиб чиқади.

Иқтисодий атамаларни ўзбекчага ўринсиз ўгириш ноқулайлик ва чалкашликларни келтириб чиқаради. Шунинг учун иқтисодий атамаларнинг баъзи бирларини азалдан қандай қабул қилинган бўлса шундайлигича қолдириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Бу борада Молия вазирлиги томонидан тасдиқланган, Адлия вазирлигида рўйхатга олиниб, 2005 йилдан амалда қўлланиб келинаётган Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (21-БҲМС) таҳсинга сазовор деб ўйлаймиз. Чунки ягона шу расмий ҳужжатда «счёт» сўзи таржима қилинмасдан қўлланилган. Фикримизча, Молия вазирлигининг бу борадаги ёндашуви қўллаб-қувватланиб, «счёт» сўзи турлича таржима қилинмасдан, изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилиши мақсадга мувофиқдир.

Бухгалтерия ҳисобидаги «счёт», «баланс», «дебет», «кредит» ва шу каби сўзлар азалдан қўлланиб, иқтисодиёт соҳаси ходимларининг кундалик ҳаётига сингиб кетган. Масалан, собиқ Иттифоқ давридаги 1939 йил 31 январдаги 147-сонли «Ёрдамчи (аналитик) ҳисобни ташкил этиш ва икки ёқламали колхоз ҳисобчилиги бўйича счетлар корреспондецияси кўрсатмаси»да ҳам «счёт» сўзи қўлланилган. Демак, «счёт» сўзи кўпдан буён муомалага киришиб кетган тушунча экан. Биз бу сўзни «ҳисобварақ» десак том маъноси бузилади.

Шуни эътиборга олиш керакки, ҳар бир халқ, элат, миллат тилига чет тиллардан маълум бир атамалар кириб келадики, улар кейинчалик ўша миллатнинг тил бойлигига айланиб кетган.

Масалан, айрим тадқиқотчиларнинг таъкидлашларича, рус тилида «А» ҳарфи билан бошланадиган сўзларни қарийб барчаси чет тилдан кириб келган экан.

Бошқа халқлар тилларидан кириб келган атамаларни «чиқиштирмай» ётсираш ўрнига уларнинг баъзиларини ўша асл ҳолида миллий тил хазинасига қабул қилиб ишлатсак, тил бойлигимизнинг кўпайиши аниқ.

Ҳар қандай сўз ва сўз бирикмасини ўзбек тилига таржима қилиш, муқобилини топишдан мақсад ўқувчиларга ўша тушунчани англатиш, фикрни тўғри, равон, равшан, тушунарли ифода этиш ва тушунтиришдир. Агар шундай бўлса, бу соҳада ортиқча чираниш, «ноҳия» («туман» сўзи ўрнига), «учоқ» («самолёт» сўзи ўрнига) каби терминларни киритиб, ўта оғмачилик йўналишидаги миллийлаштиришга берилишнинг ҳожати йўқ деб ўйлаймиз.

Баъзи бир сўзлар ва атамаларнинг ўрнига ўзимизнинг атамаларимизни қўлласак бўлади. Лекин, халқимизда қош қўяман деб кўз чиқариш деган ибора бор. Барча атамаларни сурункасига миллийлаштиришга уринаётган мутахассислар ҳаракатларини ушбу ибора билан ифодаласа бўлади.

Масалан, «бухгалтерия», «счёт», «актив», «пассив», «дебет», «кредит», «счет-фактура», «товар-транспорт накладнойи», «ведомость» ва шу каби сўзлар ва атамаларга халқ, ҳар бир иқтисодчи одам ўрганиб қолган, «ўзимизники» бўлиб қолган бу сўзлар. Шунинг учун бундай сўзларнинг ўзини муомалада қолдирсак, назаримизда, ҳеч нарса йўқотмаймиз, аксинча, тил бойлигимизга яна бойлик қўшилган бўлади.

Ҳаётимиздан ўрин олиб муомалага кириб бўлган, эндиликда барча ўрганиб, ҳаммага тушунарли ва қулай бўлиб қолган, амалда қўлланиб келаётган умумбашарий атама ва ибораларни ўзимизнинг сўз бойлигимиз, жамғармамизда қолдирсак фойдадан ҳоли бўлмайди.

Ҳар ким ўз билгича таржима қилиб, иқтисодиётимизга тиқиштираётган атама ва ибораларни бир хил қилиб қўллаш вақти келганга ўхшайди. Бу масалани ҳал этиш ташаббусини «Солиқ ва божхона хабарлари» газетасининг таҳририяти ўз зиммасига олиб конференция ёки семинарлар уюштирса мақсадга мувофиқ бўлар эди1.

Тилимизни авайлаб асрайлик, уни бойитайлик, бизнинг ажойиб ўзбек тилимиз бу – улуғ боболаримиз бизга қолдирган мерос, хазинадир. Бу қудратли қуролга ҳурмат билан муносабатда бўлайлик, ишбилармонлар қўлида у мўъжизалар яратишга қодир.

Ўзбек тили дунёдаги энг бой тилларнинг биридир. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ!

 

1Таҳририятдан. Газетамиз саҳифаларида ушбу мавзуни давом эттириб, бошқа атамалардаги тафовутларга бағишланган мақолаларни ҳам чоп этиш мўлжалимиз бор. Ушбу режани амалга ошириб, иқтисодчи олимлар ва мутахассисларнинг кенг доираси фикр-мулоҳазаларини ёритиб, илгари сурилган таклифларни умумлаштириш ва якуний таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида жорий йилда таҳририят амалий семинар ўтказиш ташаббускори бўлиш ниятида.


Абдураҳмон Сотиволдиев, и.ф.н., профессор,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи,

Бахтиёр Болибеков, и.ф.н., доцент. 

 

Прочитано: 8181 раз(а)

Комментарии к статье (1)

2020-11-25 17:59:23, Гость_Лобар:
Ассалому алейкум!
Мақолани ўқиб чиқдим ва унга қўшимча қиладиган гапларим кўп. 1990-йиллар бошида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида бемаъни Атамалар қўмитаси ташкил қилинган эди. Нега "бемаъни" дейсизми? Чунки "қўмитачилар" билар-билмасдан, махсус билимга эга бўлмасдан туриб, аввал ўзбек миллатининг тарихида ва унга хос бўлмаган буюм ва объектлар номини ёппасига таржима қилишга тушди. Кўпчилик "тайёра"(самолет), "олийгоҳ" (от сифатга ҳеч қачон қўшилмайди) ўзбек тилининг қонун-қоидасига биноан) ва шунга ўхшаган сўзларни эслаши мумкин. 90-йилларда собиқ президент ўзбек тилини лотин графикасига ўтказиш тўғрисида қарор имзолаган. Лекин, у вақтдаги сиёсат бўйича Ўзбекистон Туркия давлатининг ривожланиш моделига биноан тараққий этиши керак бўлган. Шунинг учун Туркиядан, шу жумладан, ёзув соҳасида ҳам  андоза олинган. Давлат жаҳон тилларида дарс берган таниқли профессорлар, масалан Собир Солиев, бу бемаъни эканлигини айтиб ўтган. Лекин, собиқ давлат раҳбари тилшуносликнинг "т" ҳарфини ҳам тушунмай, буйруқ берган.Ана томоша-мана томоша бошланди. Кулгили, ҳатто фарс даражасида холатлар рўй берди ва рўй беришда давом этмоқда. Мақолада ёзилганидек, тилда бўлмаган реалиялар таржимасини "ўйлаб топмасдан", асл тилдаги маъносини қолдириш лозим. Масалан, бутун дунёда "аэропорт" сўзи "аэропорт"лигича қолган. Яъни халқаро даражада ишлатиладиган "байнал-милал" сўзлар жуда кўп. Энг одамни ғазабини келтирадиган нарса - "ц" товушини "замонавий" ўзбек тилида бекор қилиниши. "Ц" товуши сўзларнинг аксарияти ўзбек миллатининг ҳаётида аввал бўлмаган реалиялар билан боғлиқ. Нима учун уни йўқ қилиш керак? Бу товуш кимга ҳалақит берди? Мен тилшунос сифатида бундай аҳмоқгарчиликка тушуниб етолмайман. Эътиборингиз учун раҳмат!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика