Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 52 / Мавзуга қайтиб

Иқтисодий атамаларни бирхиллаштирган маъқул

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисида йўриқномага (АВ томонидан 27.04.2009 йилда 1948-сон билан рўйхатдан ўтказилган, кейинги ўринларда – 1948-сон Йўриқнома) мувофиқ мижозлар банкларда қуйидаги турдаги банк ҳисобварақларини очишлари мумкин:

а) талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари;

б) жамғарма депозит ҳисобварақлари;

в) муддатли депозит ҳисобварақлари;

г) ссуда ҳисобварақлари;

д) бошқа депозит ҳисобварақлари.

Масалани янада ойдинлаштириш мақсадида бу ҳисобварақларнинг ҳар бири тўғрисида тўлиқроқ маълумот беришни лозим топдик.

Талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари. Маълумки, хўжалик юритувчи субъект давлат рўйхатидан ўтганидан сўнг биринчи марта миллий валютада очган талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағи унинг асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағи (кейинги ўринларда асосий ҳисобварақ деб юритилади) ҳисобланади. Хўжалик юритувчи субъект асосий ҳисобварағини очгандан кейин миллий ва чет эл валютасида очадиган барча талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари унинг иккиламчи ҳисобварақларидир.

1948-сон Йўриқномада банк ҳисобварағи – банк ҳисобварағи шартномасини тузиш орқали банк мижоз (ҳисобварақ эгаси) ҳисобварағига келиб тушган пул маблағларини қабул қилиш ва киритиб қўйиш, мижознинг ҳисобварағидаги тегишли маблағларни ўтказиш ва бериш ҳамда ҳисобварақ бўйича бошқа операцияларни амалга ошириш тўғрисидаги топшириқларни бажариш вазифасини ўз зиммасига олиши натижасида банк ва мижоз ўртасида вужудга келадиган муносабатларни амалга ошириш воситаси деб белгиланган.

Ҳеч бир шубҳасиз айтиш мумкинки, 1948-сон Йўриқномадаги «банк ҳисобварағи» тушунчасига Фуқаролик кодексида (ФК) банк ҳисобварағи бўйича белгиланган нормалар ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилган. Хусусан, ФКнинг 771-моддасида «банк ҳисобварағи шартномаси»га қуйидагича таъриф берилган: «Банк ҳисобварағи шартномаси бўйича бир тараф – банк ёки бошқа кредит муассасаси иккинчи тарафнинг – мижознинг (ҳисобварақ эгасининг) ҳисобварағига тушаётган пул маблағларини қабул қилиш ва киритиб қўйиш, мижознинг ҳисобварақдан тегишли суммаларини ўтказиш ва тўлаш ҳамда ҳисобварақ бўйича бошқа операцияларни амалга ошириш ҳақидаги фармойишларини бажариш мажбуриятини олади».

Умумий қилиб айтганда, ушбу қонун ҳужжатларида ҳисобварақ тушунчасига таъриф беришда унинг ҳуқуқий мазмунига кўпроқ аҳамият берилган. Албатта, қонун ҳужжатларида қўлланиладиган тушунчаларнинг ҳуқуқий жиҳатига урғу берилиши табиий ҳол. Лекин, юқоридаги қонун ҳужжатларида «банк ҳисобварағи» («банк ҳисобварағи шартномаси» ва «банк ҳисобварағи») тушунчасига бир томонлама, яъни фақат мижоз билан вужудга келадиган ҳуқуқий муносабатлар нуқтаи назаридан қаралганлиги сабабли унинг моҳияти тўлиқ очилмаган.

Фикримизча, «банк ҳисобварағи» тушунчаси юқорида келтирилган таърифлар мазмунидан анча кенгдир. Масалан, банкларда мижозларга очиладиган ҳисобварақлардан ташқари, банк ички ҳисобварақлари ҳам ишлатилади. Бундай ҳисобварақларга банкнинг ички фаолияти ҳисобини юритиш учун очиладиган ҳисобварақлар киради. Хусусан, юқорида айтиб ўтганимиздек, асосий воситалар, даромад ва харажатлар, касса операциялари ҳисобини юритиш ҳисобварақлари, клиринг транзакциялари ҳисобварақлари ва бошқалар шулар жумласидандир.

Кўриниб турибдики, «банк ҳисобварағи» тушунчаси макон жиҳатидан фақат мижозлар учун очиладиган банк ҳисобварақларига тааллуқли бўлмасдан, банкнинг бошқа мақсадлар учун очиладиган ҳисобварақларини ҳам қамраб олади. Бундай умумийлик эса банк ҳисобварақларига нафақат иқтисодий, балки ҳуқуқий жиҳатдан баҳо беришда ҳам жиддий чалкашликлар келтириб чиқариши мумкин.

 

Ноаниқликларни бартараф этиш мақсадида қонун ҳужжатларида банк ҳисобварақларининг вазифаларига кўра, банкларда мижозлар учун очиладиган ҳисобварақлар номини «банк-мижоз ҳисобварағи» деб, банкнинг ички операциялар учун очиладиган ҳисобварақларини эса «банк ички ҳисобварақлари» деб номлаш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

 

Бундан ташқари, юқорида қайд этганимиздек, талаб қилиб олингунча сақланадиган депозит ҳисобварағи мижознинг банкда ҳисоб-китобларни амалга ошириш ва қонунчиликда белгиланган тартибда ҳисобварақдаги маблағлар доирасида нақд пул олиш учун хизмат қиладиган ҳисобварақдир. Шу сабабли аксарият МДҲ мамлакатларида, жумладан Россия Федерациясининг иқтисодий адабиётларида ҳам, қонун ҳужжатларида ҳам талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағининг номи – мижозларнинг банклардаги «ҳисоб-китоб ҳисобварағи» (расчётный счёт) ёки «жорий ҳисобварағи» (текущий счёт) номи ва мавқеи сақланиб қолган. Европанинг кўпгина мамлакатларида талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағи сифатида мижозларнинг банкларда нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун очилган «жиро ҳисобварақ» қўлланилади (жиро – итальянча «girante» сўзидан олинган бўлиб, доира, айланма маъносини англатади).

Агар мижознинг банкда ҳисобварақ очиш мақсадидан келиб чиқсак ҳам, талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағини фоиз шаклидаги даромад олиш мақсадида эмас, балки ҳисоб-китобларни амалга ошириш, муддатли ва жамғарма омонатларини эса албатта даромад олиш учун очадилар.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ФКнинг 771-моддасидаги «банк ҳисобварағи шартномаси» бўйича ўрнатилган нормалар 1948-сон Йўриқномадаги «талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари»га нисбатан қўлланилишини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Жамғарма ва муддатли депозит ҳисобварақлари. Бу ҳисобварақларнинг ҳуқуқий асослари ФКнинг 43-«Банк омонати» бобида белгиланган нормаларга таянган ҳолда ўрнатилган. Бироқ, ФКнинг 762-моддасига мувофиқ банк омонати шартномаси омонатни талаб қилиниши биланоқ бериш шарти билан тузилиши белгиланган бўлса, бундай омонат талаб қилингунча сақланадиган омонатдир. Табиийки, Ўзбекистон Республикаси банкларида депозит операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (АВ томонидан 4.03.2011 йилда 2205-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 13-бандида ҳам худди шундай таъриф берилган. Тўғри, юқоридаги ҳужжатларда талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига омонат ҳисобварағи сифатида таъриф берилган. Айни пайтда, ФКнинг 759-моддаси тўртинчи қисмида банк билан омонатчининг омонат қўйилган ҳисобварақ бўйича муносабатларига нисбатан банк ҳисобварағи шартномаси тўғрисидаги қоидалар, агар ушбу бобнинг қоидаларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ёки у банк омонати шартномасининг моҳиятидан келиб чиқмаса, қўлланилиши белгиланган.

Лекин, ФКнинг 759-моддаси биринчи қисмига мувофиқ банк омонати шартномаси бўйича биринчи тарафдан (омонатчидан) қабул қилиб олган ёки унинг номига келган пул суммасини (омонатни) қабул қилиб олган иккинчи тараф (банк) шартномада назарда тутилган шартлар асосида ва тартибда омонат суммасини қайтариш ва унга фоизлар тўлаш мажбуриятини олади. Ёки омонатчи топшириғига асосан омонатдаги пул маблағларини бошқа ҳисобварақларга ўтказишга доир бажариладиган операциялар ФКнинг 43-«Банк омонати» боби моддаларида назарда тутилмаган. Демак, омонат шартномасида омонатдаги пул маблағлари ҳисобидан нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш бўйича ФКнинг 759-моддаси биринчи қисмида норма ўрнатилмаган. Бу эса ФК 759-моддасининг биринчи ва тўртинчи қисмларида зиддият мавжудлигини англатади.

Бугунги кундаги жисмоний шахслар томонидан банклардаги талаб қилиб олингунча сақланадиган ҳисобварақлар бўйича нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ҳажмини, айниқса аҳолининг банк пластик карточкалари бўйича амалга оширилаётган ҳисоб-китобларнинг кўлами беқиёс даражада кенгайиб бораётганлиги ва банклар томонидан бундай чакана банк хизмати турларини ривожлантириш бўйича янги технологик жараёнлар қўлланилаётганлигини инобатга олсак, жисмоний шахсларнинг талаб қилиб олингунча сақланадиган ҳисобварақларига нисбатан ҳам «банк ҳисобварағи шартномаси» шартларини қўллаш ҳамда ФКга ва бошқа амалдаги қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Бошқа депозит ҳисобварақлари. Бошқа ҳисобварақлар ўрнида қонун ҳужжатларида кўпгина ҳолларда «махсус ҳисобварақ» тушунчаси қўлланилади. Лекин, бирор қонун ҳужжатида «махсус ҳисобварақ» тушунчасига таъриф ёки бирор изоҳ берилмаган.

Ҳисобварақлар режасига кўра мижозларнинг ана шундай бошқа ёки махсус ҳисобварақлари 22600-«Мижозларнинг бошқа ҳисобварақлари»да очилади. Албатта, бундай ҳисобварақларни очиш учун мижоз банкка ариза билан мурожаат қилиши лозим. Лекин, бу ҳисобварақлар бўйича тўловлар қонун ҳужжатларида белгиланган алоҳида тартиб асосида амалга оширилади. Шунинг учун ҳам 22600-«Мижозларнинг бошқа ҳисобварақлари» очилганда банк билан мижоз ўртасида банк ҳисобварағи шартномаси эмас, балки мазкур ҳисобварақни очиш учун асос бўлган қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда баён қилинган алоҳида шартнома тузилади. Масалан, мижоз аризасига асосан тўловларни аккредитив ҳисоб-китоблари асосида амалга оширишни хоҳласа, 22602-«Мижозларнинг аккредитивлар бўйича депозитлари» ҳисобварағи, агар ҳисоб-китоблар пластик карточкалар орқали амалга ошириладиган бўлса, 22618-«Жисмоний шахсларнинг пластик карточкалари бўйича мажбуриятлар», 22619-«Якка тартибдаги тадбиркорларнинг пластик карточкалари бўйича мажбуриятлар» ва 22620-«Корпоратив пластик карточкалар бўйича мажбуриятлар» ҳисобварақларини, Ҳукумат қарорлари бўйича эса 22604-«Мижозларнинг бошқа депозитлари» ва 22626-«Жамғарма – Мақсадли – Корхона ва ташкилотларнинг мақсадли маблағлари» ҳисобварақлари очилиши ва тўловлар шартномада белгиланган тартиб асосида амалга оширилиши лозим бўлади.

 

Кўриниб турибдики, бундай тўловларни тўғри амалга ошириш учун қонун ҳужжатларидаги «махсус ҳисобварақ» тушунчасига ойдинлик киритилиши ҳамда мазкур ҳисобварақлар бўйича тўловларни амалга ошириш юзасидан алоҳида нормалар ўрнатилиши зарур.

 

Маълумки, ҳисобварақдаги пул маблағлари унга қўйилган барча талабларни қондириш учун етарли бўлмаган тақдирда, тўловларни амалга ошириш ФКнинг 784-моддаси ва шу асосда ишлаб чиқилган Хўжалик субъектларининг банк ҳисобварақларидан маблағларни чиқариш тартиби тўғрисида йуриқнома (АВ томонидан 15.03.2012 йилда 2342-сон билан рўйхатдан ўтказилган, кейинги ўринларда – 2342-сон Йўриқнома) талаблари асосида амалга оширилади.

2342-сон Йўриқноманинг 3-бандига мувофиқ хўжалик юритувчи субъектнинг асосий ҳисобварағида маблағ унга қўйилган талабларни қондириш учун етарли бўлмаган ҳолда, пул-ҳисоб-китоб ҳужжатлари 2-сон картотекага кирим қилиниши, 2-сон картотека хўжалик юритувчи субъектнинг фақат асосий ҳисобварағи очилган банкда шакллантирилиши ва 4-бандда эса 2-сон картотека шакллантирилгандан сўнг, унинг бошқа барча ҳисобварақлар очган банклар томонидан пул-ҳисоб-китоб ҳужжатларини қабул қилиш ва унинг асосий ҳисобварағига бўлган тўловлардан ташқари бошқа тўловларни амалга ошириш тақиқланиши белгиланган.

2342-сон Йўриқномада қайд этилган «бошқа барча ҳисобварақлар» деганда 1948-сон Йўриқномада кўрсатилган мижозларнинг иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари назарда тутилган. Лекин, Солиқ кодексининг 48-моддасида ва «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддасида белгиланган «солиқ тўловчининг ҳисобварағи» ва «қарздорнинг ҳисобварақлари» атамалари барча банк ҳисобварақлари тушунчаси сифатида қўлланилмоқда.

Ушбу қонун ҳужжатларидаги мавжуд ноаниқ иборалар банк ҳисобварақлари орқали тўловларни тўғри амалга оширишга халақит бермоқда. Хусусан, суд ижрочилари ва солиқ органлари томонидан инкассо топшириқномалари ва банд қўйиш, 2342-сон Йўриқномага мувофиқ мижознинг нафақат талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига, балки банкка тегишли бўлган ва банк томонидан бошқариладиган ички ҳисобварақларларига ҳамда Ҳукумат қарорлари билан очилган «махсус» ҳисобварақларга нисбатан ҳам қўлланилмоқда.

Бу эса мижозларнинг банклардаги Ҳукумат қарори билан ажратилган мақсадли маблағларининг нотўғри тақсимланишига ҳамда банк маблағлари унинг фаолият доирасидан чиқиб кетишига сабаб бўлмоқда.

 

Шу сабабли юқоридаги қонун ҳужжатларидаги «банк ҳисобварақ шартномаси» атамаси фақат мижознинг талаб қилиб олингунча сақланадиган ҳисобварақларига нисбатан татбиқ этилиши лозимлиги тўғрисида ҳам янги қоида киритилишини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Мавлон МАРПАТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки

Бухгалтерия ҳисоби, ҳисоботи ва

давлат бюджети касса ижроси департаменти

директори ўринбосари, и.ф.н.

 

*Охири. Боши «СБХ»нинг 23.12.2014 йилдаги 51 (1063)-сонида.

Прочитано: 3271 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика