Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 51 / Мавзуга қайтиб

Иқтисодий атамаларни бирхиллаштирган маъқул

Республикамизда мустақиллик йилларида қонун ижодкорлиги тизими жадал ривожланди ва у тобора такомиллашиб бормоқда. Бугунги кунда миллий қонунчилик тизими шаклланиб улгурди ва мамлакатимизда қонун ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқнинг қўлланилиш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсати юритилиши таъминланди, деб айтишга тўлиқ асосларимиз бор.

 

Шу билан бирга, қонун ҳужжатларини амалиётга татбиқ этишда айрим муаммолар мавжудлигини ҳам инкор этиб бўлмайди. Хусусан, «Солиқ ва божхона хабарлари» газетасининг 8 декабрдаги 49 (1061)-сонида босилган «Ҳисобварақ», «ҳисоб рақам», «счёт» – қай бири тўғри?..» мақоласида кўтарилган масала бугунги кунда мамлакатимиз қонун ҳужжатларида иқтисодий атамалар истифодасига нисбатан билдирилган садо десак хато бўлмайди. Зеро, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонун 24-моддасининг биринчи қисми мазмунидан қонун лойиҳаси лўнда, аниқ, оддий ва равон тилда, нормаларни турлича изоҳлашни истисно этадиган тарзда юридик атамашуносликка риоя қилинган ҳолда баён қилиниши лозимлиги келиб чиқади.

Маълумки, «счёт» (инглизча «account») русча кўп маъноли сўз бўлиб, шунга мос равишда унинг ўзбек тилида бир неча хил расмий таржимаси мавжуд. Жумладан:

ҳисоб, ҳисоблаш, санаш, саноқ;

ҳисоб очмоқ, натижа, оқибат;

ҳисоб, тўлов ҳужжати;

ҳисобварақ (банк ва бухгалтерияда ҳисоб-китоб операциялари ёзиб бориладиган ҳужжат).

Юқоридаги рўйхатни яна давом эттириш мумкин, ҳатто «счёт» сўзи, мақолада таъкидланганидек, таржима қилинмасдан қўлланилаётганлиги ҳам маълум. Шунингдек, муаллифнинг «ҳисобварақ» сўзи ўрнига «счёт» сўзининг амалиётчи бухгалтер томонидан узоқ вақт ишлатиб келинганлиги, у «ҳисобварақ» сўзига қараганда тушунарлироқ ва қисқароқ бўлганлиги билан, қолаверса амалий жиҳатдан қулайлиги билан изоҳланади, деган тахминини ҳам инкор этиб бўлмайди.

Маълумки, «банк», «бухгалтерия», «бухгалтерский счёт» атамалари рус тили орқали тилимизга кириб келган бўлиб, ўзбек тили учун «ажнабий» сўзлар ҳисобланади. Чунки Россия давлати ишғол қилгунга қадар, юртимиз иқтисодиётида банк ва бухгалтерия ҳисоби соҳаси мавжуд бўлмаганлиги сабабли, бу сўзлар бизга ёт ҳисобланган. Шу боис, кўпчилик мутахассислар бу атамаларни байналмилал атамалар сифатида таржима қилмасдан амалиётга қабул қилиш таклифини беришади. Масалан, «банк» ёки «бухгалтерия» сўзлари худди шундай мақомда миллий тилимизга сингиб кетган. Савол туғилади, «счёт» сўзига нисбатан ҳам худди шундай усулни қўллаш мумкин эмасми?

Лекин, юқорида таъкидланганидек, «счёт» сўзи рус тилининг ўзида ҳам турлича мазмунда қўлланилади. Фақат расмий луғатларда бу сўзга камида 4 хил маънода изоҳ берилган. Қолаверса, муалллиф таъкидлаганидек, мамлакатимиз қонун ҳужжатларида, хусусан, Фуқаролик кодексининг 44-боби, «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонуннинг 31, 35 ва 53-моддалари, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 4, 31 ва 32-моддалари, «Банк сири тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддаси, «Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддаси, «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуннинг 3, 8, 11 ва 13-моддалари, «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 2 ва 4-моддаларида ушбу сўз «ҳисобварақ» атамаси билан ўз таржимани топиб улгурган. Шунинг учун ҳам унинг ўзбек тилидаги атамалари мукаммал таржимага ёки мажозий қилиб айтганда, «ўз исми»га эга бўлмоғи лозим.

Юқоридаги қонун ҳужжатларида бу сўзнинг иқтисодий жиҳатига урғу берилганлиги боис, биз ҳам асосий эътиборни унинг иқтисодий мазмунига қаратамиз. «Счёт» сўзи асосан икки хил иқтисодий маъно касб этади. Биринчидан, «ҳисобварақ» – бу етказиб берилган товарлар ёки бажарилган ишлар учун тўловга асос бўлган маълумотлар батафсил ёзилган расмий ҳужжат сифатида талқин қилинади (рус тилида «счёт-фактура»). Маълумотлар ёзилган расмий ҳужжат эса варақдан иборатлиги тайин. У асосан битта вазифани – тўлов ёки ҳисоб-китобларни амалга ошириш вазифасини бажаради. Шундан келиб чиққан ҳолда, бизнинг фикримизча, уни («счёт-фактура») «тўлов варағи» ёки «ҳисоб-китоб варағи» деб номлаш мақсадга мувофиқ бўларди.

Иккинчидан, «ҳисобварақ» – бу бухгалтерия ҳисоби ҳисобварағи. Ҳисобварақ сўзи илмий адабиётларга бухгалтерия ҳисоби фанининг энг муҳим тушунчаси сифатида кириб келган. Мазкур фан асосчиси бўлмиш француз монахи Лука Пачоли (1445–1517 йилларда яшаган) ўзининг «Арифметика, геометрия суммаси, мутаносиблик ва нисбатлар» китобининг IХ «Ҳисобварақлар ва ёзувлар трактати» бўлимида биринчи бор «ҳисобварақ» («счёт») тушунчасини фанга киритди. Бухгалтерия ҳисоби фани нуқтаи назаридан «ҳисобварақ» – бу унинг объектлари бўйича юз берган операциялар ёки бошқа ҳодисалар тўғрисидаги маълумотларни йиғувчи, тақсимловчи ва сақловчи ҳамда корхона молиявий ҳолатини ўзида акс эттирувчи восита сифатида қаралади. Мазкур воситага юқорида қайд этилган маълумотлар ёзилади, ёзувлар эса албатта вараққа битилади. Шу билан бирга, бу жараён фақат бир марта содир бўлмасдан, доимий такрорланиб туради. Модомики шундай экан, уни ҳисоблаш варағи, тўғрироғи «ҳисобварақ» деб номлаш мақсадга мувофиқ бўлади.

Бизнинг «ҳисобварақ» бўйича билдирган мантиқий хулосамиз, юқорида таъкидлаганимиздек, «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 2 ва 4-моддаларида ўз аксини топиб улгурган. Мазкур Қонун мамлакат бухгалтерия ҳисобини тартибга солувчи асосий қонун ҳужжати ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда бухгалтерияга оид барча қонун ҳужжатларида «счёт» сўзи ўрнига «ҳисобварақ» сўзи қўлланилиши лозим деб ҳисоблаймиз.

Мақолада таъкидланганидек, иқтисодий адабиётларда, шунингдек қонун ҳужжатларида «ҳисобварақ» сўзига синоним сифатида «ҳисоб рақам» сўзи ҳам ишлатилади. Бизнинг фикримизча, «ҳисоб рақам» сўзини таҳлил қилишда урғу «рақам» сўзига қаратилмоғи лозим. Чунки «ҳисоб» сўзи «ҳисобварақ» сўзида ҳам мавжуд. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида «рақам» сўзига «сон» (рус тилида «номер»), «миқдор» (рус тилида «количество») ёки «сана» (рус тилида «дата») сифатида изоҳ берилган*.

Умумий қилиб айтганда, «рақам» сўзи миқдорий мазмунга эга ёки у предметнинг мазмунини эмас, балки унинг миқдорини англатади. Бинобарин, биз баҳс юритаётган мавзуда ушбу сўзни ўз ўрнида қўлламоғимиз лозим, масалан, «ҳисобварақ рақами» (номер счёта), бунда ҳисобварақ сўзи от ўрнида, рақам сўзи эса саноқли олмош ўрнида келмоқда.

Мақолада «банк ҳисобварағи» атамасини амалиётда тўғри қўллаш масаласига ҳам тўхталиб ўтилган. Қайд этиш лозимки, мазкур масалани амалдаги қонун ҳужжатлари асосида таҳлил қилиш жараёнида муаллиф томонидан қимматли маълумотлар келтирилган. Шу билан бирга, у «банк ҳисобварағи» тушунчаси «бухгалтерия ҳисобварағи» тушунчасидан фарқли эканлиги тўғрисида хулоса қилган. Ф.Қурбонбоевнинг фикрича, банк ҳисобварағи банк ва унинг мижози ўртасидаги мижознинг пул маблағлари ҳаракати билан боғлиқ муносабатларни акс эттиради, бухгалтерия ҳисобварағи тушунчаси юридик шахснинг ички фаолият жараёнига тааллуқли бўлиб, у активларнинг ҳолати ва ҳаракати, мулкий ҳуқуқлар ва мажбуриятларнинг ҳолати тўғрисидаги маълумотларни акс эттиради.

Ушбу фикрлар бухгалтерия ҳисоби тамойиллари бўйича бошқача талқин қилиниши мумкин. Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Бухгалтерия ҳисоби миллий стандарти (21-сон БҲМС) «Хўжалик юритувчи субъектлар молиявий-хўжалик фаолиятининг бухгалтерия ҳисоби счётлари режаси ва уни қўллаш бўйича йўриқнома»га (молия вазирининг АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган) мувофиқ юридик шахснинг ички 5110-ҳисоб-китоб счёти банкда очилган «банк счёти» ёки «банк ҳисобварағи» ҳисобланади, худди шу ҳисобварақ Тижорат банкларида бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақлари режасида (АВ томонидан 13.08.2004 йилда 773-17-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 20200-«Талаб қилиб олингунча сақланадиган депозитлар» ҳисобварағи ҳисобланади. Ушбу ҳисобварақ мижоз учун актив ҳисобланса, банк учун унинг мажбуриятини акс эттиради.

Лекин, бу хулоса «банк ҳисобварағи» ва «банк ҳисобварағи шартномаси» тушунчалари борасидаги баҳсга якун ясамайди, балки амалиётда уларни қўллаш бўйича мавжуд муаммолар сари етаклайди. Шу боис биз мазкур масалалар тўғрисида ўз фикримизни газетхонларга, яъни қонун ижодкорлари, давлат идоралари мутахассислари, амалиётчилар, иқтисодчи олимлар ва тилшунослар эътиборига тақдим қилмоқчимиз.

 

 

Луғатларга мурожаат қиламиз:

Счёт 1. ҳисоблаш, санаш, ҳисоб, саноқ; 2. ....; 3. ....; 4. мн. счета бухг. счёт (банк ва бухгалтерияда ҳисоб-китоб операциялари ёзиб бориладиган ҳужжат); лицевой -//- шахсий счёт; текущий -//- жорий счёт; .....
[Русско-узбекский словарь, в двух томах, Ташкент–1983, Главная редакция Узбекской Советской Энциклопедии (Кошчанов М.К. (председатель), С.Ф.Акобиров, ..... )]

Счёт 2 бухг. счёт; расчёт -//-и расчётный счёт; -//- бўйича пул тўламоқ производить оплату по счёту, оплачивать счёт [Узбекско-русский словарь, Ташкент–1988, Главная редакция Узбекской Советской Энциклопедии (С.Ф.Акобиров, Г.Н.Михайлов)]

Счёт 3 ҳисобварақ [Банк атамаларининг русча-ўзбекча қисқача луғати, Тошкент–1995, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг «Фан» нашриёти (Ф.Муллажонов, З.Нормуҳамедов)]

Account 1. счёт; запись на счёт; 2. 3. 4. 5. 6. 7. 8. 9. 10. бухгалтерские счета; .... 1. ҳисобрақам, тўловнома, тўловномада қайд этиш; 2. 3. 4. 5. 6. 7. 8. 9. 10. бухгалтерлик ҳисобрақамлари; ...... [Инглизча-русча-ўзбекча иқтисодий луғат, уч жилдлик, Тошкент—2001, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси «Фан» нашриёти (Қ.М.Мусаев, М.Ш.Қудратов)] 

 

*Қаралсин: «Ўзбек тилининг изоҳли луғати», «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти, Тошкент – 2007. Учинчи жилд, 360-бет.

 

Мавлон МАРПАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки
Бухгалтерия ҳисоби, ҳисоботи ва давлат бюджети касса ижроси департаменти директори ўринбосари, и.ф.н.

Давоми бор.

Прочитано: 5122 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика