Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 48 / Қонун чиқарувчи эътиборига

Муқобил энергетика: концепция керак

Роппа-роса бир йил муқаддам Ўзбекистон қуёш энергияси бўйича Осиё анжуманининг1 олтинчи мажлисини ўтказиш жойи бўлди. Қизиғи шундаки, қуёш энергетикасига оид анжуманларни ўтказиш Осиё Тараққиёт банки бошқарувчилари кенгашининг 2010 йил 1–4 май кунлари айни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ҳар йилги 43-мажлисида кўриб чиқилган Қуёш энергияси бўйича Осиё ташаббуслари (ASEI) доирасида эълон қилинган эди.

 

Ўтган 2013 йили «Физика-Қуёш» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси базасида мамлакатимиз пойтахтида Осиё Тараққиёт банки (ОТБ) билан биргаликда Халқаро қуёш энергияси институти барпо этилди. Мазкур институт шу соҳадаги илмий-экспериментал тадқиқотларнинг ҳамда истиқболли технологиялар яратишнинг минтақавий маркази бўлиб қолиши лозим.

Самарқанд вилоятида қуввати 100 МВт бўлган улкан қуёш фотоэлектр станцияси2 қурилмоқда. Мамлакатимизнинг яна 6 та минтақасида шунга ўхшаш объектларни қуришга жой мўлжалланмоқда.

2012 йили қуввати йилига 12 минг тонна бўлган техник кремний ишлаб чиқариш бўйича Навоий заводи3 ишга туширилди. «Ангрен» МИЗ ҳудудида қуввати йилига 5 минг тоннага борадиган кремний ишлаб чиқарувчи иккинчи завод4 қурилиши охирламоқда. 2014 йили «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зона ҳудудида дастлабки қуввати 50 МВт бўлган фотоэлектр панеллар ишлаб чиқариш5, «Жиззах» махсус-индустриал зонада эса, йиллик қуввати 50 минг дона бўлган қуёш иссиқлик коллекторлари ишлаб чиқарувчи корхонани барпо этиш ташаббуси рўёбга чиқарилмоқда. Мамлакатимизда қиш­лоқ жойларда қуёш энергетикаси технологияларини жорий этган ҳолда кўплаб энергия тежовчи уйларнинг қурилиши, таълим ва тиббиёт муассасаларини қуёш коллекторлари билан жиҳозлаш юзасидан катта режалар белгиланган.

Президентимиз Ислом Каримов таъкидладиларки, Ўзбекистонда қуёш энергиясидан фойдаланиш муаммоси илмий изланишлар ва тажриба ишланмалари соҳасидан амалий қўлланиш жабҳасига барқарор равишда ўтиб бормоқда. Бу мамлакатимизда янги энергетикага барқарор ўтиш учун етарли салоҳият жамланди демак. Энди ғояга кўра, миллий бизнес ана шу юксак тўлқинлар силсиласида барча тегишли жараёнларга қўшилиб кетиши ва шу пайтга қадар асосан хорижий инвесторлар ёрдамида амалга оширилган ишларни ўз кучлари билан ривожлантиришга ўтмоғи лозим. Қуёш туфайли ҳосил этиладиган киловаттлар («яшил киловаттлар»)нинг рақобатбардошлиги масаласи эса, маҳаллийлаштириш ёрдамида ҳал этилади. Чиндан ҳам шундаймикан?

 

МАҲАЛЛИЙЛАШТИРИШ ҚАНДАЙ НАТИЖА БЕРАДИ?


Аббос АЛИМБОЕВ, Ёқилғи ва энергиянинг муқобил турлари корхоналари уюшмасининг илмий-техник кенгаши раиси: 

 

– Муқобил энергия арзонга тушмайди, албатта. Фотоэлектрик тизимлар учун бутловчи нарсаларнинг аксарият қисмини, хусусан кремнийли ўзгартувчи панелларни, махсус шиша, плёнка, пластик модда, электрон блоклар, транзисторлар ва аккумуляторларни четдан импорт қилиб олиб келишга тўғри келади. Бироқ ишлаб чиқариш таннархида импорт қиймати нари борса 28 фоизни ташкил этади, холос. Асосий қийматни эса маҳаллий ишлаб чиқаришга мансуб материаллар ва бутловчи материаллар шакллантиради. Агар бунга бошқа харажатларни, айтайлик, асосий фондлар ва ускуналарнинг амортизациясини, ходимларнинг иш ҳақини, ЯИТ ва ЯСТни қўшадиган ҳамда минимал даражадаги рентабелликни ҳам қамраб оладиган бўлсак, 1 киловаттли қуёш фотоқурилмасининг сотиб олувчига сотиладиган нархи кўп эмас, кам эмас, нақд 16 млн сўмни ташкил этади. Пировард истеъмолчининг қурилмага уланиши ва йўл-йўлакай қилинадиган бошқа ишлар ҳам инобатга олинса, истеъмолчи жойлашган ерга қараб унинг нархи 18–20 млн сўмга боради. Мабодо, бу қурилмани ўз эҳтиёжим учун йиққан ва шу мақсадда ундан фойдаланаётган бўлганимда ҳам булар маҳсулот қийматига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.

«Яшил» киловатт таннархини туширишда маҳаллийлаштириш катта аҳамиятга эга эмас. Шу муносабат билан муқобил энергетикани 13–14 йилдан бери, қарийб 2001 йилдан бери ривожлантириб келаётган эканмиз, балки мониторинг ўтказиб, эҳтимолий таннархни ҳисоблаб чиқиш мумкин бўлмасмиди, деган савол туғилади. Агар мамлакатимизнинг муқобил энергетикага қизиқиши ўринли бўлса ва бунда халқаро ташкилотларга аъзоликка асосланган келишувларга эмас, балки бундай энергетикага бўлган ҳақиқий талаб-эҳтиёжга асосланилаётган бўлса, уни ривожлантириш ва кенг кўламда жорий этиш учун анъанавий ёқилғи энергетика мажмуига ажратиладиганига монанд миқдордаги дотацияларсиз иш битмайди.

Мен муқобил энергетикани ривожлантиришни «Ўзбекэнерго» ДАК ва унинг тузилмалари ихтиёрига оширишни нотўғри деб ҳисоблайман. Мустақил бошқарув органи баъзи экспертлар мўлжал қилганидек, Иқтисодиёт вазирлиги ҳузурида ёки «Ўздавэнергоназорат» негизида эмас, балки Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида барпо этилиши лозим. Негаки, ана шу айтиб ўтилган органлар ва тузилмалар олдида бутунлай бошқа вазифалар ва муаммолар кўндаланг бўлиб турибди. Бундан ташқари, муқобил энергетика «Ўзбекэнерго» учун тўлдирувчи эмас, балки рақобатлашувчи йўналиш эканлиги кундек равшан.

Инвесторлар учун каттагина муаммо – бу ахборотлардан тўла баҳрамандликдир. Электр энергиясини ҳосил этиш ва истеъмол қилиш бўйича жорий Статистика, иқтисодиёт ўсишининг прогноз кўрсаткичлари  борасидаги маълумотларни конференциялардагина эшитиш ёки айрим манбаларидагина ўқиш мумкин.

«Ўзгидромет» ҳам тегишли рақамларни бермайди, ҳолбуки бизга ҳозир мамлакатимиз бўйича шамоллар харитаси жуда зарур! Аниқроғи, шамолларнинг тезлиги, даврийлиги, йўналишлари акс этган харита зарур. Бу борадаги кўрсаткичлар 12 м чамаси баландликка эмас, Европада бўлгани каби 100–130 м баландликка оид бўлмоғи керак. Шамол генератори шамол тезлиги секундига камида 6–7 м бўлганида нормал фаолият кўрсатади. Германия ва Испанияда 5–10 мегаваттли баланд шамол қурилмалари мавжуд. Ана шундай қурилмалардан бири ёрдамида бутун бир самолётсозлик заводи ишлаши мумкин. Уззу-кун шамол бўлиб турадиган Устюрт платосини, Амударё этакларини ва Янгиер зонасини ҳамма билади, албатта. Лекин бизга барибир аниқ харита керак. Зотан, гап анча миқдордаги инвестициялар ҳақида бормоқда. Шундай экан, бунақа ишларни пала-партишлик билан, аниқ бўлмаган кўрсаткичларга асосланиб қилиб бўлмайди.

Қуёш нурларининг интенсивлиги ҳамма ерда бир хил эмас – демак қуёш харитаси ҳам керак. Ҳозирча бундай харита йўқ.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишдан ва умуман бу йўналишда жадал иш бошлашдан аввал: а) энергия ва ёқилғининг муқобил турларини ривожлантириш юзасидан миллий концепцияни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳамда б) барча йўналишлар (қуёш, шамол, кичик гидроэнергетика, биогаз ва шу сингарилар) бўйича прогноз параметрлар ва ҳисоб-китоблари бўлган тегишли давлат дастурини яратиш лозим. Қайси йўналиш устувор бўлмоғи лозим, муқобил манбаларнинг энергия балансидаги жами улуши қандай нисбатда бўлиши жоиз, хусусий бизнес томонидан қандай улуш қопланмоғи керак, давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги ёрдамида нималарни кўтариш мумкин – хуллас, давлат дастури бўлмагач, гаплашиб олинадиган масалаларнинг адоғи йўқ.

Кейинчалик ана шу икки асосий, таянч ҳужжатдан (концепция ва дастурдан) келиб чиқиб муқобил энергетика борасида қонунчилик ва норматив-техник базани барпо этса бўлади. 1992 йилдан буён мамлакатимизда қабул қилинган, турли даражадаги, кўп миқдордаги норматив ҳужжатларни муқобил энергетикани ривожлантириш манфаатларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан инвентаризациядан ўтказиш талаб этилади.

Муқобил энергетика соҳасидаги лойиҳалар иқлим шароитимизнинг ўзига хослигини эътиборга олиши шарт. Бугунги кунда Самарқанд вилоятида йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 100 мегаваттли фотоэлектрик станция барпо этилмоқда. Бу ерда гап бир неча минг метрга чўзилган улкан қурилма ҳақида бормоқда. Самарага эришишнинг бошқа варианти ҳам бўлиши мумкин. Аслида 100 МВт қувватга эга бўлган битта станция ўрнига турли минтақаларда 10 мегаваттли ўнта станция қуриш мумкин. Бизда иқлим қуруқ бўлганлиги сабабли, улкан қурилмага чанг кўп ўтиради. Шу сабабли улкан қурилмани мунтазам равишда махсус таркиб билан артиб туриш талаб этилади. Бундай қилинмаса, чанг қурилманинг фойдали иш коэффициентини йўққа чиқаради. Қурилманинг саҳни қанча кам бўлса, уни артиш, тозалаш шунчалик осон бўлади. Ўнта кичик станция бўлган тақдирда тизимнинг барқарор ишлаши кафолати умуман олганда юқори бўлади. Лойиҳа муҳокама этилиб қарор қабул қилингунга қадар, Уюшмамиз аъзолари (бизда, Уюшмада бизнес субъектлари ҳам, Фанлар академияси тизимидаги илмий институтлар ҳам бор) ҳар иккала вариантнинг имкониятлари, афзаллик ва камчилик тарафлари ҳақида бирма-бир гапириб ўтдилар.

Айтинг-айтинг, қурилаётган йирик қуёш станцияси яхши ишлаб, умидларни оқласин! Бироқ, юқорида айтиб ўтганимдек, биринчи навбатда, бизга муқобил энергетикани ривожлантиришнинг барча жиҳатлари ва шартларини, шу жумладан иқлимнинг ўзига хосликлари ва таҳдид-таваккалчиликларни инобатга олувчи концепция зарур.

Ҳозирги кунда бу борада бизнес соҳасида нималар мавжуд? Инвестиция дастуридан ўрин олиш учун бизнес ишини олиб бораётган шахс ўнлаб кабинетларга кириб чиқиши, таниш-билиш топиши лозим. Шундан кейингина унга катта «кулча»дан увоққина парча тегиб қолиши мумкин. Хўш, кейин нима бўлади? Шунча преференциялар қуршовидаги лойиҳа 2–3 йилдан кейин тугалланади, ҳаёт эса ўз оқимида давом этади. Бироқ энди борилаётган бошқа йўлда имтиёзлар ва, табиийки, рентабелликдан асар йўқ. Таннархи осмон баравар, шароитлари ҳам ҳавас қилгудек эмас. Қолаверса 18–20 фоизли тижорат кредитлари билан иш олиб бораётган бу соҳага узоқ муддатли инвестиция киритишга ким ҳам журъат этарди, дейсиз. У ишлаб чиқарувчи-ку, ахир. Ускуналарни у ўз пулларига сотиб олади ва олиб келади. Унга 8–10 фоизли кредит берилса айни муддао бўлар эди! Борди-ю, инвестиция дастури 2–5 йилга мўлжалланган бўлса, унга қизиқишдан маъни йўқ. Оилангизда янги аъзо – гўдак дунёга келди, дейлик. Унга 5 ёшга тўлгунингча, амаллаб тарбиялаб тураман, у ёғига ўз аравангни ўзинг тортасан дейилмайди-ку, ахир! Кейинги етти йил мобайнида турли жойларга ёза-ёза охир-оқибат Уюшма аъзоларидан қайси биридир ускунани Марказий банк курси бўйича импорт қилиш имкониятига эга бўлди, бунақа воқеа бир-иккитадан ошмайди.

Тармоқни ривожлантириш учун стандартлар керак. Техник-норматив қисмни янада юқорироқ кўтариш учун буюртмачи керак. Биогаз қурилмалар бўйича дастлабки стандартни тайёрладик. ОТБ бунинг учун 10 млн сўм ажратди. Эндиликда қуёш энергетикаси ва шамол энергетикаси бўйича шундай қилиш керак. Бироқ ким буюртмачи бўлади-ю, кимлар бу иш учун ҳақ тўлайди, ноаён.

Маҳаллийлаштириш масаласига кел­ганда, Уюшма «Ўзпахтамаш», киме машинасозлиги объектлари, «Фотон» ва «Электроаппарат» заводлари, шунингдек Олмалиқ металл конструкциялар заводи базасида корпорация тузиш лозим деб ҳисоблайди. Бу корпорация мавжуд хом ашё базаси негизида муқобил энергетика учун ускуналар чиқаришга ихтисослашади. Шу зайил, ўша конверторларни, поликристалл ва монокристалл кремний панелларни ишлаб чиқариш мумкин бўлади.

Ҳа, бугунги кунда «Ўзпахтамаш» банкротлик ёқасида. Олмалиқ аккумулятор корхонаси хусусида ҳам шундай дейиш мумкин. Аммо уларда ускуналар, керакли қувватлар бор. Муҳандис ва техник ходимлар тарқалиб кетган бўлса-да, мен мутахассисларни тўплаш мумкин деб ҳисоблайман.

Яна бир гап. Идоравий бўйсунувдаги кўп миқдордаги кичик ГЭСлар (тақрибан 90 фоизи) тўхтатиб қўйилган, ишламаётир. Уларни бу алфозда ушлаб туришдан не наф. Сотиб юбориш ёки бизнес аҳлига бериш, ишлатиш зарур уларни. Лекин бундай қилмаётирлар. Хўш, нима учун? Биз ТашГРЭСни беришни сўрамаётирмиз-ку, ахир!

 

25 ФОИЗЛИ ФОЙДАЛИ ИШ КОЭФФИЦИЕНТИ КИМЛАР УЧУН ЧЕГАРА-САРҲАД?

 

Рамизулла МЎМИНОВ, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, Россия Фанлар академиясининг мухбир аъзоси, «Физика-Қуёш» ИИБ бош илмий ходими, профессор: 

 

– Лаборатория шароитидаги кремнийли намуналарда панелларнинг энг юқори фойдали иш коэффициенти 25–26 фоиздан ошмайди. Буни алмисоқдан қолган физиклар учун чегара-сарҳад деган бўлур эдим. Кенг кўламдаги ишлаб чиқариш монокристалларда 20–22 фоиз, поликристалларда 18–20 фоиз фойдали иш коэффициентини таъминлайди, аммо бунда мамлакатимизнинг иқлим шароитларини ҳам инобатга олиш зарур. Ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 30 даражадан ошса, кремнийли элементлар кескин пасаяди. Демак, ё электр энергияси ишлаб чиқаришни иссиқлик ажратиш билан қўшиб олиб бориш (бунда иссиқликнинг бир қисмидан, масалан, сувни иситиш учун фойдаланилади), ёки бу муаммони бошқа қандайдир усул билан ҳал этиш лозим. Айтайлик, термоэлектр ўзгартувчилардан (иссиқлик энергиясини электр энергиясига айлантирувчилардан) фойдаланиш мумкин.

Яна бир варианти бор. Бу голографик қоплама, муайян вазифани бажарадиган керамик қатлам ва нанотехнология соҳасидаги бошқа нарсалардир. Улар панелнинг фойдали иш коэффициентини (ФИК) ошириш имконини беради ва бу билан қуёш энергияси таннархини камайтиради. Қуёш энергияси анъанавий манбаларга нисбатан рақобатбардош бўлиши учун унинг таннархи 1 КВт учун 5–6 центдан ошмаслиги керак.

Панелнинг хизмат муддати 20–25 йил бўлиб, шу муддат ичида унинг ФИКи 10–15 фоизга пасаяди. Шундан кейин уни майдалаб қайта ишлайдилар ва янги кристалл панелга айлантирадилар. Чиқитсиз ишлаб чиқариш дейиш мумкин...

Моҳият эътибори билан ресурс базаси муқобил энергетикани амалда юз фоиз, (агар керак бўлса) маҳаллийлаштириш имконини беради. Бунда учта компонент бор: 1) бирламчи материал; 2) электроника; 3) аккумуляция. Қурилма шаҳар тармоғига марказлаштирилган тартибда уланганда охирги элементга ҳожат бўлмайди, бироқ қурилма бизнес мақсадида ёки рўзғорда якка тартибда фойдаланилаётганда аккумуляция керак.

Қуёш энергетикаси учун бирламчи материал кремнийдир. Мамлакатимизда бу борада муаммо йўқ. Шундай конлар борки, улардаги руда таркибида кварцитлар 87–90 фоизни ташкил этади. Навоий шаҳрида ўтган йили 12 минг тонна техник кремний ишлаб чиқарилди. Ҳозирги вақтда, билишимча, уларда бир вақтнинг ўзида поликристаллар ишлаб чиқаришга киришилган.

Электроника ҳам ечими топиладиган масала. Қолаверса, техник университет базасида микроприборсозлик факультети бор. Бу йўналишдаги истиқболни яхши дейиш мумкин.

Аккумуляторларга келганда шуни айтиш керакки, Жиззах аккумулятор заводи ҳозирча қишлоқ хўжалиги техникаси учун кислотали аккумуляторлар ишлаб чиқаришга ихтисослашиб бормоқда. Бизга эса, анчагина хавфсиз ва катта ҳажмли гелийли аккумуляторлар керак.

Қуёш батареяларининг таннархи анча қиммат. Ҳар кимнинг ҳам қурби етмайди уни олишга. 1 квадрат метр саҳнда батареядан якка тартибда фойдаланиш бугунги кунда сотиб олувчига 4 млн сўмга тушмоқда. Юздан ортиқ фермер хўжаликлари шундай батареялардан сотиб олишган. Лекин бу анча кучсиз қурилмадир. Белгилаб қўйилган қувватдаги қуёш станцияси майдони географик кенгликка боғлиқ. Тошкент учун бир кеча-кундуздаги ўртача кўрсаткич, ҳар бир квадрат метрга 830 – 850 кВтга тенг. Бу қурилма бир кунда тахминан 1,2 – 1,3 кВт тўплайди. Майдони 18 квадрат метр ва қуввати 3 кВт бўлган, синчли ва ғилдиракли кўчма мобил қурилма (аккумуляторлари куннинг ёруғ қисми мобайнида қарийб 30-35 кВт тўплайди) бугунги кунда харидорга 167 млн сўмга тушмоқда.

 

 

● Ўзбекистонда муқобил энергия манбаларининг умумий ялпи салоҳияти нефть муодили нисбатида (н.м.н.) 50 984,6 млн тонна деб баҳоланмоқда. Техник салоҳияти (яъни мавжуд технологиялардан фойдаланган ҳолда реализация қилиш мумкин бўлган салоҳият) (н.м.н.) 179 млн тоннага тенг. Бу мамлакатимизда ҳар йили қазиб олинаётган органик ёқилғи ҳажмидан уч баравар ортиқдир.

● Қуёш энергиясининг ялпи ва техник салоҳияти қарийб бир хил – тахминан (н.м.н.) 177 млн тоннани ташкил этиб, Ўзбекистондаги муқобил энергия манбалари умумий техник салоҳиятининг 98 фоизига яқинини қоплайди.

● Шамол энергиясининг ана шундай кўрсаткичлари ҳаммаси бўлиб атиги тегишинча (н.м.н.) 2,2 ва 0,4 млн тоннани ташкил этади. Шамол генераторлари шамолнинг ўртача йиллик тезлиги секундига 6 м дан кам бўлган тақдирда зарар келтириб ишлайди деб ҳисоблайдилар. Шу сабабли ҳам мазкур ресурснинг минтақавий салоҳияти катта эмас ва у Орол денгизи соҳиллари ва Устюрт платоси ҳудуди, шунингдек Бухоро атрофи ва унинг шимоли-ғарбига туташ айрим жойлар, Фарғона водийсининг ва Тошкент вилоятининг тоғлик минтақалари билан чекланган. Қайта тикланадиган энергия манбаларининг бир неча турини, айтайлик шамол ва қуёш энергиясидан бирга фойдаланиш оқилона иш бўлур эди, бинобарин бунда фақат шамол энергиясига ишониб қолмаслик керак.

● Тупроқ юзасидан 3 км гача бўлган чуқурликдаги қуруқ, қизиб ётган жинслардаги петротермал энергиянинг ялпи салоҳияти Ўзбекистонда бағоят каттадир. У тахминан (н.м.н.) 67 000 млн тоннани ташкил этади ва бу жиҳатдан қуёш энергияси салоҳиятидан ортиқдир. Агар бирон ноёб истеъдод эгаси чиқиб, оёқларимиз остида ётган ана шу бойликларни шунчаки юзага олиб чиқишни эмас, балки ундан фойда кўрадиган тарзда фойдаланишни ўйлаб топса борми?! Ресурснинг техник салоҳияти мутаносиблик маъносида унча катта эмас, бор-йўғи (н.м.н.) 0,3 млн тоннани ташкил этади.

● Мамлакатимизда гидроэнергиянинг ялпи салоҳияти (н.м.н.) 9,2 млн тонна, техник салоҳияти эса (н.м.н.) қарийб 2 млн тоннани ташкил этади. Бу салоҳият Ўзбекистонда 35 фоиз ўзлаштирилган.

● Кейинги йилларда юзлаб кичик ва микро электр станциялари барпо этишнинг кенг кўламли дастури амалга оширилди. Шуниси ҳам борки, кичик гидроэнергетиканинг анча миқдордаги идоравий объектлари ишлатилмаётир.

● Чиқиндиларни утилизация қилиш ҳам муқобил энергия манбаларига киради. 1 тонна чиқиндидан 250 куб метрча ёнувчан газ, асосан метан олиш мумкин. Булардан кейинчалик иссиқлик ва электр энергияси ҳосил қилиш учун (йилига тақрибан 1,5 млрд куб метр газ) фойдаланиш мумкин.

Ушбу маълумотлар Ёқилғи ва энергия муқобил турлари корхоналари уюшмаси томонидан тақдим этилган. 

 

1Қуёш энергетикаси бўйича Осиё анжумани – билимларни алмашиниш учун халқаро платформа бўлиб, у қуёш энергияси бўйича лойиҳаларнинг ривожини кузатиб боради, қуёш энергиясини жорий этишга доир янги таклифларни ва бу йўналишдаги ишларни рағбатлантириш механизмларини муҳокама этади, шунингдек йирик конференциялар ташкил этади.

2ОТБ билан биргаликда.

3Жанубий Кореянинг «Неоплант» компанияси билан биргаликда.

4Жанубий Кореянинг «Шиндонг Энерком» компанияси иштирокида.

5ХХРнинг йирик компаниялари иштирокида.  

 

Юлия ЯШИНА.

 

 

*Давоми. Боши «Норма маслаҳатчи»нинг 25.11.2014 йилдаги 47(488)-сонида.

Прочитано: 4178 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика