Norma.uz

Судга келмаслик қарздан қутқармайди

ИШНИНГ МОҲИЯТИ

2012 йилда МЧЖ банк билан 100 млн сўм кредит ажратиш тўғрисида кредит шартномасини тузди. Кредит мажбуриятларининг бажарилишини таъминлашда МЧЖ ҚК кафил бўлди ва МЧЖ, банк ҳамда МЧЖ ҚК ўртасида кредитнинг бутун суммасига кафиллик шартномаси тузилди. 2013 йил охирида МЧЖ ўзининг кредит мажбуриятларини бажармаганлиги боис банк МЧЖ ҚКдан 100 млн сўм ундирди. 2014 йилда МЧЖ ҚК МЧЖга ундирилган суммани тўлаш талаби билан мурожаат қилди. Жавоб бўлмагач, у МЧЖдан 100 млн сўмни ундириш талаби билан хўжалик судига мурожаат қилди.

Хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан МЧЖ ҚКнинг даъво талаблари тўлиқ ҳажмда қондирилди. Суднинг ҳал қилув қарорига қўшилмаган жавобгар апелляция шикояти берди. Апелляция инстанциясининг қарори билан жавобгарнинг апелляция шикоятини қондириш рад этилди. Мазкур иш кассация инстанциясида кўрилмаган.

 

МЧЖ ҚКнинг ПОЗИЦИЯСИ

Банкнинг инкассо топшириқномаси асосида кафиллик шартномасига кўра МЧЖ ҚК 100 млн сўм тўлади. Фуқаролик кодексининг (ФК) 295-моддасига кўра, мажбуриятни бажарган кафилга кредиторнинг ушбу мажбурият бўйича ҳуқуқлари ўтади. МЧЖ ҚК тўланган суммани ундириш талаби билан хўжалик судига мурожаат этишга ҳақли эди, у айнан шундай қилди ҳам.

 

МЧЖнинг ПОЗИЦИЯСИ

МЧЖ вакиллари суд мажлисига келмадилар ва қўшимча далилларни йиғиш, суд мажлисига тайёргарлик кўриш зарурлиги ҳамда мазкур иш бўйича МЧЖ манфаатларини ҳимоя қиладиган адвокатнинг бандлиги боис ишни кўришни 10 кунга кечиктириш илтимоси билан ёзма ариза топширдилар. Биринчи инстанция суди ишни жавобгарнинг иштирокисиз кўриб, унга ўз важ-далилларини баён этиш имкониятини бермади. Бу билан у Хўжалик процессуал кодексининг (ХПК) 9-моддаси талабларини бузди, унда хўжалик судида суд ишларини юритиш тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги асосида амалга оширилиши назарда тутилган.

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далилларини тинглаб ва муҳокама қилиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, қуйидаги далилларни тасдиқлади:

1) 2012 йилда МЧЖ банк билан 100 млн сўм кредит ажратиш тўғрисида кредит шартномасини тузган;

2) МЧЖ ҚК кредит шартномаси бўйича кафил бўлди, шу муносабат билан МЧЖ, банк ва МЧЖ ҚК кафиллик шартномасини туздилар;

3) кафил қарз олувчи ўзининг мажбуриятларини асосий қарз бўйича ҳам, кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар бўйича ҳам мажбуриятлари бажарилиши ва умумий қиймати 100 млн сўм суммасидаги кредит бўйича бошқа тўловлар учун жавоб бериш мажбуриятини олган;

4) молиявий қийинчиликлар боис МЧЖ ўзининг кредит мажбуриятларини бажармади ва банк кафиллик шартномасига асосланиб, МЧЖ ҚКдан 100 млн сўм ундирди;

5) қарздорнинг мажбуриятларини бажариб, МЧЖ ҚК 100 млн сўмни тўлаш талаби билан МЧЖга мурожаат қилди;

ишни суд мажлисида кўриш бошланишигача жавобгар қўшимча далил-исботларни йиғиш, суд мажлисига тайёргарлик кўриш зарурлиги ва мазкур иш бўйича МЧЖ манфаатларини ҳимоя қиладиган адвокатнинг бандлиги муносабати билан ишни кўришни 10 кунга кечиктириш илтимос қилинган ариза берган.

Суд жавобгарнинг аризасини асосланмаган деб топди. ХПКнинг 131-моддасида белгиланишича, хўжалик суди ишни шу мажлисда кўриш мумкин бўлмаган тақдирда, шу жумладан ишда иштирок этувчи шахслар, гувоҳлар, экспертлар ва таржимонлардан бири келмаганлиги ёки қўшимча далиллар тақдим этиш зарурлиги сабабли ишни кўришни кейинга қолдиришга ҳақли. Бунда судлар ишни кўриш муддатларининг бузилишига йўл қўймаслик учун ҳар бир аниқ ҳолатда суд мажлисини қолдириш масаласини иш ҳолатларидан, илтимосномада келтирилган ишни қолдириш сабабларидан келиб чиққан ҳолда ҳал этишлари зарур (ОХС Пленумининг 15.06.2007 йилдаги «Биринчи инстанция судида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида» 162-сон Қарорининг 35-банди). Жавобгарнинг аризасини қондириш ишни кўриш муддатларини бузишга олиб келган бўларди. Бунинг устига ариза, суднинг фикрига кўра, кечиктириш зарурлигини асослайдиган аниқ далиллар билан мустаҳкамланмаган эди.

ФКнинг 295-моддасига амал қилиб, шунингдек ёзма далиллар билан тасдиқланадиган даъво талабларининг асосланганлиги ва жавобгарнинг важ-далиллари асосланмаганлигини ҳисобга олиб, суд МЧЖ ҚКнинг даъво талабларини қондиришга қарор қилди, МЧЖнинг ишни кўришни кечиктириш тўғрисидаги аризасини рад этиш керак деб топди.

Натижада апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартиришсиз, апелляция шикоятини эса қондирмасдан қолдирди.

 

 

ЮРИСТ ШАРҲИ

ФКнинг 292-моддасига асосан кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олади. Кафиллик шартномаси ёзма шаклда тузилиши керак. Ёзма шаклга риоя қилмаслик кафиллик шартномасининг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади. МЧЖ ҚК кредит шартномаси бўйича кафил бўлди ва МЧЖ, банк ҳамда МЧЖ ҚК ўртасида кафиллик шартномаси тузилди. Унга мувофиқ кафил банк олдида асосий қарз бўйича ҳам, кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар бўйича ҳам, умумий суммаси 100 млн сўм бўлган кредит бўйича бошқа тўловлар учун жавоб бериш мажбуриятини олган.

Кафил кредитор олдида худди қарздор сингари, ўша ҳажмда жавоб беради, бунга фоизларни тўлаш, қарзни ундириш бўйича суд чиқимларини ва қарздор томонидан мажбуриятларнинг бажарилмаслиги ёки лозим даражада бажарилмаслиги келтириб чиқарган кредиторлик бошқа зарарларини қоплаш киради, кафиллик шартномасида бошқача қоида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Ушбу шартнома бўйича кафил (МЧЖ ҚК)нинг жавобгарлиги 100 млн сўм суммаси билан чекланган.

МЧЖ кредит мажбуриятларини бажармаганлиги боис банк кафиллик шартномасига асосланган ҳолда, кафилнинг ҳисобрақамига инкассо топшириқномаси қўйиб, МЧЖ ҚКдан 100 млн сўм ундирди. ФК 295-моддасининг биринчи қисмига кўра мажбуриятни бажарган кафилга ушбу мажбурият бўйича кредитор ҳуқуқлари ва кредиторга гаровга олувчи сифатида тегишли бўлган ҳуқуқлар кафил кредиторнинг талабини қондирган ҳажмда ўтади. Бунинг маъноси шуки, қарздор учун 100 млн сўм тўлаш билан МЧЖ ҚКга уларни қайтариш талаби ўтган.

ХПКнинг 170-моддаси иккинчи қисмининг 2-бандига мувофиқ процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри қўлланиши, агар суд ишни ишда иштирок этувчи, мажлис жойи ва вақти тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинмаган шахслардан бирортасининг йўқлигида кўрган бўлса, ҳар қандай ҳолда ҳам биринчи инстанция хўжалик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асос бўлади. Бироқ келтирилган далиллардан келиб чиқилса, жавобгар мажлис вақти ва жой тўғрисида лозим даражада огоҳлантирилган эди. Суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида белгиланган тартибда хабардор қилинган жавобгар судга келмаган тақдирда, судлар ҳар бир аниқ ҳолда муҳокамани унинг иштирокисиз ўтказиш мумкинлиги масаласини кўриб чиқиши керак, бунда келмаслик сабаблари тўғрисидаги мавжуд маълумотлар ҳисобга олиниши ва ҳал қилинаётган ишнинг хусусияти ва ўзига хос жиҳатларидан келиб чиқиш лозим. Шуни ҳам ҳисобга олиш муҳимки, ХПКнинг 131-моддаси хўжалик судининг ишни шу мажлисда кўриш мумкин бўлмаган тақдирда, шу жумладан ишда иштирок этувчи шахслардан бири келмаганлиги сабабли ишни кўришни кейинга қолдиришга ҳуқуқини белгилайди, бироқ бу мажбурият эмас.

Юқорида баён этилганларни ҳисобга олиб, хўжалик суди даъво талабларини қондириш ва ишни кўришни кечиктириш тўғрисидаги аризани қондиришни рад этиш тўғрисида қонуний тарзда қарор қабул қилган.

 

МЧЖнинг суд мажлисига келмасликда ўз ифодасини топган хатти-ҳаракати унинг суд жараёнини чўзиш бўйича ҳаракатлари ва суднинг ҳал қилув қарори ижросини кечиктириб, вақтдан ютишга уринишидан далолат беради. Шу билан бирга ФКда мажбуриятлар ижросининг турли усуллари белгиланган бўлиб, улардан МЧЖ фойдаланиши мумкин эди. Масалан, кафилга мол-мулкни (мавжуд бўлганда) воз кечиш ҳақи сифатида бериш, қарзни сўндириш учун қарз (вақтинчалик молиявий ёрдам) олиш, МЧЖ иштирокчилари ва бошқа компаниялардаги ҳамкорларнинг ёрдамидан фойдаланиш сингари.

 

Павел СИЛЬНОВ,

адвокат. 

Прочитано: 2101 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика