Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 41 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

РУХСАТНОМА ТАЛАБ ҚИЛИНМАЙДИ

Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи (АВ томонидан 22.09.2014 йилда 2106-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Қўллаш учун яроқсиз дори воситалари ва тиббий буюмларни йўқ қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартиришлар киритилди.

Йўриқномадан яроқсиз дори воситалари ва тиббий буюмларни йўқ қилишга рухсат Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бош бошқармаси (кейинги ўринларда Бош бошқарма деб юритилади) томонидан берилишини белгилайдиган меъёр чиқариб ташланди.

Энди яроқсиз дори воситалари ва тиббий буюмларни йўқ қилиш учун ташкилот раҳбари – уларнинг эгаси (кейинги ўринларда – ташкилот) мустақил равишда ихтиёрийлик асосида, Бош бошқармадан олдиндан рухсатномани олмасдан, 5 кишидан кам бўлмаган таркибда яроқсиз дори воситалари ва тиббий буюмларни йўқ қилиш комиссиясини тузиш тўғрисида буйруқ чиқаради. Бунда илгаригидек, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари ва давлат санитария-эпидемиология назорати ҳудудий марказининг вакилларини комиссия таркибига киритиш талаб этилмайди. Йўқ қилиш далолатномаси 1 нусхада тузилади, уни илова хати, буйруқдан ва комиссия қароридан кўчирма ҳамда фотоматериаллар билан бирга Бош бошқармага тақдим этиш шарт эмас.

Шуни эслатиб ўтамизки, илгари йўқ қилишга рухсат олиш учун Бош бошқармага тегишли ариза билан мурожаат қилиши керак эди. Кейин Бош бошқарма 15 иш куни давомида тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, йўқ қилишга рухсат беради. Бундан кейин ташкилот раҳбари йўқ қилиш бўйича камида 5 кишидан иборат комиссия тузиш (Йўриқномада белгиланган шакл бўйича) ҳақида буйруқ чиқаради. Бунда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари ва давлат санитария-эпидемиология назорати ҳудудий марказининг вакилларини комиссия таркибига киритиш шарт ҳисобланган эди. Яроқсиз дори воситалари ва тиббий буюмлар белгиланган тартибда йўқ қилинганидан сўнг, Комиссия томонидан 2 нусхада далолатнома тузиларди, бир нусхаси илова хат, буйруқ ва комиссия қароридан кўчирмалар ҳамда фотоматериаллар билан бирга Бош бошқармага тақдим этиларди.

Буйруқ «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 29.09.2014 йилдаги 39 (643)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

НОТАРИУСНИНГ СТАЖЁРИ БЎЛИШ ШАРТЛАРИ СОДДАЛАШТИРИЛДИ

Адлия вазирининг буйруғи (АВ томонидан 26.09.2014 йилда 2149-4-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилди.

Белгиланишича, нотариал идораларда стажёрлар Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан Низомнинг 3-бандида белгиланган талабларга жавоб берадиган шахслар орасидан танлаб олинади. Унга мувофиқ олий юридик маълумотга, юридик мутахассислик бўйича камида 1 йиллик иш стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси стажёр бўлиши мумкин. Бунда стажёрнинг стажировканинг тугаш муддатида 25 ёшдан кичик бўлмаслиги инобатга олиниши лозим.

Қуйидагилар стажёр бўлиши мумкин эмас:

а) белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахс;

б) қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс;

в) ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун нотариус, адвокат, терговчи, прокурор, судья ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошқа ходими сифатидаги ваколати белгиланган тартибда тугатилган шахс.

Илгари нотариал идораларда стажёрлар захираси адлия бошқармаси томонидан мазкур Низомда белгиланган талабларга мувофиқ шакллантирилади ва стажёрликка ишга қабул қилишда номзодлар стажёрлар захирасидан танлаб олинади.

Энди стажировка натижалари бўйича стажёр адлия бошқармаси ҳузуридаги малака комиссиясига ҳисобот беради ва малака имтиҳонига қўйилади, бунда комиссия қарори талаб этилмайди.

Буйруқ «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 6.10.2014 йилдаги 40 (644)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.


* * *

 

Адлия вазирининг буйруғи (АВ томонидан 26.09.2014 йилда 2151-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Белгиланишича, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (бундан кейинги ўринларда адлия бошқармаси деб юритилади) нафақат стажёрнинг ҳисоботини эшитилади, балки нотариуслар томонидан ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатлар содир этилганлиги ҳолатини муҳокама қилинади.

Энди стажировка ўталгандан кейин малака комиссиясининг талабгорни малака имтиҳонига қўйиш тўғрисидаги қарори талаб қилинмайди. Стажировка натижалари бўйича ҳисоботи эшитилган талабгордан малака комиссиясининг айнан шу мажлисида малака имтиҳони қабул қилинади.

Белгиланишича, талабгор малака имтиҳонини топшириш учун стажировка ўтаган жойдаги (илгари – доимий яшаш жойидаги) адлия бошқармасига зарур ҳужжатларни тақдим этади.

Шунингдек белгиланишича, агар фуқаро малака имтиҳонини топширган, лекин нотариус лавозимида 3 йил мобайнида ишламаган фуқаро малака имтиҳонини қайта топширганда, адлия бошқармасига стажировка ўташ натижаси тўғрисида талабгорнинг ҳисоботи, стажировка раҳбари томонидан берилган тавсифнома ва хулосани тақдим этиш талаб этилмайди.

Белгиланишича, стажёр томонидан имтиҳон топшириш учун тақдим этилган ҳужжатлар адлия бошқармасининг девонхонасида рўйхатдан ўтказилиши лозим.

Буйруқ «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 6.10.2014 йилдаги 40 (644)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

ДЕПОЗИТ ҲИСОБВАРАҒИ ҚАНДАЙ ОЧИЛАДИ

Марказий банки Бошқарувининг қарори (АВ томонидан 30.09.2014 йилда 1863-3-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Ўзбекистон Республикаси банк депозиторларининг Миллий ахборотлар базаси ва унда мижозларга хос рақам бериш ҳамда банк ҳисобварақлари рўйхатини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Низомга мувофиқ Банк депозиторларининг Миллий ахборотлар базаси (БДМАБ) Ўзбекистон Республикаси банклари томонидан юридик шахсларга, юридик шахс ташкил этмасдан фаолият кўрсатаётган деҳқон хўжаликлари ва якка тартибдаги тадбиркорларга биринчи маротаба банк ҳисобварақлари очишда уларга хос рақам бериш, уларнинг ҳисобварақлари рўйхатини юритиш ҳамда мижозлар ҳисобварақлари тўғрисида маълумотлар олишни таъминловчи ахборотлар базаси бўлиб ҳисобланади. Банклардан БДМАБга келиб тушадиган барча сўров турлари дастурий равишда, шу куннинг ўзидаёқ қайта ишланади. Низомга киритилган қўшимчаларга мувофиқ кун давомида қайта ишланган барча сўров турлари бўйича маълумот банк иш куни якунида БДМАБ томонидан солиштириш учун банкларга юборилади.

Ҳужжат билан қуйидаги сўров турлари бўйича ўзгартиришлар киритилди:

2-сўров – «Мижозларга уларнинг хос рақами билан ҳисобварақлар очиш»;

8-сўров – «Мижозларнинг бошқа банкларда очган ҳисобварақлари рўйхатини олиш».

Қарор «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 6.10.2014 йилдаги 40 (644)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

Ҳужжатларга қисқача шарҳларни эксперт-юристларимиз
Елена ЕРМОХИНА ва Сардор ЖУМАШОВ тайёрладилар.

Прочитано: 1984 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика