Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 41 / Мутахассис шарҳи

Сувдан фойдаланувчилар учун регламент

Республика сув таъминоти ташкилотларида истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларни тартибга солувчи янги регламентни ўзлаштиришга йўналтирилган умумий ўқув якунланди. Истеъмолчиларга сув таъминоти ва оқава сувни чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидалари1 (бундан кейин – Қоидалар) амалга киритилиши ана шундай ўқувни ташкил этишга сабаб бўлди. Орзиқиб кутилган ҳужжат тарафлар ўртасида ҳамкорликнинг тамомила янги механизмини белгилаб берди. Унинг самарадорлиги сув таъминоти ва сув чиқариб юбориш жараёнига жалб этилган фаолият юритувчи шахсларнинг у ҳақда хабардорлигига боғлиқ бўлади. Зеро белгиланган талабларга барча тарафларнинг риоя этиши хизматлар сифатига таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабли истеъмолчиларнинг хабардорлиги Қоидаларни муваффақият билан амалга оширишнинг асосий шартидир. Ҳужжатда қандай янгиликлар мавжуд? Сувдан фойдаланишда жисмоний шахслар нималарга эътибор қаратишлари керак? Бу ҳақда «Ўзкоммунхизмат» агентлиги бош директорининг ўринбосари Олимжон АҲМЕДОВ сўзлаб беради.

 

– Олимжон Юсупович, янги ҳужжат пайдо бўлишининг тарихи тўғрисида бир оз ҳикоя қилсангиз.

– Уни жорий этиш заруратини Вазирлар Маҳкамасининг «Республика иссиқлик таъминоти ва сув таъминоти ташкилотларини молиявий соғломлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» Қарори (6.11.2013 йилдаги 300-сон), бошқа қонун ҳужжатлари белгилаган. Аввалги Ўзбекистон Республикасида коммунал сув таъминоти ва сувни чиқариш тизимларидан фойдаланиш қоидалари2 2012 йилда Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат реестридан чиқарилган. Бу коммунал соҳада хизматлар кўрсатишнинг замонавий шартлари ва талабларига мувофиқ келадиган янги ҳужжатни қабул қилиш зарурлиги боис қилинди. Зеро УКХда бу вақт ичида катта ўзгаришлар юз берди. Бироқ эски ҳужжат ўз кучини йўқотгач, янгиси фақатгина 2 йилдан кейин пайдо бўлди. Унинг йўқлиги сув таъминоти ва сувни чиқариш тармоқларига уланиш, хизматлар кўрсатишга доир шартномалар шартларини бажариш, истеъмол ҳажмларини ҳисоблаш, шартнома шартларини бузганлик, сув ресурсларига ўзбошимчалик билан уланиш ва улардан фойдаланиш учун жарима санкцияларини қўллаш билан боғлиқ ва бошқа масалаларни тартибга солиш имконини бермасди. Жисмоний шахслар билан юридик шахслар ўртасидаги низоли масалаларни ҳал этишда қийинчиликлар юзага келарди. Натижада сув таъминоти ташкилотлари бир меъёрда фаолият юрита олмади. Бу эса молиявий ва ишлаб чиқариш талафотларига, хўжалик фаолиятининг ёмонлашишига олиб келди.

– Қоидаларда қандай тамомила янги қоидалар ўз аксини топган?

– Ҳужжат хизматларни етказиб берувчилар билан истеъмолчилар ўртасидаги муносабатларнинг барча жиҳатларини қамраб олади. Илгари сув таъминоти ва сувни чиқариш тизимида истеъмолчиларнинг кўп гуруҳлари мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири учун муайян тариф белгиланиб келарди. Бундай ёндашув иккала тараф учун ноқулай, бесўнақай бўлиб, қайта кўриш ва тартибга солишни тақозо этарди. Ҳозир истеъмолчилар 3 гуруҳга бўлинган. Бу ҳол етказиб берувчилар билан муносабатларни, сув истеъмоли учун ҳисоб-китобларни кўп жиҳатдан соддалаштиради. Шуни таъкидлаш лозимки, Қоидаларда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари максимал даражада ҳисобга олинган. Ушбу ёндашув муносабатларнинг бутун доираси учун белгиловчи аҳамиятга эга бўлди. Шартномаларни тузиш тартиби мукаммаллаштирилган, тарафларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги мувозанатга келтирилган, ҳисобга олиш асбобларини ўрнатиш, фойдаланиш, назоратдан ўтказиш регламенти, кўрсатилган хизматлар учун ҳисоб-китоблар механизми, сув таъминотини тугатиш шартлари ва ҳоказолар батафсил қайд этилган. Сув таъминоти ташкилотлари ва истеъмолчиларнинг сув таъминоти ва сувни чиқариш тизимларидаги фойдаланиш жавобгарлиги чегаралари белгиланди. Ҳужжат ўз ичига доимий мониторингни амалга ошириш ва авария ҳолатлари, тизимлар ишидаги бузилишларга тезкор муносабат билдиришни олади. Шуниси жуда муҳимки, марказлаштирилган сув таъминоти билан қамраб олинмаган аҳолини сув билан таъминлаш механизми белгиланган. У локал сув таъминотини (қудуқлар, олиб келинадиган сув ва ҳоказо) назарда тутади. Сувни узлуксиз узатишнинг техник имконияти бўлмаганда у маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишилган жадвал бўйича амалга оширилади.

– Аҳолида илгари сув истеъмолини ҳисобга олиш асбобларини ўрнатиш, фойдаланиш ва назоратдан ўтказиш билан боғлиқ кўпгина саволлар туғиларди. Улар Қоидаларда қандай тартибга солинган?

– Бу истеъмолчилар билан етказиб берувчилар ўртасидаги муносабатларнинг муҳим масалаларидан биридир. У ресурсларни тежаш, меъёрдан ортиқча истеъмол, сув таъминоти корхоналарининг самарали фаолияти билан боғлиқ. Илгари ушбу масалаларни яхлит тарзда тартибга соладиган ягона механизм йўқ эди. Натижада амалиёт оқсарди. Сув ўлчагичлардан фойдаланиш билан боғлиқ ё муайян қарама-қаршиликларни бир маънода талқин этилмаслиги туфайли кўпинча тарафлар ўртасида зиддиятлар юзага келарди. Моҳиятига кўра Қоидалар ўз ичига ўрнатиш, фойдаланиш ва назоратдан ўтказиш бўйича мукаммал йўриқномани олади. Шу нарса жуда муҳимки, истеъмолчиларни хизматлар кўрсатиш муддатлари тўғрисида хабардор қилишга, барча босқичларда уларга риоя этмаслик учун етказиб берувчилар ва истеъмолчиларнинг жавобгарлигига катта эътибор ажратилган. Илгари амалиётда қандай бўлган эди? Баъзи истеъмолчилар буни билмаганликларини важ қилиб, ўз вақтида назоратдан ўтказмаганлар. Бошқалар ҳисоблагич ўрнатишни хоҳлашса-да, нимадан бошлаш, нима учун ҳақ тўлаш, нималарга эътибор қаратиш кераклигини билмаганлар. Яна баъзилар ҳисоблагичнинг носозлиги, шикастланганлиги ёки пломба бузилган ҳолатда қандай ҳаракат қилиш тўғрисида тасаввурга эга эмас эдилар. Ҳозир ушбу масалалар бир ҳужжатда тартибга солинди – тушунарли ва аниқ-равшан бўлди.

Қоидаларда уй-жойлар ва нотурар жойларни ҳисобга олиш асбоблари билан жиҳозлашнинг ягона тартиби белгиланади. Уларни истеъмолчилар ўз ҳисобларидан харид қиладилар. Уларга хизмат кўрсатишни (ўрнатиш, давлат назоратидан ўтказиш, таъмирлаш, алмаштириш) «Ўзкоммунхизмат» агентлигида ­аккре­дитациядан ўтган етказиб берувчилар ва бошқа ихтисослашган ташкилотлар шартномалар асосида амалга оширадилар, нархни тартибга солиш органи билан келишилган алоҳида ягона тарифлар бўйича ҳақ тўланади. Истеъмолчиларнинг ҳисоблагичларини пломбалаш бепул бажарилади. Ўрнатиш муддати олдиндан 100 фоиз ҳақ тўланганидан кейин 30 календарь кун. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан нафақа олувчи кам таъминланган оилалар учун ҳисоблагичлар ўрнатиш сув таъминоти ташкилоти маблағлари ҳисобига амалга оширилиб, кейинчалик уларнинг қиймати 12 ой давомида сўндирилади. Ҳисобга олиш асбобини ўрнатиш муддатини бузганлик учун етказиб берувчининг жавобгарлиги белгиланган. Истеъмолчи ушбу ҳолда сувни ҳисобга олиш асбобининг йўқлиги сабабли ортиқча коэффициентни тўлашдан озод этилади. Сув таъминоти ташкилоти кечиктирилган ҳар бир кун учун 0,1% миқдорида пеня тўлайди, лекин унинг миқдори шартнома суммасининг 50 фоизидан ошмаслиги керак.

– Назоратдан ўтказиш тартиб-таомили истеъмолчилар учун қанчалик шаффофлашади?

– Қоидаларга етказиб берувчининг сувни ҳисобга олиш асбобининг ўз вақтида назоратдан ўтказилиши, истеъмолчиларга уни ўтказиш хусусида олдиндан хабар бериш, уни ечиш (ўрнатиш) кўрсаткичларини назорат қилиш учун жавобгарлигини назарда тутадиган меъёр киритилган. Зеро барча муаммолар аҳолининг хабардор этилмаслиги туфайли юзага келади. Энди сув таъминоти ташкилоти назорат ўтказилиши тўғрисида аҳолини назоратлар ўртасидаги оралиқ вақт тугашига 30 кун қолганда олдиндан хабардор қилиши керак. Жисмоний шахслар учун у 4 йилда бир мартани ташкил қилади. Истеъмолчи огоҳлантириш хатини олган кундан бошлаб 3 кун муддатда кейинчалик икки томонлама далолатнома тузиш билан бирга ҳисобга олиш асбобини текширишга олиб кетиш санаси ва вақтини етказиб берувчи билан келишиб олади. Сувни ҳисобга олиш асбобини текшириш муддати унинг ечилган вақтидан бошлаб пломбаланиб, қайта қўйилгунгача 30 кундан ошмаслиги керак. Ҳужжатда фуқаро узрли сабабга кўра ҳозир бўлмайдиган ҳоллар ўз аксини топган. Масалан, у хизмат сафарида, даволанишда ёки бошқа ҳолатда бўлиб, ўз вақтида назоратдан ўтказа олмаган. Муддатни узайтириш учун у тегишли ҳужжатларни тақдим этади. Илгари фуқаролар назоратдан ўтказиш бўйича хизматларга тўланадиган ҳақ ўз ичига нималарни олишини билмаганлар. Қоидаларда ушбу ишлар расшифровкаси берилган.

– Қандай ҳолларда ҳисоблагичнинг режадан ташқари назоратини ўтказиш назарда тутилган?

– Сувни ҳисобга олиш асбобининг ишламаётганлиги аниқланса, унинг ишига рухсатсиз аралашилса ёки назорат пломбалари узилган бўлса назорат режадан ташқари ўтказилади. Бунда аниқ регламентнинг йўқлиги ушбу масалаларни тартибга солишда ягона ёндашув мавжуд бўлмаслигига олиб келган. Баъзан улар истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини бузиш орқали ҳал этилган. Шу сабабли икки хил талқинни истисно этадиган тартибни ўрнатиш жуда муҳим эди. Энди бундай ҳолларда етказиб берувчи фуқарога 30 кун мобайнида ҳисоблагични режадан ташқари назоратдан ўтказиш зарурлиги тўғрисида кўрсатма бериши, далолатнома тузиши шарт. Агар фуқаронинг ўзи пломба шикастланганлиги ёки узилганлигини аниқласа, у 2 кун ичида бу ҳақда етказиб берувчига хабар қилиши керак. Агар пломба истеъмолчининг айби билан узилган (бу далолатнома билан тасдиқланган бўлади) ҳолда назоратдан ўтказиш ҳисоблагичнинг яроқсизлигини аниқласа, у таъмирлашга юборилади, шундан кейин яна бир марта назоратдан ўтказилади. Таъмирлаш мумкин бўлмаган тақдирда фуқаро янги ҳисоблагич асбобини сотиб олиши ва ўрнатиши керак.

– Қоидаларнинг муҳим бўлими сув таъминоти ва оқава сувни чиқариш тизимларида кўрсатилган хизматлар учун ҳисоб-китоб қилиш ҳисобланади. Жисмоний шахслар нималарга эътибор қаратишлари керак?

– Унга Вазирлар Маҳкамасининг 6.11.2013 йилдаги 300-сон Қарори билан тасдиқланган, ҳисобга олиш асбобларини ўрнатмаган истеъмолчиларга доир икки муҳим меъёр киритилган. Ҳисоблагичлар мавжуд бўлмаганда аҳоли билан ҳисоб-китоб сув истеъмолининг амалдаги меъёрлари бўйича, совуқ сувга тарифнинг 1,5 ошувчи коэффициентини қўллаган ҳолда амалга оширилади. Фуқаролар пропискадан ўтказилмаган хонадонларда, сувни ҳисобга олиш асбоби мавжуд бўлмаганда, истеъмол нормаларига кўра, белгиланган тарифларнинг орттирилувчи коэффициентини қўллаш йўли билан: бир ва икки хонали уйларда – бир киши ҳисобидан; уч хонали уйларда – 2 киши ҳисобидан; тўрт хонали уйларда – 3 киши ҳисобидан; беш хонали уйларда – 4 киши ҳисобидан амалга оширилади. Ушбу чоралар анча қаттиқ бўлишига қарамай, улар истеъмолчиларни турар жойларни ҳисобга олиш асбоблари билан жиҳозлашга тезроқ ундаши мумкинлигига умид боғлайди. Сув таъминоти ташкилотлари учун бу меъёрдан ортиқча сув истеъмоли билан боғлиқ талафотлар компенсацияси ҳисобланади. Аҳолининг турли тоифалари – ижарачилар, давлат, идоравий уй-жой фонди, ётоқхоналарда яшовчи жисмоний шахслар учун, турар жой мулкдори ўзгарганда – ҳисоб-китоб тартиби белгиланган. Кўрсатилган хизматлар учун тўловлар истеъмолчининг танлови бўйича чекланмаган равишда: нақдсиз ва нақд ҳисоб-китоб билан, шу жумладан пластик карточкалардан, почта ёки электрон алоқа тизимлари воситасида ҳам амалга оширилади. Тўлов ўз вақтида амалга оширилмаганлиги учун жисмоний шахслар тўловнинг кечиктирилган суммасидан 0,1%, аммо кечиктирилган сумманинг 50%идан ошмаган миқдорда пеня тўлайдилар. Сув таъминоти ташкилотларининг кўрсатилган хизматлар учун аҳолидан нақд пулни мустақил равишда, кассадан фойдаланмай, йиғишлари тақиқланади. Тўловномаларни нотўғри ёзганлик учун истеъмолчиларнинг даъво-эътирозларини тақдим этиш ва кўриб чиқиш тартиби белгиланган.

– Ҳужжатда тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қанчалик мувозанатга келтирилган? Баъзан истеъмолчилардан коммунал хизматлар кўрсатишга доир аввалги ҳужжатларда бир қадар четга чиқишлар бўлган деган гапларни эшитиш мумкин. Истеъмолчиларда мажбуриятлар, етказиб берувчиларда ҳуқуқлар устун эди.

– Қоидаларда сув таъминоти ташкилотларининг мажбурият ва жавобгарлиги истеъмолчилар манфаатларини кўзлаб кенгайтирилган. Масалан, аҳоли кўпинча уларга ҳисоблагичларни текшириш учун назоратчилар тез-тез келишидан шикоят қилишарди. Кишилар бундай текширишларнинг даврийлиги қандай деб сўрашарди. Ҳозир етказиб берувчиларнинг аҳолидаги ҳисобга олиш асбобларининг кўрсатишлари, пломбаларнинг бузилганлигини чоракда кўпи билан 1 марта назорат қилиш мажбурияти белгиланган. Ёки ҳисоблагичларни давлат назоратидан ўз вақтида ўтказиш учун жавобгарлик, аҳолини хизматлар кўрсатиш муддатлари, ушбу муддатларга риоя этиш тўғрисида кенг хабардор қилиш мажбуриятини олайлик. Сув таъминоти ташкилотларининг ҳуқуқлари тўғрисида сўзласак, ҳужжатда улар сув берилишини қисман ёки тўлиқ тўхтатиш борасида таърифланган. Ўчириб қўйишларнинг аниқ-равшан тартиби ўрнатилган. Чунончи, етказиб берувчи истеъмолчи шартнома шартларини бажармаган, сув истеъмолига ҳақ тўламаган, «Сувсоз» вакилини ҳисоблагич кўрсатишларини назорат қилиш ва олиш учун асоссиз киритмаслик, тармоқларнинг техник ҳолати қониқарсиз бўлганда ва ҳоказо ҳолларда истеъмолчини 10 кун ичида ёзма равишда хабардор қилиб, сув беришни тўхтатиши шарт. Албатта, янги Қоидаларнинг чиқиши билан сув таъминотидаги вазиятни бирданига ўзгартириш қийин. Бироқ улар етказиб берувчилар ва истеъмолчиларга яхши дастак беради, бу кўрсатилаётган хизматларнинг сифатини яхшилаш имконини яратади.

 

1ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон Қарорига 2-илова.

2Коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тасдиқлаган, Ав томонидан 24.04.1994 йилда 44-сон билан рўйхатдан ўтказилган.


Ирина ГРЕБЕНЮК,

 махсус мухбиримиз.

Прочитано: 4360 раз(а)

Комментарии к статье (1)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2018-02-28 17:06:10, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика