Ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат этган мижозлар кўпинча: «МЧЖ таркибидан алоҳида иштирокчини чиқарса бўладими? Агар бўлса, қандай қилиб?» – деб сўрашади.
Шу ўринда айтиш лозимки, иштирокчини МЧЖдан чиқариш тўғрисида суд ишлари кўрилган. Ишни судгача олиб бормаслик учун тадбиркорлар ушбу масаланинг ҳуқуқий моҳияти билан танишиб чиқсалар фойдадан ҳоли бўлмас эди. Зеро уларнинг кўпчилиги ўз бизнеси учун масъулияти чекланган жамият ташкилий-ҳуқуқий шаклини танлаган. Айни шу сабабли улар қандай ҳолда, қандай қилиб ва қачон МЧЖда иштирок этиш масаласини тубдан ҳал қилиш мумкинлигини билишлари керак*.
БИЛМАСЛИК ЖАВОБГАРЛИКДАН СОҚИТ ҚИЛМАЙДИ...
Жавобни «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонундан (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон, бундан кейин – МЧЖ тўғрисидаги Қонун) излаш керак. Унинг 8-моддасида назарда тутилишича, жами улушлари жамият устав фондининг камида 10%ини ташкил этадиган жамият иштирокчилари ўз мажбуриятларини қўпол бузаётган ёхуд ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан МЧЖнинг фаолият кўрсатишига имкон бермаётган ёки уни жиддий тарзда қийинлаштираётган иштирокчини жамиятдан суд тартибида чиқарилишини талаб қилишга ҳақлидирлар.
Суд уни чиқариш тўғрисида ҳал қилув қарорини қабул қилишига олиб келадиган даражада иштирокчи қандай мажбуриятларни бузиши ва қандай ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) билан жамият фаолиятини мураккаблаштириши мумкин?
МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 9-моддасига кўра жамият иштирокчиси:
МЧЖ тўғрисидаги Қонунда ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибда, миқдорда, усулларда ва муддатларда ҳисса қўшиши;
жамият фаолияти тўғрисидаги сир тутилган ахборотни ошкор қилмаслиги;
жамият иштирокчиларининг қонун ҳужжатларида ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларини бажариши шарт.
Ҳиссаларни киритиш бўйича мажбуриятни бузадиган иштирокчилар масаласини Қонун муайян даражада ҳал қилиб, устав фондига ҳисса сифатида МЧЖнинг фойдаланиши учун берилган мол-мулкни муддат ўтгунга қадар олиб қўйилганлиги учун пул товони тўлаши шартлигини назарда тутган (МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 15-моддаси).
МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 18-моддасига кўра агар белгиланган қўшимча ҳисса бир ёки бир неча иштирокчи томонидан тўлиқ ёки қисман қўшилган бўлмаса, жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши:
● қўшимча ҳиссалар умумий қийматининг дастлабки белгиланган миқдорини иштирокчилар улушларининг нисбатини тегишинча ўзгартирган ҳолда амалда қўшилган ҳиссаси миқдорига қадар камайтириш тўғрисида;
● қўшимча ҳиссалар умумий қийматининг дастлабки белгиланган миқдорини иштирокчиларнинг улушларини дастлабки нисбатда сақлаш имкониятини берадиган миқдоргача камайтириш тўғрисида қарор қабул қилишга;
● муддатларга риоя этилмаган тақдирда ёхуд қўшимча ҳиссалар барча иштирокчилар томонидан тўлиқ қўшилмаган тақдирда, жамият устав фондининг кўпайтирилиши амалга ошмаган деб эътироф этишга ҳақлидир.
Сир тутилган ахборотни ошкор этганлик учун жамиятдан чиқариш анча мушкул. Бу унинг оқибатлари – ахборотни қонуний асоси бўлмай туриб ошкор этиш юзага келтирган зарарларнинг мавжудлиги билан боғлиқ. Уни очган шахс етказилган зарарни тўлаши шарт (Фуқаролик кодекси (ФК)нинг 1096-моддаси). Одатда зарарларнинг вужудга келиши ва уларнинг миқдори судда исбот қилинади. Демак, иштирокчини ушбу асосга кўра сир тутилган ахборотни ошкор қилиш ва зарарлар суммасини эътироф иш далилини тан олган суднинг ҳал қилув қароридан кейингина чиқариш мумкин.
ХОҲЛАМАСЛИК ҲАМ ЖАВОБГАРЛИККА ОЛИБ КЕЛАДИ
Мақоламизда таъсис ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятлар бузилишини кўриб чиқмаймиз. Бундай ҳоллар жуда кўп бўлиши мумкин, уларни ҳар бир аниқ ҳолда алоҳида кўриб, аввал улар бошқа иштирокчиларнинг ҳуқуқларини чеклаш-чекламаслигини белгилаб олиш керак. Иштирокчи ўзининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан жамият фаолият юритишига имкон бермайдиган ёки уни қийинлаштирадиган вазият долзарброқдир.
ФКнинг 45-моддасига кўра, юридик шахс қонунларга ва таъсис ҳужжатларига мувофиқ иш олиб борадиган ўз органлари орқали фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлади ва фуқаролик бурчларини ўз зиммасига олади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик шахс ўз иштирокчилари орқали фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлиши ва фуқаролик бурчларини ўз зиммасига олиши мумкин.
Жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши, кузатув кенгаши (агар у таъсис ҳужжатларида назарда тутилган бўлса), яккабошчилик асосидаги ёки коллегиал ижро этувчи орган МЧЖнинг бошқарув органлари ҳисобланади. Мазкур ҳолда бизни умумий йиғилиш қизиқтиради, чунки иштирокчилар тўғрисида сўз боряпти, улар қабул қиладиган қарорлар эса жамиятнинг бутун фаолияти учун базавий қарорлар ҳисобланади.
НИМА УЧУН ОВОЗ БЕРАМИЗ?
МЧЖ иштирокчилари умумий йиғилишининг регламентлари АЖ акциядорларининг кўрилаётган масалалардан қатъи назар муайян кворумга эга бўлган умумий йиғилишидан фарқ қилади. МЧЖ иштирокчиси умумий йиғилишда устав фондидаги ўз улушига мутаносиб овозлар сонига эга бўлади. Йиғилиш қарорларининг ҳуқуққа эгалиги эса у ёки бу масалани ҳал этишга боғлиқ ҳолда барча иштирокчилар овозларининг умумий сонидан келиб чиқиб белгиланади.
Жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг ваколатлар доираси масалалари 3 гуруҳга бўлинган: бир овоздан ҳал қилишни талаб қиладиган; овозлар 2/3 қисми бўлишини талаб қиладиган; овозларнинг оддий кўпчилигини талаб қиладиган масалалар.
Қуйидагилар бир овоздан қарор қабул қилишни талаб қилади:
муассислар мулкий ҳиссаларининг пул баҳосини тасдиқлаш;
иштирокчи улушининг энг юқори миқдорини чеклаш;
жамият иштирокчилари улушларининг нисбатини ўзгартириш;
жамият иштирокчисининг қўшимча ҳисса қўшиш тўғрисидаги аризаси (жамият иштирокчилари бир қисмининг аризалари) ва (ёки) учинчи шахснинг уни жамиятга қабул қилиш ва ҳисса қўшиш тўғрисидаги аризаси асосида жамиятнинг устав фондини кўпайтириш;
улушни (улушнинг бир қисмини) жамият иштирокчилари улушларининг миқдорларига номутаносиб равишда сотиб олиш устувор ҳуқуқининг амалга оширилиши;
улушни жамият иштирокчиларининг улушлари миқдорлари ўзгарадиган тарзда жамият иштирокчиларига сотиш, улушни учинчи шахсларга сотиш ва тегишли ўзгартишларни жамиятнинг таъсис ҳужжатларига киритиш;
ундирув жамият иштирокчисининг мол-мулкига қаратилган тақдирда, бошқа иштирокчиларнинг кредиторларига жамият иштирокчиси улушининг (улуши бир қисмининг) ҳақиқий қийматини тўлаши;
бошқа юридик шахсларни, ваколатхоналар ва филиалларни тузиш (бунда тушунарсиз сабабга кўра жамиятни тугатиш ва қайта ташкил этиш тўғрисидаги қарор оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади).
Чунончи, асосан иштирокчиларнинг субъект таркибини, уларнинг улушлари, таъсис ҳужжатларининг нисбатини ўзгартириш билан боғлиқ масалалар, яъни иштирокчилар ва жамиятнинг ўзи учун энг муҳим бўлган масалалар барча иштирокчиларнинг бир овоздан қарор қабул қилишларини талаб қилади.
ҲАММА – ТАРАФДОР, МЕН ЭСА – ҚАРШИМАН!
Энди иштирокчилар орасида низо ёки ихтилофлар юзага келадиган вазиятни кўриб чиқамиз. Бу ҳолда умумий йиғилишнинг қарор қабул қилиши анча мушкул, баъзан эса мумкин бўлмай қолади. Баъзи иштирокчилар бир овоздан қарор қабул қилишни талаб қиладиган масалалар кўриладиган йиғилишга келмайдилар. Ёки устав фондини кўпайтириш, янги инвесторни жалб этиш, кредиторларга тўлаш, таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш ва шу каби масалаларга қарши овоз берадилар. Жамият таъсис ҳужжатларида оз улушли иштирокчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида эса кўпгина масалалар бўйича бир овоздан қарор қабул қилиш талаби мавжуд.
Тадбиркорлик нуқтаи назаридан бу – иштирокчининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) МЧЖнинг фаолият кўрсатишига имкон бермаётган ёки уни жиддий тарзда қийинлаштираётган ҳолатдир, бунда бошқа иштирокчилар уни жамиятдан суд тартибида чиқарилишини талаб қилишга ҳақли бўлади.
Манфаатлар мувозанати бузилмаслиги мақсадида мамлакатимиз ва хориж ҳуқуқ-тартиботи барча иштирокчиларнинг тенг ҳимояланишини таъминлайди. Бироқ айни вақтда баъзиларнинг манфаатларини бошқалар фойдасига чеклашга йўл қўяди. Бундай чеклов мутаносиб равишда пул билан компенсацияланади. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенцияга (Париж, 20.03.1952 йил) 1-баённомада шундай дейилади: «Ҳар бир жисмоний ёки юридик шахс ўз мулки қадрланиши ҳуқуқига эгадир. Ҳеч ким ўз мол-мулкидан жамият манфаатларини кўзлашдан ҳамда қонун ва халқаро ҳуқуқнинг умумий қоидалари билан назарда тутилган шартлардан бошқа ҳолларда маҳрум қилинмаслиги керак». МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 22-моддасида ушбу компенсация жамиятнинг чиқарилган иштирокчига улушининг ҳақиқий қийматини тўлаш, шунингдек жамият таркибидан ихтиёрий чиқиб кетган иштирокчининг розилиги билан унга ҳам худди шундай қийматни тўлаш мажбуриятида ифодаланади.
БИР-БИРИМИЗНИ ҲУРМАТ ҚИЛАЙЛИК
Сўзимиз якунида иштирокчиларга жамият таъсис ҳужжатларида МЧЖ иштирокчисини таркибдан чиқариш учун асос ҳисобланадиган ҳолларни назарда тутишни маслаҳат берамиз. Мисол учун, бу йиғилиш ўтказилиши тўғрисида лозим даражада хабардор қилинган иштирокчининг мунтазам равишда узрли сабабсиз келмаслиги туфайли умумий йиғилиш қарор қабул қилмай қолиши ҳолати бўлиши мумкин.
Бироқ барча иштирокчилар ФКнинг 9-моддасида баён этилган фуқаролик ҳуқуқининг негиз бўлувчи қоидаларини билишлари зарур: «Фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт. Фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари иштирокчиларининг ҳалол, оқилона ва адолат билан ҳаракат қилиши назарда тутилади.
Фуқаролар ва юридик шахслар ўз ҳуқуқларини амалга оширишда жамиятнинг маънавий тамойиллари ва ахлоқий нормаларини ҳурмат қилишлари, тадбиркорлар эса – иш одоби қоидаларига ҳам риоя этишлари керак.
Фуқаролар ва юридик шахсларнинг бошқа шахсга зарар етказишга, бошқача шаклларда ҳуқуқни суиистеъмол қилишга, шунингдек ҳуқуқни унинг мақсадига зид тарзда амалга оширишга қаратилган ҳаракатларига йўл қўйилмайди.
...талабларга риоя қилинмаган тақдирда, суд шахсга қарашли ҳуқуқни ҳимоя қилишни рад этиши мумкин».
*Муаллифдан: иштирокчи одатда беҳафсала муассисга нисбатан кўрилган бошқа таъсир чоралари натижа бермаган тақдирда МЧЖ таркибидан чиқарилади.
Александр ЦОЙ,
«Aleksta yure» адвокатлик фирмасининг адвокати.