Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 30 / Назорат

Бюджет маблағлари – қатъий назорат остида

Бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, шунингдек, аҳоли ҳаёт даражаси ва фаровонлигини яхшилашда катта аҳамиятга эгадир.

 

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Молия вазирлигининг ҳамкорликдаги ишлари дастурига асосан бюджет ташкилотларида бюджет қонунчилигига риоя этишга оид назорат тадбирлари тизимли равишда амалга оширилмоқда.

Юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2014 йилнинг биринчи ярмида республика ва маҳаллий бюджетдан молиялаштириладиган 143 ташкилотда текширув ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда унга қарашли ташкилотларда ўтказилган назорат тадбирлари чоғида «Марказий аэрогеодезия» ва «Самарқанд аэрогеодезия» давлат унитар корхоналари томонидан бажарилган ишлар қийматини шакллантиришда дала ишлари учун қўшимча маблағлар асоссиз қўлланиши натижасида 170,5 миллион ва 106,8 миллион сўм ортиқча ҳисоблангани ҳамда тўлангани аниқланди.

Қўмитанинг ҳудудий бошқармаларида ўтказилган назорат тадбирлари давомида бюджет интизоми ва амалдаги қонунчиликка риоя этмаслик ҳолатлари ҳам аниқланди.

Масалан, қўмита ва унинг ҳудудий бошқармаларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 майда қабул қилинган 153-сонли қарорида белгиланган талаблар бузилган ҳолда, лимитдан ташқари умумий қиймати 110,4 миллион сўмлик 14 хизмат автомашинаси сақланмоқда. Амалдаги нормаларга мувофиқ ушбу автомашиналар кимошди савдолари орқали сотилиши, тушган маблағнинг 50 фоизи бюджет даромадига ўтказилиши лозим.

Бундан ташқари, қўмитанинг Бухоро вилоятидаги бўлинмалари фаолиятини ўрганишда Вобкент, Пешку ва Когон туманларида томорқа участкаларини инвентаризация қилиш бўйича қиймати 200 миллион сўмлик ишлар сифатсиз бажарилгани ва қўмита ушбу камчиликларга йўл қўйган айбдор муассасаларга нисбатан 40 миллион сўм миқдорида жарима санкцияларини қўллагани аниқланди.

Текширув натижаларига асосан йўл қўйилган камчилик ва нуқсонлар бартараф қилинди, инвентаризация бўйича ўзгартирилган маълумотлар туман солиқ органларига тақдим этилди.

Қўмитанинг ҳудудий бўлинмалари юридик ва жисмоний шахсларга қишлоқ ва ўрмон хўжалигини юритиш билан боғлиқ бўлмаган мақсадлар учун ер ажратишда зарар кўрилган 7 404,0 миллион сўм миқдоридаги маблағни ундириш бўйича тегишли чоралар кўрмаган, ўз вақтида амалга оширилмаган тўловлар учун 1 283,1 миллион сўм миқдоридаги пеня ҳисобланмаган.

2012–2013 йилларда қўмитанинг таркибий бўлинмалари томонидан жисмоний шахсларга кадастр маълумотномаларини беришда тариф ошириб кўрсатилган ва бунинг оқибатида қиймати 1 581,1 миллион сўм асоссиз даромад олинган.

Ҳосилдорлиги паст ерларда пахта етиштириш билан шуғулланадиган қишлоқ хўжалиги корхоналарига давлат томонидан дотация берилмоқда. Текширув чоғида ҳосилдорлиги юқори ерларга эга 44 қишлоқ хўжалиги корхонасига 131,4 миллион сўм бюджет маблағлари асоссиз тўлангани, экин майдонлари ҳажми сунъий равишда оширилиши натижасида 36 та фермер хўжалигига 28,8 миллион сўм ортиқча ажратилгани аниқланди.

Бундан ташқари, туман комиссиялари аъзолари олинмаган ҳосил миқдорини нотўғри аниқлагани оқибатида 1 066 қишлоқ хўжалиги корхонасига 1 931,0 миллион сўм ортиқча тўланган.

Туман комиссиялари томонидан ҳисобга олинган пахта майдонларининг балл-бонитет кўрсаткичлари туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимларининг ер хариталарида кўрсатилган шундай кўрсаткичлар билан таққосланди. Таққослаш давомида 386 қишлоқ хўжалиги корхонаси томонидан туман комиссиясига ерларнинг балл-бонитет кўрсаткичлари пасайтирилган маълумотлар тақдим этилгани аниқланди. Бунинг натижасида ушбу 386 қишлоқ хўжалиги корхонасига 625,5 миллион сўм ноқонуний тўланган.

Навоий вилояти маҳаллий бюджетининг 2013 йилги ижросини ўрганишда қиймати 508,4 миллион сўмлик солиқ, йиғим ва бошқа тўловлар қўшимча ҳисобланди ва шунинг 429,6 миллион сўми ундирилди.

Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун ажратилган бюджет маблағларидан мақсадли ва манзилли фойдаланишни ўрганиш бўйича ўтказилган назорат-таҳлил тадбирлари давомида ўзини ўзи бошқариш органлари амалдаги меъёрий ҳужжатларни бузган ҳолда, оилалар даромадини етарли даражада ўрганмасдан, қалбаки ҳужжатлар асосида ва комиссиялар қарорисиз нафақа ҳамда моддий ёрдам берилгани аниқланди.

Натижада Қизилтепа туманидаги 34 та ўзини ўзи бошқариш органида 56 нафар фуқарога 31,5 миллион сўм, Навбаҳор туманининг 22 та ўзини ўзи бошқариш органида 60 нафар фуқарога 39,4 миллион сўм, Нурота туманидаги 18 та ўзини ўзи бошқариш органида 61 нафар фуқарога 23,6 миллион сўм ва Хатирчи туманидаги 29 та ўзини ўзи бошқариш органида 36 нафар фуқарога 29,3 миллион сўм нафақа ва моддий ёрдам нотўғри тайинланган ва шунинг 63,8 миллион сўми тўланган.

Шунингдек, вилоят таълим муассасаларида меҳнат қилаётган педагогларнинг маълумотини тасдиқлайдиган ҳужжатлар ҳақиқийлигини текшириш чоғида 57 таълим муассасасида ишлаётган 72 нафар педагогнинг дипломи қалбаки экани ва уларга бюджетдан 1 693,3 миллион сўм тўлангани аниқланди.

Соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида бюджет ва смета-штат интизомига риоя этиш ўрганилганда, текширилган тиббиёт бирлашмаларининг штат жадвалига нормадан ортиқ 8,75 штат бирлиги киритилиши натижасида 63,8 миллион сўм ортиқча тўлаш режалаштирилгани ва шунинг 44,1 миллион сўми тўлангани, ходимлар разрядининг оширилиши оқибатида эса 11,8 миллион сўм бюджет маблағи ортиқча сарфлангани аниқланди.

Намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойлар, коллеж ва спорт мактаблари қурилаётган массивларда ички йўллар ва сув таъминоти тармоқларини барпо этиш учун бюджет маблағларини режалаштириш таҳлил этилганда олтита объектда бошланғич қурилиш қиймати 276,2 миллион сўмга оширилгани аниқланди, шундан тўрт объектда ортиқча сарфланган 168,5 миллион сўм кейинчалик пудратчи ташкилотни молиялаштириш даврида камайтириб қолинди.

Бундан ташқари, мазкур объектларда сарфланган харажатларни ўрганиш бўйича ўтказилган назорат тадбирларида қиймати 208,7 миллион сўмлик иш ҳажми ошириб кўрсатилгани ва сифатсиз бажарилгани аниқланди.

Жумладан, Хатирчи туманидаги «Янги қишлоқ» ва «Ғаллабек» массивларида сув таъминоти объектларини барпо этиш учун ажратилган 13,7 миллион сўм маблағдан самарасиз фойдаланилган, шунингдек, Агросервис касб-ҳунар коллежида 62,2 миллион сўмлик ишламайдиган 12 иситиш қозони ўрнатилгани сабабли объектларни ичимлик суви, биноларни иссиқлик билан таъминлаш имконини бермаган.

Вилоят халқ таълими бошқармаси ва «Ўқув таълим таъминот» давлат унитар корхонаси ўртасида тузилган шартнома асосида таълим муассасаларига 8 276 тонна кўмир бешта транспорт корхонаси томонидан етказиб берилган ва уларга кўрсатилган 698,1 минг тонна/километр ҳажмдаги транспорт хизматлари учун 418,9 миллион сўм тўланган ёки 129 миллион сўм бюджет маблағлари ортиқча тўланган.

Шунингдек, 6 та тумандаги «Баркамол авлод» болалар марказларини жиҳозлашда «бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоб-фактура»ни қалбакилаштириш орқали хусусий корхонага 668,3 миллион сўм бюджет маблағи ўтказилгани, амалда эса 43,5 миллион сўмлик инвентарь етказиб берилгани ёки 624,8 миллион сўмлик инвентарь етишмаслиги аниқланди.

Педагогика йўналишидаги еттита олий ўқув юрти текширилганда белгиланган ўқув юкламасини бажармаган педагог ходимларга бюджет маблағлари ҳисобидан иш ҳақи асоссиз берилган ҳолатлар аниқланди.

Масалан, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида педагогларга бажарилмаган 563 соат ўқув юкламаси учун 7,2 миллион сўм, Навоий давлат педагогика институтида 9,7 миллион сўм, Тошкент вилоят давлат педагогика институтида 11,2 миллион сўм асоссиз тўланган.

Талабалар ўзлаштиришининг якуний кўрсаткичлари сунъий равишда оширилгани натижасида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан Тошкент давлат педагогика университетида 105,6 миллион сўм, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида 43,2 миллион сўм, Тошкент вилоят давлат педагогика институтида 20,2 миллион сўм, Нукус давлат педагогика институтида 16,9 миллион сўм, Қўқон давлат педагогика институтида 9,2 миллион сўм стипендия ортиқча тўланган.

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг 21 бўлинмасида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлардан мақсадли фойдаланиш текширилганда, белгиланган чекланган сондан ташқари 37 енгил автомобиль мавжудлиги ва уларни сақлаш учун 106,4 миллион сўм ортиқча маблағ сарфлангани аниқланди.

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимидаги ташкилотлар томонидан бюджет маблағлари ҳисобидан харид қилинган асосий воситаларни сотишдан тушган маблағларнинг 234,8 миллион сўми ёки 50 фоизи бюджетга ўтказилмаган.

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимидаги ташкилотларда мамлакат табиий ресурсларидан фойдаланиш устидан назорат тегишли даражада ўрнатилмаган. Виждонсиз тадбиркорлар бундан фойдаланиб, табиий ресурсларимизни талон-торож қилмоқда.

Мисол учун, хусусий тадбиркорлар Р.Зокиров ва А.Хегай 525,36 тонна ва 635,76 тонна қизилмия ўсимлигини экспорт қилган. Ҳужжатларни ўрганиш чоғида ушбу маҳсулотни экспорт қилиш учун рухсатнома қалбакилаштирилгани аниқланди. Бунинг натижасида маҳсулот экспортига рухсат олиш учун 274,3 ва 310,6 миллион сўм йиғим тўланмаган. Бундан ташқари, мазкур ўсимлик рухсатсиз терилгани туфайли умумий қиймати 25,7 миллиард сўм зарар етказилган.

Мамлакатимиз табиий ҳавзаларида балиқчилик билан шуғулланадиган хўжалик субъектлари томонидан ижара тўловларини ҳисоблаш ва тўлашда ҳам камчиликларга йўл қўйилган.

Жиззах вилоятида 1,8 миллиард сўмлик ижара тўловлари ҳисобланмагани ва текширув чоғида ҳисобланган 1,2 миллиард сўм тўланмагани аниқланди. Ижара тўловларини ўз вақтида тўламаган тадбиркорларга масъул ташкилотлар томонидан 2,1 миллиард сўмлик жарима санкциялари қўлланилмаган.

Бюджет маблағлари – давлат ва халқ мулкидир. Улардан мақсадсиз ва тежамкорликсиз фойдаланганлик учун тегишли жавобгарлик кўзда тутилган.

Шу нуқтаи назардан, молиявий назорат якунлари бўйича молиявий ҳуқуқбузарлик ва камчиликлар аниқланган текшириш материаллари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Молия вазирлиги томонидан бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотларда давлат молиявий назорати тизимли асосда давом эттирилиши ва ажратилаётган бюджет маблағларидан нооқилона, мақсадсиз фойдаланишга йўл қўйган ҳар қандай масъул ходим қонунчилик доирасида жавобгарликка тортилишини яна бир бор эслатиб ўтамиз.

 

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг
Назорат-тафтиш бош бошқармаси.

 

«Халқ сўзи», 2014 йил 25 июлдаги 144 (6074)-сон.

Прочитано: 2675 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика