Корхонамизда 2013 йил якуни бўйича ўтказилган солиқ маслаҳати давомида солиқ солиш масалаларида бир нечта вазият бўйича тортишиб қолдик. Корхонамиз ўз балансидаги тайёр маҳсулотларни ходимларга бепул бериб келган. Бу операция бухгалтерия ҳисобида қандай ёзувлар билан акс эттирилади? Ушбу суммалардан давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар ҳисоблашимиз лозимми ёки йўқми? Бунда ходимларимиз учун қандай солиқ оқибатлари юзага келади?
Барчиной Шукурова,
корхона бош бухгалтери.
Сурхондарё вилояти.
– Солиқ кодексининг 130-моддасига асосан товарлар (ишлар, хизматлар) таннархидан ёки товарлар олинган баҳосидан паст баҳоларда (товарни олиш билан боғлиқ харажатларни ҳисобга олган ҳолда) реализация қилинганда, шунингдек улар бепул топширилганда солиқ солиш мақсадлари учун товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушум улар таннархи ёки олинган баҳоси асосида (товарни олиш билан боғлиқ харажатларни ҳисобга олган ҳолда) аниқланади.
Масалан, фойда солиғи ва ягона солиқ тўлови ҳисоб-китобида реализация қилишдан тушумга маҳсулот таннархи киритилади.
Солиқ кодексининг 204-моддасига асосан ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база реализация қилинаётган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қиймати асосида, унга қўшилган қиймат солиғини киритмаган ҳолда белгиланади.
Товарлар (ишлар, хизматлар) таннархидан ёки олинган баҳосидан (товарни олиш билан боғлиқ харажатлар ҳисобга олинган ҳолда) паст нархларда реализация қилинган тақдирда, солиқ тўловчига ўз эҳтиёжлари учун товарлар берилганда (ишлар бажарилганда, хизматлар кўрсатилганда), шунингдек товарлар (ишлар, хизматлар) бепул берилганда солиқ солиш мақсадлари учун солиқ солинадиган база товарлар таннархидан ёки улар олинган баҳосидан келиб чиқиб белгиланади.
Демак, ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база сизнинг ҳолатда текинга берилган товарларнинг таннархидан келиб чиқиб белгиланади.
Солиқ кодексининг қоидаларига асосан давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар солиш объекти бўлиб соф тушум (ҚҚСсиз) ҳисобланади.
Соф тушум деганда товарлар (ишлар, хизматлар) нархида ҳисобга олинадиган қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи ҳамда транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ суммаларини киритмаган ҳолда товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушум тушунилади (Солиқ кодексининг 22-моддаси).
Шунингдек, товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушум деганда реализация қилинган товарлар учун олинган (олиниши лозим бўлган) маблағлар суммаси, шу жумладан реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) учун ҳақ тўлаш ёки қарзни узиш ҳисобига тушадиган мол-мулк қиймати тушунилади.
Шу тариқа, сизнинг ҳолатда маҳсулот ходимларга текинга берилган экан, бунда тушум суммаси нолга тенг бўлади. Шундан келиб чиқиб, маҳсулотни текинга беришга давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар ушланмайди.
Жисмоний шахсларда юзага келадиган солиқ оқибатлари масаласига келсак, Солиқ кодексининг 177-моддасига биноан ходимлар учун маҳсулот қиймати моддий наф тарзидаги даромад ҳисобланади, ушбу сумма ходимларнинг жами даромадига киритилади.
Ходимларга маҳсулотни текинга бериш меҳнат ҳақи тарзидаги даромад ҳисобланмайди, шунинг учун уларга ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари солинмайди.
Мазкур операцияни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш масаласига келсак, агар корхона ходимларга ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни текинга берса, 21-сон БҲМС қоидаларига асосан унинг ҳисоби 2810-«Омбордаги тайёр маҳсулот» ҳисобварағида юритилади, унинг чиқиб кетиши реализация қилиш деб эътироф этилади ва даромадларни ҳисобга олувчи 9010-«Тайёр маҳсулотларни сотишдан даромадлар» ҳисобварағида акс эттирилади.
Ишчи ва ходимларга маҳсулотларни бепул бериш билан боғлиқ операциялар 21-сон БҲМС қоидаларига асосан қуйидаги проводкалар билан акс эттирилади:
Т/р
|
Хўжалик
|
Ҳисобварақлар
|
|
дебет
|
кредит
|
||
1
|
Маҳсулот таннархи ҳисобдан чиқарилганда
|
9110-«Сотилган тайёр маҳсулотнинг таннархи»
|
2810-«Омбордаги тайёр маҳсулот»
|
2
|
Маҳсулот ходимларга берилганда
|
4790-«Ходимларнинг бошқа қарзлари»
|
9010-«Тайёр маҳсулотларни сотишдан даромадлар»
|
3
|
Ходимларга берилган маҳсулот бўйича ҚҚС ҳисоблаб ёзилганда
|
4790-«Ходимларнинг бошқа қарзлари»
|
6410-«Бюджет тўловлари бўйича қарз»
|
Ходимларга берилган маҳсулотлар бўйича белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиши лозим бўлади. Одатда, қабул қилиш-топшириш далолатномаси, ҳисобварақ-фактура ёки унинг ўрнини босадиган бошқа ҳужжатлар маҳсулотни реализация қилиш далилини тасдиқлайдиган ҳужжат ҳисобланади. Ҳисобварақ-фактура Солиқ кодексининг 222-моддасида назарда тутилган тартибда расмийлаштирилади.
Жавобларни «Soliq Kalkulyatori» солиқ маслаҳати ташкилоти солиқ маслаҳатчиси
Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.