Мамлакатимизда истиқлол йилларида жаҳон андозаларига тўлиқ жавоб берадиган миллий божхона тизими шакллантирилди. Президентимизнинг соҳага оид фармон ва қарорлари, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар юртимизда мазкур соҳани янада такомиллаштиришда муҳим дастуруламал бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Олий ҳарбий божхона институтида бўлиб ўтган семинарда шу ҳақда сўз борди. Унда депутатлар, вазирлик ва идоралар, ташқи иқтисодий фаолият, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.
Семинарда янги таҳрирдаги Божхона кодекси лойиҳаси мамлакатимиз иқтисодиётининг жаҳон бозорига интеграциялашувида муҳим аҳамиятга эга бўлган божхона назорати тизимини тўла шакллантириш ва ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди. Бунда ахборот технологияларини қўллаган ҳолда хавфли вазиятларнинг олдини олиш, тартиб-қоидаларни соддалаштиришга асосланган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ва божхона органлари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг янги моделини яратиш кўзда тутилган.
Кодекс лойиҳаси 12 бўлим, 52 боб, 511 моддадан иборат. Мазкур лойиҳада бошқаришнинг иқтисодий усулларига алоҳида эътибор қаратилган. Унда товарларни олиб кириш ва олиб чиқиш, экспорт-импорт механизмини тартибга солиш жараёнларидаги янги қоидалар акс эттирилган.
Лойиҳага божхона тўловларини тўлаш мажбуриятини суғурталаш ҳамда учинчи шахсларнинг кафиллиги киритилди. Унда мутасадди орган томонидан лицензияланадиган божхона ва эркин омбор, бож олинмайдиган савдо дўкони каби фаолият турлари учун лицензия бериш, уни қайта расмийлаштириш ва амал қилиш муддатини узайтириш учун ундириладиган давлат божлари бекор қилинмоқда.
Тадбирда янги таҳрирдаги Божхона кодекси лойиҳаси божхона тизимининг барқарорлигини таъминлаш, бюрократик расмиятчиликларни қисқартириш, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари учун экспорт расмийлаштирувини соддалаштириш ва қонунбузарликларни чегаралаш борасида муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлиши қайд этилди.
ЎзА материаллари асосида тайёрланди.