Бизнинг МЧЖ пенсионер муассисга дивидендлар ҳисоблади. Бухгалтерия ундан 10 фоизлик солиқ ушлади. Йил охирида биз ДСИга олинган даромад ва ушланган солиқ тўғрисида декларация топширамиз. Пенсионер Пенсия жамғармаси бўлимини дивидендлар олганлиги тўғрисида хабардор қилиши керакми? Пенсия олаётганда унда қандай оқибатлар бўлиши мумкин? Дивидендлар қайси давр учун олинганлиги ва олинган сумманинг қанчалиги аҳамиятга эгами? Пенсионер йил мобайнида бошқа даромад олмаган.
– «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг (3.09.1993 йилдаги 938-XII-сон) 58-моддасида кўрсатилишича, пенсионер ишга кирган тақдирда, бу ҳақда ўзининг истиқомат жойидаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимини хабардор қилиши шарт. Пенсионер ишга кирмаганлиги ва меҳнат ҳақи тарзида даромад (Солиқ кодексининг 172-моддаси) олмаганлиги боис у Пенсия жамғармаси бўлимини дивиденд олганлиги тўғрисида хабардор қилиши шарт эмас. Ишламайдиган пенсионернинг дивиденд олиши, у қайси давр учун олинганлиги ва суммаси қанчалигидан қатъи назар, олаётган пенсиясининг миқдори ва шартларига таъсир этмайди.
Ноила МУҚМИНОВА,
экспертимиз.