Агар корхона импорт қилинган пахта ёғини ўз ускунасида полиэтилен шишаларга қуйса ҳамда фирма дўкони ва харидорлар билан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича реализация қилса, бундай ёғни реализация қилиш оборотига акциз солиғи солинадими? Импорт тозаланган пахта ёғини олишда акциз солиғи – 1 л учун 0,32 АҚШ доллари тўланади. Ушбу сумма ҳисобга киритиладими, у Акциз солиғи ҳисоб-китобида қайси устунда кўрсатилади?
– Солиқ кодексининг (СК) 230-моддасида белгиланишича, акциз солиғи солинадиган объектларга акциз тўланадиган товарларни реализация қилиш киради.
СКнинг 229-моддаси, шунингдек Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги Қарорига (25.12.2013 йилдаги ПҚ-2099-сон) биноан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида акциз солиғи солинадиган товарларни (акциз тўланадиган товарларни) ишлаб чиқарувчи юридик шахслар акциз солиғи тўловчиларидир («Женерал Моторс Ўзбекистон» ЁАЖ автомобиллари, табиий ва суюлтирилган газ, қимматбаҳо металлар, шунингдек чакана савдо тармоғида сотиладиган тилладан ишланган заргарлик буюмлари бундан мустасно).
Сизнинг корхонангиз акциз тўланадиган товар ҳисобланадиган тайёр пахта ёғини харид қилади ва унинг учун импорт чоғида акциз солиғи тўлайди. Сўнгра у ёғни кейинчалик реализация қилиш учун қадоқлайди ва истеъмол идишига жойлайди. Эркин алмаштириладиган валютага экспорт қилишда имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш мақсадида ўзи ишлаб чиқарган товарларни (ишларни, хизматларни) аниқлаш қоидаларининг (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 16.02.2011 йилда 2195-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) 6-бандида қайта ўраш ва қадоқлаш товарларни сотишга тайёрлаш бўйича операцияларга киритилган.
Шу тариқа, сизнинг корхонангиз пахта ёғини ишлаб чиқарувчи, тегишинча, Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган акциз тўланадиган товарларга акциз солиғи тўловчиси ҳисобланмайди. Ана шу сабабга кўра импорт пахта ёғининг божхона расмийлаштирувида тўланган акциз солиғи суммасига чегирма қилиниши мумкин эмас. Ушбу сумма мазкур товарнинг харид қийматига киритилади.
Шуни таъкидлаш лозимки, ҳозирги вақтда, «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Қонунга (25.04.1997 йилдаги 415-I-сон) кўра, фақат дори воситаларини қадоқлаш ва ўраб-жойлаш ишлаб чиқаришга киритилган.
Валерий ЛИ,
Молия вазирлигининг солиқ ва божхона тарифи сиёсати бошқармаси бўлим бошлиғи.