Мен авиачипталар сотиладиган корхонада ишлайман. Назорат-касса аппаратларидан фойдаланишни режалаштиряпмиз. Бироқ муаммо шундаки, чипталар қайтариб бериладиган ҳоллар учраб туради. Вазирлар Маҳкамасининг 28.06.2013 йилдаги 189-сон Қарорига 1-иловага кўра биз йўловчиларга фойдаланилмаган ташиш учун маблағларни инкассация қилинмаган кунлик тушум ҳисобидан қайтаришимиз мумкин. Марҳамат қилиб айтсангиз, бундай ҳолда кассир-операциячининг назорат-касса дафтари қандай тўлдирилади, чунки унинг 5-устуни (иш куни охиридаги кўрсаткичлар) ва 7-устуни (банкка топширилган жами тушум) қайтариб бериш суммасига мос келмайди? Текширув чоғида қоидабузарлик дея талқин қилинмаслиги учун қайтаришга оид ҳужжатларни қандай расмийлаштириш керак?
Ю.Аҳмедова.
– Кассир-операциячининг назорат-касса дафтари – махсус дафтар бўлиб, унда иш куни давомида фискал хотирали назорат-касса машинаси хотирасига киритилган банк кассасига топширилган тушум ва иш куни охиридаги нақд пул тушуми қолдиғи суммаси ҳақидаги маълумотлар қайд этилади. Кассир-операциячининг назорат-касса дафтарининг шакли ҳамда Кассир-операциячининг назорат-касса дафтарини тўлдириш тартиби тўғрисидаги низом АВ томонидан 9.01.2012 йилда 2309-сон билан рўйхатдан ўтказилган ДСҚ қарори билан тасдиқланган.
Бундан ташқари, нақд пул маблағларининг барча тушумлари (тушум) ва уларнинг сарфини (инкассацияси ва қайтарилиши) ташкилот кассири Юридик шахслар томонидан касса операцияларини юритиш қоидаларида4 (бундан кейин – 565-сон Қоидалар) назарда тутилган тартибда касса дафтарига ёзиб бориши керак.
Ташкилот кассасига нақд пулларни қабул қилиш (тушумнинг келиб тушиши) ташкилот раҳбари ва бош бухгалтери ёки улар ваколат берган шахслар томонидан имзоланган кирим касса ордерлари бўйича, харажат эса (тушумни банкка инкассация қилиш ва авиачипталар учун ҳақни қайтариш) чиқим касса ордерлари бўйича амалга оширилади.
Фойдаланилмаган ташиш учун маблағлар йўловчиларга тўлов валютасида қайтарилади. Авиачипта нақд пул маблағларига харид қилинган тақдирда улар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида миллий авиаташувчилар томонидан авиаташувлар хизматларини амалга ошириш тартиби тўғрисида низомнинг2 (бундан кейин – 189-сон Низом) 8-бандига кўра Ҳаво парвозлари бош агентлиги ДУК ва унинг агентларининг инкассация қилинмаган кунлик тушуми ҳисобига қайтарилади. НКМнинг фискал хотирасига киритилган нақд тушум Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини қўллаш тартиби тўғрисида низомга3 6-иловада белгиланган тартибда қайтарилади.
У йўловчининг касса чеки ёки чекка тенглаштирилган, тўловни тасдиқлайдиган ҳужжат (у авиачиптанинг ўзи ҳам бўлиши мумкин) илова қилинган ҳамда ташкилот раҳбари ва бош бухгалтери ёки улар ваколат берган шахслар томонидан имзоланган чиқим касса ордери бўйича паспорт тақдим этилган ҳолда ёзма аризаси асосида амалга оширилади.
Авиачипта учун пул маблағлари қайтарилишига доир операцияни чиқим касса ордери асосида чиқим бўйича касса дафтарида қайд этиш лозим, чиқим касса ордерига авиачипта учун пул маблағларини қайтариш учун тақдим этилган юқоридаги ҳужжатлар илова қилиниб, касса ордерига қўшиб қўйиш лозим (565-сон Қоидалар). Кассир-операциячининг назорат-касса дафтарида авиачипталар учун пул маблағлари қайтарилишини ҳисобга олувчи устунлар назарда тутилмаган. Шу сабабли изоҳ шаклида бу ҳақда ёзув қайд этиш мумкин.
Қуйидаги мисолда ушбу вазиятнинг акс эттирилишини кўриб чиқамиз.
Кун охиридаги нақд пул тушуми – 25 800 минг сўм (5-устунда акс эттирилади);
банкка топширилган тушум – 25 100 минг сўм (7-устунда акс эттирилади).
Инкассация қилинмаган кунлик тушум ҳисобига тегишли ҳужжатлар илова қилинган йўловчининг аризасига кўра авиачипталар учун пул – 700 минг сўм қайтарилди (намунага қаранг).