Президентнинг «Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорининг (15.04.2014 йилдаги ПҚ-2164-сон, бундан кейин – Президентнинг ПҚ-2164-сон Қарори) мамлакатда имкони борича қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга йўналтирилган, қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни кенг ёритишга доир тадбирларни ҳар бир минтақада ўтказиш ҳақидаги талабини бажара бориб, ДБҚнинг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ташаббуси билан Жарқўрғон туман ҳокимлиги манфаатдор идоралар ва ташкилотлар ҳамкорлигида «Тадбиркор – мамлакат таянчи» семинарини ўтказди. Унинг иштирокчилари Президентнинг ПҚ-2164-сон Қарори талаблари билан танишдилар.
РУХСАТ БЕРИШ ТАОМИЛЛАРИНИ ҚИСҚАРТИРИШ ВА СОДДАЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА
Бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Абубакир Тожибоев ва ҳудудий божхона бошқармаси функционал бўлимларининг раҳбарлари ташқи савдо амалиётидаги янгиликларни батафсил ёритдилар. Чунончи, Президентнинг ПҚ-2164-сон Қарорига 1-илова – 2014 йил 1 июндан бекор қилинадиган тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш таомиллари рўйхатига кўра 2014 йил 1 июндан бошлаб Президентнинг 11.03.2005 йилдаги ПҚ-26-сон Қарори билан назарда тутилган фойдаланишда бўлган машиналар, ускуналар ва механизмларнинг (ТИФ ТНнинг 84–89-кодлари гуруҳлари бўйича) экспорт қилиниши мумкинлиги тўғрисида хулоса бериш бекор қилинади.
1 июндан бошлаб рухсат бериш ҳужжатларининг бирлаштирилиши (Президентнинг ПҚ-2164-сон Қарорига 1а-илова – Бирлаштириш йўли билан 2014 йил 1 июндан бекор қилинадиган лицензияланадиган фаолият турлари ва рухсат бериш тусидаги ҳужжатларнинг рўйхати) ўсимлик доривор хом ашёсини тайёрлаш ҳамда ишлаб чиқаришга ихтисослашган тадбиркорларнинг фаолиятини осонлаштириши шубҳасиз. Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига мурожаат қилганда иккита рухсатномага ҳужжатларнинг пакетларини тайёрлаш керак бўлмайди1, чунки энди битта рухсатнома – ёввойи ўсимликларни, уларнинг қисмларини олиб кириш ва олиб чиқишга рухсатнома берилади.
Божхонага ёндош инфратузилма вакиллари божхона омбори, бож тўланмайдиган савдо дўкони, «эркин омбор» божхона режимидаги омборни таъсис этганда белгиланган йиғимни тўламайдилар. Бундан буён ушбу таомил бепул амалга оширилади (Президентнинг ПҚ-2164-сон Қарорига 3-илова – Расмийлаштириш пайтида йиғимларнинг миқдорлари қисқартириладиган лицензияланадиган фаолият турлари рўйхати). Аризани кўришга йиғим киритилганлиги тўғрисида тасдиқнома бериш талабининг бекор қилиниши ҳисобига эса божхона омборини таъсис этишга доир ҳужжатлар сони 12 тадан 11 тага, бож тўланмайдиган савдо дўкони ва «эркин омбор» божхона режимидаги омборни таъсис этишга ҳужжатлар сони 11 тадан 10 тага қисқарди (Президентнинг ПҚ-2164-сон Қарорига 4-илова – Лицензиялар ва рухсат бериш тусидаги ҳужжатларни олиш пайтида таомилларни қисқартириш ва соддалаштириш чоралари).
Божхона ҳудудида (ундан ташқарида) товарларни қайта ишлашнинг техник-иқтисодий асосланмасини келишиш зарурлиги талаби фақат устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган корхоналар учун сақланади. Бунинг маъноси шуки, қолган хўжалик юритувчи субъектлар божхона ҳудудида ёки ундан ташқарида (иккинчи ҳолда – яна божхона ҳудудидан ташқарида товарлар қайта ишланишининг Ўзбекистон иқтисодий манфаатларига мувофиқлиги бўйича ҳам) товарларни қайта ишлаш жараёнининг ТИАсини келишиш бўйича хулосалар олиш учун ТИАИСВга мурожаат этмайдилар.
2015 йил 1 январгача фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш учун «бир дарча» қоидасини жорий этиш назарда тутиляпти (Президентнинг ПҚ-2164-сон Қарорига 5-илова – «Бир дарча» қоидаси бўйича расмийлаштириш жорий этиладиган лицензияланадиган фаолият турлари рўйхати). Божхона омбори, бож тўланмайдиган савдо дўкони, «эркин омбор» божхона режимидаги омбор ҳам улар сирасига киради. Айтиш жоизки, ушбу вақтга келиб тадбиркорлар электрон шаклдаги лицензия битимларининг шартларини бажариш бўйича даврий ҳисоботни тақдим этишлари учун дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ҳамда жорий этишлари якунланган бўлиши керак.
Тадбиркорлик субъектлари учун Интерактив давлат хизматларининг ягона портли орқали устувор интерактив хизматларни жорий этиш бўйича лойиҳаларнинг рўйхатига (Президентнинг ПҚ-2164-сон Қарорига 6-илова) кўра 2014 йил IV чорагида ДБҚ товарларни реэкспорт божхона режимида жойлаштириш, шунингдек уларни вақтинча олиб кириш (олиб чиқиш)га рухсатнома олишга электрон буюртмани бериш бўйича интерактив хизматларни жорий этиши ва ахборот тизимларини барпо этиши керак.
Фикримизча, 2014 йил 1 июндан бошлаб тадбиркорлик субъектларини Маҳаллийлаштириш дастурига киритишга буюртманомаларни Иқтисодиёт вазирлиги, ТИАИСВ, Давлат рақобат қўмитасига, 1 йилгача муддатга миллий валютада кредитлар олишга хизмат кўрсатувчи тижорат банкларига ҳужжатларни «бир дарча» қоидаси бўйича электрон шаклда бериш ҳуқуқини тадбиркорларга тақдим этувчи тартибнинг ўрнатилиши ҳам бизнес вакилларини қувонтиради.
ИШБИЛАРМОНЛИК ИҚЛИМИНИ ЯХШИЛАШ МАҚСАДИДА
Семинарда таъкидланганидек, кейинги йилларда Ўзбекистонда ишбилармонлик ва инвестиция иқлимини тубдан яхшилаш бўйича чораларнинг кенг мажмуи амалга оширилган. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятининг очиқ-ойдинлигини ошириш, тадбиркорликни юритиш шароитларини такомиллаштириш учун Президентнинг 7.04.2014 йилдаги ПФ-4609-сон Фармони билан 2014–2015 йилларда инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни рағбатлантириш самарадорлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Вилоят ва туман давлат органларининг вакиллари ПФ-4609-сон Фармоннинг асосий қоидалари тўғрисида сўзлаб бердилар. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлайдиган, шунингдек ишлаб чиқариш ўсишининг барқарор суръатлари ва рентабеллигини таъминлайдиган кичик тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини солиқ текширувидан ўтказишга мораторий 2017 йил 1 январгача узайтирилди.
Шунингдек ПФ-4609-сон Фармонда вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, акциядорлик компаниялари, уюшмалар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўзларининг расмий веб-сайтларида тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлар масалаларини тартибга солувчи ахборотларни жойлаштиришлари ва кейинчалик уларни доимий равишда янгилаб боришлари мажбурияти назарда тутилган. Хусусан, улар қабул қилинган идоравий меъёрий-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларни; тадбиркорлик субъектларига рухсатнома тусига эга ҳужжатларни, лицензиялар, сертификатлар ва бошқаларни расмийлаштириш ва беришнинг тартиби ва муддатлари; тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари ва бошқа турдаги хизматлар кўрсатишнинг муддатлари ва нархини чоп этишлари керак.
Семинарда Президентнинг «Қурилиш ташкилотларини янада ривожлантириш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига (3.03.2014 йилдаги ПҚ-2137-сон) тушунтиришлар берилди. Ушбу ҳужжат билан, хусусан, Қурилиш-пудрат ташкилотларининг реестрига киритилган ташкилотлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган импорт қилинадиган қурилиш техникаси, асбоб-ускуналар, машина ва механизмлар, кичик механизация воситалари, технологик ускуналар, шунингдек асбоб-анжомлар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар учун 2018 йилнинг 31 декабригача божхона тўловлари (божхона йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод этилган.
Қарорга кўра ушбу ташкилотлар Қурилиш-пудрат ташкилотлари реестрига киритилган санадан бошлаб 3 йилга юридик шахсларнинг фойда солиғини тўлашдан ҳам озод этиладилар. Ушбу имтиёз – мақсадли. У туфайли бўшайдиган маблағлар юқорида айтилган товарларни харид қилишга йўналтирилади.
Семинар иштирокчилари божхона амалиётига тааллуқли ўзларини қизиқтираётган саволларга жавоб олдилар. Тадбиркорлар бундай мулоқотнинг муҳимлиги ва зарурлигини таъкидладилар, бундай учрашувларнинг мунтазам ўтказилишига умид билдирдилар.
1Умумий фойдаланиш учун белгиланган нормадан ошадиган, Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилмаган ёввойи ўсимликлар, уларнинг қисмлари, мевалари, уруғлари ва ботаник коллекцияларини олиб кириш ва олиб чиқишга рухсатнома ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган ёввойи ўсимликлар, уларнинг қисмларини олиб кириш ва олиб чиқишга рухсатнома.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз
Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.